O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бухородан хабарлар

Бухородан хабарлар
143 views
26 February 2013 - 12:15

Универсиада муносабати билан, шаҳарда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. Вилоят ҳокимининг буйруғига асосан, уйлар олдида қурилган (халқ тилида “перестройка” дейилувчи) уйлар бузила бошланди. Уйлар нархи қимматлиги боис, ўзбек хонадонлари келинини мана шундай уйларда туширар эди. Қўшимча уйлар қуриш учун, тегишли ҳужжатлар қилишарди.
Эндиликда эса собиқ ҳоким чиқарган буйруқлар тан олинмаяпти. (Бу эса халқни анча овора қилиб, ғазабини қўзғатмоқда). Қаерга мурожаат қилишмасин, ҳеч ким жавоб бермаяпти.

***

Банклар чет элдан узатиладиган чет эл валюта купюрасини (хусусан долларни) эндиликда пластикка (Виза, Мастер Кард)га ёки долларнинг Ўзбекистон банкидаги сумдаги давлат нархида берар эмиш. Фуқаролар Россиядан долларда узатилган пулларни сўмда (100 доллар 200.000 сўм) олаяптилар.

Гап Бухородаги Қ.Муртазоев кўчаси, 2-уйда яшовчи аҳоли дуч келган худди шундай муаммо хусусида бораяпти. Бу ерда тоза сув исрофгарчилиги билан боғлиқ масала аслида ўтган йилнинг май ойидан бошланган экан.

“Уйимиз олдидаги ерости қудуғи ва ундан ўтган қувур эскириб, яроқсиз ҳолга келгани натижасида сув сизиб чиқиб, ертўлага оқди,—дейди хонадон бекаларидан бири Меҳринисо Қосимова.—Қарабсизки, уч кунда ертўла ва эски қудуқ сувга тўлиб, уй олдида каттагина кўлмак пайдо бўлди. Телефон қўнғироқлари жавобсиз қолавергач, қўни-қўшнилар билан биргалашиб, Бухоро шаҳар “Сувоқава” ишлаб чиқариш корхонасига бордик. Муаммони бартараф қилишларини сўрадик. Бир неча кунлик мурожаатларимиздан сўнг ниҳоят, қувурнинг тешилган ўша қисмигина янгисига алмаштирилди. Ертўланинг суви сўриб олинди.

Аммо қудуқ таъмирланмасдан, ҳатто, оғзи очиқлигича қолдирилди. Нима эмиш, мутасадди идорада эҳтиёт қисм ва цемент етишмасмиш. Ноиложликдан қудуқ оғзини ўзимиз қўлбола усулда ёпдик”.

Шундан сўнг аҳвол ўнглангандай, тўрт қаватли уйда яшовчи 48-хонадоннинг қийинчилиги барҳам топгандай бўлди. Бироқ 2012 йилнинг ноябрь ойига келиб, муаммо такрорланди. Қудуқдан ертўлага ўтган қувур тешилди. Ертўла ва қудуқ яна сувга тўлди. Қишолди эмасми, уй аҳолисининг бошига тушган даҳмазани бартараф қилишга масъул “Сувоқава”чилар ўша кунлар қуруқ ваъдадан нарига ўтишмади. “Эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаётган ҳудудга бир неча кундан сўнг экскаватор киритилди. Қудуқ атрофи қазилди. Ҳамма “хайрият-е, чирий бошлаган қувур ана энди янгисига алмаштирилар”, деганда, негадир иш яна чала ташлаб кетилди. Атрофида чуқурлиги 4 метр, эни 2,5 метр қилиб қазилган қудуқ ва хандақ кўп ўтмай аввалгисидан каттароқ лой-балчиқ ҳовузга айланди. Муаммо мутасадди идорани ортиқча қизиқтирмай қўйган, аҳолидан бўлаётган тинимсиз мурожаатларга жавобан эса мужмал ваъдалар беришарди, холос. Қўни-қўшнилар ҳеч қандай мадад бўлмаслигига кўзлари етгач, Бухоро шаҳар прокуратурасига шикоят билан боришди.

“Бухоро шаҳар “Сувоқава” ишлаб чиқариш бошқармаси мансабдор шахслари ҳатти-ҳаракати устидан норози бўлиб ёзилган ва йигирмага яқин фуқаро имзо чеккан мазкур шикоят хати атрофлича ўрганиб чиқилгач, қонун доирасида масалага бевосита масъул вилоят бошқармаси бошлиғи номига расмий хат билан чиқилди”, дейди Бухоро шаҳар прокурорининг ката ёрдамчиси Учқун Жўраев. “Ушбу мурожаатдан уч кун ўтиб, Қ.Муртазоев кўчаси, 2-уйда яшовчи аҳолини қийнаб келган муаммо ҳал қилингани тўғрисидаги жавоб хатини олдик”.

Жорий йилнинг 19 январь санаси билан прокуратурага йўлланган жавоб хатида “…уй олд қисмидан ўтган, диаметри 100 мм.ли қувурда содир бўлган носозлик бартараф қилинди. Сув қудуғи таъмирланиб, чўян қопқоқ билан беркитилди”, деган сўзлар бор. Кўриниб турибдики, кўп қаватли уйда яшовчи 48 та оила уч ойга чўзилган оворагарчиликлардан кейин катта ташвишдан қутилди.

ЎХҲ хабар маркази