O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Боғ ҳақида баллада

Боғ ҳақида баллада
181 views
16 March 2018 - 5:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

 

БОҒ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Ражаббой Матрасуловга

Қишлоқда бор эди қутлуғ бир бўстон,
На боши кўринмас ва на оёғи.
Замин меваларин хил-хили унда,
Номи ҳам жўнгина — Гўжанинг боғи.

Босмачилар унга тегмагандилар,
На-да оқ, на қизил томон эди боғ.
Мудҳиш қаҳатчилик йиллари омон,
Қирғин йиллари ҳам омон эди боғ.

Шоҳона муҳташам, тун-кун ораста
Кўшку айвонлари бўлгувчи эди.
Авазмат овчининг тозиси ҳурккан
Йиртқич ҳайвонлари бўлгувчи эди.

Кибрни билмасди соҳибкор чоллар,
Кўп камсуқум эди сарвар диллари.
Ёдда Оллоҳберган заргар бобонинг
Ғуж-ғуж, сўлқим-сўлқим марваридлари.

Алпомишлар билан баҳс боғлатсанг ҳам
Иложи йўқ эди ҳеч ҳоритишнинг.
Холис меҳнатлари унут бўларми
Қабрингга нур тўлгур Карим Мортишнинг.

Ҳар анжир — бир офтоб, ҳар олу — бир тун,
Чайқалиб турарди ноклари ларзон.
Бошланиб кетдию ялпи лоқайдлик,
Боғни сал вақтда йўқ этди хазон.

Ўтқаздилар кейин на бир туп ниҳол,
Ақалли на битта данак қадалди.
Айланди шип-шийдам, катта майдонга,
Ва «Ғалаба» номи билан аталди.

Ям-яшил намойиш тарқалди бунда
Алвон шиорларнинг тантанасидан.
Зирқираб кетаман ҳар гал ўтганда
Дарахтлар руҳининг дард, таънасидан.

Ном берган дономи ё нодонмиди,
Юраги дардлими ё бедардмиди —
Билмайман… лекин бу марҳум бўстонни
«Ғалаба» деб аташ шунча шартмиди?

Каммиди шу номда яшаб тургани
Минг-минг хиёбоннинг, минг-минг кўчанинг.
Қайтадан тикланса бўлмасмиди боғ
Ҳам — аталса номи билан Гўжанинг.

Йўқ! Томоқдан ўтмас еган нонимиз
Ҳар кун кўксимизга минг муштламасак.
Хунук қилғилиқ, бадкирдикорларни
Улуғ номлар билан хаспўшламасак.

Охири вой бўлса қилган ишимиз,
Гўзал важҳ, карсонлар топиштирамиз.
Ҳар бир шармандалик, шармисорликка
«Ғалаба» номини ёпиштирамиз.

Қалқон бўлиб қолган кўп қутлуғ номлар
Ҳар айёр, ҳар иблис, ҳар бир шайтонга.
…Айланмаса эди бир куни ватан
«Ғалаба» номли тап-тақир майдонга.

(давоми бор)