Эй аҳли ватан! Босди сани мунча ғафолат,
Ғарқ айлади мунча сани дарёи жаҳолат,
Тишиди сани бошинг узра шум заллаю разолат,
Боқ! Ҳолингга налар бўла? Гар бўлса басорат?
Қоплаб келур миллатингни зулмату ғорат,
Инсон сифатинг вор эса тур! Айла жасорат!
Ғафлат уйқусидан кўзинг оч! Боқ замона,
Илм айла! Маориф тутуни тўлди жаҳона,
Солди ҳама миллат бу маорифга хазона,
Биз миллат этуб ор ила номуси баҳона,
На мактаб илм ўлди, на бозорда тижорат,
Хушк ўлдиғимиз боисидан бўлди касолат.
Олимларимиз ичар тама бирла адоват,
Давлат элида кибру ҳаво бирла сафоҳат,
Фахр аҳли аро фисқу ҳасад этди давомат,
Хотун, эру қиз ёшу қари ичра жаҳолат,
Топсунми тараққий яна бизларда камолат,
Кетсунми таассуф элидан бўғзу адорат?
Инсон эсанг ўлгил ҳама дам толиби миллат,
Зийнатласун абдангги ғайрат ила ҳиммат,
Нўш этсанг ажал шарбатидин узма муҳаббат,
Қўл силтама келса на бало бирла машаққат,
То умри ичида кўрмаса ҳар кимса залолат,
Топмоғлик анга мумкин эмас иззу шарофат.
Миллат деганнинг боши агар кетса ризодур!
Ҳар лаҳзада минг жабру жафо етса ризодур!
Ҳар тийғи ситам кўкси узра текса ризодур!
Миллат йўлида қони оқуб ётса ризодур!
Бир зарра юзин тобламас ул келса на ҳолат,
Бош узра кўрар келса на хил зулм ила ғорат.
Кир! Лаззат дунёдан умид уз, мосуво қил,
Миллат йўлида мол ила жонингни фидо қил,
Дилдан ҳама кибр ила адоватни фано қил,
Бу хидмати оламда қолурликни адо қил,
Токим ҳама халқ айласа сўнгингда мудомат,
Ҳар икки жаҳонда санга ўлмазми саодат.
Солма қулоғинг таьна киби сўзларга, кар бўл,
Хизматга жадал айла, кеча тому саҳар бўл,
Минг жоҳил ўқи келса, жигар бирла сипар бўл,
Миллат йўлида кетса агар жондан ўтар бўл,
Парво қила кўрма бошингга тушса қиёмат,
Тоун, ситам ёғса-да ҳеч қилма надомат.
То чекмаса ғурбат ватанинг қадри бўлурми?
Ғарқ ўлмаса дарёя гуҳар қўлга келурми?
Кўр! Тарбиясиз ҳеч шажар мева қилурми?
Сойиллик эдан кимсая давлат йиқилурми?
Тун-кун йўқу ғафлатда ётуб айладук одат,
Шул-чун адам ўлди мана бизларда диёнат.
Боқ шул эса аҳвол начук бўлғувсидур вой,
Ким миллат учун ўзни фидо қилгувсидир вой,
Мактаблар учун борини сарф этгусидир вой,
Дунёйи лазиз баҳрасидан ўтгусидир вой,
Бу бойлар аро сирқ ҳасад этса зиёдат,
Олимлар аро бўлмаса бир сулҳу садоқат.
Бу халқимиза айш ила ишрат эса матлаб,
Кундан куна ошмазми бизим жаҳли мураккаб?
Ким олиму маориф кутадир, ким сола мактаб?
Бир кун қолуриз охирида зорлар ағлаб,
Суд айламагай ул куни минг оҳу надомат,
Луқмон тирилиб келса тузалмас бу жароҳат…
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий.