Би-Би-Си адиосининг хабар беришича, Гулнора Каримовага қарши давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон манфаатига зид шартномалар тузиш, бировнинг мулкини товламачилик билан қўлга киритиш бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бош Прокуратура 19 август куни тарқатган хабарга кўра, “жиноят ишлари қўзғатилишига “White and Case” халқаро юридик компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган”.
“Аниқланишича, Г.Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Г.Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, Г.Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган”, дейилади Бош Прокуратура хабарида.
Ўзбекистон биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи 48 ёшли Гулнора Каримова жазо муддатини ўтамоқда.
Унинг 2015 йили 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Бош Прокуратура 2017 йили хабар тарқатган.
2017 йил 18 декабрида Гулнора Каримова 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинди.
Гулнора Каримова солиқ тўлашдан бош тортишда айблангани айтилган.
Ўтган бир неча йил ичида АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.
Унга “жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти” юкланган.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси хориждаги Гулнора Каримованинг маблағларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.
Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон Ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузишда айблаб чиқди.
Инстаграмда Имон Каримова номидан 1 августда онасига қарши “яна бир ноқонуний жараён тайёрланаётгани” ҳақида хабар тарқалган эди.
Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа июнь ойидан буён ўз мижозининг қаерда сақланаётганидан бехабар экани ҳақида Твиттерда ёзган эди.
Швейцария суди Каримова пулларини қайтаришни вақтинча тўхтатгани хабарлари тарқалди.
ЎХҲ ахборот бўлими