Бугун “Бу кунлар” кун мавзусига айланган. Унинг муаллифи ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхоннинг Тошкентга келиши билан ҳибсга олиниши ортидан кўтарилган шов-шув ушбу асарни ўқиб чиқиш истагини уйғотди. Унда қандай сир бор эканки, Ўзбекистоннинг эндигина тикланаётган обрўси довга тикилди. Зеро адибнинг қамалгани тўғрисида Рейтерс агентлиги, ВВС, РИА Новости ва бошқа нуфузли хориж ОАВлари хабар тарқатди, ижтимоий тармоқлар тинмасдан бонг урмоқда, асарни ўқишни истаганлар кўпайгандан кўпайди. Ҳозиргина Нурулло Рауфхоннинг озод этилиши талаб қилинган очиқ хатга олти юздан зиёдроқ талабгор қатори қўшилдим. Иш шу билан тўхтаб қолмаса керак…
Асарни ўқишим билан, айтишим керакки, туйғулар, ҳиссиётлар, хотиралар, тасаввурлар қоришиб кетди. Наҳотки биз 25 йил давомида эшитиб келганларнинг барчаси ёлғон, барчаси эртак, умид билан кутганларимиз сароб бўлиб чиқса, деган савол туғилди.
…Асар 20 та рамзий бобга бўлинган. Ҳар бири бир муҳим мавзуга бағишланган бўлиб, уларни Ўзбекистоннинг янги тарихидаги битта устунга қиёслаш мумкин: мустақилликнинг қўлга киритилиши, 16 февраль воқеалари, ОАВ эркинлиги, Фонд Форум, Конституция ваҳоказо. Муаллифнинг қамалиши асарни инкор этиш, ҳақиқат юзига яна бир неча ўн йиллар парда тортиш бўлса, унинг тез орада қўйиб юборилиши янги тарихимиздаги 20 та забардаст устуннинг қулашини англатади. Натижада Ўзбекистон тарихи қайтадан ёзилиши керак бўлади. Ёзувчининг қўйиб юборилиши Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам янги даврга қадам қўйганини англатади.
Бу асарни ёзган одам Ўзбекистонга қайтар экан, энг ёмон оқибатларга ҳам доимо тайёр турганига ишончим комил. Шу билан биргаликда, сўз ва эътиқод эркинлиги борасида ижобий ўзгаришлар бўлишидан ҳали ҳам умидимни узганим йўқ.
Дарвоқе, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондек инсоннинг қамалиши бошқалар учун жиддий огоҳлантириш сигнали ҳамдир. Ҳақиқатга тоқатсизлик эса Ўзбекистонни бир неча ўн йилларга туман ва булутлар ортига улоқтириб юборади. Токи бугунги одамларга ҳеч қайси ришталар билан боғланмаган, соғлом фикр, соғлом тафаккур ёки бошқача ғояларга эга авлодлар даври бошланмагунча…
Санжар Саид