O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бугун биз илмни йўқотган ҳолатдамиз

Бугун биз илмни йўқотган ҳолатдамиз
192 views
25 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(18-қисм)

Энди 7-синф тарих дарслигини варақлаймиз:

“Боязид устидан қозонилган буюк ғалаба билан Амир Темурни Франсия қироли Карл VI (1380-1422), Англия қироли Генрих IV (1399-1413) ҳамда Кастилия ва Леон қироли Генрих III (1390-1407) табриклаб, унга ўз муборакномаларини юборадилар. Чунки Соҳибқирон эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди”. (А.Муҳаммаджонов. Ўзбекистон тарихи (IV асрдан XVI аср бошларигача) 7-синф. Дарслик.”Шарқ” НМАК бош таҳририяти, Тошкент – 2009, 117-бет. Хатолари билан айнан келтирилди.)

Яна шу дарсликдан учинчи кўчирма:

“Соҳибқирон Амир Темур жаҳон сиёсатига ҳам таъсир кўрсатди. Маълумки, бу даврда, бир томондан, султон Боязиднинг Болқон ярим ороли давлатларига нисбатан тазйиқи кучайиб, бутун Европага хавф солаётган эди. Иккинчи томондан, Боязиднинг ўзи Ғарбга томон шиддат билан силжиб бораётган хавфли рақиб – Амир Темурнинг кучли тазйиқига дучор бўлган эди. Бундай сиёсий вазиятда Боязидга қарши кучларнинг маълум даражада бирлашуви табиий эди.

Авваламбор Боязиддан енгилиб, ўз ер ва мулклардан маҳрум бўлган Кичик Осиё мамлакатларининг ҳукмдорлари Амир Темурдан мадад истаб, унинг Қорабоғдаги ўрдагоҳига бориб, қарор топадилар. Ҳатто Византия ва Ғалатадаги Генуя ҳокимининг ноиби, Франсия қироли ҳамда Султония шаҳрининг католик миссионерлари ёрдам сўраб Амир Темурга мурожаат қиладилар. Бунинг эвазига улар ҳарбий юриш вақтида унга ёрдам бериш ҳамда Константинопол ва Перанинг Боязидга тўлаб келган божини бундан буён Амир Темурга тўлашга ваъда қиладилар. Бундай таклиф Амир Темурга мақбул тушади. Чунки Туркиянинг денгиз соҳилидаги таянчларидан ажратиш учун унга денгиздан мадад зарур эди. Шундай қилиб, XIV аср охири ва XV аср бошларида султон Боязидга зарба бериш учун қулай сиёсий вазият вужудга келган эди. Бу вазиятдан Амир Темур усталик билан фойдаланади.

Бу даврда Амир Темур Боязид билан ўзаро дипломатик ёзишмалар олиб бориш билан бир қаторда, бўлажак тўқнашувда Трапезунд ва Константинополнинг ҳарбий кемаларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда у Генуя ва Венетсияга совға-саломлар ҳамда мактублар билан элчилар юборади.

Ўзаро ёрдам масаласида Амир Темур Константинопол ноиби Ioann VII Paleolog билан ҳам ёзишмалар олиб боради. Амир Темурнинг 1402 йил 15 май куни Ioann VII Paleolog номига йўллаган хатининг мазмунига қараганда, Константинопол ноиби ва Генуянинг Перадаги ҳокими Боязидга қарши курашда Амир Темурга хизмат қилиш, ҳатто унга одамлар ва 20 тадан 40 тагача ҳарбий кемалар билан ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Буни Испания элчиси Клавихо ҳам ўз кундалик дафтарида қайд қилиб ўтади”.

(А.Муҳаммаджонов. Ўзбекистон тарихи (IV асрдан XVI аср бошларигача) 7-синф. Дарслик.”Шарқ” НМАК бош таҳририяти, Тошкент – 2009, 126 – 127-бетлар. Кўчирмалар хатолари билан айнан келтирилди.)

Шубҳасиз, Амир Темур қудратли шахс, кучли саркарда, замонининг буюк давлати амири эди. Йилдирим Боязид ҳам қудрати шахс, кучли саркарда, замонининг буюк давлати султони эди. Аммо иккаласи ҳам хом сут эмган қул ўлароқ оддий кишиларга хос камчиликлардан холи эмасди. Шаънларига яраша иззатталаб бўлган иккиси ҳам.

Буюклик ва кетма-кет қозонилаётган ғалабалар кўтарган димоқ иккаласига ҳам ақлли, тадбирли бўлишга халақит қилди шекилли, униси бунисини, буниси унисини тан олишга, бир-бирига қўл узатишга бўйни ёр бермади. Натижада мусулмон турк Амир Темур мусулмон турк Йилдирим Боязидга қарши қўшин тортиб бориб, умумий душманлари бўлмиш (ҳарҳолда иккаласига ҳам дўст бўлмаган) аламзада давлатлардан, қироллардан, ҳатто насроний фундаментал миссионерлардан, Кичик Осиёнинг майда подшочаларидан мадад сўради, улар билан иттифоқ тузди!

Буюк Амир Темурнинг буюк хатоси мана шу нуқтададир! Бугун биз нима қиляпмиз? Ўзини Амир Темур салтанати меросхўри деб эълон қилган Ўзбекистон давлати нима қиляпти? Айни ўша хатони такрорлаяпти.

Агар тарихдаги у хатога Амир Темур устун ҳолда йўл қўйган бўлса, ҳозир Ўзбекистонда у устунликдан асар ҳам йўқ. Натижада хорлик ва хўрликда, ўзини ерга уриш эвазига бир Хитой, бир Ўрусия, бир Амрика остонасига бош уриш ҳисобига йўл қўйяпти. Тепиб ҳайдаса, яна ўша ёққа талпинади. Ўзбекистоннинг иззатини ва ҳурматини жойига қўйиши, ўзига тенг, ҳатто бири отаюрт деб, бошқаси Имом Бухорий юрти деб ўзларидан ҳам устун кўриши мумкин бўлган мусулмон-қардош ўлкалардан юзини бурган.

Айниқса, Туркия билан муносабатларимиз ҳеч қачон бугунги даражада ёмонлашмаган. Сиёсий бирдамлик йўқ, ҳарбий ҳамкорлик йўқ, иқтисодий алоқалар майда тижорат даражасига тушиб қолган. Турк иш одамлари турли-туман баҳоналар ила Ўзбекистондан сиқиб чиқарилди, қўшма корхоналар ёпилди, устларидан жиноий ишлар очилиб, мақсад сиёсат бўлгани учун, телевидение орқали тескари ташвиқот юргизилиб, қардошларимиз халқимизга ёмон қилиб кўрсатилди.

Туркия билан алоқа қилган жуда кўп ватандошимиз энг камида “ишлари юришмай қолди”, қолганлари бўлар-бўлмас айблар билан қамоқларга ташланди, мамлакатдан қочиб кетишга мажбур қилинди. Турк литсейларида таълим олган иқтидорли ёшларимиз биттама-битта рўйхатга олинди, ишлардан қувилди, очган фирмалари ёки шахсий тижоратлари ёпилди, намозхонлари зиндонларга ташланди, энг инсоф қилингани қора рўйхатларга киритилди.

Ҳол бу ки, улар жуда умидли, келажакда Ватанга энг кўп фойда келтирадиган, ғоят иқтидорли болалар эди. Турк литсейларида пора, таниш-билиш бўлмаганидан у ерларга ўқишга миллатимизнинг энг аълочи, энг иқтидорли болалари ўз кучлари билан кирган, ўқитувчиларининг фидокорона таълим-тарбиялари натижасида улкан ютуқларга эриша бошлаган эди. Уларнинг таълимга муносабати қаршисида бизнинг аҳволимиз чорасизлиги очилиб-билиниб қолди. Бундай пайтда дарҳол камчиликларимизни тузатишимиз, қардошларимиздан ижобий анъаналарини ўзлаштиришимиз лозим эди. Мантиқ, ақл шуни тақозо этади. Аммо биз, одатдагидек, ақлга ва мантиққа тескари йўлни танладик – ҳартомонлама илғор у литсейларни ёпиб қўяқолдик. Ва, мана, кунимиз яна ўзимизнинг эски коммунистларга қолиб, мактабларга “синф фонди”, “мактаб фонди”, “мактаб таъмирига”, “синф таъмирига”, “синф пардасига”, “қўшимча дарс учун”, “фаррошга”, “ўқитувчисини пахтадан олиб қолишга” каби турли номлардаги янгича-янгича солиқ тўплашдан қўлимиз бўшамай қолди. Болаларимиз мактабларга илм олиш учун эмас, ҳар хил муносабатлар ила пул тўплаб бериш учун бораётгандай таассурот туғилади. Ота-оналар йиғилишларида илм ҳақида бир оғиз гап бўлмай қолди, фақат пул ҳақида гап айланади. Бўларкан-ку! Ғиқ этмай кўниб юрибмиз.

Майли, турк литсейлари нечоғли олижаноб ишлар қилмасин, таг мақсади бизнинг манфаатларимизга тўғри келмасди, шунинг учун ёпилди, дейлик. Унда Ғарб мамлакатлари очган ва очаётган мактаблар, институтлар, университетларда берилаётган таълим ва тарбия бизнинг манфаатларимизга том уйғунми? Нимага буларга кенг йўл-у, қардошларимиз қувғин этилди?!

Бундан ташқари, одамни ўйлантирадиган ҳолат юзага келди: турк литсейларига илм истаб ўқишга кирган ва яхши таълим олишдан бошқа мақсади бўлмаган болаларимиз ёппасига айбли деб эълон қилинди, қора рўйхатларга киритилди, қамоқларга тиқилди, аммо бу литсейларни ўз вақтида очишга рози бўлиб рухсат берган ва қўллаб турган давлат (яъни, Президент) ҳеч қандай жавобгарликка тортилмади!

Агар давлат (яъни, Президент) “мустақиллик”нинг Туркия билан муносабатларимиз яхши бўлиб турган илк паллаларида “Бу литсейларнинг жиноятчи тайёрловчи уя эканини билмаган эканмиз” деб ўзини оқламоқчи бўлса, унда бу литсейларга илм истаб кирган ва яхши таълим олиб битирган болаларимизни нимага ёппасига қоралаймиз? Жамият ишларидан узишга ҳаракат қиламиз? Ахир, давлат (Президент) билмаган нарсани оддий ота-она, ёш бола қаёқдан билсин?!

У бечоралар давлат рухсат берган, адлиядан рўйхатдан ўтган расмий литсейларга ўқишга кирдик деб ўйлаган эди, холос. Ва таълимнинг жуда баланд савиясини кўрди. Халқ ҳам кўрди. Ўзбекистон келажаги иқтидорли ва фидойи болалар ҳисобига порлоқ бўлишидан умид қилди. Лекин афсус, афсус.

Келажагимиз мафкурасини, давлатимиз мустақиллигини асраш учун шундай қилинди десак, унда болаларимизни турклардан ё араблардан узиб инглизлар, амрикаликлар, немислар, жуҳудлар, фарансузлар, итолиёнлар… қўлига топшириб қўяётганимизни қандай тушунамиз?! Улар мамлакатимизда мактабларини, олий ўқув юртларини очарканлар, болаларимиз онгига бизга буткул ёт бўлган мафкураларини ва ахлоқларини сингдирмаяптими? Бу ҳам келажагимизга хавф эмасми?

Ундай эмас, албатта. Энг тўғри муносабат “Илм мўминнинг йўқотган нарсаси, қаерда топса олади” деган ҳикматда. Бугун биз илмни йўқотган ҳолатдамиз, у Амрикада бўладими, Олмонда бўладими, олишимиз лозим. Жумладан, тижорий ишларда ҳам миллат ажратмай, давлат ажратмай, ўзаро ҳамкорлик доирасида, ўзаро фойда маъносида ҳамма билан муносабат қуришимиз керак. Менинг тепадаги сўроқларимни бегоналарни сиқиб чиқариб, Ўзбекистонда фақат туркларни ва арабларни қолдириш керак деган маънода тушунмаслик керак. Асло бундай демоқчимасман! Мен Ўзбекистондан фақат турклар ва араблар сиқиб чиқарилаётганини ҳазм қила олмаяпман. Уларга кенг йўлми, буларга ҳам бирдай кенг йўл берилсин деяпман, холос.

Ёки давлатимизнинг мақсади халқимизни ўзимизга, ўзлигимизга, тарихимизга, тилимизга, динимизга яқин мафкура ва ахлоқлардан айириб, етти ёт бегона мафкура ва ахлоқ измига топширишми?!

Мақсади шундайга ўхшаб қолаётгани ўйлантиради мени. Ўзбекистон ўзини Туркияга қарши бундай тутиши, табиий, сезилмай қолмади. Кетма-кет салбий ҳаракатлар, Ўзбекистондан Туркияни тўла сиқиб чиқаришга қаратилган калтаўй сиёсат халқларимиз орасига совуқчилик туширди, ўзаро ишончсизлик туғдирди, “мустақиллик”нинг илк паллаларида кузатилган бир-бирига қараб талпиниш ҳаракати бора-бора бир-биридан қочиш ҳаракатига айланди. Икки давлат ўртасида яқиндагина катта тантаналар билан тузилган “Абадий дўстлик” ҳақидаги битимнинг бир чақалик қиймати қолмади… Демак, душман яна ниятига етди: туркийларнинг икки катта ва маданий бўғини бир-биридан узиб қўйилди. Ўзбекистонсиз туркий давлатларнинг, ўзбекларсиз туркий халқларнинг бағри тўлармиди?

Ўзини камида Амир Темурдай кўриб ғурурга кетган президент тимсолида ўзини Амир Темур тузган буюк салтанатнинг тўғридан-тўғри вориси ҳис қиладиган “Ўзбекистон хонлиги” буюк Амир Темурнинг хатосига ҳам муносиб ворис эканини кўрсатяпти: Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга келганига роппа-роса 600 йил тўлган бир пайтда президент Ислом Каримов олис Испанияга бағрини очяпти, лекин бу ёқда қардош Туркияга орқасини ўгиряпти. Албатта, бу ҳодисада “эзгу” бўлмаса-да, чиндан ҳам “бир рамзий маъно” борга ўхшайди.

Кичик хулоса

Сиёсат айрим паллаларда мустақилликнинг қайсидир томонларидан чекиниб туришга мажбур этади. Биз бир оз чекинмасак, нариги томон ҳам чекинмайди ва натижада мақсадга эришиш қийин бўлади. Нариги томоннинг манфаатини ҳам ҳисобга олишга мажбурсиз сиёсатда. Аммо бу чекиниш “бир оз”дан ошмаслиги,
хиёнат даражасига бормаслиги керак.

Бегонага ўзни бир четга суриш билан яқинлашилмайди. Ака-укасидан тонган, қўни-қўшниси билан уришган киши бегона маҳаллаларда ҳам обрў қозонмайди, қадр топмайди. Аксинча, у бегоналар бу яккамоховдан бир оз муддат ўз манфаати йўлида фойдаланади-да, кун келиб бетига туфлаб кетади. Ўшандай пайтда ҳассакашимиз, тобут кўтарувчимиз бўлган қўни-қўшни, қариндош-уруғ асқотади. Агар улар ҳам тепамизга келмаса, ичи ачимаса, қардошлик қўлини узатмаса, ҳолимизга вой.

Мана шундай аянчли эртани ҳисобга олмаган биз нодонлар қариндошу қардошларга муносабатда бир-биримизга талпиниш, бир-биримизни асраб-авайлаш ўрнига ўзимиздан бездириш сиёсатини юритиб келяпмиз!

Узоқдаги буғдойдан яқиндаги сомон яхши, дейди халқимиз. Ота-бобомизнинг ёрдами (аслида, хатоси) билан Олтин Ўрда “мустамлакаси”дан қутулиб “мустақил князликлар” ташкил қилиб ўзини тиклаб олган узоқдаги битта буғдой – Ўрусия нима қилди? Биз билан абадий дўст бўлдими? Қаршимизда ўзини неча асрлардан бери миннатдор ҳис этяптими? Бу “миннатдорлиги” изҳорини бир юз йигирма беш йиллик асорат пайти кўзимиз билан кўрдик. Лекин ҳамон сабоқ чиқармадик.

Ёки яна ҳам узоқроқдаги “буғдой”ни – Оврупани олайлик… “Турк султонлиги таҳдиди”дан қутқарганимиз эвазига Амир Темурга олтиндан битта ҳайкалча қуйишдан (эшитишимча, бу ҳам ҳали қуруқ гапга ўхшайди!) бошқа нима каромат кўрсатди?! Аксинча, неча юзйиллар ичида дунё бўйлаб мустамлака сиёсатини юритган оч Оврупа, айниқса Англия тимсолида, Амир Темурнинг эвараси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда тузган улуғ салтанатга ва буюк Туркистонга тинимсиз кўз олайтириб келди! Ва тарихда уч юз йил ҳукм сурган темурийзода бобурийлар сулоласини “Амир Темур Оврупани турклар таҳликасидан озод этгани” эвазига таг-туби билан тугатиб берди! Сўнгра у ердан Марказий Осиё сари силжиб, Амир Темурдан қолган диёрни Ўрусия билан талашиб узоқ йил жанг қилди!

Бугун қўшнимиз Афғонистонда – Амир Темур тузган салтанатнинг бир бўлдагида қандай ваҳшийликлар қилаётганини кўр кўз ҳам кўриб турибди. Ана сизга миннатдорлик, ана сизга дўстлик! Олимларимиз, журналистларимиз, тарих китобларимиз буларни айтмайди-да, икки гапнинг бирида “араб босқинчилари юртимизни босиб олди”, “талон-торож қилди”, фалон-писмадон, деб бошларни қотиради. Ўрис ё инглизнинг қўшин тортиб келиши билан арабларнинг келиши бошқа-бошқа равиш, бошқа-бошқа ҳол эканини кўрмайди, кўрсатмайди.

Чунки билмайди. Мустамлакачилар тарих илмимизни ҳақиқат ўзанидан чиқариб, ўзларининг манфаатларига хизмат қиладиган том тескари ўзанга солиб юборгани учун онглар етти ёт сўқмоқларда улоқиб юрибди. Ҳақиқатни билишга ҳаракат ҳам қилмайди. Тушунчаларимиз бузилган. Араблар диёримизга қўшин тортиб келган бўлса, ерларимизни талаш ниятида эмас, Оллоҳ таолонинг “Динни ёйинглар!” деган буйруғига кўра, бирхудолик динига чақириқ ниятида келган. Тарих китобларидан биламиз: чақириғига ижобий жавоб берган ўлкалар билан урушмаган, диннинг йўл-йўриқларини тушунтирган-да, ер юзида Оллоҳнинг Сўзини олий қилиш вазифасини адо этиш сари яна нари ўтиб кетаверган.

Қолаверса, улар фақат Мовароуннаҳрга қараб эмас, бутун дунё бўйлаб бирхудолик динини ёйиш учун тарқалган. Бунда борган ерида энг олдин оғзаки ё ёзма чақириқ каби хилма-хил усулларни ишлатган. Агар урушишга тўғри келган бўлса, уруш тўғрисида Ислом дини белгилаган чегарадан чиқмаган ҳолда урушган. (Ўлжа олиш масаласи бошқа масала. Бу нарса ҳар қандай урушнинг таркибий қисмидир ва фақат уруш ҳолатидагина ўлжа олинган. Кимнинг қўли баланд келса, ўлжа олган, албатта. Бойликни талаш, одамларни қул қилиш учун бўлган урушларни кейин кўрдик, яқин-яқингача жабрини тортиб ҳам келдик.)

Мусулмонларнинг мақсади дин бўлгани учун рақиб томон динни ёки зиммийликни қабул қилган заҳоти уруш тўхтатилган. Мақсад бойлик бўлганида рақиб томон динни қабул қилган-қилмаганига қараб ўтирилмас эди. Ёки, масалан, мақсад бошқа халқлар устидан ҳукмронлик ўрнатиш бўлганида арабдан бошқа миллатдан подшоҳ ё халифа чиқмаган бўларди. Мақсад динни ёйиш бўлгани учун Ислом етиб борган ўлкаларда ғолиб араблар маҳаллий миллат подшоларига бўйин суниб яшаб кетаверишган. Ҳатто охирги бир неча аср давомида бутун араб диёрлари ҳузур ила турк халифалигига итоатда яшади!

Энди туркларга келсак…

Тарих варақларини титкилаб кўрайлик: мен билишимча, Онадўли турклари ўзларининг ота юртлари Туркистон тупроқларига бирон марта қўшин тортиб келмаган! Ҳатто Туркистон ё Турон майда хонликларга бўлиниб, бир-бири билан қирпичоқ бўлиб, марказий халифаликка сиёсий итоат сусайган ё итоат этмай қўйилган пайтлари ҳам Отаюртга лашкар юборилмаган! Қадим Турон деярли мустақил бошқарилган. Ҳурматни сақлаш бу қадар! Ҳол бу ки, Ислом тупроқларининг бошқа ҳар қандай ерида озгина итоатсизлик сезилса, халифалик давлати зудлик билан ўша ёққа қўшин ташлаган, керакли тартибни ўрнатган!

Тарихга холис ва инсоф билан қарамас эканмиз, чалкашликлар бўлаверади, халқимиз дўст билан душманни ажратолмай гаранг бўлиб қолаверади. Мана аламли натижалардан бири: Амир Темур билан Йилдирим Боязид ўртасида кечган урушни баҳона қилиб ичимизда ҳалигача турк қадошларимизга ола қарайдиганлар бор. Аслида, биз уларга эмас, улар бизга гина сақласа арзийди. Чунки Боязид Туронга келмаган, Амир Темур Онадўлига қўшин тортиб борган!

