БУГУН БОШҚАЧА КУН БЎЛСИН
Кеча Риштонда хокимнинг халқдан узр сўраши ортидан жаранглаган қарсаклар , “ура-уралар битмаётган ярага сепилган гармдорили туздай жонимни олди…
Бунча қарсаквозсиз халқим?
Биламан, жудаям кечиримлимиз. Бироқ бошимизга тушаётган ҳамма балолар, зулм айнан шу яхши хислатларимиз, кимлардир сурбетларча суистеъмол қилаётган фазилатларимиз туфайли келаётганига нахот ҳалиям ақлимиз етмаяпти?!
Юздан бир айбини тан олган амалдорнинг таваллосини беқарсак эшитсак, ура-урани тўхтатиб, жиддий бўлсак, хали амалга ошмаган ишларга аввалдан илжайиб раҳмат айтишни бас қилсаккина шу валломатлар ҳам хайиқиб, аслида хоққон эмас, халқ хизматидаги ижрочилар эканини тан олишарди.
Аслида сиздан хафа бўлишга хаққим йўғу, баъзан нима деяётганингиз, нима қилаётганингизни кўриб миллат, юрт, Ватанимизнинг қисматидан хавотирга тушаман.
Водийдаги тўйларнинг бирида нақд ўн кишидан ортиқ қариндош-уруғ суннат бўлган мурғак болага “Фалончижон, илоҳим, энг камида прокурор, судья ёки ҳоким бўлгин!” деб тилак билдиришди. Ичларида саксонга етган мўйсафид ҳам бор эди. У тўй боланинг катта бобоси экан. Бояқиш ҳаммадан кўп гапириб, худди болакай судья, прокурор, хоким бўлмаса кўзи очиқ кетадигандай васият қилди. Тўй татимай, қиёфам тундлашди. Ўзим таниган қанча прокурор, судья, хокимларнинг нечтаси яхши, ҳар томонлама мукаммал, ибрат қилишга арзийдиган одам экан деб санай бошладим. Ишонсангиз ўнта бармогимнинг ярми керак бўлди холос. Тўй тугамай ташқарига йўналдим. Худди шу пайт орқамдан халлослаб чиққан ўша мўйсафид кўзларимга мўлтираб ” Қизим, Тошконда ишлайсиза? Илтимосим бор эди” деб қолди.
– Ану мараз, Беҳизорда битта беҳи дарахтини қолдирмай кестириб ташлади. Мен миришкор боғбонман. Яйдақ қирда Рашидовнинг буйруғи билан беҳизор пайдо қилганлардан биттасиман. Қишлаққа келаётганда кўзингиз тушгандир, бир туп ҳам қолмади. Касал текканмиш. Мен: “Беҳи дегани бир касал бўлиб, даволаса яна косадай хосил бераверади ” деб қаршилик қилсам, ” Сани миянгга ҳам касал тегибди” деб хақорат қилди. Ана, яна интенсив боғ бўлди. Ҳамма жойни олма босиб кетди. Нима, битта маразни деб беҳи емаймизми? Невара-чеварамиз қўрга кўмилган беҳи мазасини тотмайдими? Ўшанга чора кўришга ёрдам беринг, илтимос! Менда қишлоғдошлар имзолаган хат бор. Президентга ёзгандик. Ўшани Каримовни қўлига бериш керак… Мараз йўқолмаса хамма қақшайверади.
Уч дақиқа давомида уч марта “мараз” унвонига сазовор бўлган мараз ким экан деб, савол берсам, жавобдан йиқилиб тушай дедим.
-ҲОКИМда!
У бу сўзни шунчалик нафрат билан айтдики, аламли нигоҳларидан ўт сачраб, оппоқ соқоли титраб кетди.
Унга қараб, рости кулишни ҳам куйишни ҳам билмай қолдим.
– Ҳозиргина чеварангизни табриклаб, зўр тилак билдирдингиз. …ҳоким бўлгин деб тайинладингизку! Уни қандай ҳоким бўлишини хоҳлайсиз?
Чол мендан андак ранжиб, дилидагини айтди:
-Шундай маразлар ўтирган устолда ўзимизники бўлса яхшида қизим. Қонимизни ичмайди. Қавм – қариндошни қақшатмайди….
Қолган ниятларини эшита олмадим. Қулоғим зингиллаб, оёғимнинг остидаги ер қалқиб кетди.
Демак, ўзиникига тегмайдиган, тегдирмайдиган, уруғини ундириб, қариндошини қўллаб-қувватлайдиган амалдор бўлса кифоя эканда!
Мен чолдан “авлодимдан адолатли ҳоким чиқишини хоҳлайман” деган жавобни кутгандим, афсус… Невара- чеварали одам шайтонни ҳуркитадиган ният қилиб турсая!
Демак, аксарият ҳокимлар шунчалик зўравонлашиб кетганки, авом халқ “ўзимиздан ҳам битта зўравон чиқсагина зўр бўлади!” деган фикрни миясига сингдириб бўлган. Астағфурилло, тавба дейишдан бошқа чорам қолмади.
Болалар руҳшуноси сифатида бир гапни айтсам, хафа бўлмайсизми Ватандош? Бугун чалган қарсагингизни кўрган, бу олқиш, ура-ура, раҳматларга сазовор бўлган шахсга энг биринчи навбатда ким ҳавас қилишини биласизми? Албатта кўзлари мунчоқ фарзандингиз, уйи бузилган бўлсада бир чеккада мўлтираб турган невараларингиз! Уларнинг беғубор дунёсига яна бир ёлғон, риёни аралаштириб, покиза руҳиятига яна бир томчи қора доғни томизиб қўйдингизку ! Энди улар ухласа ҳам, уйғонса ҳам, юрса ҳам, турса ҳам бугун халқ олқишларига кўмилиб кетган “супермен”га ҳавас қилишади…
Чет элдаги қахвахоналарнинг бирида хўрандаларга хизмат қилаётган, бироқ бошқа официантлардан анча пачоқроқ, кўзлари мунгли йигитчага кўзим тушиб турмуш ўртогимга юзландим:
-Шу бола Ўзбекистонлик!
У менга ишонмай йигитни суҳбатга тортди. Адашмабман. Андижонлик экан.
Эртаси кун яна бир эзилиб қолган ўспиринга дуч келдим.
– Наманганликман опа.
….Отасидан сўнг рўзғорнинг ягона тиргаги, касалманд онасининг ёлғиз умиди, турмушга чиқиши керак бўлган уч сингилнинг биттагина акаси экан.
-Тунда ҳаммоллик ҳам қиламан….Унинг ҳикоясини эшитиб, юрагим ларзага келди.
-Аямнинг дори-дармони, сингилларимнинг сеп-сидиргаси, битмаган уйнинг ками, уйланишим ҳам борда…
Синчков нигоҳларим бояқишнинг сўроқсимон жуссасида эди:
– Ошқозонингиз оғрийди. Сколиозингиз ҳам бор.. Жигар ва ўт қопингизни дўхтирга кўрсатволинг ука.
Унинг нигоҳлари ерга қадалди.
– Уйимизнинг томи ёпилсин опа…
Қисматни қаранг Ватандош! Туғилган тупроғида Д. И. Менделеевнинг даврий системасидаги барча маданлари бор мамлакатнинг боласи деярли барча маданни бошқа давлатлардан сотиб оладиган юртда хизматкорлик, ҳаммоллик қилиб юрибди.
Минг афсуски, бунақа ёшлар миллионларни ташкил этяпти. Ўзбекистон иқтисодини маданларимиз эмас, айнан улар юбораётган долларлар ушлаб турган бўлсада ўзга юртларда сарсон юрган ҳар бир юртдошим учун халқпарвар эмас, халққаргар амалдорларни айблайман! Мен ўзимни, сизни, ҳамма балони бошига чиққунча қўйиб қўйган халқни айблайман!
Бугун яна бир аянчли ҳодисанинг гувоҳи бўлдим.
– Эшитдингизми, 15- идан яна ҳамма нарса ошарканааа” -деб, гўлдираб кетаётган, ҳаракатлари ғалати, паришон, бир оёғида шиппаги йўқ аёлга кўзим тушиб довдираб қолдим.
У таниш. 40 йил ҳалол меҳнат қилиб, ҳозир нафақага чиққан ўқитувчимиз эди.
Унга етиб олиб, исмини айтиб чақирдим.
Кўзлари бежо. Сўрашгандай бўлди. Сўнг яна “ўчиб” бўшлиққа қараб гудранди. “Ээээ, пластигимда ҳам бир тийин йўқ, кейинги пенсиямдан оларсан”
Атрофдагиларнинг энсаси қотди. Кимдир бошини сарак-сарак қилганча ачинди.
У яна озгина хасрат қилгач тўхтаб, менга ўгирилди. Илкис оёғига назар ташлаб, бақириб юборди:
– Вооой Муаззам, шиппаксиз чиқибманку, шарманда…..
Қачонлардир бизга олийгоҳда дарс берган, билими кучли, энг зўр ўқитувчилардан биттаси бўлган устозимни қоқсуяк елкаларидан қучоқлаб йиғлаб юбордим…
Балки шунинг учун сизнинг қарсакларингиз асабимга теккан, ҳокимлар қўйган томошалар ёқмагандир…
Гапларим оғир ботган бўлса кечиринг! Лекин ҳар бир мазлумнинг аянчли тақдирида сиз бугун олқишлаган ва осонгина кечириб қўя қолган амалдорларнинг ҳам қўли борлигини асло унутманг!
Сўнги сўз ўрнида.
Дераза ортида яна бир умидли тонг отяпти. Бугун бошқача, кечагидан мутлақо фарқли кун бўлсин. Ҳалиги қарсакларингизга гувоҳ бўлиб қолган дилбандингизнинг қалбини поклашни хоҳлайсизми?
Болажонингиз уйғонгач, қўлчасига ўзи ўқиб тугатган биттагина китобини тутқазиб йўлга тушинг.
– Юр, сени бир одам билан таништираман. У муҳтож, касал инсонларнинг ҳолидан доим хабар олади, ёрдам беради.. Тиниб-тинчимайди. Ҳалол, меҳнаткаш энг муҳими маърифатпарвар инсон. Кичикроқ кутубхона очганди. Энди хов анави ерда сендака болалар кўпроқ келсин дея каттароқ қилиб қайта қурилади. Иншааллоҳ, бир кун биргаликда ҳашарга ҳам келамиз. Қўлингдаги китоб эса бўлажак зиё масканига совға қил! Ўқиб бўлдинг, энди бошқа болалар ҳам мазза қилиб ўқисин! -деб яйраб гапириб кетинг.
Илоҳим дилбандингиз Дима Қаюмдан ҳам яхшироқ инсон бўлиб камолга етсин!