O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Бу КУН учун тайёргарлик кўрмоғинг лозим…”

“Бу КУН учун тайёргарлик кўрмоғинг лозим…”
184 views
09 August 2017 - 6:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(12)
(давоми)

Ибн Масъуддан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Қиёмат куни узоқ кутиш оқибатида, ўз терига ботиб, бўғилаётган кофир, “Ё, Рабби, жаҳаннамга юборсанг ҳам, мени бу аҳволдан қутқар!” деяжакдир”.

Ибн Аббосдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Ҳар пайғамбарнинг мутлақо қабул этилган бирор дуоси бордир. Мендан бошқа пайғамбарлар бу дуоларини дунёда қилгандир. Мен эса умматимга шафоат этмак учун бу дуони Қиёмат кунига сақладим. Ҳей, мен Одам болаларининг каттасиман, аммо буни мақтаниш мавзуси қилмайман. Мозорининг тупроғи илк ёрилажак бўлган менман. Фақат буни ғурурланиш мавзуси қилмайман. Қиёмат кунида ҳамд санжоғи менинг қўлимда бўлажак, Одам ва унинг наслидан келган инсонлар шу санжоқ остида тўпланажаклар. Фақат буни ҳам мақтанишга мавзу этмасман”.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзларини шундай давом эттирган экан:

Қиёмат куни инсонлар катта машаққат ва қайғу чекажаклар. Бу вазиятда улар аввал ҳазрати Одамга мурожаат қилиб, “Эй, инсонларнинг отаси, Роббинг ҳузурида бизга шафоатчи бўл, бизнинг даъволаримизни ҳал этсин!”, дейдилар.

Ҳазрати Одам инсонларга шундай дейди:

Бу ерда бундай ваколатим йўқ. Чунки бир гуноҳим сабабли жаннатдан чиқарилгандим. Ҳозир мени фақат ўз нафсим ташвишлантирмоқда. Сизлар ҳазрати Нуҳга мурожаат қилингиз. Чунки у Расулларнинг илкидир, – деб жавоб беради Одам алайҳиссалом.

Инсонлар ҳазрати Нуҳнинг ёнига бориб, “биз учун Оллоҳ қатида шафоатчи бўл, бизнинг даъволармизни ҳал этсин”, дейишади.

Ҳазрати Нуҳ уларга “Бу ерда бундай бир ваколатим йўқ. Чунки дунёда қилганим бир баддуо сабабли, мен ер юзидаги бутун жонлиларнинг ўлишига сабабчи бўлдим. Энди мени фақат ўз нафсим қизиқтиради. Сиз Оллоҳнинг дўст тутингани ҳазрати Иброҳимга боринглар”, деб жавоб беради.

Инсонлар ҳазрати Иброҳимнинг ёнига бориб, илтимосни такрорлайдилар, аммо у ҳам: “Бу ерда бундай ваколатим йўқ. Чунки мен ислом учун уч марта ёлғон сўйладим. Бугун мен ўз нафсим ташвишидаман. Сизлар Оллоҳнинг бевосита гаплашгани ҳазрати Мусога мурожаат қилинглар”, деб жавоб беради.

Одамлар ҳазрати Мусога ҳам айни илтимосни такрорлашади, ҳазрати Мусо уларга: “Менинг бундай ваколатим йўқ, чунки мен бир кишини ноҳақ ўлдирдим. Энди фақат ўз нафсимни ўйлаяпман. Сиз Оллоҳнинг руҳи ва сифатларини ташиган ҳазрати Исога мурожаат этинг”, дейди.

Айни мурожаатни тинглаган ҳазрати Исо одамларга шундай жавоб беради:

Менда бундай бир ваколат йўқ. Чунки мен ва онамни, Оллоҳдан ташқари, иккита илоҳ дейишди. Бугун мен ўз нафсимдан бошқа бирор нарсани ўйлайдиган аҳволда эмасман. Аммо сизлар, айтингларчи, бир қийматли нарсани қути ичига қўйиб, уни муҳрласангиз, муҳрни очмасдан туриб, у қийматли нарсани олиш мумкинми?, – дейди ҳазрати Исо.

Одамлар “мумкин эмас”, деб жавоб беришади.

– Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарларнинг муҳридир. Бугун у берган сўзини тутишга қодир вазиятдадир. Чунки унинг эски ва янги – бутун гуноҳлари кечирилгандир. Демак, унга мурожаат қилинглар!, – дейди ҳазрати Исо.

Шунда инсонлар менга мурожаат қилишади. Мен уларга: “Ҳа, бу мавзуда менинг ваколатим бор. Аммо менинг шафоатим фақат Оллоҳнинг истагани ва рози бўлгани қуллар учун ўтади”, дейман.

