Бугунги тарқалаётган гапларга тегишли луғат:
1. Амнистия – унутиш, кечириш. Кимдир жиноят қилган бўлса, у одамни, бағри кенглик қилиб кечириш ва гуноҳларини унутиш. Бугунги кунларда йиллаб, ҳатто бирнеча ўн йиллаб умрини қамоқларда, азобларда ва қийноқларда ўтказаётганлар қандай жиноят қилган эканларки, ҳукумат уларнинг жиноятларини кечирсин?! Жиноятларини бағри кенглик билан унутсин?! Ахир улар беайб, бежиноят қамалган эдиларку! Аслида улардан ҳукумат кечирим сўраши, қамоқларда, қийноқларда ўтган умрлари учун кечирим сўраши керак эмасми?! Ўтган умрлари учун компенсация тўлаши керак эмасми?!
2. Оқлаш – ҳукумат ва жамият олдида гуноҳ қилганларнинг гуноҳларини оқлаш. Ҳозирги қамоқларда ётган сиёсий ва диний маҳбуслар қандай гуноҳлар қилибдиларки, уларнинг қилмишларини оқлаш керак?!
Аҳир, сиёсатчилар давлат олдига адолатли сиёсий тузум қуриш талабини қўйганлари, мамлакат аҳолисининг эркин нафас олиб яшаш ҳуқуқларини таъминлаш, иқтисод ривожининг энг тўғри йўлларини амалга ошириш, давлат раҳбарларининг ҳалқ мулкини талон – торож қилишларига, коррупцияга қарши бўлганлари учун қамоққларга ташланганлар! Бутун дунёнинг ривожланган мамлакатларида сиёсий талаблар – жиноят ҳисобланмайди. Аксинча, уларни таъзйиққа олиш жиноят ҳисобланади…Бу ўринда ҳукумат ва ҳукумат бошлиқларининг ўзлари катта ва кечириб бўлмас жиноятлар қилдилар. Ана шу жиноят қилган давлат бошлиқларини жазолаб, ноҳақ қамалганлардан узр сўраш , уларга берилган азоблар – “сиёсий” зўровонлик эканини тан олиб, кечирим сўралиши, тортган азоблари, йўқотилган соғликлари, қамоқларда ўтган умрлари учун компенсация тўланиши керак эди! Уларнинг қилмаган гуноҳлари оқланадими?!
Диний сабаблар билан қамалганларнинг қандай гуноҳлари бор эди?! Ҳатто ўз уйида намоз ўқиганларнинг ҳам қанча – қанчалари қамоқларда қийноқларга солинди. Умрларининг кўп қисми азобларда ўтказилди! Буларнинг қандай айбларини оқлаш керак?!
Эътиқодлари учун қамалишлари керакмиди?! Эътиқод – жиноятми?! Улардан ҳукумат узр сўраши, қамоқларда, қийноқларда ўтиб кетган умрлари учун компенсация тўлаши керак эмасми?! Ҳукуматнинг бу ишларидан қувонишимиз керакми!
Ҳукуматнинг барча бу ишлари, “мен сенга хўжайинман, сен менинг қулимсан, истасам – оқлашим мумкин, истамасам умрингни қафасларда ўтказаман!” дегани эмасми?!
Асл адолатли одам ҳукуматга келган бўлса, мана шу ишларга ва мантиққа асосланиб иш кўриши керак эди…
Ёдгор Обид