O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу ерда ҳеч кимнинг ҳам ақли-ҳуши жойидамас

Бу ерда ҳеч кимнинг ҳам ақли-ҳуши жойидамас
116 views
29 May 2017 - 10:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(12)

Ўн тўртинчи боб

– Исмингиз нима? – “биродар”дан сўради Ардашер.

– Абдулла!

– Абдуллажон! – деди Ардашер. – Бу ерда ҳеч кимнинг ҳам ақли-ҳуши жойидамас. Ҳаммамиз ҳам сиртимизда кулганимиз билан, ичимизда бу ишларнинг охири нима билан тугаркан, дея зил кетиб ўтирамиз. Тушган жойимиз шундай бир жойки, қувониш ҳам, қайғуриш ҳам ортиқчалик қиладиган вақтлар кўп бўлади. Ихтиёримиз кескин чегараланган бу тубанликда сабр қилмоқлик, умид боғламоқлик ва кутмоқликдан ўзга чора йўқ. Етказилган ғайри инсоний қийноқлар, қўпол муомалалар ҳар одамга ҳар хил таъсир этиши табиий. Ҳар биттаси ўзига хос яратилган бандаларнинг ҳеч қайсилари бир-бирларига ўхшамайдилар. Шундай экан,уларнинг ҳис-туйғулари, эҳтирослари ва ички кечинмалари бир-бирлариникиданкескин фарқланади. Тақдири азал тушунчаси ҳақиқат. Ижтимоий келиб чиқишга ҳам кўп нарсалар боғлиқ бўлади. Инсон тажовузлар ва камситишларга эътиқоди ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Эътиқод ва руҳий ҳолатимиз, ўз навбатида, ижтимоий келиб чиқишимиз билан боғлиқ…

Ардашер сўзини тугатар-тугатмас йигирма ёшлардаги хоразмлик шошқалоқ йигит:

– Мен новини ўйлаётирман, Абдулла оға? – дея сўраб қолди.

Абдулла бир муддат дамини ичига ютиб тургач:

– Зумратни ортиқ ўйламасанг ҳам бўлади энди! – деди унга.

– Ҳов, на учун ўйламийман, оға. Шу қиза ўйланаман дап шу жойлара галиб душдим! – деди у.

– Бир ҳафта қолди. Зумратнинг тўйи бўлади. У сени шу вақтгача алдаб юрган! – деди Абдулла ҳансираб, елкасидан чуқур нафас оларкан. – Зумрат билан бир мактабда ўн йил ўқигансизлар. Болалик чоғларингиздан бир-бирларингизни яхши кўргансизлар. Зумратнинг сени Хоразмдан Тошкентга чақиртиришининг сабаби, ўзи баҳона қилганидек, соғинганидан эмас. Битта босқичда ўқийдиган Нурхон исмли қашқадарёлик йигитнинг бир йил аввал, уйланаман дея уни бузиб қўйгани учун эди. Зумратни қорнида икки марта ҳомила бўлиб, иккаласини ҳам Нурхон таниш дўхтирига олдириб ташлатган. Охирги пайтларда Нурхоннинг Зумратга қиё боқмасдан юргани қиз учун оғир зарба бўлди. Унинг бу талафотни сенинг қўлинг билан бартараф қилмоқчи бўлгани бошингга оғир мусибат олиб келди. Нурхоннинг ҳар ойда жазманларини пайпоқ сингари тез-тез алмаштириб турадиган ахлоқи бузуқ хотинбозлигини Зумрат яхши билса-да, сени чақириб ўзининг кимлигини унга кўз-кўз қилмоқчи бўлганди. Яъни, сен жонингдан ҳам яхши кўрадиган ўша қиз хушторига,“Мен кераксиз тош эмасман, изларимга зор бўлиб юрадиган сон мингта йигитлар бор!” деб мақтанмоқчи эди. Талабалар шаҳарчасида сенинг Зумрат билан кечаникеча, кундузни кундуз демай яйраб юрганингни кўрган Нурхонга, табиий, бу нарса ёқмаган, албатта. Аслида бошингга бало бўлган нарса ўта келишган йигит бўлганлигинг. Нурхоннинг ғайирлигини қўзитган жиҳат ҳам мана шу эди. У аввалидаавомбош қишлоқдошларини ёллаб, сени қўрқитиб, шаҳардан ҳайдаб солмоқчи бўлди. Аммо улар бу сафар кимга дуч келаётганларини билмас эдилар. Сенинг ҳеч нимадан қайтмайдиган феълинг борлигини сезганларида, сенга яқинлашмаган бўлардилар. Биринчи марта сени тўрт кишилашиб калтакладилар. Иккинчи мартасида Зумрат билан қаҳвахонада овқатланиб ўтирганингда, орқангдан ўн кишилашиб кузатиб келиб, ҳамманинг олдида сени шарманда қилмоқчи бўлдилар. Талабалар шаҳарчасидагиларнинг кўпи уларни яхши таниганлари учун ҳам сени бадном қилиб, масалага нуқта қўйишни режалаштирган эдилар. Сен уларнинг чангалидан отилиб чиқиб, чироқни ўчирдинг. Ошхона пичоғини қўлингга олдинг-да,иккитасини ўша жойда чавақлаб ўлдирдинг. Қолганлари жонларини асраб қолиш учун жуфтакларини ростладилар. Яхши кўрган қизингнинг номи булғанишини истамаганинг учун терговда барча айбни ўз бўйнингга олиб катта хатога йўл қўйдинг.Зумрат шу ҳодиса рўй берган куннинг эртаси Нурхоннинг олдига бориб, катта тўй қилиб, ундан ўзига уйланишни талаб қилди. Жиноятнинг таги очилиб қолишидан қўрққан Нурхон қизнинг уйига дарҳол совчилар жўнатиб, никоҳ кунини белгилатди. Тез кунда уларнинг тўйлари бўлади!

Абдулла сўзини тугатар-тугатмас ҳамманинг эътибори Икромга қадалди.

Ошиқлиги орқасидан жаллодга айланган йигит яшин урган дарахтдай ўз ёғига ўзи қовурилаётган эди. У иккинчи қаватдан бошини пастга осилтириб тураркан, икки кафти билан юзларини ишқалаб уф тортиб юборди. Бу нишона Абдулланинг ўқни мўлжалга бехато урганидан дарак берарди.

Абдулланинг топағонлигидан жонланган маҳбуслар тезроқ тақдирлари хусусида билишни истардилар. Руҳиятида ҳақиқатдан ҳам ўзгариш пайдо бўлганини билган Абдулланинг эса юрагига қил сиғмасди.

У атрофини ўраган камерадошларининг ўзлари ҳақида айтиб беришни сўраб қилган илтимосларига жавобан:

– Бундай йўл тутсам, Тангрининг ғазаби келади! – деди. – Бандасининг тақдирини ўқиш гуноҳи азим. Яратганнинг ишига бурун тиқиб нима қиламан.

– Тангри шуни хоҳламаганида сизга бундай мўъжиза бермаган бўларди! – деди Ардашер. – Хоҳлаптики, фазилат ато этипди. Ўзи бермаса, ялиниб ҳам ололмасдингиз. Шундай экан, уни ичингизда сақлаб нима қиласиз? Ҳунарни ишга солинг, инсонлар баҳраманд бўлсинлар!

‒ Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Парвардигори оламдандир. Мўъжиза эса, пайғамбарларга берилади. Мен оддий ва пешонаси шўр бир бандаман. Бироқ мендаги бу ҳолат руҳий хасталик аломати. Миршабларнинг аччиқ таёғи ва таҳқирлашларидан кейин шунақа бўпқолдим, – деди Абдулла. Товуши тез югурганидан нафаси сиқиб қолаётган одамга ўхшаб ҳансирай-ҳансирай чиқди. – Бу “кароматим”нинг охири жиннилик билан тугайди-ёв!