Кейин Оллоҳ жонлилар орасидаги даъволарни қўлга олганида, “Муҳаммад билан унинг уммати қаерда?” деган сас келади.

Бизлар умматларнинг сўнггиси бўлсак ҳам, аслида, биринчисимиз. Яъни Қиёмат куни илк ҳисобга тортилажак жамоатмиз. Бунга кўра чақириламиз, мен ва умматим оёққа қалқамиз. Бошқа умматлар бизга йўл очадилар. Биз бу очилган йўлдан кўркам бир шаклда, тозалигимиздан порлаб ўтамиз. Бизни кўрган бошқалар фардларининг ҳар бири худди пайғамбар каби”, дейишди ҳавас билан.

Сўнгра мен жаннат дарвозасига бориб, уни очишларини сўрайман. Ичкаридан “ким у?” дейишади. Мен эса “Мен Оллоҳнинг Расули Муҳаммадман”, дейман.

Шунда дарвоза очилади.

Ичкарига кирганим заҳот, саждага бош қўйиб, на у КУНга қадар айтилган, на-да ундан кейин сўйланажак ифодалар билан Оллоҳга ҳамд айтаман.

Бироз сўнгра менга “Кўтар бошингни, тила тилагингни. Не истасанг, берилажак. Шафоатчи бўл, шафоатинг қабул қилинажак”, дейилади.

Шунда мен бошимни кўтариб, қалбида бир арпа донаси қадар ва ёки зарра қадар иймони бўлган, инониб, ихлос билан “Ла илаҳа иллоллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деган ҳар ким учун шафоат истайман”.

Айтишларига кўра, ҳазрати Умар (ундан Оллоҳ рози бўлсин) бир куни масжидга борганда, у ерда Қаоб-ул-Аҳбор жамоатга ваъз қилаётганди.

Ҳазрати Умар (ундан Оллоҳ рози бўлсин) унга “Ё, Қаобул Аҳбор, бизга қўрқитгувчи нарсаларни айтиб бер”, деди. Қоабул Аҳбор:

Оллоҳнинг шундай малаклари борки, Оллоҳ уларни яратгандан бери қиём ҳолида турибдилар. Уларнинг ёнидаги бошқа бир гуруҳ малаклар сурга пуфланажак КУНга қадар сажда ҳолида қолажаклар.

Бу малакларнинг ҳаммаси “Оллоҳим, Сени нуқсонлардан танзиҳ этиб, Сенга ҳамд ўқиймиз. Сенга лойиқ шаклда ибодат этолмадик”, дейдилар.

Нафсимни қудрат қўлида тутган Оллоҳга ямин этаманки, Қиёмат КУНи жаҳаннам инсонларга яқинлаштирилганда, унинг даҳшатли ўкириши эшитилажак. Жаҳаннам инсонларга яқинлашганда бу наъра шундай кучаядики, бутун махлуқот, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам тиз чўкиб юборадилар.

Бутун пайғамбарлар, шаҳидлар, сиддиқлар “Ё Рабби, бугун сендан фақат ўзимнинг қутулишимни тилайман”, деб юборадилар. Ҳатто ҳазрати Иброҳим ўғиллари Исмоил ва Исҳоқни унутиб, “Ё, Рабби, мен сенинг дўстинг Иброҳимман”, деб юборади. Эй, Умар у КУН етмиш пайғамбарнинг амали каби амалинг бўлсада, қутилолмайман, деб ўйлайсан”, – деди.

Қаобул Аҳборнинг бу сўзларини эшитган жамоат ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади.

Ҳазрати Умар уларнинг бу қадар йиғлаганини кўриб, “Ё, Қаоб, бизга бир оз севинтирадиган нарсалардан айтиб бер”, деди. Қаоб-ул-Аҳбор:

Сизга муждалар бўлсин! Оллоҳу Таолонинг уч юз учта тамойили бор. Булардан ҳар қайси бирини бажо келтириб, калимаи тавҳидни айтган ҳар қандай қулни Оллоҳ Таоло жаннатга киритади. Агар Оллоҳнинг раҳмати моҳиятини билсангиз, амал ишлаш борасида секин ҳаракат қилардингиз, – деди.

Биродарим, қисқаси солиҳ амаллар билан ва гуноҳлардан сақланиб, бу КУН учун тайёргарлик кўрмоғинг лозим.

Билки, сен ўлган кунинг, сенинг Қиёматинг қўпди, демакдир. Зеро, саҳобийлардан Муғира бин Шуъба (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай деганди: “Сиз Қиёмат, Қиёмат деб жавраб юраверинг. Аслида, ҳар бирингизнинг ўлимингиз – сизнинг қиёматингиздир”.

