БУХОРО АМИРЛАРИНИНГ ТЕРМИЗДАГИ ИНШООТЛАРИ
Бугунги Термиз ўрни бундан икки аср илгари бўш жой бўлган. Эски Термиз халқ томонидан Зуннунобод дейилган. Сурхонбўйи Термизи эса Шаҳри Ғулғула деб аталар эди. XVIII аср бошларидан то XIX аср 70-йилларига қадар ҳар иккисида ҳам аҳоли яшамас эди. Ҳозирги порт ўрнида 1880-йилларда 30-40 та хўжалик ўтов, капа тикиб яшар, шу ерда ўсадиган патта бутасини кесиб, ўтин қилиб сотиш билан кун кечиришар эди. Шундан бу жой Паттакесар деб ном олган.
Бухоро амири Абдулаҳадхон (1886-1910) ўз юртида ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқни янада ривожлантириш мақсадида Термиз шаҳрини қайта тиклашга қарор қилади. 1892-йили нуфузли дин пешволари, Термиз саййидлари, йирик давлат амалдорлари иштирокида бўлиб ўтган сарой йиғилишида амир ўз ниятини маълум қилади. Машварат сўнгида Паттакесар қишлоғи негизида Янги Термиз шаҳрини қуришга қарор қилинади. Бу хабар Россия маъмурларига бориб етгач, улар ҳам амир барпо этаётган шаҳарда ўз таянч истеҳкомларини яратишга ҳаракат қилишади. Негаки, бунда сарф-ҳаражатлар асосан амирлик зиммасига тушар эди. 1893 йил 15 январдаги Россия-Бухоро шартномасига биноан ҳозирги Термиз шаҳри ҳудудининг бир қисми рус подшосига «совға сифатида инъом этилади». Шундан кейин бу ерга 7-чегара округига кирувчи рус ҳарбий қисмларини жойлаштириш ишлари бошлаб юборилади.
Амирнинг фармони билан 1894 йилдан бошлаб Янги Термизни қуриш бошланади. Барча бекликлар шаҳарга муайян миқдорда ҳашарчи ва усталар жўнатишади. Шаҳар 15 йил давомида йирик қурилиш майдонига айланади. Унинг қурилишида бутун амирлик аҳолиси иштирок этади. Шу вақт ичида ҳозирги Шимолий дарвозадан «Тараққиёт» кўчаси бўйлаб то шаҳар марказигача, ҳамда Термиз дарё порти атрофлари, саноат зонасининг бир қисми қурилади. Шаҳар руслар ва маҳаллий аҳоли яшайдиган қисмлардан ташкил топган эди. 1895-1898 йилларда шаҳарнинг руслар яшайдиган қисми учун истеҳкомли турар-жойлар қурилади. Темир Мирзаев кўчасидан шарқда то Термиз дарё портигача бўлган ҳудудда маҳаллий аҳоли жойлашади.Рус ва маҳаллий аҳоли яшайдиган ҳудуд оралиғи, яъни ҳозирги шаҳар марказидаги бозор майдонидан то вилоят суди биносигача бўлган қисмда амирнинг Термиздаги резиденцияси (Оқсарой), масжид, мактаб, савдо мажмуаси, йирик карвонсарой, ҳаммом ҳамда руҳонийлар ва савдогарлар учун турар-жойлар қуриб берилади. Рус маъмурларининг талаби билан бу иншоотлар шарқ ва ғарб меъморчилик анъаналари асосида, фақат бир қаватли қилиб қурилади.Маҳаллий аҳоли бу жойни Янги шаҳар, руслар эса ўртада жойлашганлигидан центр, яъни марказ деб атаган. Бу ер то 1980 йилларга қадар шаҳарнинг энг чиройли қисми бўлган.
Янги Термиздаги қурилишга Шеробод беги шахсан масъул қилиб қўйилди. Унинг уйи ҳаммомнинг рўпарасидаги уйда жойлашган эди. Вақти-вақти билан қурилишни назорат қилиш учун амир қўшбегиси, яъни бош вазири ҳамда девонбегиси ҳам келиб турар эди. Ҳар йили апрел ойининг бошларида шаҳарга шахсан амирнинг ўзи келиб, қурилиш ишлари билан танишар, аҳолининг арз-додини эшитар эди.
