11 май куни Брюсселда, Европарламент биносида «Андижон воқеаларининг» бир йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда сўзга чиқиш учун ўзбек мухолифатининг қувғиндаги лидерларидан бири, «Эрк» партиясининг бошлиғи Муҳаммад Солиҳ чақирилган эди. Қуйида унинг нутқи тўлиқ келтирилади.
Муҳаммад Солиҳнинг Европарламентдаги нутқи Хонимлар ва жаноблар, Яхшиликсиз ёмонлик бўлмайди, деган гап бор: Андижон шаҳрида Каримов режими томонидан уюштирилган қирғин бизлар учун шафқатсиз сабоқ бўлиб қолди. Бироқ шу билан бирга бу қирғин Ўзбекистон аҳолисининг барча қатламларини “ режим ислоҳ қилиниши керак”, деган фикр атрофида бирлаштирди.
Ўзбекистон халқи ва мухолифат бундан буён ягона мақсад: Ўзбекистонни аҳоли қатламларини радикаллаштириш кўрсаткичи, минтақавий низолар ва иқтисодий буҳрон манбаи бўлган тоталитар режимдан озод қилиш йўлида ҳаракат қилишга тайёр. Бу ерда мен халқимнинг умид ва интилишларини маълум қилиб, бизнинг янги давр – демократия даврини очишга тайёр эканимизни эълон қиламан.
Маданиятли дунёнинг барча халқлари каби ўзбекистонликлар ҳам ўз раҳбарларини эркин сайлашни, ўз давлатини бошқаришни ва ўзининг иқтисодий хавфсизлиги, фаровонлигини таъминлашни истайди.
Ишончимиз комилки, фақат демократиягина бизнинг мамлакатимизга ҳақиқий барқарорлик олиб келиб, шахс эркинлиги ва иқтисодиётни либераллаштириши, мамлакат ҳаётидаги тараққиётни рағбатлантириши мумкин.
Биз ишонамизки, Каримовга ўхшаган диктаторлар бизнинг дунёимизни янада хавфлироқ қилиб қўядилар, халқ иродасининг эркин намоён қилиниши эса ана шундай хавфнинг олдини олишни кафолатлайди. Ўзбекистонликлар аллақачон демократик сайловларни соғиниб қолган. Ўзбекистон президенти эркин сайловлардан давлат тўнтаришидан ҳам, халқ исёнидан ҳам баттарроқ қўрқади. Чунки у ўз режимини халқ нақадар ёмон кўришини яхши билади.
Конституцияга кўра 2007 йил бошида Ўзбекистонда навбатдаги мамлакат президентлигига сайловлар бўлиб ўтиши керак. Мен сизларнинг барчангизни эркин сайловларга қарши Каримов томонидан қўйилган таъқиққа қарши овозингизни баланд кўтаришга, халқ иродасига солинган кишанларни олиб ташлашга ёрдам беришни сўрайман. Ўзбекистон президентидан мухолифат лидерларининг мамлакатга қайтишига тўсқинлик қилмасликни ва уларнинг президентлик учун беллашувларда иштирок этишларига халақит бермасликни талаб қилишга чақираман. Ҳар бир президентликка номзод сайловчилар учун ўзининг кимлигини ва унинг рақиби кимлигини билиб олишига эришиш керак. Халқ ўзининг эркин сайловларда ким эканини аниқ кўриши керак. Мен ишонаманки, бу ҳолда сиёсатдаги нияти бузуқлар – эркинлик душманларидан бошқа барча ютади.
Андижондаги қирғиндан кейин Ғарбда ўзбек диктаторининг «майда камчиликларига» кўз юмиб қўйиш учун ҳеч қандай асос қолмади. Жаҳон ҳамжамияти Андижондаги геноцидни қоралаб, ўз халқига қарши ёвузликларини давом эттирмаслиги учун Каримовга қарши қаттиқ чора кўриши керак. Бугунги кунда Хитой ва Россиянинг қўлловидан руҳланган Ўзбекистон президенти ундан ўзгача фикрлайдиганлар ва мўътадил диндорларга қарши репрессияларини кучайтириб юборди. Каримов ўз ҳомийларини жангга чақирган вассал каби Ғарбга бўй кўтармоқда ва унинг авантюризмидан Ўзбекистон халқи азият чекмоқда.
Биз Хитой ва Россия ҳукуматларини Ўзбекистон золимини қўлламасликка чақирамиз. Бизнинг дўстона қўшничилик алоқаларимиз конъюнктура мақсадлари, вақтинчалик иқтисодий фойда учун қурбон қилинмаслиги керак. Чунки золим ўтади, халқ эса қолади. Минтақа лидерлари қорни тўқ ва мустақил қўшнининг яхши қўшни эканини яхши билишлари керак. Каримовнинг режими Ўзбекистонни қашшоқлар ва радикаллар мамлакатига айлантириб қўйди.
Бундай режимни қўллаш минтақада нотинчлик ва доимий радикализм хавфини қўллаш билан баробардир. Грузия, Украина ва Қирғизистонда бўлиб ўтган инқилоблар Марказий Осиёдаги демократия тарафдорларини маънавий рағбатлантиришда улкан роль ўйнади. Бу инқилобларни биз биринчи галда сиёсий режимни тинч йўл билан алмаштириш усули сифатида қабул қиламиз. Албатта, уларда камчиликлар кўп, бироқ ана шундай улкан воқеаларда мутлоқ муштаракликни кутиш анойилик бўлган бўларди. Афсуски, бу тарихий воқеалар яқиндан буён авторитар режимларнинг постсовет давлатларида демократик ўлкаларни кўришни истамаган идеологлари томонидан таҳқирланмоқда. Олға силжишни фақат салбий ёки ижобий баҳолаш мумкин эмаслиги маълум. Радикал ислоҳотлар – мураккаб йўл, лекин мавжуд ҳолат тарафдорлари кўрсатишга уринаётганидек бошбошдоқлик эмас.
Мен бизнинг юртимизда инқилоблар давом этишига ишонаман. Золимлар бизларни эзишлари, ҳатто ҳаётимиздан жудо қилишлари мумкин, лекин улар бизнинг орзуларимиз ва озодликка нисбатан интилишимизни тортиб ололмайдилар. Бу орзулар ва озодликка бўлган интилиш – золимларга қарши қудратли қурол ва биз ёвузлик устидан ғалаба қозонишимизга ишонамиз.
Сизларга шуни маълум қилмоқчиманки, мен яқинда икки сиёсий партия ва 57 нодавлат ташкилотлар номидан 2007 йилда бўладиган сайловларда Ўзбекистон президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатилдим. Шубҳасиз, бошқа мустақил гуруҳлардан ҳам номзодлар кўрсатилади ва бу жуда яхши. Сайловларда мухолифатнинг иштирок этиши шунчалик муҳимки, Ўзбекистондаги вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун биргина ана шу иштирокнинг ўзи камлик қилади. Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтиши шунчалик муҳимки, агар Ғарб ўзбек мухолифатига сайловларда иштирок этишга ёрдам берса, Ғарбнинг бизнинг минтақамиздаги ўз вазифасини бажаргани тўғрисида айтиш мумкин бўлган бўларди. Биз Осиёда сизнинг аждодларингиз шу ерда, Европада курашган қадриятлар учун курашмоқдамиз. Бу курашда биз сизларнинг фаол ёрдамингизга умид қиламиз.
Муҳаммад Солиҳ,
Ўзбекистон ЭРК демократик партияси лидери
Фарғона.Ру, ўз ахб., 12.05.2006
(126)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (371-374-саҳифалар.)