Айтилишига кўра, саҳобийлардан Алқома бин Қайс (ундан Оллоҳ рози бўлсин) бир кишининг жанозасига бориб, ўлик тупроққа кўмилгандан сўнг “мана, энди бу қулнинг қиёмати қўпди”, деганди.

Алқоманинг бундай дейишининг сабаби шудир: Инсон ўлганда Қиёмат куни манзараси билан қаршилашади. Масалан, Жаннатни, Жаҳаннамни, малакларни кўради. Яъни , у пайт ҳеч бир амалнинг фойдаси бўлмайди. Ўликнинг амал дафтари муҳрланиб, у Қиёматда ўлган кунги амал сони билан тирилади. Демак, сўнгги нафасни хайирли шаклда олган инсон бахтлидир.

Абу Бакр-ул-Воситий “Хайир (яхшилик) ва неъмат учга бўлинади:

1.Қулнинг Оллоҳга ибодат билан умрини ўтказиши бу ҳаётдаги неъмат.

2.Қулнинг ўлаётиб, “Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, дейиши бу – ўлаётгандаги неъмат.

3.Қиёмат куни неъмати – қулнинг жаннат билан муждаланишидир.

Айтилишига кўра, бир куни саҳобийлардан бири Яҳё бин Муознинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) қатнашаётган бир мажлисида шу оят ўқилди:

“Биз у КУН муттақийларни (тақводорларни) Раҳмон ҳузурида ҳайъат ҳолида тўплаймиз, мужримларни эса сувга ташна ҳолда жаҳаннамга ҳайдаймиз. (У КУН) Раҳмон қатидан аҳд олмаганлар мустасно, ҳеч ким шафоат этишга молик бўлмайди” (“Марям” сураси, 85-87).

Бу оятдан сўнг Яҳё бин Муаз шу сўзларни айтди:

Тўхтанг. Тўхтанг. Эртага мажлис ерида гуруҳ-гуруҳ олиб келинасизлар ва битта-битта чиқиб, қилган ишларингиз ҳақда Оллоҳга ҳисоб беражаксиз.

Оллоҳнинг дўстлари гурас-гурас, ўз уловларида, Унинг ҳузурига келадилар. Гуноҳкорлар эса, сувсиз ва яёв, гуруҳ-гуруҳ жаҳаннамга қараб ҳайдаладилар.

Булар ер парча-парча бўлиб, Оллоҳнинг амри келган он, малакларнинг саф-саф тизилиб, инсонларнинг изтироб чекишлари орасида жаҳаннамнинг пайдо бўлгани КУН юз беради.

У КУН тортишма кунидир.

У КУН ҳисоблашма кунидир.

У КУН амалларнинг тарозига солингани кун.

У КУН сўроқ кунидир.

У КУН зилзила куни.

У КУН фарёд ва фиғон кунидир.

У КУН мутлақо юзма-юз қаршилашадиганингиз кундир.

У КУН соч-соқолинг тўкиладиган кундир.

У КУН қабрдан тирилиб чиқадиганинг кун.

У КУН инсоннинг ўз қўллари билан қилган ишларини кўрадигани кундир.

У КУН баъзи юзларнинг оқаргани, баъзиларининг эса қорайгани кундир.

У КУН дўстнинг дўстга фойдаси тегмаган бир кундир.

У КУН ҳийланинг, лўттибозликнинг соҳибига ярамаяжаги кун.

У КУН ота-онанинг фарзанди ўрнига, фарзанднинг ота-она учун масъул бўлмаяжаги бир кундир.

У КУН золимлар баҳона тополмайдиган, уларнинг лаънатга ва қўрқинчли маконга лойиқ кўрилажаги кундир.

У КУН ҳар ким ўз нафси билан талашиб-тортишиб келадиган кундир.

У КУН эмизикли хотинларнинг эмизган гўдакларини унутадиган, ҳомиладорларнинг эса ҳомиласини туширадиган кундир.

У КУН инсонлар сархуш кўринажак, аммо улар сархуш эмас, балки Оллоҳнинг азоби шу қадар оғир бўлажак.

Муқотил бин Сулаймон шундай дейди:

Қиёмат куни инсонлар юз йил давомида, бўғзига қадар ўз терларига ботган ҳолда; кейин яна юз йил қоронғилик, саросима ичида; яна юз йил бир-бири устига йиқилган ҳолда, Оллоҳнинг муҳокамасини кутажак.

Айтишларига қараганда, Қиёмат куни 50 минг йил давом этади. Аммо бу муддат холис мўмин учун бир соат каби кечар.

Эй, ақлли инсон! Шундай экан, дунё машаққатларига чидаб, Оллоҳга давомли ибодат этишинг керакки, Қиёмат куни изтиробларини осон ошиб ўтгин. Тўғрини топдирган фақат Оллоҳдир.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси