Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(21-қисм)
Еттинчи кўчат
Мухолифат
“Мухолифат” сўзи Ўзбекистонда худди олабўжи бир нарсадай, мухолифатчилар эса зарарли унсурлардай тақдим ва қабул этилаётгани боис, масалани ўрганишга киришишдан олдин бу сўзнинг асл маъносини аниқ билиб олайлик. Шунда муносабат ҳам аниқроқ чиқади.
“Ан-Найм” луғатини варақлаймиз:
“Мухолифат” сўзи арабча бўлиб, “хилафун” сўзидан ясалган, иккаласининг ўзаги битта – “холафа”дир.
“Холафа” сўзи эса луғатда бир неча маънони ифодалайди:
1) изидан бормоқ, орқасидан эргашмоқ;
2) ўрнини олмоқ, ўрнини босмоқ, вақтинча ўрнида ишламоқ, ўринбосар бўлмоқ;
3) ташвиш тортмоқ, қайғурмоқ;
4) (кимдандир) кейин қолмоқ, (кимнингдир) орқасида қолмоқ.
“Хилафун” сўзи ҳам ўз навбатида бир неча маънони беради:
1) хилофлик, қарама-қаршилик, нифоқ, тўқнашув, жанжал, низо; (қарашларнинг) турли хиллиги;
2) (ботаникада:) тол дарахти.
“Хилофиййун”, “мухталафун” кўринишлари эса баҳсли, мунозарали маъносида келади. Шунингдек, “хулфун” шакли ҳам бор, у 1) қарама-қаршилик, хилма-хиллик; 2) фарқ маъноларини ташийди.
Бу ўзакдан ясалган “хилоф”, “ихтилоф”, “мухталиф”, “мухолиф” ёки “мухолифат” сўзлари бизга эскидан таниш. Ўзбек тилига ўзлашганидан кейин бу сўзларнинг маъно доираси бир оз торайган ё ўзгарган бўлиши табиий, лекин барибир, синчиклаб боқилса, араб тилидаги ҳамма маъноларидан бир чимдим-бир чимдимдан борлиги сезилади.
Масалан, “мухолифат” сўзини ишлатар эканмиз, моҳиятида “тол дарахти”дан бошқа маъноларидан қўшилган улушларни ҳис этамиз. Лекин энг асосий маъно – бир чимдимгина эмас, қолган ҳаммасини босиб кетадиган улгуржи маъно “қарашлар хилма-хиллиги”дир. Бунга ёрдамчи сифатида “ташвиш тортмоқ, қайғурмоқ” маъноларини ҳам қўшиб кўрсатса бўлади.
Ушбу мақолада “мухолифат” сўзи таҳлилига ҳам, мухолифат аъзолари таҳлилига ҳам мана шу маънолар эшигидан кириб борамиз. Аммо, сал тепароқда айтганимиздек, қандайдир миқдорда бошқа маънолар ҳам борлигини асло унутмаймиз.
Луғат билан озми-кўпми шуғулланиб олдик. Энди асосий мақсадга кечсак.
Юрт ичи
Ўзбекистон ичида мухолифат борми? Бор бўлса, қай аҳволда? Умуман, бизнинг мамлакатда давлат билан мухолифат муносабатлари қандай?
Бошиданоқ тан олишга мажбурмиз: очиқ, уюшган, ташкиллашган росмана мухолифат Ўзбекистон ичида йўқ. Аммо бу дегани бошқача фикрдагилар ҳеч йўқ дегани эмас.
Мухолифатни мамлакат ичидаги ва ташидаги деб катта икки гуруҳга ажратса бўлади. Мамлакат ичидаги мухолифатни ўрганишга киришишдан олдин кичик бир хотира:
Ўтган аср бошларида жадид (янги) усулли миллий мактаблар очиб, ухлоқ миллатни уйғотишга, қоронғи Туркистонни ёритишга ва жаҳоннинг илғор ўлкалари қаторига олиб чиқишга қаттиқ бел боғлаган бир гуруҳ ойдинларимиз – олимлар, адиблар ва ўқитувчилар олдин ўрис, сўнгра совет мустамлакачилари қаршисига катта маърифий-ижтимоий-сиёсий мухолифатчилар ўлароқ майдонга чиқди.
Албатта, дунёвий ниятли ҳеч бир мустамлакачи қолоқ бир ўлкани ўстираман, ривожлантираман, илғорлар қаторига олиб чиқаман, бой қиламан, олим қиламан деб келмайди бошқа ўлкага. Қул қиламан, бойлигини талайман, арзон ишчи кучи ҳисобига фаровон яшайман, чегарамни кенгайтираман, бора-бора дунёга эгалик
қиламан деб келади.
Шундай экан, маҳаллий халқнинг ўзлигини танишга бўлган ҳар қандай ҳаракатини душманлик деб баҳолайди, шунга яраша муомала қилади. Туркистондаги миллий маърифатчилик ҳаракати ҳам шу маънода ўрис-совет мустамлакачиларига сира ёқмади, қўрқитиб юборди ва янги болшавойлар ҳукумати бу ҳаракатчиларни уч бўлиб (22-, 29-, 37-йиллар) битта-битталаб териб олди ёки ёппасига йўқотишга киришди – қамади, сургун қилди, ўлдириб юборди. 1929 йили қамоққа олинганларнинг энг кўзга кўринганлари тўплам кишидан иборат Мунаввар қори ва бошқалар эди. Шу “Иш”нинг, адашмасам, илк жилдида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ёзма кўргазмаси тикилган. Ўша кўргазмада ҳозирги мавзумизни ёритишда ёрдамчи бўладиган бир нуқта бор.
Чор подшоҳлиги ўрнига ҳокимият пролетар диктатураси қўлига ўтгач ва унинг мавқеи кучаявергач, бошда катта бир мақсад билан майдонга чиққан жадидлар уч тоифага бўлиниб кетгани ҳақида ёзаркан, Мунаввар қори бундай дейди (кўчирма айнан эмас, эсимда қолганича келтиришга ҳаракат қиламан):
“1. Бир тоифа советга тўла ўтиб кетди.
2. Иккинчи тоифа: совет энди кучайди, унга қарши бир иш қилишга кучимиз етмайди, шунинг учун ўзимизни гўё уни тан олган кўрсатиб, ҳатто партияси сафига кириб, энди миллатни асраб қолишга ҳаракат қилиш, ватан манфаатини ичкарида туриб ҳимоя этиш керак, деганлардир (Мунаввар қори ўзини шу тоифага киритади. – Н.М.Р.).
3. Советни буткул қабул қилмаган, қўлга қурол олиб унга қарши курашиш керак, деганлар учинчи тоифадир.
Улар айримлари халқ орасига сингиб, айримлари тоғларга чиқиб кетди, миллий озодлик ҳаракатларини тузди ва бу курашнинг маънавий йўлбошчиларига айланди”, (Тарих келажакда у шарафли оталаримизнинг хизматларини ҳам, камчиликларини ҳам холис ўрганади, холис баҳосини беради, насиб этса. Оллоҳ таоло гуноҳларини кечсин, ниятларига ва ҳаракатларига яраша ажрини берсин.)
Бизни қизиқтирган томони – ҳозир ҳам мамлакатдаги мухолифат (расмий фикрдан бошқача фикрдагилар), худди Мунаввар қори замонида ажралгани каби, бир неча тоифага ажралади:
1. Давлат (президент) сиёсатини тўла инкор этувчилар. Бундайлар мамлакатда бор, ҳатто кўп ҳам. Лекин боши узра ҳамиша қамоқ ва қилич хавфи турганидан камдан-кам ҳолда, ўшанда ҳам ўзи ишонган давралардагина фикрини очиқ айтади. Дардини ичига ютиб юришга мажбур бўлганидан, уларнинг миқдорини аниқ билиш қийин, мамлакат ичида яшаётганлар бундай мухолифат борлигини ва анча-мунча эканини кўнгли сезиб туради, холос.
