O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу даҳшатли туш – уйғотинг мени!

Бу даҳшатли туш – уйғотинг мени!
198 views
17 March 2013 - 16:07

Ўзбекистонда ижтимоий-маиший хаёт, маданият, иқтисодий муносабатлар, давлат ва унинг ташкилотлари, муассасалари, тарбия ва ўқув даргоҳлари билан муносабатлар ва шу каби бошка барча-барча муносабатлар шу даражада тубан ва мисли кўрилмаган ботқоқликка ботганки, бу ботқоқдан халқимизни чиқиши ҳукумат нуқтаи назаридан қараганда келажакка, яъни ҳалкимиз йигирма йилдан буён ҳали-бери етиб бора олмайдиган “Буюк келажак”ка қолдирилган.  Муаммоларнинг ечимини излаш, уларни таҳлил килиш ҳуқуқидан ОАВ маҳрум этилган, мухолифат қувғин қилинган, халқимизни эса ўз-ўзини бошқариш механизмларига тўсиқ қўйилган.

Хўп! Ҳамма нарса шу даражада ёмон экан, бу нималарда ўз аксини топмоқда?  Наҳотки ҳаётимиз шунчалар ёмон бўлса? Бозорларимиз маҳсулотга тўла, кўчаларимиз фақат ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларга тўлиб-тошиб кетган бўлса… Қурилишларни айтмайсизми, ҳеч қачон Ўзбекистонда бу даражада кўп коттежлар, бинолар қурилмаганди-ку? Албатта бу даражада ўзгаришлар аввал бўлмаган эди. Бу юзаки кўринишнинг тагида нима яширинган?  Келинг, бу сир-синоатнинг ичига бир разм солиб кўрайлик…

Бу ерда ҳамма муаммоларни ёритиб бера ололмасак-да, оддий фуқаро кўзи
билан ҳаётимизга бир назар ташлашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳозир ватанимизда энергия муаммоси катта муаммога айланиб улгурган. Уйларимизда газ, электр энергияси йўқ десак ҳам бўлаверади. Газимиз йўқлигидан уйларимиз совуқ, 2012-2013 йил қишидан зурға чиқа олдик. Уйимизни иситиш учун нималардан фойдаланмадик дейсиз: пахта далаларидан ўғирлаб, кесиб келинган тут дарахти ўтинларидан, боғларимизда ўсадиган
мевали дарахтларнинг ўтинидан, тезак-тапписидан, Ангрен кўмир заводининг (http://www.akb.uz)  ўлса ҳам аланга бермайдиган брикетларидан. Ўзимизнинг тадбиркорлар нимадан тайёрлагани номаълум, қолипланган жисмлардан, дурадгор усталар чиқиндиси бўлган тўпондан, автомобилларнинг эски чиқиндиси,  ҳар ҳил утилизация қилиниши лозим бўлган мойлардан, автомобил балонларию эски резина оёқ кийимлардан, хуллас нима ёнса ўшани ёқдик!

Электр энергияси йўқлигидан шам, Хитойдан келтирилган батареяда ишловчи ёритиш асбобларидан, электр ишлаб чиқарадиган, бензинда ишлайдиган генераторлардан ҳам  фойдаландик. Қиш фаслида маҳаллалар ичида юриб бўлмайди, тутундан нафасингиз қайтиб кетади, йўталиб димоғингиз оғрийди, ваҳоланки, айни пайтда Ўзбекистонимиз еридан  қазиб чиқарилаётган  табиий бойлигимиз бўлмиш газ халқимизга берилмасдан хорижга нақд пулга, қиммат нархларда сотилмоқда.

Масалан: Наманган шаҳрини ўзида ўндан ортиқ автомобилларга газ дамлаш шаҳобчалари мавжуд, бу шаҳобчаларда ҳам машиналарга уйда ишлатиладиган газ метан дамланади, йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар бу шаҳобчаларда газ бор. Бундан ташқари
хорижга сотилаётган газ миқдорини ҳукумат сир сақлайди, бу сирни ташқи манбалардан биламиз холос. Яъни газ ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рейтингини дунё ОАВлари ҳар йил эълон қилади.  Газ йўқлиги муаммосига мажбур бўлиб чидаб келаяпмиз, лекин газ
бўлмаса-да унга тўловлар тўлаш мажбурийлиги одамнинг энсасини қотиради. Масалан, нафақадаги қариялар нафақасидан, ёш болаларга ёрдам пулидан, давлат ташкилотлари ишчи ходимлари, ўқув муассасалари ўқитувчилари маошидан ҳар ой газга, электр энергияси учун қарздорлик бўлмаса-да, тўловлар тўлаш шарт қилиб қўйилган. Бундан ташқари газ бор-йўқлигидан қатъи назар.

