O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Буюк йиқилишнинг ибтидоси

Буюк йиқилишнинг ибтидоси
250 views
18 April 2017 - 6:00

Тарихда «Қайта қуриш» деб ном олган бу оламшумул зилзила – менинг шахсий ҳаётимда балки энг буюк воқеа бўлиб қолажак. «Қайта қуриш» давридаги пайдо бўлган нисбий ҳуррият сабабли эмас. «Қайта қуриш»нинг оламшумуллиги бу ижтимоий зилзила оқибатида дунёнинг энг буюк колониал давлати Шўролар Иттифоқи сассиз-садосиз бир кунда йиқилганидадир. Биз, ёш миллиятчилар сифатида, йиқилишини орзу қилган, аммо йиқилиши тушимизга ҳам кирмаган бир йиқилиш эди бу.

Бугун Ўзбекистондаги баъзи одамлар очлик ва қашшоқликдан қийналганидан Совет Иттифоқининг дориломон кунларини орзу қилаётган бўлиши муқаррар, аммо мен буни ҳеч орзу қилмайман ва бу «дориломон»ликни қайта яшашини халқимига раво кўрмайман. Чунки ўзбекларни бу аҳволга солган сиёсий раҳбар ўша «дориломон система»нинг зурёдидир, айнан ўша система яратган лидер туфайли қашшоқлик кун сайин чуқурлашмоқда.

Совет тузумидаги энг нафратланганим хусусият – инсонларга қуллик зеҳниятини сингдирганидир. У қадар теран сингдирдики, йиқилганига 15 йил бўлди, биз ҳали ҳам бу манфий хусусиятдан қутула олмадик. Ўзбекистондаги мутажовуз режимни зоҳирда миршаблар ва маҳфий хизмат органи оёқда тутиб турган бўлса, ботинда уни оёқда тутиб турган нарса – биздаги қуллик зеҳниятидир. Бизга Совет Империяси сингдирган бу хасталикдан қутулмагунча, бошимиздаги диктатордан қутулишимиз амри маҳолдир.

Шу маънода, «Қайта қуриш» қуллик зеҳниятига урилган биринчи тарихий зарба эди. Ва албаттаки, бу биз учун, ўша пайтдаги ёш шоирлар учун, мисли кўрилмаган бир байрам бўлди. Бу байрамга биз руҳан ва жисмонан тайёр эдик. Горбачёв ҳокимиятга келмасдан бир йил аввал Ўзбекистон Марказий қўмитаси тарафидан миллий қадриятларимизга қарши жиддий ҳужум бошланганди, бу бизнинг миллий туйғуларимизни яхшигина қабартирган эди. Китоблардан «Оллоҳ», «Пайғамбар», «фаришта» каби сўзларни олиб ташлаб, тарихий шахслар ҳақидаги китоблар муаллифларини тазйиқ остига олишлар ва масжидларни бузиб, унинг қуббасидаги хилол ва юлдузни ўроқ ва болғага алмаштиришлар бошланганди.

Бу ҳақорат бизни қаттиқ изтиробга солганди ва биз саросимада эдик. Ниҳоят, 85-йилнинг январ ойида Совет Ўзбекистони газетаси «Ғоявийлик – бош мезон» деган редакцион мақола эълон қилди. Газетанинг бош муҳаррири Лазиз Қаюмов эди. Балки мақоланинг муаллифи ҳам у эди. Совет тузумининг оташин ҳимоячиси ва жадид ҳаракатининг ашаддий душмани, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий каби шоир ва ёзувчиларнинг асарларида Совет давлатига қарши таҳлика кўрган фан доктори эди. Бу мақоладан кейин кўпчилик Сталин давридаги каби репрессиялар бошланажагини башорат қилганлар ҳам бўлди.

Чунки унда Ўзбек Совет шоирининг қандай ёзиши кераклиги «аниқ» кўрсатилган ва чиғириқдан чиққанларга қарши таҳдид оҳанги кучли эди. Бу мақола бир гуруҳ ёш шоир ва ёзувчиларни Политбюрога мактуб ёзишга ундади. Бу мактубга 51 та ёш шоир ва 5 та ёзувчи имзо чекди. Мактубда миллий қадриятларнинг топталишига қарши тадбир олиниши сўралган эди Политбюродан.

Мактуб янглишмасам, январ ойининг охирида Москвага жўнатилди. У пайтда КПССнинг Генерал Секретари Черненко эди. Аммо бизнинг мактубимизга жавоб Черненко ўлимидан кейин, Михаил Горбачёв деган янги бир лидер идорасидан келди. Биз учун, менинг авлодим учун «Қайта қуриш» шундай бошлaнди.

(2005)

(114)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (340-341-саҳифалар.)

(давоми бор)