Бу шаҳарда Амир Абдулаҳадхон учун мўлжаллаб қурилган уйлар ҳозир ҳам мавжуд эди. Уйларнинг асосий қисми хом ғиштдан бино қилинган. Гарчи европача услубда қурилган бўлса-да, ҳар ҳолда унга шарқона тус беришга ҳаракат қилинган. Чунончи, уйнинг ташқи томонида иккита 5х1 метрли ташқи айвон, ички қисмида ҳам иккита узун айвон қурилади. Уйнинг ташқи дераза четлари ҳамда эшик атрофи бухоролик усталар томонидан нақшинкор ганчлар билан безатилган. Уйнинг тўрт бурчаги кичик минорачалар билан безатилди. Шимолий қисмдаги иншоот 15 йил давомида жомеъ масжиди ва мактаб вазифасини ўтаган эди.
Амир ва унинг амалдорлари шаҳарга келган вақтда уларга ҳужум уюштирилиши ҳисобга олиниб, Амир уйидан 50 метр шимолда ер ости йўли – лаҳм (туннел) қазилади. Лаҳмнинг эни ва чуқурлиги икки метр бўлган. Пастки қисми қумтош билан, эни ва усти пишиқ ғишт билан қопланган. Ерости йўли ҳозирги Ишонч телеканали ёнидаги ҳозирги И.Каримов кўчасига чиққан. 1989-1990 йилларда ушбу кўчадан канализация ўтказилиши муносабати билан қазиш ишлари олиб борилганда бир неча жойдан пишиқ ғишт билан қопланган лаҳм йўли аниқланган. Лаҳм йўли рус истеҳкоми (ҳозирги Бобур боғи ёнидаги ҳарбий қисм) томон борганлиги кузатилган. Иншоот ичидаги ҳовлида лаҳм йўли 1968-йилда тасодифан аниқланган.Аммо ҳар икки топилмага нисбатан ҳеч ким эътибор бермаган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, ушбу уйга ҳужум қилинганда амир ва унинг амалдорлари лаҳм йўли орқали рус истеҳкомига қочишлари мумкин эди.
Мажмуада ишлатилган пишиқ ғиштларнинг кўпчилиги шаҳарнинг ўзида ишлаб чиқарилган. Лекин пишиқ ғишт чор маъмурларининг ўзидан ортмас эди. Шу боис, пишган ғишт етишмай қолган вақтларда Кўҳитанг тоғидан қазиб олинган тошкўмир ва ғиштбоп тупроқ эшакларга ортилиб Шерободга олиб келинган. Шерободлик усталар хумдонларда ғишт пишириб, туяларга ортишган ва Термизга жўнатиб туришган.
Аҳолининг илтимосига кўра амир ўз уйи яқинида қиблага қаратиб усти ёпиқ савдо маркази – тим қурдиради. Кўп ўтмай бу ерда машҳур «Паттакесар бозори» ҳам барпо этилади. Мазкур бозор ўрнида ҳозирги кунда шаҳар марказидаги йирик деҳқон бозори ва каттагина бекат жойлашган.
Хуллас, бугунги Термиз шаҳри айнан Амир Абдулаҳадхон томонидан барпо этилган жой (марказ)дан кенгая бошлади. 1906 йилда Термизга келган Р.Ю.Рожевиц ушбу мажмуани қуйидагича тасвирлаган: «Термиз чегараси сўнгги ўн йилликда барпо этилган бўлиб, Паттакесар билан деярли ёнма-ён қурилган ва шу номдаги катта бўлмаган қалъа туфайли мавжуд бўлиб турибди. Бутун атроф ғишт билан ўраб олинган, бир неча дарвозаси бор. Қалъадан шарқ томонда девор йўқ, унинг ўрнига сим тўсиқ тортиб чиқилган. Кўчалари кенг. Энг муҳими Куропаткин (ҳозирги И.Каримов)кўчаси шоссе қилинган. Уйлар бир қаватли, ғиштдан қурилган ва уларнинг ҳаммаси подшоликка (яъни амирликка) қарашли».
