O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Боқийлик белгиси тўғрисўзликдир”

“Боқийлик белгиси тўғрисўзликдир”
134 views
06 July 2019 - 7:58

“БОҚИЙЛИК БЕЛГИСИ ТЎҒРИСЎЗЛИКДИР”

Миллатимизнинг улуғ шоири, устоз Муҳаммад Солиҳ таваллудига бу йил 70 йил тўлади, шу муносабати билан “Истанбул сафари” туркумидаги мақоламни эътиборингизга ҳавола қиламан.

Сизда ҳам шундай бўлганми? Бирор воқеа содир бўлмасидан туриб тушингизга кирадими? Балки бу ҳолат ўз хаёлларимизнинг мевасидир?

Бу гал ҳам шундай бўлди. Йил бошларида Истанбулнинг Султонбейли томонидан Турк дунёси шоирларининг халқаро шеър фестивалига таклиф этилдим. Истанбулга боришим аниқ бўлгач, шу шаҳарда муҳожирликда яшаётган миллатпарвар шоиримиз устоз Муҳаммад Солиҳга маълум қилдим. Агар имкон бўлса учрашиш ниятим борлигини билдирдим. Устоз “келсангиз хабар қилинг, балки учрашиб қолармиз” дедилар. Орадан бир қанча вақт ўтди. Бир куни туш кўрдим. Тушимда устоз билан учрашган эмишман. Бизлар йиғлаб кўзимизда ёш билан қучоқлашиб сўрашаётган эканмиз. Демак, биз албатта учрашамиз, деб қўйдим ўзимга. “Кўза синдирган азизу кўза келтирган хордир” деганларидек, Совет мустамлакаси даврида миллатимиз озодлиги, Ватанимиз мустақиллиги учун курашган, юрт мустақил бўлгач, ўз Ватанига сиғмай қолиб, чорак асрдан бери муҳожирликда яшаётган ўзбекнинг дарвеш шоири билан дийдорлашиш менинг кўп йиллик орзуим эди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллариданоқ биз ёшларнинг миллий шууримиз шаклланишида устоз Муҳаммад Солиҳнинг алоҳида ўрни бор. Саксонинчи йиллар охири, тўқсонинчи йиллар бошида аввал “Бирлик”, сўнгра “Эрк” партиясига аъзо бўлмаган ёш ўзбек шоири ва ёки ёзувчисини топиш қийин эди Ўзбекистонда. Мен ўша пайтларда Олмаотада ўқир эдим. Тошкентдаги сиёсий вазиятлардан бехабар эдим. Аммо устознинг “Кўзи тийран дард” ва “Олис табассуминг сояси” китобларини қўлдан қўймасдан ўқир эдим.

Истанбул аэропортига 30 май куни келиб тушдим. Мени фестивал ташкилотчилари кутиб олдилар ва шаҳарнинг Осиё қисмида жойлашган “BUOTEL” меҳмонхонасига жойлаштиришди. Иштирокчилардан ҳали ҳеч ким келмаган экан. Шеър фестивали эса 2 май куни бошланиши керак эди. Мен устозга қўнғироқ қилдим. Телефон жавоб бермади.

Бироздан сўнг бошқа номердан қўнғироқ бўлди. Мен жавоб бердим. “Салом, бу мен Муҳаммад Солиҳман! Сиз Истанбулга келдингизми? Эртага бўшмисиз? Унда соат 10 ларда кутинг, машина юбораман”. Биз келишиб олдик. Эртасига енгил автомашинада устознинг уйига йўл олдик. Биз худди азалий танишлардек кўришдик. Суҳбатлашар эканмиз, Устоз “Сиз келишингизга ош дамлатиб қўйдим, шу ош билан нонушта қиламиз” дедилар. Ярим соатлардан кейин ош сузилди. “Ўзимизнинг девзира ўхшаган гуручдан буюрдим” дедилар устоз.

Дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбат асносида тушунганим: устоз Муҳаммад Солиҳнинг қалбида халқимизга, миллатимизга нисбатан чуқур муҳаббат бор. “Миллатимиз бағрикенг миллат, бизда баъзи бировларга ўхшаб “Пасткашлик комплекси йўқ”” дедилар устоз.

Суҳбатимиз давоми раҳматли доктор Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт” китоби ҳақида бўлди. Устознинг айтишларича мазкур китоб кўп тилларга таржима этилган, айни пайтда араб давлатларидан бирида (Ливан) чоп этилмоқда экан.Туркияда энг кўп ўқиладиган китоблардан бири экан.

“Ушбу уйни Ойдинхоним билан бирга қуриб битказдик, шу ерга кўчиб ўтиб яшамоқчи эдик, аммо у кишига насиб қилмади” деди у киши хомуш.

Мен Ойдин опанинг хайрли хизматлари ҳақида гапириб устозга тасалли бердим. Нонуштадан сўнг Қора денгиз томон йўл олдик. Устоз мени суратга олар эканлар, “Биласизларми, менинг суратчим ким, худди устоз Муҳаммад Солиҳнинг ўзлари бўлади” деб мақтаниб юраман” дедим ҳазиллашиб. “Мен суратга туширганман” деб биз ҳам мақтаниб қўямиз, дедилар устоз кулимсираб.

Йўл йўлакай ўзбек ва тожик алоқалари ҳақида суҳбатлашдик. Устоз: “Тожиклар бизнинг энг яқин қардошларимиз бўладилар. Улар билан ҳамиша яқин алоқада бўлмоғимиз даркор” дедилар. Таржима масаласида эса кўпроқ классикларни таржима этмоқ лозимлигини уқтирдилар. Бир пайтлар Ўзбекистонда тожик маданияти кунлари бўлганлиги ва тожик ёзувчилари раҳбари билан ҳамсуҳбат бўлганликлари хусусида сўзлаб бердилар.
Меҳмонхонага қайтар эканман, устоз Муҳаммад Солиҳ бир нечта китобларидан туҳфа қилдилар. “Иқрор” номли китобларига дастхат ҳам ёзиб бердилар.

Аввалроқ, 2013 йилда етти томликларини юборган эдилар. Мен жўнаш олдидан устозга меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдирдим. Устозим: “Яна Истанбулга келсангиз хабарлашинг, суҳбатлашамиз” дедилар. Биз хайрлашдик. Йўлда кетар эканман дилимда: “Оллоҳим, Ўзбекистонда учраштиргин бизни” дея дуо қилдим.

Муҳаммад Солиҳга

Дунё шиддат билан чопар қайгадир
Фурсат ғаниматдир, омонатдир жон.
Элнинг бахти дея ўзидан кечиб
Ёниб яшаганда гўзалдир инсон!

Хоҳ ватанда бўлсин, хоҳ қувғинликда
Иймонни унутмоқ хиёнат эрур.
Боқийлик белгиси тўғрисўзликдир,
Боқийлик белгиси диёнат эрур.
25.05.2018 йил.Жуъма.

P.S. Ўзбекистон республикасининг Президенти ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев номига Ўзбекистонлик ватандошлар ва ўзбек зиёлилари номидан Муҳаммад Солиҳга нисбатан адолат қилиш, унга нисбатан қўйилган ноҳақ айбларни бекор қилиш ва шоирни Ватанга қайтариш тўғрисида мурожаат қилинди. Доно халқимизда “Султон суягини хўрламас” деган мақол мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ҳалқ мақолига риоя этиб, ҳиммат кўрсатсалар нур устига аъло нур бўлур эди.

Ҳасан Ғойиб
Тожикистон