O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Буюртма мажлис фитнаси

Буюртма мажлис фитнаси
184 views
28 May 2017 - 12:42

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик учинчи мақола)

БУЮРТМА МАЖЛИС ФИТНАСИ

2013 йилнинг 6 сентябрь куни 17.00 да ЎзМТРКнинг марказий мажлислар залида фавқулодда йиғилиш чақиртирилаётганлиги хусусида эълон пайдо бўлди.  Унда фақат “Ўзбекистон” телерадиоканали ходимлари иштирок этиши таъкидланганди. Радиоканал бўйича директор ўринбосари Султопошша Ёқубова мени ҳар кўрганида ушбу бўлажак йиғинда албатта қатнашишим зарурлигини бот-бот такрорларди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, асосий мажлислар зали бежиз танланмаганди. Чунки, у ерда ўтирганларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатишнинг ҳар тарафлама қулай ва кенг имконияти бўлган камералар ўрнатилганди. Раҳбар-Алишер Ходжаев эса ўтаётган ҳар бир мажлис, айниқса, ўзининг ташаббуси билан бўлаётган буюртма йиғинни ўз хизмат хонасида ўтириб бемалол кўриш имкони ва шарт-шароити билан таъминланганлигига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

Йиғин айнан 6 сентябрь куни белгиланган вақтидан бироз кечикиб бошланди. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бўлиши керак. Яъни видеокузатувдан томоша кўргиси келиб қолган АлишерВОЙ ўз хонасига кечикиб кириб келганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ҳақдаги сирни котибаси Феруза юристка-Муҳайё Қалқонованинг қулоғига шипшитаётган пайтида бириси эшитиб қолиб, 10-15 дақиқанинг ичида бутун МТРКга ёйиб юборибди. Чунки бундайин “свежий”-информациялар дарҳол тарқалади.

Мажлисни “Ўзбекистон” телерадиоканали директори Олим Тошбоев бошқаришга киришаркан, уни ўзининг кириш-чиқиш сўзи билан бошлаб берди. Нима эмиш, сўнгги вақтларда бу каналда умумий муҳитга таъсир этувчи нохуш воқеалар кундан-кунга кўпайиб кетаётганмиш. Шу боис бунинг олдини олиш ва чорасини кўриш керак эмиш. Лекин вазиятнинг шунчалик даражага етиб келишига сабаб бўлган омиллар ҳақида бирон оғиз лом-лим дея олмаганлиги боис унинг нутқи йиғилганлар томонидан бироз совуқ қарши олинди. Шундан сўнг биринчи сўз “Ўзбекистон” радиосидаги “Ахборот” муҳарририятининг бош муҳаррири Анвар Абдувалиевга  берилди. Бу юмшоқсупургисифат кўринишни сиртдан ўзида ифода этиш санъатига эга кимса ўта мулойимлик билан гап бошлади. Унинг айтишича, кейинги пайтларда радиода муҳит жуда ҳам чатоқлашиб бораётганмиш. Бундай ҳолат жамоага салбий таъсир қилаётган эмиш. Илгарилари бу маданият ўчоғида вазият ҳеч ҳам бугунги кундагидек бу қадар кескинлашмаган эмиш. Бунинг асосий сабабчилари ўзларининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб юқори ташкилотларга шикоят қилаётган қатор кимсалар эмиш. Шунинг учун яхшиси, улар ўз аризасига кўра, ишдан бўшаб кетишлар керак эмиш. Анвар шунчалик муғомбирлик билан сўзладики, унинг гаплари умумий йўналишли бўлиб, аниқ шахсларга қаратилмагандай эди, гўё. Аслида эса у  ”…ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб юқори ташкилотларга шикоят қилаётган қатор кимсалар” дея писанда қилаётган бу “қора рўйхат”нинг бошида камина ва Шодиёр Ҳазратқулов бор.

Шундан сўнг яна айнан шу муҳарририятдан радионинг “ахборот”чи-қулоқларидан бири Азим Пўлатовга сўз берилди. Бунда ҳеч бир тасодифийлик йўқ, аслида. Чунки, барчаси олдиндан сценарийлаштирилган. Бу нотиқнинг сўзида асосан каминанинг исми-шарифим келтирилди. Нутқи иродига кўра, у менинг қандайлигимни олдиндан билиб юраркан-у, лекин юзимга айтмаган экан. Қаранг-а?… Орқасидаги “тоғ”ларига суяниб, ҳамманинг олдида шер бўлиб лой чаплайман деб кутиб юрган экан-да бу шоввоз? Топшириқ мажбуриятидан келиб чиқиб энди шу мажлисда “сўзлаш” мавриди келганлигини яширишга қанчалик уринмасин, барибир у ўзини фош этиб қўйди. Хуллас, бу киши ҳам мени ёмонотлиқ қилишга обдон чиранди, аммо уддасидан чиқа олдими йўқми уёғи жамога ҳавола. Хуллас, унинг гапидан ичида кин-адоват, қанақадир алами сақланиб қолганлиги очиқ сезилиб турарди.

Бир вақтлар “каминанинг ёмонлигимни билиб, лекин юзимга айтолмай юрган” худди шу Азим Пўлат қизи ўқишга кирганида, унинг “контракт”ини тўлашда кўмаклашиб юборишим, таниш-билишларимни ишга солиб, ҳомий топиб беришим кераклигини сўраганди. Унинг хаёлида, тасаввурида мен қандай одам эдим, нега бундай истак билан шахсан менинг ҳузуримга келди, буни Худо билади. Лекин камина айниқса пул масаласида бировдан қарз олиш, муттаҳамдек бўлиб қолишни истамаганим учун бу борада ёрдам беролмаслигимни айтиб, қатъий рад жавобини бергандим. Эҳтимол, ўшанда у: “Ҳап сеними!…” деган эканми, йиғинда бииир хумордан чиқишга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин барибир “ўхшамади”. “Қоралаш” кампанияси сценарийлаштирилганлиги билиниб қолди. Чунки, бу “воиз”нинг ҳам талаби шундай: “Ариза ёзишиб ишдан ўз хоҳишлари билан кетсин!”

Учинчи сўз олувчи, бу тегишли идоранинг хос тўппончасига айланган Шарофиддин Тўлаганов бўлиб чиқди. Унинг ҳам худди А.Пўлатовдагига ўхшаш дард-касаллиги, алами бор эди. Шунданми, бу  валак-салак ҳам ўзини қопқир, ҳаллослаб, тили чиқиб қолган олапардек тутди. Бу ҳам юқоридаги шериклари нима деган бўлса шу нарсани тўтидек такрорлади, холос. Бошқа бирор бир янгилик қўша олган эмас.

Юқорида сўзга чиққанларнинг уччаласи ҳам “ахборот”чи-гестапочилардан эди. Биз бу гуруҳ ҳақида олдинги мақолаларимизда кенгроқ тўхталганмиз.

Навбат тўртинчи нутқ ирод қилувчига етиб келди. Бу ўша ҳамма биладиган ва артистлиги билан машҳуру жаҳон бўлган Қуддус Аъзам. У “Янги жамият” сиёсий-ҳуқуқий ва маърифий кўрсатув ва эшиттиришлар студиясининг бош муҳаррири. Бевосита менга раҳбар ҳам ҳисобланади. У ўз маърузасини бошларкан, ўз-ўзидан жазавага тушиб, чунонам ҳайқириб бақирдики ва қизариб бўзардики, шунданми, баъзи жумлаларидаги сўзларини англаш бироз мушкул кечди. Тўғриси, бошқадан кутсам ҳам бу лўттивоздан шу даражадаги пасткашлик-тубанликни ҳеч ҳам кутмагандим. Шунчалик сапчиб, ўзини чанг солмоқчи бўлган шантажёр-шаллақидек тутганлигини кўриб, худди театрда спектакль кўриб тургандек ҳайратим ошгандан ошарди.

Айни дамда камина жуда сокин ва хотиржам эдим. Сабаби, бу “фитна-мажлис” худди шу зайлда бўлиши хусусидаги маълумотга эга эдим. Қолаверса, ЎзМТРКдаги муҳитдан келиб чиқиб таҳлил  ва тахмин қилганимдагидан ҳам бундан бошқача бўлиши мумкин эмасди. Чунки, раҳбарга қарши гапирган ходимни (у қанчалик ҳақ, раҳбар қанчалик муттаҳам бўлмасин) ўртага олиб итдек талаш бизда аллақачон одат тусига кириб бўлганди. Бу ҳолат менга йиғиндаги вазиятни аниқ-тиниқ, хотиржамлик билан кузатиш имконини берди. Чунки, бу буюртма мажлисдаги фитначиликнинг кульминацион нуқтаси етиб келганлигини яхшигина ҳис этиб тургандим.

