O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бошқа йўли ҳам бор…

Бошқа йўли ҳам бор…
124 views
02 July 2019 - 12:58

Мен ҳам коррупцияни ёмон кўрадиганлардан бириман. Арзимаган бўлса-да ич-ичимдан давлатга фойда бўлсин, зарар етмасин дейман. Лекин бир сафар суст кетдим…

Уйимизга иссиқ сув таъминоти ходими келди. Ҳисоблагични стандартдан қайта ўтказишим кераклигин айтди. “Майли, ўтказаман, нима қилишим керак” десам санай кетди:

1. Аввал иссиқ сувдан одам чақирасиз.
2. У келиб пломбанинг ҳақиқийлигини кўриб акт қилади.
3. Кейин бизни ё уста чақириб, счётчигингизни ечтирасиз.
4. Счётчикни Ўзстандарт агентлигига олиб бориб, стандартдан ўтказасиз.
5. Агар стандартга тўғри кемайдиган бўлса, Ўрикзорга бориб бошқа счётчик олиб келасиз.
6. Стандартдан ўтган счётчикни қўйдирасиз.
7. Кейин яна иссиқ сувга телефон қилиб, пломбачиларни чақирасиз.
8. У келиб пломба қўйиб, акт қилиб кетади. Кейин…

Ўх-хўўў деб юбордим. Ишга эрталаб кетиб ярим тунга яқин келсам. “Мазги” бошлиғимиз шанба куниям ишга чиқ деб тихирлик қилса. Якшанба куни Ўзстандарт ишламаса. Уфффффф, нима қилсам экан???

Шунда бояги йигит ҳар доим иш берган сеҳрли сўзларни айтди: БОШҚА ЙЎЛИям бор!

Фалон минг берсангиз стандартиниям, пломбасиниям ўзим қилиб кетаман, деди.

Оҳ, қандай осон, қандай қулай, қандай ёқимли!!!

Лекин ўзимни қўлга олдим. Принципларимга қарши бормайман дедим. “Ватанпарварман деб ўзинг қоидани бузсанг қандай бўлади” дедим. Ёқмасаям, 41-жонимни қўшиб сўрадим: Ўзстандарт агентлиги қаерда?

“Беруний” метродан чиқасиз, фалон тарафга бир ярим километр юрасиз, шу ерда одамлардан сўрасангиз айтади. Лекин айтиб қўяй: очеред кўп бўлади!

Бу-ку Тошкентда экан. Вилоятларда туманларда яшаётганлар вилоят марказига борадими? Ватанпарвар бўлса, коррупцияга йўл қўймайман деса борар (шундаям машинаси ё йўлкираси бўлса).

Бўлмаса-чи? Коррупция илдиз отаверадими? Давлатга тушиши керак бўлган пул чўнтакларга кетаверадими?

Бу ҳали биттагина мисол.

… Айтгандай, принципим барибир бўлмади. Бояги бола айтган пулни бердим. Мени кечиринглар!

Анвар Самадов

facebook.com