O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу кўрганинг ҳақ тушдур…

Бу кўрганинг ҳақ тушдур…
244 views
09 April 2016 - 6:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 29

(давоми)

АЗОННИНГ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ

Ҳар намознинг вақти кирганда масжидга жамоат йиғилиши учун йироқ-яқинда турган мўминларга билдириш керак эди. Бу тўғрида қандоқ чора кўрамиз, деб Пайғамбаримиз саҳобаларига маслаҳат солдилар.

Алардан бирови: «Ё, Расулаллоҳ, ҳар намоз вақти кирганда эгиз жойга байроқ чиқариб осайлик», деди. Ухлаган одамга, кўрмаган кишига фойдаси йўқлигидан, буни маъқул кўрмадилар. Яна бирлари тепалик устига ўт ёқиш маслаҳатини кўрсатди. Бу иш оташпарастлар иши, деб бунга ҳам рози бўлмадилар. Тағин бировлари туриб, ҳар намоз вақтида буғ (карнай) чалайлик деди. Яҳудларнинг ибодат вақтидаги одатлари бўлганликдин Расулуллоҳ буни ёқтирмадилар. Чунки яҳуд, насороларга қайси ишда бўлсин тақлид қилмоқни суймас эдилар. Яна баъзилари қўнғироқ чалишга маслаҳат берди. Бу иш ибодат кунларида насоролар феъли эди. Пайғамбаримиз буни ҳам хоҳламадилар. Охири бир сахоба:

— Ё Расулаллоҳ, ҳар намоз вақти кирганда бир одам туриб вақти намоз, вақти намоз деса, бўлурми?— деди.

Пайғамбаримиз буни бўлур, деб қабул қилдилар. Ҳар намоз вақти кирганда шу сўз билан бир киши қичқирур эди. Бу қичқирувчилардин бири мадиналик саҳобалардин Абдуллоҳ ибн Зайд деган киши эди. Бир кеча ул кишига уйқу-уйғоқ оралиғида бир кимса кўриниб:

«Мўминларни намозга чақирур бўлсанг, мана шу сўзларни айтиб қичқиргил», деди:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, ҳайя алас сола, ҳайя алас сола, ҳайя алал фалаҳ, ҳайя алал фалаҳ, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ» билан тамом қилурсан, деб ғойиб бўлиши ҳамон уйғонди. Шу онда Расулуллоҳ ҳузурларига келиб, бу кўрган тушларини баён қилди. Анда Пайғамбаримиз:

— Албатта, бу кўрганинг ҳақ тушдур. Мен ҳам Меърожга чиққанимда бир фариштанинг аршда шундоқ азон ўқиганини кўрган эдим, — дедилар. — Бу калималарни Билолга ўргатгил, ул сендин кўра унликроқдур (товуши баландроқ) — дедилар.

Шундан сўнгра ҳазрати Билол шу калималар билан азон айтгани турди. Бутун Ислом оламига шу тартибда азон айтишлик суннат бўлиб қолди. Буни устига Ҳазрати Умар шошилган ҳолда келиб:

— Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ҳаққи, мен ҳам шу Билол айтган азонни тушимда кўрдим, — деди.

Ҳар намоз вақти кирганда азон айтмоқлик, ўқилур чоғида такбир туширмаклик шу кундин бошлаб, суннат бўлди. Хазарда, сафарда ҳазрати Билол ва Умму Мактум Пайғамбаримизнинг муаззинлари эдилар. Иккинчиларининг кўзлари ожиз бўлса ҳам, кўзи очиқлардин вақтни яхшироқ билар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ «Билолнинг азони сизларни саҳарлик ейишдан қолдирмасин, Умму Мактум азон айтганчалик, еб ичинглар», дедилар. Чунки ҳазрати Билол таҳажжуд намозига уйғотмоқ учун тун ярми ўтгандан сўнгра азон айтур эди. Икки ҳарамда шу кунгача бу одат жорийдур. Эрта намозига тонг отишдин илгари ва унинг кейинида азон ўқилур. Ҳар фарз намозининг вақти кирган сўнгида азон айтишлик, намоз ўташ олдида такбир туширишлик, намозга киришганда «Аллоҳу акбар» демаклик, беш вақт намозни жамоат билан ўтамаклик, ҳар ракатда руку, сажда қилмоқлик, ҳафтада жума намози, ҳар йилда икки ийд намози ўқимаклик, мана булар бўлса, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига хос ибодатлардур. Ўтган пайғамбарлар умматларининг диний ибодат тартиблари бундоқ эмас эди.

(давоми бор)