Тўла инкорчилар ҳам ўз навбатида иккига бўлинади:
а) диний эътиқоди юзасидан ёки бошқа бир сабаб билан давлат сиёсатини сира қабул қилмайди, ўзини четга олиб юради – яъни, жисман ҳам, фикран ҳам “узлат”га чекинганлар;
б) сиёсатни тўла қабул қилмаса-да, иложи борича индамайди ёки энг яқинларигагина дардини очади, аммо соҳаси бўйичами, ҳатто кичикроқ амалдор бўлибми ишлайверади – яъни, “қўли ишда, ташвиши кўнглида”.
2. Юрт ташидаги мухолиф ташкилотларнинг юрт ичидаги қариндош-уруғлари ва аъзолари, аъзо бўлмаса ҳам, фикрдошлари. Буларнинг таш билан алоқалари нечоғли эканини билмаймиз, аммо ичкарида фикрини очиқ айтишга йўл қўйилмаганидан, омма орасида таъсири тугул, ҳатто борлиги ҳам сезилмайди.
3. Аламлилар. Булар бошқарув ҳақида, мамлакат равнақи тўғрисида мустақил дунёқарашлари борлигидан ё халқ қайғусидан эмас, ўзларига ё бирон яқинларига етказилган ноҳақ жабр-ситам юзасидан сиёсатни ва сиёсатбошини ёмон кўради.
Улар ҳам шартли равишда уч хил бўлади:
Биринчи хили “амал алами”дир. Ошиғи олчи келиб турганида шу сиёсат чилдирмасига чин кўнглидан ўйнаб, аммо бирон сабаб билан юқори мансабидан ҳайдалишини ҳақсизлик билиб ичига алам тушганлар. Бу тур алам муқим дунёқарашга суянмаганидан ўта шахсий бўлиб, эл-юртга фойдаси кам. Аммо айрим ҳолларда ижобий натижа бериб қолиши ҳам мумкин.
Иккинчи хилини “табиий алам” деса бўлади. Ўзига ё бирон яқинига етказилган ҳақсиз жабр-ситам ҳар қандай одамда алам уйғотиши табиий. Бундай алам умуман адолатсизликка, золим тузумга ва зулмга қарши эмас, балки бир ҳодиса муносабати билан ўзи ва яқинлари манфаатида алам етказган шахсга қарши туғилади. Лекин ўзи каби аламлилар ҳолига ачиниш туйғуси борлигидан, вазият тақозо этганида гоҳида жиддий мухолифликка айланиши ҳам мумкин. Шу боис жамият ўзгаришларида сезиларли таъсири бўлади.
Учинчи хили энди “салбий алам”дир. Бундай алам эгаси кўзини кўр қилади. Аламини кимдан олишни билмайди. Айримлари ҳатто золим бир четда қолиб, мазлумнинг бошига мағзава тўка бошлайди. Энди ўзи бошқаларга маънавий зулм қилишдан ҳам тоймайди. Ҳамма нарсадан кир қидирадиган бундай (бадбин) кимсалар ҳамма замонларда, ҳамма тузумларда бўлган. Ҳатто энг одил подшоҳ энг адолатли сиёсат юритган тақдирда ҳам уларни рози қилиб бўлмайди. Аслида бундайларнинг иши кўпроқ ғаламисликка тортиб кетади. Уларда ижобий мухолифликдан – қарашлар хилма-хиллигидан асар ҳам йўқ. Уларда халқнинг оғирини енгил қила оладиган фикр йўқ. Амалдаги тузумга ё бошлиққа норозиликлари фақат шахсий аламдандир. Аммо улар ҳам ўзига суянчиқ ахтариб доим қарши томонлардан бирига қўшилиб олишга ҳаракат қилади. Қарши томон ким ва қандай экани уларни қизиқтирмайди. Шахсий манфаатига ва ўзининг феълига тўғри келса бўлди. Бундай тубан кимсалар оддий одамлар орасида бўлганидек, афсус, зиёлилар орасида ҳам учрайди.
