O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бундан роппа-роса 27 йил аввал Ўзбекистон мустақиллик Декларацияси қабул қилинган эди

Бундан роппа-роса 27 йил аввал Ўзбекистон мустақиллик Декларацияси қабул қилинган эди
158 views
20 June 2017 - 12:56

Бу тарихий кунни ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Йўлнома” китобида шундай эслайди:

Мустақиллик Декларацияси

Май ва июн ойларида янги қурилган «Эрк» партиясининг жойлардаги тизимларини тузиш билан машғул бўлдик. Ташкилотнинг ижтимоий тамалидаги ўзак, худди «Бирлик»да бўлгани каби, зиёлилар эди. Шаҳарларда адабиёт, санъат ва илм аҳли, қишлоқларда эса ўқитувчилар ташкилотни ҳаракатга келтирувчи куч эди. Май ойининг охирида «Эрк» аъзолигига қабул қилинган одамлар сони, янглишмасам 5 мингдан ошган эди. Норасмий ташкилотлар ичида аъзоларга партия билетлари таҳсис қилиш, уларнинг адреси, иш жойи ва ҳоказо ишга тааллуқли билгиларни қайд этишни илк ўлароқ «Эрк» удумга киритди.

Бу – 155 ташкилотнинг маълум система ичида ҳаракат қилишини таъминлар ва ҳар бир қарори учун масъулитини оширар эди. Ақидамиз бўйича, лидер оломон орқасидан эмас, оломон лидер орқасидан юрмоғи лозим эди. «Эрк» мухолифат ўлароқ оломонга лидерлик қилиш иддаоси билан майдонга чиққан экан, у оломоннинг инстинктлари билан иш кўролмайди. У ўз программасида қабул қилинган ғояни қатъийлик билан ўзига эргашган инсонлар зеҳнига тадбиқ этмоғи лозим. Мухолифат – халқнинг шикояти ва дод-фарёди эмас, халқнинг шижоати ва сиёсий иродаси бўлмоғи керак.

Булар «Эрк» ташкилотининг яшаш тамойиллари эди. Биз буларни сўйлар экан, халқнинг бу сўзларни ҳазм қилиш ёки қилмаслигини ўйламасдик. Унинг демократияга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳам бизни кам қизиқтирарди. Социологик сўров ўтказишга на фурсат, на имкон бор эди, биз, аввал айтилганидек, интуитив шаклда атак-чечак олға силжир эдик.

«Бирлик»даги тотал эркинликдан сўнгра «Эрк»нинг жорий этгани нисбий интизом унинг ижтимоий базасини кенгайтиришга хизмат қилди. «Эрк» тузилган пайтда «бу ҳам навбатдаги норасмий» дея бурун жийирган давлат идоралари секин-аста унга нисбатан юмшай бошлади, баъзи бюрократлар, яширинча, бу норасмий ташкилот аъзолигига ўтдилар. Олий Кенгашда ҳам «Эрк» тарафдорлари пайдо бўлди.

Бу факторларни ҳисобга олган ҳолда, ташкилот Ўзбекистоннинг «Мустақиллик декларацияси»ни тайёрлаб, Олий Кенгашнинг 20 июнда бўладиган навбатдаги сессиясига тақдим этиш ва уни сессия кун тартибига қўйиш учун фаолият бошлашга қарор қилди.

Декларацияни «Эрк» котиби Отаназар Ориф тайёрлади. Матнинг илк қораламасида биз Ғарб давлатлари тарихларида ўқиганимиз «мустақиллик декларация»ларининг ҳиди келиб турарди, биз бир оз таҳрир қилиб, «миллий заминга» мослаган бўлдик. Аммо «Ўзбекистон» калимасидан бошқа бутун сўз ва иборалар яна байналминал сиёсатда қабул қилинган терминалогия доирасидан чиқолмаганимиз эсимда. Матн қисқа тезислардан тузилиб, бир саҳифага жо бўлди.

Декларацияни Олий Кенгашга олиб борар экан, мен унинг қабул қилинишига, тўғриси, ишона олмаган эдим. Умр бўйи халқ ва озодлик сўзларини муқаддаслаштирган кимса, «халқ тўлқиндир, халқ денгиздир, халқ кучдир,» дея атрофдагиларни ишонтиришга уринган одам, бу сўзларга ўзим ишонмаётган эдим. «Халқ қорни тўйса бўлди, унга озодлик шарт эмас,» деган коммунистик ташвиқот менинг ишончимни ҳам маълум даражада заҳарлаганди.

Ҳужжатни «Ошкоралик Қўмитаси» бошлиғи Эркин Воҳидовга бердим ва кейин бу билан ҳеч машғул бўлмадим. Сессияга уч кун қолганди, уч кун ичида Олий Кенгашдаги бутун Қўмиталар бу ҳужжат билан, норасмий бўлса-да, танишиб улгурганди. Сессия кун тартибини бир кун аввал белгилаётган Ҳайъат «Декларация»ни кун тартибига киритмади. Аммо депутатлар ўз ораларида бу ҳужжатни қўллайдиганларнинг рўйхатини туза бошлагандилар.

Янглишмасам, 170 га яқин миллатвакили «Декларация»ни Сессия кун тартибига қўйишга чорлаб, Олий Кенгаш ҳайъатига таклиф киритди. Сессия 20 июн куни ўз ишини бошлади.Декларация матни кўпайтирилиб, бутун депутатларга тарқатилганди. Бунда Ошкоралик Қўмитаси депутатлари ва яна бошқа ташаббускорларнинг хизмати катта бўлди. 170та миллатвакилининг Декларацияни кун тартибига киритиш таклифи қабул қилинди.

Бу катта воқеа эди. Декларация овоз ололмаса ҳам, унинг овозга қўйилиши катта воқеа эди. У пайтлар, дориломон пайтлар, Олий Кенгашда кўтарилган масалалар телевидениада қайчиланиб бўлса-да, халққа кўрсатиларди. Бу ғоя пропогандаси учун жуда муҳим эди. Декларацияни Олий Кенгашга тақдим қиларкан, кутилган максимум манфаат ҳам шу эди. Биз ундан ортиғига умид қилмагандик, аммо ундан ортиғи юз берди. 20 июн 1990 йил Тошкентда, Ўзбекистон Олий Кенгаши Сессиясида Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларацияси кўпчилик овоз билан қабул этилди. У пайтларда электроник ҳисоблама йўқ эди, қўл кўтариш усули билан овоз бериларди. Шу туфайли ҳатто руслар ҳам Ўзбекистон мустақиллиги учун овоз бериб юборди.

Ёнида ўтирган ўзбеклардан андиша қилгани учун ёки улар овоз бермаса ҳам декларация ўтишини билганлари учун овоз беришди. Кенгаш раиси Йўлдошев Декларациянинг қабул қилинганини эълон қилганда депутатлар ўрнидан туриб, узоқ давом этган қарсаклар билан ўзларини ўзлари олқишладилар. Ўзбекистон Компартиясининг биринчи Секретари Ислом Каримов Декларацияни қабул қилмаслик учун ҳаракат қилиб кўрди, аммо миллатвакилларининг важоҳатини кўриб, очиқ қарши чиқишга журъат қилмади. Декларация муҳокамаси пайтида Каримов ўз ўринбосари Шукрулло Мирсаидовни минбарга чиқариб, унинг воситасида Декларацияни танқид қилди. Мирсаидов Декларация матнини ҳавода силкитиб, «бу бир парча қоғоз» дея залга мурожаат қилганда, миллатвакиллари қаттиқ реакция кўрсатишди.

Вазиятнинг тахмин қилинганидан мураккаброқ эканини тушунган ҳукумат Декларацияни овозга қўйишга мажбур бўлди ва лекин унинг қабул қилинишини ҳукумат ҳам кутмаганди. Шунда Декларациянинг баъзи жузъий таҳрирталаб ерлари бор, деган баҳонада Таҳрир комиссияси тузилди. Таҳрирдан кейин, сўнгги қабул қилинган вариант Кенгашга ўқиб берилиши келишилди. Таҳрир комиссияси аъзолари «таҳрир» қилиш учун кулис орқасига ўтишди. Сессия бошқа масалаларни кўришда давом этди. Вақт ўтаётганди, аммо «таҳрирчи»лар ҳануз чиқишмаганди.

Мен бир оз безовта бўлдим. Ҳукумат ҳужжатни ўзларича таҳрир қилиб, Кенгашга ўқимай, эртасига эълон қилиши мумкин эди. Шуларни ўйларкан, кулис орқасига чақиришди. Бордим. Кичик залда Шукрулло Мирсаидов билан Ефимов (Ўзбекистон Компартиясининг иккичи секретари) ўтиришарди. Олдларида Деларация матни. Сал нарироқда икки-учта депутат гаплашиб туришарди. Эркин Воҳидов билан Нурали Қобил экан.

Шукрулло Мирсаидов Декларация матни ҳақида фикримни сўради. Кенгашга тақдим қилинган вариант бизни қониқтиришини айтдим. Бўлмаса, шуни бирга таҳрир қилайлик дея, матнни менга узатди. Янги илова қилинган сўз ва иборалар ҳужжат мазмунини деярли ўзгартирмаганди, аммо унга бир жумла илова қилинган эди-ки, мухолифат буни ҳеч қабул қилолмасди. Матн сўнгида:

«Узбекистан свои отношение с другими республиками будет строитъ на основе Союзного Договора», деб ёзилганди.

Ўша даврда Совет ҳукумати Империянинг парчаланиш хавфини сезиб, республикаларга баъзи ҳуқуқлар бериш тактикасини ишга солган ва «Союзный Договор» деган ғояни ўйлаб чиқарганди. Бу амалда ўша эски иттифоқ статусини сақлаб қоладиган бир Шартнома бўлиши керак эди.

Мен бир миллатвакили сифатида ҳам, мухолифат вакили сифатида ҳам сўнгги жумлани ҳужжатга киритишга қаршиман, дедим. Декларация Олий Кенгаш тарафидан қабул қилинди, уни ўзгартиришга ҳаққингиз йўқ, дедим. Нуқта, вергули бўлиши мумкин, аммо мазмунини ўзгартиришга ҳеч кимнинг, Каримовнинг ҳам ҳаққи йўқ, дедим.

Ўша пайтда, худди эшитиб тургандай, Каримовнинг ўзи пайдо бўлди. Кулиб, ёнимизга келди.

– Яна жанжал қилаяпсизми, – деди илжайиб.

Матн шундай ўзгартириладиган бўлса, ҳозир залга кириб, халқ вакилларининг тасдиқлаган ҳужжати ўзгартирилаяпти, деб эълон қилишга мажбур бўламан, дедим.

– Хўп, шу жумлани олиб ташласа хурсанд бўласизми, ахир? – деди Каримов.

– Фақат мен эмас, халқ хурсанд бўлади, – дедим.

– Шуни ҳал қилинглар, – деди у Мирсаидовга ва Кенгаш залига чиқиб кетди.

Каримов кетгандан кейин Мирсаидов юзида сўроқ ифодаси билан Ефимовга қаради. Ефимов агар «Союзный Договор» ҳужжатга киритилмаса, катта жанжал бўлади, деди. Мирсаидов икки ўтнинг орасида қолганди. Бу кишининг табиати юмшоқ, аммо керак бўлса, чапанилик ҳам қилиб юборадиган одати бор эди.

Аммо Декларациядаги Ефимовнинг «ижоди» бўлган сўнгги жумлани олиб ташлаш учун фақат чапаниликнинг ўзи етмаслиги кўриниб турарди.

Матн устида тортишаркан, Ефимов овозини баландлатиб гапира бошлади. Мен унга қўпол қилиб, «бу ишга, яхшиси, аралашманг», дедим. Хўп, бўпти, деди Ефимов ва тўрсайиб ўрнидан турди.

Мирсаидов ён босиб турганди, Ефимов кетгандан кейин «нимани олсангиз олинг», деб матнни узатди. Матндаги сўнгги жумланинг устига чизиб, унга қайтардим. Машинкага бераверамиз, деди ва бир йигитни чақириб, матнни унга топширди. Ўша пайт залнинг бурчагида жойлашган телефондан Ефимовнинг Москвага телефон қилаётганини кўрдик.

У баланд овозда, балки, атай бизни эшитсин деб, марказга шикоят қиларди. «Вы не представляете, что здесъ творится», дерди у Москвадаги шефларини уйғотишга ҳаракат қилиб.

«Шеф»лар-ку уйғонганди, аммо кеч уйғонишганди. Ўзбекистонда қабул қилинган «Мустақиллик Декларацияси» Москва учун янгилик эмасди. Баҳорда шундай бир «Декларация»ни Литва жумҳурияти ҳам эълон қилганди. Гап, Мирсаидов айтгандай, қабул қилинган «бир парча қоғоз»да эмас, балки, балки бу «қоғоз»ни қабул қилган миллатвакиллари, халқ иродаси маҳсули бўлмиш бу ҳужжатни нақадар ҳимоя қила олишида эди.

1991 йил март ойида Совет Иттифоқини сақлаб қолиш учун ўтказилган Референдумдан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг бу «халқ иродаси»ни бир чақага олмаслиги маълум бўлганди. Халқ сайлаган миллатвакиллари ҳам ўзлари қабул қилган Мустақиллик Декларациясини ҳимоя қилаолмагандилар.

Совет Иттифоқи йиқилиб, Ўзбекистон мустақил бўлишга мажбур бўлганидан кейин, Ислом Каримовнинг лаганбардорлари «ҳатто ўша 20 июн Декларацияси ҳам, Каримов истамаса, қабул қилинмасди,» дейишади. Ҳолбуки, Декларацияни Каримов қабул қилмади, Декларацияга овоз берилаётганда у Кенгаш залига кирмади, ташқарида қочиб юрди. Кейин, Декларация деярли бир овоздан қабул қилинганидан саросимага тушган Каримов, буни Ўзбекистон матбуоти, радио-телевидениесидан эълон қилишни таъқиқлади. Ўзи Мирсаидов билан Фарғона водийсига кетди.

Декларация қабул қилинган куни, 20 июн саот саккизда мен уйда ўтириб, Ўзбекистон ТВсидан бу муҳим воқеа тўғрисида хабар кутдим. Москва қисқа хабар берди, аммо Тошкент бермади. Мирсаидовга телефон қилдим. Унинг Каримов билан Фарғонага кетишганини, у ердан Қирғизистонга ўтишажагини айтдилар. Тошкент Компартия бўлими котиби Адҳам Фозилбековни машинасидаги телефон орқали топдим. (Фозилбеков у пайтларда ҳукуматга энг яқин одамлардан эди).

Олий Кенгашда қабул қилинган ҳужжат ҳақида хабар йўқлигига у ҳам ҳайрон бўлганини айтди. Мен унга «илтимос, Каримовга етказинг, агар Декларация эртага матбуотда эълон қилинмаса, биз Тошкент марказида кўпмингкишилик митинг уюштирамиз», дедим. Фозилбеков бу гапни Каримовга етказажагини айтди.

Соат ўнларда телефон жиринглади. Мирсаидов экан. Илтимос, шовқин қилмай туринглар, бу аблаҳ Ефимовнинг иши бўлса керак, ҳаммасини ҳал қиламиз, деди ва, мана, Ислом аканинг ўзи гаплашмоқчи, деб, трубкани Каримовга берди. Каримов, биз эртага кечқурун қайтаяпмиз, батафсил гаплашамиз бу масалани, деди. Гаплашадиган ҳеч гап йўқ, бутун дунё кўрди, Олий Кенгаш Ўзбекистоннинг Мустақиллик декларациясини қабул қилди, бу ҳақда Москва хабар берди, бизникилар эса жим, дедим. Эртага эрталаб хабар чиқмаса, биз кўчага чиқамиз, дея таҳдидни такрорладим. Каримов эртага тушдан кейин телевидениеда хабар берилажагини ваъда қилди. Нега «тушдан кейин»лигини англамадим.

Балки, Каримов Москвадан кетган хабарнинг реакциясини кутиб, шунга кўра ҳаракат қилишни ўйлаган бўлиши мумкин.

Ҳар ҳолда, 21 июн куни тушдан кейин Олий Кенгаш қабул қилган Ўзбекистон Мустақиллиги Декларацияси муҳокамаси ва унга овоз бериш жараёни ёзиб олинган телевизион кўрсатувини ТВ намойиш қила бошлади. Лекин матбуотда икки кун кечикиб чиққан Декларациянинг номи «Декларация о независимости Узбекистана» ўрнига «Декларация о суверенитете Узбекистана,» деб хоинларча ўзгартирилганди. Зотан, СССР конституциясида барча совет жумҳуриятлари шундоқ ҳам «суверен» ҳисобланардилар.

Лекин ўзбек халқи ўзи танлаган вакиллари воситасида 1990 йил 20 куни Ўзбекистоннинг мустақиллик Декларациясини қабул қилганди. Декларация мазмунини ўзгартириб, уни «бир парча қозоз»га айлантирганлар тарих олдида кечириб бўлмас жиноят ишладилар.

“Йўлнома” 154-160-бетлар, Истанбул-2013.

* * *

1990 йил 20 июн куни Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган Ўзбекистон мустақиллик Декларацияси матни

МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши:

ўзбек халқининг давлатчиликдаги тарихий тажрибасига, кўпасрлик маданий меросига, маънавий қадриятларига ва бой анъаналарига, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига таяниб, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсадлар ҳақи,  Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий жавобгарликни чуқур ҳис қилган ҳолда, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат Мустақиллигини тантанали эълон қилади.

1. ЎзССР Давлат Суверенитети ўз ҳудудининг барча таркибий қисмларида ЎзССР давлатининг устунлигидан ва барча ташқи мулоқотларда унинг мустақиллигидан иборат.

2. ЎзССР давлат ҳудудининг таркиби ЎзССРнинг демаркация қилинган давлат чегараси билан белгиланган қуруқлик, ерости, сув ва ҳаводан иборат. ЎзССРнинг давлат ҳудуди ва давлат чегараси даҳлсиздир ва халқнинг референдум йўли билан ифодаланган розилигисиз улар ўзгартирилиши мумкин эмас.

3. ЎзССР давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий қисмлари устидан амалга оширилади в а шу ҳудуд ичида бўлган ҳар бир шахс унинг тасарруфидадир.

4. ЎзССР Конституцияси ва ЎзССР қонунлари ЎзССР ҳудуди ичида мутлоқ кучга эгадир. Жумҳурият суверенитетига зид бўлган ССР Иттифоқи қонунлари ЎзССР Олий Совети томонидан жумҳурият ичида тўхтатиб қўйилади.

5. ЎзССР давлат ҳокимияти қарамоғига ЎзССР ташқи сиёсати ва унинг бошқа давлатлар билан алоқасига тегишли барча масалалар киради.

6. ЎзССРнинг Давлат Суверенитети халқаро ҳуқуқнинг асосий приципларини тан олиш ва ҳурмат қилишни, халқаро-ҳуқуқ муносабатларида демократик асосда қатнашиши ва дипломатия фаолиятини амалга оширишини кўзда тутади.

7. ЎзССРнинг давлат ҳокимияти ЎзССРнинг бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатлари принципларини белгилайди ва унинг ташқи иқтисодий алоқаларини бошқаради.

8. ЎзССРнинг Давлат Мустақиллиги умумхалқ ҳокимиятини рўёбга чиқариш, ўз тараққиётини ўзи таъминлайдиган демократик давлат қуришнинг табиий ва зарур шартидир.

9. ЎзССРнинг Давлат Мустақиллиги фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоа ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва диний ташкилотларнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда уларнинг тенг ҳуқуқий имкониятларини рўёбга чиқаришнинг зарур шартидир.

10. ЎзССР давлат ҳокимияти фақат демократик асосда ЎзССРнинг қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлинади, улар ўз функцияларини ЎзССР халқининг манфаат ва эҳтиёжидан келиб чиқиб бажаради, миллатларнинг ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди. Шунингдек, озчиликни ташкил қилган гуруҳлар ўз фикри ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун имконият яратиб беради.

11. ЎзССРнинг қонунчилик ҳокимияти ЎзССР Давлат Мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, ЎзССРнинг сиёсий ва ииқтисодий системалари таркиби ва қурилишини белгилайди.

12. Мазкур Декларация ЎзССРнинг янги Конституциясига ва ЎзССР қонунчилигини мукаммаллаштиришга асосдир.

Ўзбекистон ССР Олий Советининг 
иккинчи сессиясида қабул қилинди. 
Тошкент шаxри 1990 йил 20 июн