Бундан ташқари уйлардаги газ хисоблагичи асбобларини хонадон эгалари ҳар тўрт йилда бир марта ўзлари ечиб олиб, эътибор беринг, мутахассис бўлмаган кишилар ўзлари ечиб олиб, лабораториядан ўтказиб келишга мажбурдирлар. Акс ҳолда газ бўлмаса-да, хонадон ҳисоблагич асбоби йўқ ҳисобланиб, ўрта тўловга ўтказиб қўйилиб, қарздорлиги ошиб кетганини сезмай ҳам қолади. Кўп холларда бундай қарздорлик миллион сўмдан ошиб
кетмоқда, устига устак газ идораси текширувчилари, милиция ходимлари,
маҳалла қўмитаси вакиллари билан биргаликда рейдлар ўтказиб қарздорлиги ноҳақ бўлса-да ошиб кетган хонадон эгаларини бундай ноҳақ тўловлардан бош тортганини кўриб қолишса маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортмоқдалар.

Электр энергияси тўловларини ҳам худди шу зайлда аҳоли қарзи бўлмаса-да тўлашга мажбурлар. Бунга қўшимча қилиб шуни айтаманки: газ йўқлигидан электр энергияси тармоқлари кучланиш билан ишлаяпти ва қиш ойларида бундай кучланиш максимал даражага кўтарилади. Истеъмолчи кўплигидан ва уйларни иситиш учун ҳам электр энергияси сарфи ортишидан тармоқда фавқулодда холатлар юз бериб, трансформаторлар портлаб ёниб кетади. Симларда қизиш пайдо бўлиб, уланган жойларида қисқа тутишув юз
бериб узилиб кетиш ҳолатлари кўплаб бўлади.

Қиш ойларида электр таъминотчи корхоналар ишчи ва хизматчилари  жуда кўп ишлашади, ишчилар симларни, трансформаторларни таъмир этиш билан шуғулланишса, хизматчилар эса факат рейдларга чиқишади. Бу ерда ҳам ноҳақликлар авжида!  Сим
узилса, трансформатор портласа, уни таъмирлаш учун зарур бўлган маблағ аҳоли зиммасига юкланади. Сим узилса, юз минг йиғилади, трансформатор куйса, таъмири учун ҳолатига қараб беш юз мингдан икки, уч миллионгача. Аслида аҳоли билан электр тармоғлари корхонасининг шартномаси бўйича таъмир учун маблағни электр таъминотчи корхона ўз фондидан қоплаши керак. Агарда аҳоли пул йиғиб бермаса, таъмирлаш умид қилиб бўлмас даражада узоққа чўзилиб кетади.
Ўзбекистонда халқимиз турли кўринишлардаги ноҳақликларга ҳар қадамда дучор бўлади. Гарчи ўша ҳар қадамда ҳалқни ҳимоя қилиши керак бўлган милиция ходимлари кўп
бўлса ҳам. Шаҳримиз кўчалари милиционерлар билан тўлиб туради. Гўёки бу ҳар бир шаҳарнинг безаги ва кўрки! Аксар ҳолларда улар ўғри қолиб, тўғриларни қўлга олишади. Масалан: иш йўқлигидан киракашлик қилаётган машина эгаларини ДАН ходимлари тўхтатиб турганини ҳар қадамда учратиш мумкин. Бундан ташқари шаҳримиз марказида савдогарлар учун қулай бўлган бозорлар йўқлигидан, улар кўча куйда савдо қилишга мажбурдирлар. Милиция буларни ҳам ўз ҳолига қолдирмай қувғин қилгани-қилган.

Формали одамлар ўз ҳалқини қувғин қилишини бошқа мамлакатларда ҳам учратиш мумкинмикан? Ўзбекистон ҳукумати учун бундай амалиётлар  уят эмасми? Ўзбекистон ОАВларида тадбиркорлар учун етарли шароитлар яратилгани, тадбиркорликни яна-да ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани ҳақида кўплаб мақолалар ёзилади, нутқлар ўқилади. Амалда эса том маънода бунинг тескариси бўлаётгани юқоридаги мисолларда яққол кўриниб турибди.
Маданият масаласига келсак: Ўзбекистон телевидениеси ва радоси каналларидан берилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар ёш авлодни янгича бузуқ маданиятга оғиб кетишларига сабабчи бўлаётганга ўхшайди. Телеканалларда кўрсатувлар асосан Ўзбекистоннинг қандай “ривожланиб” кетаётанлиги, қандай қилиб “буюк ютуқларга” эришилгани ҳақида бўлиб, бирор корхона фаолияти борасида сўз кетса, албатта ўша корхонанинг камчилиги эмас, балки эришилган “муваффақияти” хақида сўз юритилади.
Телекўрсатувларни асосий қисмини мусиқий дастурлар эгаллаган бўлиб, буларда хонанда йигит-қизларнинг кийиниши, ҳатти-ҳаракатлари ўсиб келаёган ёш авлод вакилларига ўз таъсирини ўтказмоқда. Кўча-куйда, йигитларимиз илгарилари кийиши уят бўлган, аёллар киядиган гулли матолардан тикилган хипча кўйлакларни ўзларига эп кўриб, ясанишлари, қизларимиз эса фоҳишалар каби кийинишга уриниб, елкаси очиқ либослар, мини-юбкалар кийиши Ўзбекистоннинг ҳозирги янги “маданиятига” айланиб улгурди.  Улар кўр-кўрона Европага тақлид қилмоқдалар. Бу йигит-қизларимизнинг муомала маданияти, билими, интеллектуал савияси шунчаликки, улар бирор диний ёки дунёвий масаладан сўз юритилса тушунмайди, тилимизни ҳам бузиб гапиради. Уларнинг бутун хаёли енгил-елпи қўшиқлар-у интернетдаги “Одноклассники” бўлиб қолмоқда.

Ёшларимиз ичида билимли йигит қизларимиз ҳам йўқ эмас, албатта. Европа ва АҚШ давлатларида билим олиб қайтганлари ҳам бор. Лекин қизиғи шундаки, ўша Европани,  АҚШни кўрган йигит қизларимиз Европа маданиятига унақа тақлид қилишмайди, ўзларини ўзбекона юриш туришларини тарк этишмаган. Аслида Европани кўрганлар тақлид қилишлари керак эмасмиди?
Ёшларимиз қандай тарбия топаётганликлари ҳақида ҳам шуни айтмоқчиман: Ота-оналар кўп ҳолларда молиявий қийинчилик туфайли ўз болаларини мактабгача тарбия муассасаларига бермайди. Болалар ўз уйларида, кўпчилиги уй бекаси бўлган оналар тарбияси таъсирида қоляпти.  Кўп пайт қаровсиз қолган болалар кўча чангитиш билан банд ёки патарак учиради. Болалардан “келгусида ким бўлмоқчисан?” деб сўрасангиз “дадамга ўхшаб торвуз-қовун сотаман”, “семечка, сигарет сотаман” дейдиганлари жуда кўп.

Ачинарлиси шуки: хеч қайси бири ё “космонавт бўламан” ё “олим бўламан” ёки ҳеч бўлмаса “муҳандис бўламан”, “программист бўламан” дейдиганини
учратмайсиз. Мактабгача тарбия муассасаларида тарбия топаётган болалар уларга
қараганда яхшироқ дунёқарашга эга, лекин бу ерда ҳам ақлга сиғмайдиган
муаммолар йўқ эмас. Масалан: тарбия масканларини яхшисини топиш қийин, топилса ҳам уларда ҳар бир гуруҳда болалар сони қирқтадан ошиб кетади,  овқатлари сифатсиз, баъзида қуруқ нон, печенье, макарон шўрва. Тарбиячиларидан “нима овқат бердингиз?” дея сўрасангиз, чиройли қилиб  “печёный” бердик дейишади. Яхшироқ суриштирсангиз, нима берганлари маълум бўлади:  қуруқ печеньенинг ўзи холос. Идишларни ювиб қийналиб юрмаслик учун макарон шўрвадан сўнг болалар косага ичгани сув қуйиб беришади. Мана сизга келажак авлод тарбияси. Жуда истардимки, ҳозирги хаётимиз мен кўраёган ёмон тушга айланса-ю, бу уйқудан тезроқ ўйғонсам!

Мени ўйғотинглар, ўтиниб сўрайман!

Ёки дахшатли фильммикан бу?

 

Илҳом Мамедов
Наманган шаҳри