O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Буни ёзганлар бир нечта журналистлар, ижодкорлар эди…

Буни ёзганлар бир нечта журналистлар, ижодкорлар эди…
167 views
19 July 2019 - 11:08

Биласизлар, яқинда «Матбуотдаги маддоҳларга» номли мурожаат эълон қилгандим. Жуда кўпчиликка маъқул бўлди. Тармоқда деярли эътироз бўлмади. Чунки, ҳаммаси бор гаплар эди.

Мендан хафа бўлган журналистлар ҳам бўлди. «Ўзингиз нимани қотириб қўйяпсиз?», «Гапларингиз асоссиз, шунинг учун ҳам маддоҳларни номма-ном санаб ёзолмагансиз», «Журналист ҳақида журналист бундай ёзмаслиги керак», «Ўзингиздан қаҳрамон ясамоқчимисиз?» – дейишди… Бу гапларга эътибор бермадим десам, ёлғон гапирган бўламан. Бу гаплар унутган кунларимни – қон ютган вақтларимизни эсимга солгани учун ҳам, дилим оғриди.

«Журналист ҳақида журналист бундай ёзмаслиги керак», – деган гапдан кейин кўз ўнгимда ҳаётимдаги хунук бир воқеа жонланди:

«Маърифат гулшани»нинг тупроғи совумай туриб, маълум жойга чақиришди мени. Республика фалон идорасига мен ҳақимда хат борибди.

«Газета фаолияти тўхтатилди, лекин бу журналистнинг фаолияти тўлиқ текширилмади. Унинг диний мазмундаги мақолаларини ва мафкурасини текширувдан ўтказишингизни талаб қиламиз…» – варақ охиридаги имзоларни кўрганимдан кейин карахт бўлиб қолиб, хатнинг қолган қисмини ўқий олмай қолганман ўшанда. Буни ёзганлар бир нечта журналистлар, ижодкорлар эди!..

Хуллас, мақолаларим жамланиб, текширув ва хулоса учун тегишли қўмитага юборилибди. Ўшанда исталган одамни туҳмат билан қамаб юборса бўлаверадиган вақтлар эди. Худодан адолат сўрадим, ишимни Ўзига ҳавола қилдим. Лекин бирортасининг юзига солмадим, устимдан шундай-шундай ёзибсанлар, сенларга нима ёмонлик қилгандим, демадим.

Ўша кунлари, таҳририятдаги тушлик пайти «Дастурхон устида бошингизга рўмол ўраб ўтиринглар», деган оддий гапларим ҳам «Таҳририятдагиларга “рўмол ўрамасанг, ишлатмайман” дер экан», – тарзида айнан ижодкор қавми орасида дув-дув гап бўлди. «Жуда ҳақиқатпараст бўлиб кетишувди, баттар бўлишсин!» – деган гаплар бўлди. Эшитдим. Индамадим. Кутдим.

Маълум вақтдан кейин ўша қўмитадан Нуриймон Абулҳасан имзоси билан хулоса хати келди (у вақтларда Нуриймон Абулҳасанни танимасдим, (ҳозир ҳам сиртдан танийман, холос), табиийки, у киши ҳам мен ҳақимда билмаган). Хулоса хатидаги «…келтирилган айбловлар асоссиз» деган жумладан билдимки, устимдан иғво хати ёзганлар жуда жиддий айбловни ҳам келтиришган. Хуллас, хулоса хати юз фоиз менинг фойдамга ишлади. Мақолаларимда мазҳабимизга ҳам, тузумимизга ҳам зид ҳеч бир гап ёки ишора йўқлиги алоҳида таъкидланган эди хулоса хатида. Тўлиқ ижобий мазмундаги, одамлар учун фойдали мақолалар экани қайд қилинган эди.

Фалон идора текшираётган одамларга ижобий мазмундаги хулоса бериш ўша вақтда катта жасорат бўлгани ҳисобга олинса, бу адолатли хулосани берганлардан қанчалар миннатдор бўлганимни тасаввур қилсангиз керак. Бунинг устига, бир қанча идораларга қилган мурожаатларимиз мутлақо эътиборсиз қолдирилаётган; ўзимизнинг ҳамкасбларимиз бизни кўчада учратиб қолса, кўрмаганга олиб ўтаётган; юзимизга эшиклар ёпилаётган бир пайтда…

– Мана, танийдиганларингизни янаям яхшироқ таниб олдингиз, энди шунга яраша муносабат қилаверасиз-да, опа, – деганди ўшанда хизмат ходимларидан бири менга ачиниб кетганини яширолмай.

Чинданам, мен бу иғво хатини ёзганларни номма-ном танийман. Ҳалиям кўчада учратиб қолсам, саломимни канда қилмайман. Ҳанузгача бу қилмиш ҳақида баралла гапирмаганман. Мана энди айтяпман: «Журналист ҳақида журналист бундай ёзмаслиги керак», деган таънадан кейин…

Мен сизларнинг устингиздан иғво хати ёзмадим, муҳтарамлар.

Дилфуза Комил