4. Чинакам (онгли ва эътиқодли) мухолифат. Мухолифатнинг энг кучли ва энг фидойи бу қисми “мухолифат” сўзининг бошда алоҳида таъкидлаганимиз энг ижобий ва тўғри маъноси талабларига жавоб берадиган йўлдадир.
Булар Ватанни чин юракдан, холис севади. Ҳатто бу севгиси орқасидан зулм кўрса ҳам, ҳатто тушунмовчилик ё тескари ташвиқот натижасида халқи ундан юз ўгирса ҳам, тоза эътиқодидан қайтмайди, миллати ва ватани манфаатини шахсий манфаатларидан устун қўяди.
Бундайлар ўзи учун яшамайди. Ҳақ йўли, ҳақпарастлик йўли эътиқодига айланиб кетганидан бутун борлиғини шу йўлга тикади. Шахсий душманлик улар учун ниҳоятда пастлик, майдаликдир. “Севсанг, Оллоҳ учун сев, ёмон кўрсанг, Оллоҳ учун ёмон кўр”, деган энг тўғри ўлчовни ушлаганидан, шахсини энг орқа қаторга қўяди.
Қайғуси ўзи эмас. Ўзини ўйласа, охирига қўйиб ўйлайди. Чунки мақсад-ғояси олий – дин, миллат, Ватан, халқдир, шахсий манфаат ҳиссаси йўқ ҳисоби. Улар ижобий ишларни душмани қилса ҳам тан олади, салбий ишни дўсти ё тарафдори қилса ҳам ундай ишдан юз ўгиради.
Бундай шахслар оз бўлади, аммо кўпга татийди. Шулар ҳисобига ватан Ватандир, миллат Миллатдир. Бундайлар айримлари Ватанига сиғмай ташқарига чиқиб кетди, айримлари ичкарида қолиб ҳам ватанига сиғмай юрибди. Ташқарига чиққани Ватанини ҳам шундайича юрагида олиб чиқиб кетган, ичкарида қолгани Ватанини шундайича юрагига жойлаб-асраб олиб юрибди.
Бир улуғ шоир совет замонида ватанпарварликнинг сохта шиорларига қарши:
“Ҳамма ватан учун ўлиб кетаверса, Ватан учун кимлар яшайди?!” деб савол қўйган эди. Юрт ичида қолган холис мухолифлар ҳам: “Ҳамма ватан учун ташга чиқиб кетаверса, ватан учун ичда кимлар қолади?!” деган юпанч билан яшаяпти, Оллоҳга таваккални том қилиб, хизматда давом этяпти. Юрт ташига чиқиб кетган фидойи зотлар эркин шароитда қанча ҳаракат қилса, юрт ичида қолган бу фидойи зотлар мутлақо эрксиз ҳолда шунча, балки улардан ортиқроқ ишларни қиляпти. Бундайларга биров буюриши шарт эмас, улар топшириқ берилмаса-да, юрак буюриғи билан ишини билиб қилаверади. Ва қилмоқда.
Бундайлар Ватанни ойлик ишҳақи олиб ёки бирон мансабда ўтиргани учун севмайди, боши кундада турса ҳам Ватан қайғусида нафас олаверади.
Лекин бундайлар мамлакат ичида сочилиб кетган. Ҳар бири бир оролча каби айрим-айримдир. Жамият ёпиқ, жон хавфи кучли бўлгани учун ҳатто бири иккинчисини билмайди. Кўрса, танимайди. Аммо улар бор ва имкон даражасида билдириб-билдирмай яхши ишлар қилиб юришибди.
Оллоҳ, ҳаммаларидан рози бўл, Ўзинг уларга кўмак бер!