Биринчидан, Германия, хитой ва қатор давлатларда олий таълим бепул ва ҳатто таълим учун пул олиш ман қилинган. Туркия олий ўқув юртлари минглаб ўзбек талабаларни текинга ўқитмоқда ва ҳатто текин ётоқ ва овқат билан таъминламоқда. Ўн минглаб ўзбеклар Россияда таълим олмоқда ва уларнинг аксарияти Россия бюджети ҳисобидан таъминланмоқда.
Иккинчидан, боболаримиз қурган мадрасаларда талабалар учун ота-оналари шартнома тузмаган ва пул тўламаган. Алишер Навоий ўзлари ҳурган мадрасалардаги минглаб талабаларнинг таъминотини ўз ҳисобларидан тўлаганлари маълум. Учинчидан, бу энг асосийси, мамлакатимизнинг ва давлатимизнинг ижтимоий сиёсати нима бўлади?!
Бюджетнинг улкан қисми таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилади, деб кериламиз. Боғчанинг ҳам “элита учун”лари чиқди, мактабларнинг яхши таълим берадиганлари пуллик бўла бошлади, соғлиқни сақлашга пул тўлашни – мажбурий суғуртани киритиш режалари тузилган…
Бюджетнинг триллионлари қайга кетади? Давлатнинг ижтимоийлиги нима бўлади?! Давлат – халқнинг ҳимоячиси эмасми? Давлат шу инсонларнинг тўлаган пуллари эвазига йиғилган бюджетдан кун кўрмайдими?! Шу давлат шу халқники эмасми?!
Карим Баҳриев