– Қўйсангиз-чи! – деди Ардашер ўғлига сабоқ бераётган отадай сўзларини салмоқлаб. – Йўқса, авлиёлар ва кароматгўй эшонлар жинни эканлар-да.

– Улар меҳнат машаққати, илм-маърифат, ҳалол луқма, тақво ва ихлос билан комилликка эришган зотлар. Уларнинг йўриғи бошқа! – деди Абдулла. – Мен таёқ зўридан мулло бўлдим. Миямнинг пўстлоғида қандайдир ҳимоя воситалари шикаст еди. Ўша нуқталар марказий мия бошқарувига итоат этмасдан, ўзларича ишлаяпти. Менинг ҳолатим кийимини ечиб қайноқ кун тиғида ёки қаттиқ совуқда қолган яланғоч тананинг ҳолатига ўхшайди. Ҳимоясиз тўқималар жон сақлаш илинжида паноҳ қидириб дуч келган жойга бошини тиқмоқда. Турган маконларидан оёқлари узилиб, бошқаларнинг мия кенгликларига уриб кириб, ёзилиб қолган ахборотларни ўқимоқда. Қиёсан айтганда, мия тўқималари ночор аҳволга тушиб, тўлқин юбориш йўли билан ўзгалар мулкида қароқчилик билан шуғулланяпти. Қароқчиликнинг охири войлиги барчамизга аён!

Абдулланинг ақлга сиғмайдиган ғалати сўзлари ҳаммани фаромуш қилиб қўйди. Маҳбуслар нима дейишларини билолмай қолдилар. Унинг очиқдан-очиқ ўзининг жинни бўлишини башорат қилиши маҳбуслар кўнглини хуфтон қилди. Шундай ҳам совуқ қабрга ўхшаб кетадиган камера баттар тундлашди.

Тутқинлар дилига ғулғула солиб қўйганидан хижолатда Абдулла вазиятни бир оз юмшатмоқчи бўлди:

– Мени тўғри тушунинглар, мен жинни бўлсам-бўлмасам энди ўлган одамман! – деди у. – Менга ёмон айб тўнкашди. Бу модда билан қамалган одам қамоқхонадан тирик чиқмайди. Орқамда кўзимнинг оқу қораси бўлган битта қизим қолди. Унинг ҳаёт йўли ҳам бузилиб бўлган. Кун-тун шу фарзандимни ўйлайман. Бу дунёда бошқа қиладиган ишим қолмади!

Унинг товуши хириллаб қолди. Кўзларидан ёшлари оқди, шекилли, тўни ёқасини тиклаб, юз-кўзларини артди. У ҳали ҳам ҳансираб, елкасидан зўрға нафас оларди. Ҳамма ичида, бояқиш узилиб қолмаса гўрга эди, деб жон ҳовучлаб ўтирарди.

 Унинг тили сўзга айланмай қолгач, бошқалар ҳам тиниб қолди. Ҳар бири ўзи ҳақида билгиси келиб турган бўлса ҳам, сўрашга юрак бетлаб ботина олмасди. Бу сукут осмонўпар тоғлар юкидан ҳам залворлироқдек эди. Яъни, оддий сукунатга унчалик ҳам ўхшамайдиган бу жимлик замирида бошларни тиғсиз кесадиган қутқу бордай, юракларга қандайдир ваҳима ва совуқлик оралади. Оёқлар увишиб, нафаслар сиқила бошлади. Бирпасдан сўнгра камера таги-туги билан портлаб, дунё йўқ бўлиб кетадиганга ўхшарди…

Узоқ йиллар ўқувчиларга сабоқ бериб, инсон руҳиятини сўзсиз уқишга ўрганиб қолган Абдулла ўзи юзага келтирган оғир муҳитдан ўзи хижолатда эди. Маҳбусларнинг изтиробларини у қалбан ҳис этаркан, диқ бўлган юраги ёрилай дерди. Оғир жимликни вужудга келтиргани учун у ўзини ичидан гуноҳкор санаётганди. Адашган йўловчи рўпарасидаги минг бир йўлнинг қайси биридан юрса манзилига етиши мумкинлигини билолмай боши қотгандай, унинг ҳам боши қотган эди. Қандай қилса камерадошлари кайфиятини ўзгартира олишини тополмай у ҳайрон бўлиб қолди. Латифанома гурунглардан сўзласа, ўрни эмас, жиддий нарсалар ҳақида оғиз очса, бу азада нутқ сўзлагандай бир гап бўлади. У бу каби мураккаб бир вазиятдан чиқиш ўзи учун осон кечмаслигини яхши тушунарди. Ҳар жойнинг ўзига яраша гап-сўзи ва ҳангомаси бўлгани каби, бу ерларга ҳам ярашадиган гаплар ва ярашмайдиган гаплар бор. Ўз ҳаётидан ҳикоя қиламан деса, ўйлашича, бунинг бировларга ибрат бўладиган жиҳати йўқ. Қолаверса, у “мағзавангни бировлар устидан қуйганингдан нима наф” деб ҳисоблайдиган кимсалар тоифасидан эди.

– Абдулла ака! – деди сукунатнинг темир пардасини йиртган Ардашер. – Узр, боя адашипман, мендан ёшингиз анча катта экан. Майли, сизнингча бўлсин! Ўйлаб қарасам, бировлар тақдирини ўқиш – фол очгандай бир гап. Бу динимизда ҳам қораланади. Ўзингиз ҳаққингизда бирор нима гапириб беринг. Мотам тутиб ўтирган билан тонг оқариб қолмайди.

– Нима десам экан! – деди Абдулла. – Майли, сизларга қизиғи бўлса, сўзлаганим бўлсин. Бу дамлар ҳам омонат. Имкони борида, юрагимдаги дардларимни тўкиб солсам, балки юким бироз енгиллашар! Ҳақиқатан ҳам ўз ҳаётимдан кўра, бошқа бир тузукроқ биладиган соҳам йўқ. Мабодо ҳеч бир жиҳати билан ибрат бўла олмайдиган ҳаётим тарихи сизларни зериктирса, айтасизлар, ҳикояни калтароқ қиламан. Келишдикми?

Ҳамма унинг иддаоларига чуқур бир сукут билан ризолик билдирди. Уларни сўзсиз англаган Абдулла ҳам, қарийиб бир дақиқадан кўпроқ дамини ичига ютиб турдида, кейин шикаста бир товушда ҳикоясини бошлади.

– Касбим ўқитувчи. Математика фанидан дарс берардим. 1955 йилда Тошкентнинг “Б” даҳасида туғилганман. Ота-онадан ёлғиз фарзандман. Отам ҳам, онам ҳам ўқитувчи эдилар. Иккалаларининг ҳам дорулфанодан дорулбақога рихлат этганларига анча бўлди. Тирик бўлганларида, бу кўргуликларга чидаш бера олмасдилар.

Хуллас, мен ота-онам дарс берган мактабда ўқитувчилик қилардим. Эрта уйлаб қўйган бўлсалар ҳам, жуда кеч фарзанд кўрганман. Ўзим ҳам ота-онамнинг ёши бир жойга борганда туғилганман. Советлар замонида бировлар қўлида қарам бўлсак-да, ўзгалар фойдасига ишлаб чиқилган дастурлар ўзимизга қарши йўналтирилган бўлсада, мактаблардаги шарт-шароит ҳозиргисидан юз чандон яхшироқ эди. Ўқувчилардан пора олинмас, ойлик  маошлар вақтида бериларди. Ўша замонларда хотиним билан иккаламизнинг топган пулимизга бемалол яшардик. Отамдан қолган шинам ҳовлим ва тагимда машинам бор эди. Мустақиллик бўлдию, барчаси бир кунда ўзгариб, озод бўлдик деб суюнганларимиз пуч бўлиб чиқди, ёмғирдан қочиб, дўлга тутиндик. Мояна билан умргузаронлик қилиш қийинлашиб бораверди.

Давоми бор