O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Булар ҳам Аллоҳ билан уриша бошлади

Булар ҳам Аллоҳ билан уриша бошлади
153 views
17 May 2018 - 1:13

Таровиҳга боришдан аввал қаршилик қаттиқ бўлиши ҳақидаги хабарларни эшитдик. Кечга яқин Ҳокимиятда мажлис бўлгани, масжид имомлари ҳам мажлисда қатнашиб, болаларни масжидга қўймаслик ҳақида ваъда қилишганини, Қўқон шаҳар бош имом ҳатиби Абдулмасжид: “бошидаги уч кун қийин бўлади, кейин эплаб оламиз” дегани ҳақидаги гапларга ярим ишониб, ярим ишонмай масжид сари йўл олдик.

Масжидга яқинлашганимда болаларни кўриб, кўзим қувнаб кетди. Маша Аллоҳ, деб юбордим. Айтсам ишонмайсиз, бу даражада кўп болаларни кўраман деб ишонмагандим. Энг камида беш юз нафар бола юрган эди. Яқинлашганим сари қўрққан нарсам бўлганидан юрагим сиқила бошлади. Болаларни ташқарида бу даражада кўп бўлиб туриши ёмон “сигнал” эди.

Болалар билан савол-жавоб қилдим. Билдимки, болалар қўйилмаяпти. Назорат жуда қаттиқ қўлга олинган. Масжид эшиги олдида тўрт нафар мелитсия ходими ва уч нафар “гражданский формадагиларга” кўзим тушди. Орқароқда ҳарбий формада яна уч киши турганди.

Бечора болалар масжидга йўл охтариб, икки ярим метрлик девордан оша бошлашибди. Уларни бу ишидан хабар топган итлар (узр, шундан бошқа юмшоқ сўз топа олмадим) орқа тарафга ҳам ўтиб туришибди.

Болалар билан савол-жавоб қилганимга бир қанчаси олдимга югуриб келди. “Ака, масжидга олиб кириб кетинг. Амаки, масжидга мени ҳам олиб киринг. Амаки, девордан ошиб тушсак, у тарафдан илиб оласизми?” каби саволлардан юрагим зирқираб кетди. Болаларни умид кўзи билан боқиб туриши ва ўзимни иложсизлигимдан нафратланиб кетдим.

Бир оз вазиятни назорат қилиб турдим. Масжидга йўл излаб юрган болаларни масжидни катта эшиги олдига боришга ундадим. Улар ҳам шерикларига айтди. Менга шерик бўлиб икки йигит ҳам “масжид эшигига йиғилинглар, ҳамма ўша ерга борганда баробарига югурасизлар, қўрқманлар. Биз ўша ерда бўламиз” дейишди. Болалар масжид эшиги остига тўплана бошлашди.

Аллоҳга ҳамд бўлсин, йиғилган болалар беэътибор қолмади. Виждонли инсонлар индамай ўтиб кета олишмади. Масжид остонасига катталар ҳам тўплана бошлади. Бир муддат ичида катта жамоат эшик тагида турган мелитсия ходимларига қараб юра бошлади. Мелитсия қаршилик қилди. Одамлар ҳар тарафдан гапиришди. Бир акадан Аллоҳ рози бўлсин жуда қаттиқ гапирдилар. Мелитсия ходимлари у одамга ёпишди, ташқарига олиб чиқиш мақсадида. Яна бир бор ҳамд бўлсинки, қолган биродарлар мелитсия қўлидан у акани юлиб олишди.

Катта жамоатга қаршилик қила олмади итваччалар. Энг камида юзта болани ўзимиз билан олиб кириб кетдик. Биз киргандан кейин ҳам болалар турли йўл билан кириб турди.

Ҳокимиятда бўлган мажлис ўз исботини топди. Булар ҳам Аллоҳ билан уриша бошлади. Аллоҳ билан уришган бундан аввалгиларни ҳорлиги буларга дарс бўлмади.

Шунча асаб бузарлик билан масжидга кирдик. Энди ўтиришим билан имом Иброҳимни “болаларни олиб келманглар. Бугун мажлисда катталар қаттиқ тайинлашди. Муҳтарам юртбошимизни берган эркинликларини (аслида садақаларини) суистеъмол қилманглар. Куни кеча бир бола кўрпачамизга сийиб қўйибди. Агар гиламга сийганда нима бўларди?” деб жуда “мантиқли” савол берди. Ёнимда турган йигит “ўнта гилам олиб берамиз. Аллоҳдан қўрқинг, домла” – деб бақириб гапирди.

Уч тўрт йигитлар билан масжид деворидан ошиб тушаётган болаларни илиб олиб турдик. Мана шунақа “маза” билан биринчи кун намозни ўқидик… Биргина хурсанд бўлганим одамларда журъат пайдо бўлибди. Оз бўлса хам гапирганлар бўлди.

Эй, фарзандини кўчада қолдириб кириб кетган ота! Сенинг болангни иззати учун кўчада бегона йигитлар курашиб ётибди, уялмайсанми?

Эй, болаларга ҳаттоки назар ташламай кириб кетаётган инсонлар – уялмайсизларми?

Бошига салла ўраб, жамоатни илтимосига парво қилмай масжидга кириб кетаётган қори акалар, Имомлар, Ҳожи акалар – уялмайсизларми?

Бугунги умматни фаластин ҳақида кўз ёш смайликлари тўкишга, Ғазо учун ачинишга ҳаққи йўқ! Мана шу учун дуоси бошидан кўтарилмайди бу умматни. Очиқ зулмни, ноҳақликни кўрганда индамай ўтиб кетган “Мусулмон” фбга кириб дод вой қилади. Кўз ёш тўкади. Сен ўз ҳолинга йиғла. Фаластинликлар сен каби қўрқоқ эмас. Улар кетмон билан, тош билан бўлсада ўз ҳақи учун курашяпти. Сенга ўҳшаб калласини чотини орасига тиқиб олгани йўқ.

Болаларини масжидга юборган оналар, опалар, сингиллар сизларга таъзим қиламан. Аллоҳ сизларни жаннати билан мукофотласин. Фарзандингизни биз каби қўрқоқ қилиб тарбияламанг.

Эшик остидан индамай ўтиб кетмаган мен таниган ва танимаган биродарим, Аллоҳ сизни Росулуллоҳга қўшни қилсин.

Динига, халқига хоин бўлган, шу буйруқни берган, ижро қилган, қатнашган, маъқуллаган эй амалдор, эй зобит, эй хоин раислар сенларни Аллоҳ хор қилсин. Аллоҳ хор қилсин. Аллоҳ хор қилсин. Асло бу дунёда ҳам у дунёда ҳам рўшнолик кўрма. Азроилинг ўз уйингдан чиқиб, фарзандларинг солиҳ ва солиҳалар бўлсин. Мусулмонларга ўткизаман деган ҳукминг ўз оиланга ҳам ўтмасин, ҳатто. Омин!!!

Саййид Ислом

facebook.com