Дарҳақиқат, Янги шаҳарнинг шарқий қисмида ҳеч нарса қурилмаган эди. Янги шаҳар оддий аҳолининг уйлари билан туташиб кетган эди. Кейинчалик ана шу шарқий оралиқда шаҳар халқ таълими бўлими ва 2-сонли мактаб қурилади. Мажмуада 4 та дарвоза бўлган. Шундан иккитаси бизнинг кунларимизга қадар сақланиб қолган.
1900 йили Бухоро амири Абдулаҳад ва чор ҳукумати амирлик аҳолиси кучи билан рус ҳарбий инженерлари ва Туркистон сапёр батальони бошлиқлари раҳбарлигида 376 верстли Самарқанд-Термиз алоқа йўли ва 14 та мустаҳкамланган станциялар қуриш ҳақида махсус шартномага имзо чекдилар. Алоқа йўли 1902 йили ишга туширилди.
1902 йилда шаҳарда Бухоро амири ҳисобидан пишиқ ғиштдан почта-телеграф, молия муассасаси бинолари ва доктор уйи қурилади. Телеграф биноси ҳозирги 6-почта бўлимига тўғри келади. Молия муассасаси ўрнида эса кўргазма зали ҳамда савдо нуқталари жойлашган. Худди шу йили Амир Абдулаҳаднинг топшириғи билан мукаммал ечимга эга бўлган карвонсарой мажмуаси қурилиши бошланади. Мажмуа амирнинг ҳамда маҳаллий йирик тадбиркор Имомалибойнинг маблағига қурилади. Унинг қурилишида бухоролик ва шерободлик усталар иштирок этишади. Карвонсарой амир уйининг рўпарасида жойлашган эди. Мажмуа отхона, омборхона, меҳмонхона, ошхонадан иборат бўлиб, битта дарвозаси бор эди. Ўртада каттагина ҳовлиси бўлган. Отхона ўзининг меъморий ечими бўйича дунёда ягона эди. Шунга ўхшаш иморат фақат Санкт-Петербургдагина бўлган.
Амир қурдирган яна бир улуғ иншоот машҳур Термиз қўрғони (кейинчалик Крепость) эди. Илк қурилган вақтда аҳоли томонидан Амир қўрғони дейилган. Дастлаб унга душман ҳужуми бўлган вақтда маҳаллий аҳолини жойлаштириш кўзда тутилди. 1900-йилда қўрғон қурилиши тугаллангач, унга амирнинг Термиздаги миршаббошиси 100 нафар йигити билан, бир неча ойдан сўнг рус артиллерия қисми жойлашади. Қўрғонда асосан шаҳар қурилишига келган усталар яшашган, ҳарбийлар унча кўп бўлмаган.
Умуман олганда, Термиз шаҳри иккига бўлиб бошқарилган. Рус қисми Тупроққўрғон деб аталиб, подшо маъмурлари томонидан, Паттакесар қишлоғи ва Янги шаҳар амир томонидан идора қилинган. Охиргиси Шеробод беклиги таркибида бўлган. Қўрғон (Крепость) амир ва рус амалдорлари томонидан биргаликда назорат қилинган. Шаҳарнинг бутун харажати Бухоро амирлиги ҳисобидан қопланар эди.
Термизнинг йирик иқтисодий марказга айлана бошлаши билан бу ерга Россия ва амирликнинг кўплаб тадбиркорлари кела бошладилар. 1905-1910 йилларда Термизда Матчинбоев ва Шамсиддинов томонидан иккита пахта тозалаш заводи қурилади. 1910 йилда бу шаҳарда 28 та корхона ишлар эди.
Шаҳар аҳолиси кўпайиб, ҳудуд гавжумлашгач, янги масжид қурилиши зарур бўлиб қолади. 1914-1916 йилларда Термизда Куропаткин шоссесининг ғарбий қисмида Амир Олимхоннинг буйруғига биноан янги жомеъ масжиди қурилади. Масжид баландлиги томини ҳам қўшганда 7 метр, ички баландлиги 5 метр, узунлиги 30 метр, эни 20 метр бўлган. Масжид Бухоро ва Шеробод усталари томонидан шарқ ва ғарб услубларини уйғунлаштирган ҳолда қурилган. Киравериш қисмидаги арксимон равоқлари ҳанузга қадар сақланиб қолган. Сурхондарё архитектурасида бундай равоқ охирги марта Саййид Оталиқ мадрасасида (XVII аср бошлари) ишлатилган. Унинг марказий залида 340 киши, ички хоналари билан бирга 500 киши, ҳовлини ҳам қўшганда 2000 киши намоз ўқий олган. Ўша йили Имомалибой томонидан Мурчбобо зиёратгоҳи ва унинг олдида битта кичикроқ масжид барпо этилган.
Термизда совет режими ўрнатилиши билан Бухоро амирига тегишли бўлган барча иморатлар большевиклар томонидан тортиб олинади. Мажмуада тўлиғича совет бошқарув муассасалари жойлашади. Амир Абдулаҳадхоннинг уйида вилоят комсомол комитети ўрнашади. Амир карвонсаройи ўрнида 1928-1950 йилларда обком, сўнгра, туғруқхона, поликлиника, маданият бўлими ва ички ишлар бўлимлари жойлашади. Афсуски, ноёб меъморий ечимга эга бўлган ушбу иншоот тарихни билмаслик оқибатида 1996-2000 йилларда бузиб ташланади.
Амир Абдулаҳаднинг савдо маркази вилоят ҳарбий комиссариатига берилади. 1998 йилда йўл кенгайтирилиши туфайли бу иншоот ҳам бузиб ташланади.
Амир Абдулаҳаднинг уйи ва мажмуанинг меҳмонхона комплекси 1950-60 йилларда аҳоли учун турар-жой қилиб берилади. Амир Олимхон жомеъ масжиди эса аввалига Қизил Армиянинг штаби бўлади. Кейинроқ, 1921-1927 йилларда шаҳарга кўчиб келган шиа мазҳабига эътиқод қилувчиларни ўзига оғдириб олиш учун уларга масжид қилиб берилади. 1927-йилда масжид шиалардан тортиб олинади. Масжид биносида вилоят партия қўмитаси (обком) жойлашади. Обком Имомалибойнинг карвонсаройига кўчгач, бино 1930-1964 йилларда атеизмни тарғиб қилиш маркази – Сиёсий маориф уйи (Дом политпросвещение), 1965-1991 йилларда Ўқувчилар саройи (Дом пионеров) ихтиёрида бўлди. 1991-йилдан бошлаб Шарқ табобати марказига айлантирилади.
Таасуфлар бўлсинким, маҳаллий аҳоли бу иншоотларнинг тарихини деярли унутиб қўйди. Иншоотлар тарихий обидалар қаторига киритилмади. Энг ёмони, халқ орасида Бухоро амирлари томонидан қурилган иншоотлар Николай подшога тегишли, деган сохта фикрлар тарқалади. Янги Термиз тарихи Россия истеҳкоми сифатида ўрганилди. Унга руслар асос солган, деб ҳисоблашди. Ана шундай нотўғри фикрлар туфайли шаҳардаги Амир Абдулаҳадхон қурдирган бир қатор иншоотлар бузиб ташланади.
Амир Абдулаҳаднинг уйи ва мажмуанинг меҳмонхона комплекси 1950-60 йилларда аҳоли учун турар-жой қилиб берилади. 20 йиллардаги таъмирлаш вақтида уйларнинг томига ўзгартириш киритилиб, амирликка тегишли барча белгилар олиб ташланади. 1960 йиллардаги таъмир вақтида эса, дераза четларига қўйилган нақшинкор ганжлар қўпориб олинади. Фақат ватанпарвар устоз Холмирза Холиёровнинг қатъияти туфайли айрим уйлардаги ганжлар тарихий обида сифатида сақлаб қолинади.
Мақола муаллифи тарихчи-публицист И.Умаров