Бугун Соҳибқирон Амир Темур бобокалонимизни таваллуд топган кунлари. У зот бугун 682 ёшга етдилар. Шубҳасиз дунё тарихидаги энг улуғ ижобий натижаларга эришган қаҳрамонлардан бири булган Соҳибқирон Амир Темур 21-асрда, Худо хоҳласа жаҳон халқларининг адолатли баҳоларига ва эътирофларига сазовор бўлади. Ўрта аср ИГИЛ ёки ИШИДи бўлган халқаро гиёҳвандлик савдоси ва қароқчилик жиноятчилик тизимини таг-томири билан йўқ қилган ва Осиё ҳамда Оврупа халқларини жоҳил мўғулларга бир ярим асрлик қуллигидан озод этган Буюк зотга дунё албатта таъзим қилади. Буни адолат қонуни талаб қилади. Илоҳо халқимизга бугунги Ўзбекистон мустақиллиги замонида ҳам Худойим Амир Темур, Улуғбек ва Бобурдай улуғ зотлар пайдо бўлмоғини насибу муяссар айласин. Амир Темурнинг руҳи ва васиятлари халқимизни қўллаб-куватласин.
Анвармирзо Хусаинов
* * *
Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
Соҳибқирон Темур Бибихонимдан маслаҳат сўрагани ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)
Соҳибқирон Ҳиндистондан
зафар қучиб қайтди-да,
Бироз роҳат этсам, деди,
Боғи шамол қўйнида.
Йўқ, роҳати чўзилмади,
яна ташвиш бўлди ёр,
Қароқчилар бедодини
арз айлади амалдор.
Бу ён Макка, Мадинага,
у ён Фаранг, Рум томон
Йўллар борки, тўсган эди
ўша очкўз оломон.
Катта-кичик тўқсон қалъа
таянч эди уларга,
Талончилик, гиёҳвандлик
суянч эди уларга…
Соҳибқирон сурди яна
учқур бедов отини,
Қуритаман, деди, ўша
йўлтўсарлар зотини.
Қўшин тортиб, ёвузларни
қирғин этди аёвсиз,
Қилди неча қалъаларни
тўпроқ ила теп-текис.
Гарчи доим олға босди,
тинмай қилич сирмади,
Бир қалъага етишганда
юришмади омади.
У қалъани таслим этиш
оғир келди нақадар,
Қанча ҳужум, чора-тадбир
бекор кетди, бесамар.
Ҳолбуки жанг айламоққа
тайёргарлик хўп эди,
Қўшинлари қароқчилар
галасидан кўп эди…
Хуллас, Амир маликага
шунда чопар йўллади,
Маслаҳатинг бўлса айт деб
аҳволини сўйлади.
Бибихоним назар ташлаб
мактубдаги хабарга,
Дамингни ол, эртага кел,
деди ўша чопарга.
Эртаси кун келди чопар,
малика боғ кезарди,
Неча боғбон мевали шох,
бутоқларни кесарди.
Яна неча кимса эди,
қўлда кетмон ҳаммаси,
Янги кўчат экишарди
иссиқда, ёз палласи…
Тушунмади бу ҳолатга,
ҳайрон қолди чопар эр,
Хоним, деди: кўрганларинг
ҳукмдорга айтиб бер…
Чопар келиб айтиб берди,
Темур уни тинглади,
Кулиб қўйди, сабабики,
ишоратни англади.
Англадию аъёнларин
қурултойга этди жам,
Унда учта фармон бўлди,
кейин учта ижро ҳам.
Аввал шуки, ноибларга*
бирдек жазо берилди,
Хар бирининг елкасига
ўн беш қамчи урилди.
Сўнгра барча саркардага
кўрсатилди саҳоват,
Тилло бериб, айтилдики,
қайтинг ўйга саломат…
Ва ниҳоят, қамчи еган
ноибларни йиғди-да,
Деди: сизлар ноиб эмас,
қўшинларга саркарда!
*Ноиблар – саркардаларнинг муовинлари
Саркардалар ёши улуғ,
сиз ноиби эрдингиз,
Ўшаларнинг соясида
ялло қилиб юрдингиз.
Кўрсатингиз энди ёшлик,
навқиронлик кучини,
Унутмангиз елкангизга
тушган аччиқ қамчини.
Ноиб бўлур сизга сиздек
ёш, баҳодир жангчилар,
Иншооллоҳ, сизлар ғолиб,
душманингиз янчилар…
Эртаси ёш саркардалар
ҳужумларга ўтишди,
Бир ҳамлада ўша саркаш
қалъани забт этишди.
Қароқчилар уясига
ўт қўйишди беомон,
Қиличданам ўтказишди
ёвузларни шу замон…
Гоҳи инсон ҳар неча ким
чора-тадбир айласа,
Бир натижа бўлмас, магар
юракда ўт бўлмаса
Халқим, юксак орзуларинг
юраклардан аритма,
Қалби олов ёшларингни
даврага торт, қаритма.
10.01.2017
Дўрмон
Изоҳлар.
Амир Темур оламшумул ғалабаларининг сирларидан бири унинг ўта самарали кадрлар сиёсати эди. Унда барча даражадаги раҳбарларни вақти-вақти билан янгилаб туриш, муҳим ўрин тутарди. Соҳибқироннинг фикрича бирор жангда ёки хўжалик ишида ҳамма имконият бўла туриб кўзланган мақсадга эришилмаса, ушбу ишга бошлиқ бўлганларни зудлик ила фаҳрийликка чиқариш ва уларни ўрнига янгича фикрловчи, жангларда ва бошқарув амалларида ўзини қаҳрамонлиги ва истеъдодли тадбиркор эканлигини кўрсатган ёшларни тайинлаш зарур эди. Амир Темурнинг ишончи шундай кучли далда эдики унга эришган ёшлар бир лаҳзада ўзларига чексиз ишончга эга бўлар эдилар. Амир Темур сиёсатининг яна бир устивор фазилати Соҳибқирон ҳаётда ва жангларда доимо ўз олдида олиб юрадиган олимлар ва юқори малакали мутахасислар ақлу заковатига таянар эди. Улар иштирокида узлуксиз машварат-маслаҳат кенгашлари ўтқазар ва кўпчиликнинг ошкора баҳслардаги ақли билан топилган доно ечимлар ва маслаҳатлар Амир Темурнинг фармонлари ва буйруқларига асос бўлар эди. Ушбу ҳикоятда биз Амир Темурни доно аёлнинг нозик ақлига юқори баҳо бериши ва ўрни келганда ҳурмат ила маслаҳат сўраши ва Бибихонимнинг маслаҳатига амал қилишини мисолини кўрамиз.
Амир Темур томонидан етти йил давомида тўқсонта қароқчилар қалъаларини таг-туги билан йўқ қилиш инсоният тарихидаги энг муҳим воқеалардан биридир. Зеро, ўрта асрларда Буюк Ипак Йўли ва Осиёликларни Маккаю Мадинага ҳаж қилишлари ва Оврупаликларни Иеруссалимга зиёрат боришлари йўлини икки аср беркитиб қўйган қора кучларни бугунги кундаги халқаро террорчилар армияси ИГИЛ-ИШИД билан солиштириш мумкин.
p.s. Афсусларким бизлар, Амир Темур авлодлари, Соҳибқиронни оламшумул ғалабаларининг меъросхўрлари буюк бобокалонимиз тарихини яхши билмаймиз. Жаҳон тарихидаги энг йирик империялардан бирининг асосчиси, Осиё ва Оврупа халқларини жоҳил муғулларга бир ярим асрлик қулликдан холос қилган ва дунёни зулматлар қаъридан тараққиёт йўлига чиқарган бобокалонимизни хизматлари ханузгача мустақил Ўзбекистонни таълим тизими тарих фани дарсликларида саёз акс эттирилган. Жумладан, Темурнинг ўн бешинчи асрда дунё тамаддунининг энг хавфли душмани бўлган бугунги тилда айтадиган бўлсак халқаро терроризм ва гиёҳвандлик савдоси қора кучлари, ўша вақтни ИГИЛ-ИШИДи устидан оламшумул аҳамиятга эга ғалабалари Тошкентдаги Темурийлар сулоласи музейида ҳам ўз ифодасини топмаган. Тарих дарсликларимизда ҳам ушбу мавзу акс этмаган. Жамол Камолни ҳозиргина ўқиганингиз “Соҳибқирон Темурни Бибихонимдан маслаҳат сўрагани” ҳикоятида қароқчилар деб аталган ёвузлар ўрта асрлар тарихидаги халқаро террорчилар, гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланувчи тижоратчилар эса халқаро наркотраффик-гиёҳванд заҳарларни ва гиёҳвандлик касалини бутун дунёга ёйган жиноятчилардир. Темурни инсоният тарихидаги энг буюк давлат раҳбари ва даҳо саркардалиги айни мана шу Буюк Ипак Йўли ва Осиёдан Макка ва Мадинага ҳаж сафари йўлида жойлашган тўқсонта қалъаларда ўзининг пойтахтлари ва хазиниларани, заҳар ишлаб чиқариш корхоналари ва одамларни онгини бузиш – зомбига айлантириш ва улардан террорчилар ва гиёҳванд заҳарли моддалар савдосини амалга оширувчи савдогарлар тайёрлаш ўқув марказларини етти йил давомида битта қўймай ер билан яксон қилгани ва ундаги боши бузуқларни қиличдан ўтқазгани фикримизнинг далилидир. Ўшанда бу ишни Темурдай улуғ саркарда амалга оширмаганда халқаро террорчилар салтанати яна кўп асрлар жаҳон халқларини тараққиёт йўлига киришига катта тўсиқ бўлиб қолган бўлар эди. Ўрта асрлардаги ИГИЛ-ИШИДни қудрати ҳақида қуйидаги иккита фактни айтиш етарли деб ўйлайман. Биринчиси: қароқчилар ва гиёҳвандлик савдоси жиноий гуруҳи қатнашчиларини бирлаштирган қора кучлар армияси қарийб икки аср Осиёдан Макка ва Мадинага ҳажни, Овруподан Иеруссалимга зиёратни, Хитойдан Румгача бўлган Буюк Ипак Йўлини тўсиб қўйган эди. Иккинчиси: шу қаро куч Салжуқлар тамуддунини асосчилари Маликшоҳ ва Низомул-мулкни ўлдириб империяни йўқ бўлишига олиб келган эди. Шундай қаро кучни Темур йўқ қилиб ташламаганида ўрта аср халқлари таназуллга учраган бўлар эди.