Шу ўринда бир жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман. Қуддус Аъзамнинг ўз нутқида эълон этишича, мен билан Шодиёр Ҳазратқуловга “жиноят иши” қўзғатилганлиги ҳақидаги маълумот ЎзМТРКга келиб тушганмиш. Янада аниқроқ қилиб айтилса, бу аслида А.Ходжаевнинг ўзи менга қарши икки муттаҳам – аввал икки бор судланган бир зўровон ва фирибгарликда пихини ёрган бир сохта адвокатдан ёздириб олган аризани прокуратурага юбориши ва шу аснода уюштирган фитнасининг натижаси эканлигини кўпчилик билиб турганди. Қизиғи шундаки, аниқ бир кишига нисбатан “жиноят иши” очилганлигидан ҳали бизнинг хабаримиз йўғу, аммо Ходжаев бошлиқ фитначилар гуруҳининг бундан хабари бор. Ҳаттоки, буни тасдиқлайдиган ҳужжат уларнинг қўлига келиб тушишгача етиб борган. Шу ҳолатнинг ўзи унинг буюртмалигини ва уюштиришнинг яққол далили эканлигини тасдиқлаб турибди.

Қуддус Аъзам қичқиришни давом эттираркан, “Биз бу инсонга йигирматалаб эшиттириш тайёрлаш имконини бердик. Шу яхшиликларимизни у билмади. Шунинг учун у ишдан кетиши керак. Аризасини ёзсин!” – дея аййюҳаннос соларди. Бу ҳолатни мийиғимда кулиб, ўта босиқлик билан кузатишда давом этдим. Охири унинг овози ўчди. Залга бир зум жимлик чўкди. Шундан сўнг сўз олиб гапиришни истайдиганлар кўпайиб қолди. Радиода ишлайдиган Мавлуда Раупова сўз олишга эришди. Лекин унга минбарга чиқиш имкони берилмасдан жойидан тик турган ҳолда гапириши мумкинлиги тушунтирилди.

Шунда Мавлуда Раупова: “Мен шахсан жамоада муҳит жуда ёмонлашиб кетди, ўзаро жанжаллар кўпайди деб гапирганларнинг фикрига мутлақо қўшила олмайман. Ушбу “маданият ўчоғи”да илгарилари бундан-да баттар шармандагарчиликлар, ур-сурлар, жанжаллар ва ҳаттоки, соч юлишларгача бориб етиш ҳолатлари қайд этилганлигини бутун жамоа жуда яхши билади. Шу боисдан ҳам минбарга чиқиб олиб маъруза қилганларнинг гап-сўзларида заррача асос йўқ, деб биламан. Шунинг учун бу борадаги вазиятни бу қадар бўрттириб юбориш инсофдан эмас. Бироз бўлса-да виждон билан иш кўриш ва масалага холислик билан ёндошиш ҳамда вазиятга ҳаққоний баҳо берилиши зарур. Акс ҳолда “қовун тушириш”да давом этаверишингиз турган гап!” –  дея ўз сўзини қатъий ва дадил айтди. Муттаҳам ва юлғич раҳбарга хушомад-ялтоқилик қилиш ортидан экран ва эфир “машҳур”ларига айланган анави тўрт “воиз” бирикиб, ғирт ёлғон-яшиқ гапларига гўёки ҳаммани ишонтирмоқчи бўлиб жазавага тушаётган бир пайтда, аниқроғи эркак боши билан ёқимсиз ялтоқилигини намоён этаётган бир паллада Мавлуда Раупованинг аёл боши билан тик туриб ҳақиқатни шарт-шарт айтиб ташлаши жамоа олдида унинг ҳурматини янада оширса оширдики, асло камайтиргани йўқ.    

Шундан сўнг залда ғала-ғовур бошланиб кетди. Ким мажлисни бошқараяпти, кимлар сўзга чиқди, нимага чиқди, кимлар муҳокама қилиниши керак эди? Бу масаладан бутунлай четга чиқиб кетилди. Жамоадаги умумвазиятга тўғри баҳо берилмаганлиги кун тартибига чиқиб, айнан шу борада тортишув, баҳс мунозара бошланиб кетди. Бир томондан Шодиёр Ҳазратқулов ҳам бу ҳолдан ҳайрон бўлиб безовталаниб сўз олмоққа ҳаракат қилгандай бўлди. Қарадики, ҳаммаёқ бозорга айланиб, буюртма фитна мажлис том маънода чок-чокидан сўкилиб бузилиб кетди. Барча йиғин иштирокчилари ўзлари билан ўзлари ўзаро гаплашишга ўтишди. Тўрт нафар фитнакор-маърузачилар  ва Олим Тошбоевнинг кўзлари олазарак бўлиб нима қилишларини билишмасдан мажлислар залини тарк этишга мажбур бўлишди. Хуллас, ҳеч бир қарорга келинмасдан чақирилган йиғин ўз-ўзидан тўзиб кетди. Фитначилар ўз мақсадларига эриша олишмади. Янада тўғрироғи жамоа бунга йўл бермади. Аксинча, уни уюштирганлар шарманда-ю шармисор бўлишди.

27.12.2015 йил

(давоми бор)