Бу тушунмовчиликлар ҳаммаси ҳозирча Ўзбекистонда чинакам мустақил миллий мафкура шаклланмаганидан ва бунинг оқибатида ҳалигача ўзимизнинг асл манфаатларимизни ифодалайдиган миллий ҳам, ҳарбий ҳам доктрина ишлаб чиқилмаганидандир. (Тўғри, бир томондан қаралса, ҳозирги аросат ҳолатимизда – олимларимиз ҳам, сиёсатчиларимиз ҳам манқуртларча фикрлаётган паллада миллий доктрина ишлаб чиқишга киришилмагани ҳам маъқул.)

Бугун Ўзбекистон чинакам мустақил фикрлайдиган, мулоҳазаларини очиқ ифодалай оладиган, давлати, юрти, миллати учун чин юракдан қайғурадиган ва шу асосларда жаамият ва давлат қиёфасини янгидан шакллантиришни мақсад қилиб олган, дин ва дунё ишларини пухта биладиган, адолатли ва хуш хулқли кишилардан иборат Халқ (Маслаҳат) кенгашига ҳамда бу кенгашда айтилган фикр-мулоҳазаларни босиқлик ва донолик билан тинглай оладиган бир Давлат бошқарувига жуда-жуда муҳтож. Миллий мафкура ана шу Кенгашда айтилган хилма-хил фикрлар асосида шаклланиши, сўнгра миллий ва ҳарбий доктриналар ишлаб чиқилиши керак. Билмадим, бу ғоя яқин орада амалга ошадими-йўқми, аммо қачон бўлса ҳам бу ишни қилмасак, том маънодаги мустақиллик фақат орзу бўлиб қолаверади.

Дунёдаги эски ва янги воқеа-ҳодисаларга, бугун юритилаётган сиёсатларга чинакамига ўзимизнинг кўзқарашимиз, миллий ўлчовларимиз пайдо бўлмас экан, худди бугун кузатилаётганидек, сиёсат борасида ҳам, тарих борасида ҳам, маънавият борасида ҳам инсофсиз дунё нима деса, ҳазм қилишга уринмаёқ, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаёқ уларнинг “гап”ларини тўтиқушдай такрорлаб юраверамиз. Яъни, давлат агар дунёда кучли бўлишни ҳамда оёқда узоқ қолишни истаса, ўзгача фикрлардан ҳадеб ҳадиксирайвермай, ҳайиқавермай, нари тур-бери тур деб ҳадеб турткилайвермай, бу ўзгача фикрлардан давлат ва миллат манфаатлари йўлида фойдаланишга ўзида лаёқат ва жасорат топа билиши керак.

Хатолар миллат ё давлат шаънини булғамайди. Хатоларни ўнгламаслик, хатолигини билатуриб уларни яна такрорлаш айбдир. Ўз вақтида тан олинса ва тўғриланса, хатолар табиий ҳол деб қабул қилинади. Балки сабоқ ўлароқ, келгусида такрорламаслик учун улуғ бир ибрат бўлади. Шу маънода буюк Амир Темурнинг хатоси ҳам, худди Наполеон Бонапарт, македонли Искандар, Йилдирим Боязид… каби буюк зотларнинг хатолари сингари буюкдир! Ва бу хатоси унинг ютуқларини чиппакка чиқармайди. Аксинча, ютуқлари ёнидан жой олиб, Амир Темур ўзига хос бир шахс бўлганини билдиради, у ҳам барча қатори Яратганнинг оддий бир қули эканини бизларга эслатиб туради.

Миллат ё давлат шаънини хатолар булғамайди, қинғирликлар, адолатсизликлар булғайди.

Тўғри мақсад йўлида ҳам одам (ёки давлат) хатога йўл қўйиши мумкин, аммо мақсад хато бўлса, йўл хато бўлса, у хатолардан ибрат олмай, кейин ҳам кўр-кўрона такрорланаверса, энди улар оддий хатоликдан чиқади, асл манфаатларга терслиги билан қинғирликка дўнади, сиёсий кўрликка далолат қилади.

Боболаримиз босиб ўтган шонли йўлни ҳақиқати билан билгувчи зукко шахслар, тарихчи олимлар, зиёлилар, худди соғлом ҳужайралар тананинг лат еган ерига зудлик билан етиб бориб тузатишга киришгани каби, илмда ва сиёсатда йўл қўйилган камчиликлар бошига тез етиб келишлари ва ўнглашга-тузатишга киришишлари керак бўлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com