Хотира коллексиямда ўзим танимаган, нотаниш, ҳатто исмини билмайдиган кўп юзлар сақланиб қолган. Нега улар сақланиб қолади, бу ҳам сирли ҳам тушунтириб бўлмайдиган бир ҳодиса, бу албатта, ҳаммада содир бўлади, эслаб турасиз, лекин нега?
Денгиз соҳилида қорнида 6 -8 ойлик болали ҳомиладор жувон юз ифодаси эсимдан чиқмайди. Бунга ҳам 10 йилдан ошди. Улар киевлик эди. Кейинги йил боласи билан денгизга келганда ўткан йилги бир нуқтага қадалган юз ифодасидан асар йўқ эди. Мен ишнинг психологик томонларини айтмоқчи эмасман аксинча, эътиборни бошқа нарсага қаратмоқчиман.
Рассом Исфандиёр Ҳайдар дарахтларга қараб юраркан. У билан “Қуёшли”га бўёқ сотиб олгани ҳамроҳ бўлган эдим. Бозордан чиқишда, йўлнинг нариги бетида дарахтларни кўрсатди. “Икки ёндагисининг бири Тоҳир, бири Зуҳра, ўртасидаги Қора ботир.” Ўртадаги дарахт бир-бирига бўй чўзаётган дарахтга қаршилик қилиб турарди.
Рассом кўчаларда юз изламайди, тополмай чарчаган, шекилли. Фақат дарахтларга қарайди, уларнинг юзини излайди. Харҳолда, юзсиз дарахтлар кам бўлса керак. “Лутфий” кўчасида ўсган жийдага рассомнинг ишқи тушиб қолган эди. Мен эътибор бермаган эканман, ваҳоланки ҳар кун шу кўчадан, шу дарахт олдидан ўтаман, унинг шакли аввал вертиcал кейин горизонталига кетган, елкасида икки набирасини кўтариб кетаётган момога ўхшаркан- бу каминанинг ўхшатиши, рассом бу дарахтдан нимани топди, сўраганим йўқ.
“Бир куни устахонамда ишлаб ўтирган эдим, раҳматли Рўзи Чори югуриб кириб, ташқарига чиқинг, тез. Рауф скамейкада ўтирибди, деди. Ташқарига чиқтим. Рауф аканинг юзини “тутиб” олдим- у бир нуқтада жам бўлган эди. Албатта, шоир мени сезмади. Ва тез устахонага қайтиб холстда шоирнинг образини чизиб бошладим, бунгача бир неча йил шоирнинг образини тополмай қийналиб юргандим. Иш бир неча дақиқаларда ҳал бўлди. Рауф Парфи портретининг чизилиш тарихи шундай.”- Буни рассом Исфандиёр Ҳайдар айтади. Бу эпизод 1980 йилларнинг ўрталарида содир бўлган.
Рассомнинг ҳаётидан бу эпизодни эслаш сабабини биламан, у гоҳида менга “Сиз гитлерсиз”, дейди ва ўзини филъмлардаги Гитлер ролига қиёслаб бошлайди, хафа қилишни истамайди, тушунаман. Рассом шакл ҳақида гапирмаяпти, у бу билан сиз ёвуз демоқда, образли қилиб айтмоқда. Жамиятдаги конструксия одамни ёвуз қилиб ўстиради.
Ойнали кафеда ўтириб ташқарида юриб кетаётган юзларни кузатсангиз, аксаримиз ёвуз бўлиб чиқамиз. Гўё бутун постсовет жамиятлари оммавий маънавий суиқасд қилишди. “Чақалоғини ахлатхонага ташлаб кетибди, боласини сотибди ва хоказо ва хоказо”, шунга ўхшаш ахборотга кўз тушиб қолади. Бу маънавий коллектив суиқасднинг меваси, ботиндан юзага қалқиб чиққани, воқеликдаги бир намунаси, холос. Суиқасднинг эса сабаби бор, бу сабабнинг илдизларини демократик конструксия қурган жамиятлар жуда яхши билишади.
Коллектив суиқасдни юмшоқроқ қилиб фан тилида энтропия деб аташ ҳам мумкин, бу билан моҳият ўзгармайди, инсон руҳиятининг парчаланиб кетиши, шахсиятини йўқотиб нарсаларнинг қулига айланиши ҳамма даврларда учраган.
Америкада камида бир ой вақт бўлиб кейин Москвага училса, ички рейсларга училадиган терминалда ташвишли, сўлғин, ҳадик юзларга дуч келинади.
Туркистоннинг (иккита хонлик ва амирлик) охирги 5 асрдаги трагизми шансидан фойдаланмаслик билан изоҳланади. Изоҳни қисқа айтаман, дин-тараққий йўл (осмондан тушган арқонга боғланмаслик) психологияга ўрнини бўшатиб берди; , натижада одам қадри ўртадан кўтарилади ва хоказо. Одам Илоҳнинг мўжизаси экани ҳозир ҳам ишда эмас, гапда бор.
Демократик конструксия одамнинг қадрини кўтарди, одам ўзини касби орқали кашф этиб бошлади. Ҳар бир шахс ўз касбининг пайғамбари бўлишдек бир шараф учун шансини қўлга киритди. Демократик конструксия Илоҳий китоблардан сув ичади. Психология эса Илоҳий китоблардаги моҳиятни демагогия ва жазава даражасига гўё туширмоқчи бўлади.
Мутафаккирлар демократиядан кейин гермократия босқичи келади деб тахмин қилиб бошлашди. Гермократия жамиятда ҳар бир шахснинг фитрати билан уйғунлик ҳодисаси аммо бу воқелик юзага қалқиб чиқиши учун қандай гермократик конструксиялар яратилади, ҳозирча ҳеч ким билмайди.
Аммо осмондан тушган Аллоҳнинг арқонига тирмашиб чиқаётган жамиятларни кратиядан бошқа кратияга юқорилаётган тараққий ёки сивилизасия вакиллари дейиш мумкин.
Гермократик жамиятдан кейин қанақа босқич келади, буни ҳам ҳеч ким билмайди. Аммо, масалан, миллиард йилдан кейин Маҳмуд мақомидаги жамият келиши мумкин дея фараз қилсак, фараз қилган бўламиз: Одам жавҳари орқали ҳаётга, бу чексиз коинотга қараб бошлайди. Унгача одамзот галактикадан галактика кўчиб юрса керак.
Гоҳида атрофдаги абсурд воқеликдан қочиб ана шундай абсурд матнлар ёзади, киши.
(* Сарлавҳа Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат”идан, расм интернетдан топиб олинди, расм муаллифи шоир Муҳаммад Солиҳ)
Мурод Карим