БОШ БЎЛМАНГ
Насиҳат айлайин, тингланг йигитлар,
Паст хотин бошлаган тўйга бош бўлманг!
Минг насиҳат айтсанг, бирисин тутмас,
Оғзибир бўлмаган уйга бош бўлманг!
Мол-дунё деб сотманг номусни, орни,
Ҳалол савдо этинг, тежанглар борни,
Хуш хулқлик бўлинглар, тутинг бир корни,
Зинҳор элингизга рақиб, ғаш бўлманг!
Отаси бор, ҳаргиз, бўлмасин кафил,
Бурунгидан қолган: “Кафиллар сабил”,
Мен айтайин, тингламасанг, ўзинг бил,
Бир-бирига тош отганга бош бўлманг!
Насиҳат тингласанг, эрнинг эрисан,
Насиҳат олмасанг, кўпнинг бирисан,
Ортиқ жон чекмакдан ўзинг толарсан,
Оғзи ола элга асло бош бўлманг!
Тўғри юрган, тўғри кезган тўқ бўлар,
Бевақт юрган маломатга ўқ бўлар,
Умр бўйи йиққанлари йўқ бўлар,
Ҳаром суйган йигитларга бош бўлманг!
Ҳаргиз ёмон билан бирга юрманглар,
Тўйга, маъракага бирга борманглар,
Феъли юқиб бир кун ёлғон деманглар,
Қуда-қайин бўлиб, ўтга дуч бўлманг!
Махдумқули, кўп савдоли бошинг бор,
Умринг узоқ, юздан оша ёшинг бор,
Ўзингни бил, ўзгага не ишинг бор,
Бехабар юр, Ҳақ ёдидан дош бўлманг!
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди