
“Озодлик” Радиоси орқали “Свет йўқлигидан шикоят қилган йигит бесоқолбозликда гумонланмоқда”, “Шикоят учун қамашлар бошландими” сарлавҳалар остида тарқатилган хабарлардаги Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқди…” дейдилар муаллиф ўз чақириқларида…
Мен “Озодлик”даги ҳамкасбларнинг ҳаммасини ҳам оқламоқчи эмасман.
Радиодаги айрим ҳамкасбларимизнинг гоҳида эфир вақтини тўлғазиш учунгина мантиқсиз жаврашлари баъзида ўзимнинг ҳам қон босимимни кўтариб юборади….
Бироқ, бу деганим, “Озодлик” ёлғонларга асосланиб эшиттириш тайёрлайди дегани эмас. Дастурларда кўтарилган мавзулар ҳақиқатдан йироқ, интервью берган одамлар хаводан олинган деб ўйласангиз, хато қиласиз.
Ва яна, энг муҳими, ҳозир демоқчи бўлганларимни Саиджаҳон Зайнобитдинов бахона, кўпдан дилимга тугиб юрган гапларимни унинг ёзганлари ёрдамида тўкиб солсам дегандим….
Дилимга “тугиб қўйганларим”, “тўғри гап туққанингга ёқмайди”ганларга, тўғри гапга тарсаки тортадиганларга, “Озодлик”га тош отганларга тааллуқли:
Мен Зайнобитдинов ёлғон гапирди, “Озодлик”ка бўҳтон қилди деган фикрдан йироқман.
Зайнобитдинов ҳақ. “Озодлик”ка интервью берган “… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқ”қан бўлса бордир.
Битта лекини бор.
Маълум бир масалани таҳлил қилиш ва ё муаммони ўрганаётган бир пайтда объектив ва субъектив сабабларига ҳам эътибор қаратиш керак.
“… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқди…”ми?
“Озодлик”га арз қилган шахс аслида “мавжуд” бўлмаса, бунга ким айбдор?
Минглаб километр узоқликдаги “Озодлик”ми? Ҳориждаги ҳамкасбларми?
Масалага ҳолисона ёндашиб кўрайлик.
“Озодлик”га электр йўқлигидан ёзғирган “… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқ..”иши юртдошларимизнинг қўрқоқлиги натижаси эмасми?
“Озодлик”га арз қилган “… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқ…”иши Ўзбекистон режимининг касри эмасми?
“Озодлик”га арз қилган “… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқ…”ишга Ўзбекистон Ҳукумати бош айбдор эмасми?
Нега дейсизми?
Мен бу ҳолатни ўз ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб шарҳласам, фикрларимга ўз фаолиятим мисолида аниқлик киритсам дегандим:
Қашқадарёда ўқувчилар ҳам пахтага жалб этилгани ҳақиқат. Қашқадарёда ҳокимлар кунлик пахта режасини уддалай олмаган ташкилот раҳбарини мажлислар залида калтаклагани ҳам бор гап.
Халқнинг юқоридаги кўркуликларини тасвирга муҳирлаган ҳамкасбимиз Умидахон менга қўнғироқ қилиб, ўз вилоятига таклиф қилиб қолди.
“Опажон, видеотасвирларни олиб қўйиш учун уйимда тинтув ўтказишди. Таҳдидлар кучайиб кетди. Тошкентга боришим хавфли, Ички ишлар ходимлари туман ҳудудидан чиқмаслик ҳақида тилимдан тилхат олишган, илтимос, ўзингиз Қашқадарёга бир келиб кетинг, пахта тераётган ўқувчилар билан пахта даласида суҳбатлашганман, ташкилот раҳбарини ураётган ҳокимни видеога олганман. Шунча меҳнатларим куйиб кетмасин. Меҳнатларимни рўёбга чиқаришда кўмаклашинг, келиб, тўплаган материалларимни Тошкентга олиб кетсангиз, сайтларда тарқатсангиз” дея ҳамкасбимиз бир илтимос қилгандан, минг илтимос қилди. Қайта-қайта уч-тўрт бор қўнғироқ қилганди.
Мен 25 кунлардан кейин, яъни 28 октябрь куни боришни ваъда қилдиму, аммо ўша куни қизимнинг тўй олди ташвишлари сабаб Қашқадарёга йўлга отланмадим. Ўрнимга Ш. Рустамов кетдилар. Кечга яқин қашқадарёлик ҳамкасбимиз сим қоқиб қолдилар: “Келаяпсизми, опажон?” Мен Умидахонга қизимнинг тўйи олди юмушларим бисёрлигини, шахсий ташвишларимдан ортмаслигимни, бора олмаслигимни айтиб узр сўрарканман, “Аммо ўрнимга ўзимдек ишончли одам кетди. Бор материалларни ўша киши орқали узатинг. Такси бузилмай етиб келади” дедим. Бироқ, ҳамкасбимиз ҳеч кимга ишона олмаслигини важ келтириб, шахсан ўзимнинг боришимни илтимос қилиб туриб олди….
Табиатан қанчалар қаттиққўл бўлсам, шунчалар кўнгилчангман. “Менга ишонган одамнинг ишончини суиистеъмол қилиш яхши эмас. Берган ваъдамнинг устидан чиқишим шарт” деган хаёлда кеч бўлишига қарамасдан, Рустамовнинг ортидан “Қайдасан, Қашқадарё” дея йўлга отландим….
Кеч соат 20.00 ларда Қамашига етиб бордим. Шу қўнғироқ қиламиз, мени ҳол-жонимга қўймасдан чақиртириб олган, “теша тегмаган” фактлар беришни ваъда қилган ҳамкасбимизнинг рақамига туша олмаймиз. Ё “гудок” кетади, чақиради, бироқ гўшакни кўтармайди, ёки “Хизмат доирасидан ташқарида” дейди, гоҳо “Ўчирилган” дея ҳафсаламизни пир қилади. Камига то мен етиб боргунимга қадар Шуҳрат Рустамовни ИИБ идорасига олиб кириб кетиб қолишган. Тун Шуҳрат Рустамов билан ҳамкасбимиз Умидахонга қўнғироқ қилиш билан ўтди ҳисоби…
Эртасига қашқадарёлик маслакдошлар Умидахоннинг ижара уйига бошлашди. Икки қаватли “дом”нинг охирги подъезди, биринчи қават, кирганда ўнг қўлдаги эшикни ўзим бориб тақиллатдим. Эшикка каттакон қулф осиғлик.
Подъезддан чиқишим биланоқ рўпарадаги гаражлар ортидан фуқаро кийимидаги тахминан 30 ёшлардаги йигит мени хуфёна тасвирга олаётганига кўзим тушди. Эътибор қаратишим билан “тасвирчи” ўзини гаражлар ортига урди.
Шундагина билдимки, ҳамкасбимизнинг уйи атрофи махсус хизмат ходимлари томонидан қуршаб олинган….
Кейин ҳамкасбимизнинг энг яқин дугонасининг ишхонасига бордик, танишларининг хонадонларидан сўрадик… Қайлардан қидирмадик уни… Шунда Умиданинг дугоналаридан бири “Унинг икки боласини етаклаб қишлоқдан келган онаси ҳам қидириб, топаолмасдан юрибди Умидани” деб қолди…
Умидани топа олмагач, қашқадарёлик маслакдошларимиздан бири Умидахонга тегишли бўлган ҳужжатлардан, у олган аудио ва видео лавҳалардан менга нусха берди. Рустамов иккимиз Умида билан учраша олмай, умидсиз ортга қайтишга мажбур бўлдик….
