Дарахтлар тиловат
Қилар тўлғониб,
Оятлар ўқийди тупроқлар барҳақ.
Тош қотиб ухлайди баридан тониб
Худонинг қаҳрига учраган бу халқ.
Гуноҳлар кўз ёрар зулмат тафтидан,
Шарорат бўй чўзар осмонга қадар.
Қолиб кўр касларнинг касофатига,
Тунлар ҳаром бўлар кунлар бесамар.
Бунда хиёнатлар
Топгайдир ривож,
Бунда музаффардир шайтон лашкари.
Хотинлари кезар ярим яланғоч,
Даъюсга айланиб борар эрлари.
Қонида жўш урар шаҳвоний жунун,
Номаҳрам юзларга боқар ҳирсланиб,
Ҳатто ой- юзлари тўлмасдан бурун,
Исматидан жудо гулрўй қизлари.
Алпларин кўр қилар
Фисқу фужурлар,
Айшу ишратларга тикар жонини.
Мудрайди шуури, виждони ўлар,
Ароққа алишгай хонумонини.
Залолат тегрангда қиларкан ханда,
Бир зум бош устингдан аримас хатар.
Тупроқлар тўлғонар бу хор масканда,
Зор қақшаб йиғлайди муслим дарахтлар.
* * *
Мен тирилдим,
Энди фарёдим тақир
Ўриклар умидвор гуллаётган пайт.
Энди ўлмоқ қийин,
Яшамоқ оғир,
Сен жонимга ора кирасанми, айт.
Саргардон шамоллар қичқирган туни,
Бечора жонимни ҳовучлайман жим.
Дарбадар умримда мен ёлғиз сени
Ўрик гулларидан ортиқроқ суйдим.
Яшайман, теграмда бир сур оломон,
Битта ҳам дарёдил йўқдир, ўйласам.
Дарёдай бош олиб кетарман сарсон,
Бу хароб масканда итдай ўлмасам.
Кетарман,
Йўлимдан чиқар қаҳратон.
Жонимга кўз тикар совуқ бир таҳқир.
Ёзғириб алвидо айтганим ёлғон,
Мен сени севаман, севаман ахир.
Ишқ ҳануз тўкмаган кўз ёшинг сенинг,
Мен ҳануз ичмаган заҳролуд қасам.
Сен бахтли эмассан, бахтсизим менинг,
Мен бахт қўшиғини ўксиб тингласам.
ТАВБА
Туғилган эдим мен
Ёруғ юз билан,
Муслимлик бор эди фитратим аро.
Минг йилдир тазарру қилмадим дилдан,
Минг йилдир яшадим Ишқдан мосуво.
Гуноҳлар гуллади бошимда маним,
Мустаҳиқ бўлдимми қаҳрингга, ё Раб,
Ҳаром оғушларда булғанди таним,
Кўр бўлдим касофат касларга қараб.
Кимларни суйдиму,
Қилдим илтижо,
Кимларнинг юзига боқдим сурланиб,
Тоқатларим тўзиб бўлганда адо,
Чалажон лошимни базўр судрадим.
Ўлди Ишқ,
Юраклар урҳоси тинди,
Кўксимда нафармон гуллар сўлдими,
Ғаюрлар ичинда
Ғаюрлик қилдим,
Нокаслар ичинда нокас бўлдимми?..
Билмадим,
Залолат, зулматлар аро
Қалбимни тарк этди иймон нурлари.
Бир сўз излаюрман мен мотамсаро,
Тўрвасин йўқотган кўр гадо каби.
Гумроҳлик анқиган тунлар қаърида
Бир нажот ахтариб ўртанар қалбим.
Таборак сурасин оятларидай
Табаррук бир сўзни топмадим, Тангрим.
Энди кўз ўнгимда
Қартаяр кунлар,
Ўлаётган гадодай юраклар юпун.
Энди қайтармикан ул ёруғ нурлар
Кўзимга тупроқлар тўлмасдан бурун…
ШУКРОНИ НЕЪМАТ
Яхшиям халқ бордир,
Бир дайди
Ўққа учраб йиқилсанг агар.
Гўштингни қашқирлар емайди,
Кўзингни чўқимас қарғалар.
Жаннатдан қувилган Одамдай
Ўз уйингга сиғмассан бироқ
Яхшиямки, бордир шу дамда
Жасадингни сиғдирган тупроқ.
УМИДСИЗЛИК
1
Хўрликлар битмади бу пурғам
Тупроққа баддуо теккандай.
Чидар энди қирқ бирига ҳам
Қирқига бардоши етганлар.
Эркни орзу қилмас оғудай
Қашшоқликни сипқорган эрлар.
Қуллар чиқар ўз тупроғида
Қорни нонга тўймаган элдан.
2
Косанг оқармайди, букилар белинг,
Оромингдан кечиб тўксанг ҳамки тер.
Қорнин тўйдиролмас бир тутам элнинг
Худо раҳматини ташламаган ер.
Бегона юртларда гадолик қилар,
Елкалари яғир,кўз ёшлари сел.
Мозорларга бориб зурриёд тилар
Дину диёнатин англамаган эл.
Фарёдлари сўқир қул фарёдидай,
Эртанинг ваҳмидан ич-этини ер.
Эр бўлиб ярамас элнинг корига
Эрк дея қиличин қайрамаган эр.
Шухрат Шокир
(Тожикистон)