“Кўнгил душман” дейишади… Хаёлларимиз минг битта зимистон кўчаларга кириб-чиқмади дейсиз? “Мабодо, бизга мажбурий меҳнатга оид факт беришидан хабар топган ИИБ, МХХ, ҳокимият вакиллари қамаб қўйишдимикин? Қийноққа солишдимикин?” деган хавотирда юрак ўйноғи бўлдик…
Шу пайт “Озодлик”даги ҳамкасбларимиздан бири қўнғироқ қилиб қолди: “Мажбурий меҳнатга оид фактларни тасвирга олган ҳамкасбимиз изсиз йўқолиб қолди. Умидахоннинг тақдиридан ташвишдамиз? Бизнинг Қашқадарёга ташрифимиз кимнингдир тақдирига салбий таъсир ўтказиб қўйишидан қўрқамиз…” мазмунида ҳамкасбларга интервью бергандим….
Интервью берган кунимизнинг эртасига тонг саҳарда Тошкентга кириб келдик. Ҳали нафаст ростлашга улгурмасимиздан Умидахон сим қоқиб қолдилар. Гўшакни кўтарганимни биламан: “Нега мен ҳақимда “Озодлик”да гапирдинг?! Нега менинг бошимни балога қолдирдинг?!!!!” деб ўшқира кетдилар. Биз йўлда эканлигимиз сабабли “Озодлик”да интервьюм кетган-кетмаганидан бехабар эдим. Ҳамкасбимизнинг дағдағаларидан кейингина эшиттириш берилганидан хабар топдим.
Ўзи тўрт-беш бор қўнғироқ қилиб, “Менинг рухсатимсиз “Озодлик”га мен ҳақимда ташвишланиб гапирганинг учун Сен махлуқни судга бераман, устингдан прокуратурага ёзиб, қаматаман!!!! Менга санлар ҳуқуқий кўмак бера олмайсанлар! Қўлларингдан ҳеч бир иш келмайди! Менга ёрдам қилиш фақат қонун идораларининг қўлидан келади холос. Сенлар мени балога гирифтор қилдинглар! Мендан сўроқсиз “Озодлик”да мен ҳақимда гапирганинг учун туғилганингга минг бир пушаймон қилдираман ҳали!!!” деган дағдағада ҳамкасбимиз лоф бўлмаса, бир кунда ўн бор телефон орқали дағдаға қилдилар.
Бор-йўқ гуноҳим: “Кеча кечаси Қашқадарёга келишимни сўраб илтимос қилган Умидахон йўқолиб қолди. Унинг тақдиридан ташвишдаман. Адашмасам, менга мажбурий меҳнатга оид фактларни тақдим этишидан хабар топган қонун доралари ходимлари уни аср олишган кўринади. Негаки, унинг уйига сўроқлаб борганимда уйи атрофи қуршаб олинган, уйига сўраб келганлар тасвирга олинаётган эди” деган мазмунда унинг ҳаётидан ташвишланиб “Озодлик”га интервью берганим эди.
Умидахондан шунчалар ҳақорат эшитдимки….
“Прокуратурага ёзаман, судга бераман, даб-далангни чиқараман!!!” – таҳдид.
Умидахоннинг ўз устидан бир эмас, бир нечта модда бўйича ҳақу ноҳақ жиноий иш қўзғатган прокуратура ходимларига ҳайриҳоҳлик қилишидан аввалига ҳайратландим ҳам….
Бироқ кейинчалик мулоҳаза қилиб билдимки, ҳамкасбимиз Умидахон менга ўз ихтиёри билан таҳдид қилган эмас. Ҳаётий кузатувларимдан шунга амин бўлдимки, прокуратура, ИИБ ходимлари Умидахонга “Туҳмат уюштириб, Эшонқуловани бадном қилиб берсанг, устингдан қўзғатилган жиноий ишларни босди-босди қиламиз” деб шарт қўйишганига, яхшигина музокара олиб боришганига ҳеч бир шубҳа йўқ. Табийки, ҳамкасбимиз ҳам хавфдан ҳоли қилувчи бунингдек фойдали таклифга йўқ дея олмаган!
Битта ярамас одатим борлигини мени танийдиганлар яхши билишади. Керак бўлса-бўлмаса, одамлар билан бўлган суҳбатимни ёзиб бораман. Ўзим учун. Ҳар эҳтимолга қарши. Айримларнинг манфурлигини билганлигим сабабли ҳам керакли пайтда ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида ўзим учун ёзиб олиб қўявераман. Овозларни кўчириб сақлаш учун бор маблағим флешка харид қилишга кетади. Яхшиямки, Қамашилик ҳамкасбимиз Умидахоннинг менга қилган барча қўнғироқ сўзлашувлари, охирги чақируви ҳам ёзиб олинган ва сақланиб қолган экан. Қолаверса, ҳамкасбимиз босар-тусарини билмай қолган терговчиларни, ИИБ ходимларини, ўзига нисбатан қўлланилаётган ноҳақликлар ва таҳдидларни тасвирга олган, хуфёна тарзда аудиога ёзиб олган тасмалар, Умидахоннинг устидан бир эмас, бир нечта модда билан жиноий иш қўзғатилганлигига оид иш материаллари, тергов протоколлари, айблов хулосалари қўлимда эди.
Комил ишонч билан айтишим мумкинки, бугун Жиззахлик ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг бошига тушган кўргуликлардан мени муқаррар айнан ана шу фактлар сақлаб қолди.
Қолаверса, “Озодлик” радиосидаги ҳамкасблар-ку минглаб километр олисда, аммо ўз оғзи билан ёлвориб чақирган ҳамкасбим, мавжуд бўлган икки болали аёл менинг ташрифимдан сўнг йўқолиб қолгани ҳақиқат-ку! Бунга қамашиликлар гувоҳ! Қолаверса, бир қадам боссам оёғим етадиган вилоятда ўзимнинг балоларга гирифтор бўлиб қолишимга бир баҳия қолди-ку.
Биламизми нимага?
“Озодлик” радиосида Касби туманидаги ўқитувчининг пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга оид интервьюсини “Озодлик”га тақдим этганим учун.
Касби туманида мактаб ўқувчиларининг пахтага жалб этилганилиги ҳақидаги ўқитувчининг интервьюсидан сўнг халқ таълими бўлими мудири Шоймардонов “Озодлик”га раддия бераркан, Эшонқуловани “Эшонқулова нега пусиб юради, аввалига вилоятга келсин, кўзи билан кўрсин!” деган мазмунда Шоймардоновнинг тили билан ҳужумга ўтган Қашқадарё ҳокимиятининг алам оловини “Эшонқуловани судга берамиз!” деган мазмундаги дағдағали раддия ҳам ўчира олмаган кўринади. Ҳамкасбимиз Умидахон ана шу қасос ўтининг кишанлари, тузоғи сифатида қўйилган бўлса, не ажаб?
Шу маънода маҳаллий қонун идоралари вакиллари ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга қай услубда бўҳтонларни тупуклаб ёпиштирганликлари ўзгаларга гумон бўлиши мумкин, аммо менга ойнадек аён.
Демоқчи бўлганим, “… Муҳаммадризо Эргашев йўқ одам, яъни, “ўлик жон” бўлиб чиқ…”қан бўлса, “Озодлик” даги ҳамкасбларни эмас, айбни Ўзбекистон режимидан излаш керакмасмикин?…
2015 йилнинг ноябрь ойи бошларида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Амир Темур жамоа хўжалиги, Хўжа илғор маҳалласида истиқомат қилувчи Манзура Туробова “Кўмак қилинглар, туман прокурорининг амри билан ички ишлар ходимлари 6 та молимизни, турмуш ўртоғим қаровида бўлган 31 та қўйни куч билан тортиб олиб, давлат пахта режасини бажара олмаган қишлоғимиздаги бир фермернинг қарздорлиги эвазига давлат фойдасига ноқонуний мусодара қилиб юборди! Золимларнинг дастидан дод!” деб қолувдилар.
“Яккабоғ прокурори: “Пахта режасини бажармаган фермер қўйларини қурбонлик қилиши керак!!!”, ёхуд Қўйлар қай бир қароқчининг қорнига кетди?” сарлҳавҳаси остида танқидий бир мақола эълон қилгандим.
Мазкур мақолага таянган “Озодлик”даги ҳамксбимиз жабирдийда аёлга қўнғироқ қилиб, Ҳақоратлар довули остида қолиб кетди: “Ватан хоинлари! Юртфурушлар!!!”….
Кўп ўтмай, 2015 йилнинг 6 ноябрь куни соат 16.31.24 да Яккабоғлик Манзурахондан мобил телефонимга СМС келди. Айнан келтираман: “Номард аёл экансан! Қўрқоқ. Сени туҳматинг учун судга бераман!”
Ғайриқонуний иш тутаётган зўравон қонун идораларининг чангалидан мол-қўйларинининг қайтарилишида кўмак қилганимизда “Номард” эмасдик, “қўрқоқ”ҳаммасдик. “Ватан хоини”, “Юртфуруш” ҳам эмас эдик. Ишлари битиб, эшаклари сувдан ўтгач, ватанфурушга чиқдик-қолдик.
Юқоридаги мазмундаги СМС хабар келганида қудаларнинг уйида “Мол ёяр” маросимида эдим. Хабарни ўқиб, қаттиқ дилим оғриди.
Яхшиям Манзурахон билан бўлган телефон сўзлашувлари, арзу-ҳоллари телефонимга автоматик тарзда ёзиб қолдирилгани, акс ҳолда ким билади ҳолим не кечарди….
Орадан икки кун ўтар-ўтмас, 2015 йилнинг 8 ноябрь куни соат 11.34.04. да Яккабоғлик Манзурахондан такрорий телефон хабари келиб қолди. Хабарни ўзгаришсиз келтираман: “Малоҳат опажон, мени кечиринг, мен шунга мажбур бўлдим. Сиздан миннаддорман”.
Бу хабарни ўқигач, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.
Шунингдек воқеаларнинг гувоҳи бўлиб ҳам “Озодлик”даги ҳамкасбларга таъна қилишимиз инсофсизлик бўлмасмикин?…
Ноябр ойининг охирларида Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани Хўжаилғор Маҳалласи Жума Жўраев кўчасида истиқомат қилувчи Дилдорахон арз билан сим қоқаркан: “Пайчи маҳалласи, Ниҳол кўчасида яшовчи поччам Элмирзаев Ахрор турмуш ўртоғи – 1974 йилда туғилган опам Туробова Насиба билан 2014 йилда уй қуриш учун пул топиш илинжида Россияга ишлагани кетишганди. 2015 йил 15 октябрида қайтишганди. 16 октябрь куни фуқаро кийимидаги Отабек Раҳимов деган орган (менимча ММХ ходими бўлиши керак – Дилдора) онамиз Турапова Марғуба опага “Ахрорни суҳбатга олиб кетамиз. Унинг ҳеч бир айби йўқ, шунчаки, четда ишлаб келганлиги сабабли тушунтириш ишлари олинади, қайта ўзга юртларга ишлагани кетмаслиги учун иш билан таъминланади” деган важ билан алдов йўли билан поччамни олиб кетганди. Бир ҳафтадирки поччам уйига қайтмади. Сўраб-суриштирмаган, бормаган еримиз қолмади. Еру-кўкда йўқ. Ахрор поччамни олиб кетган Отабекдан сўрасак, у “ Мен билмайман, мен уни олиб кетган эмасман” деб тониб ўтирибди. Бир ҳафтадирки опам Туробова Насибани (+99890 6176099) терговга чақиришмоқда. Унга “Қаерда бўлдинг, кимлар билан алоқа қилдинг. Террористлар билан алоқада бўлгансанми, уларни танийсанми?” деб сўроқ-савол қилишмоқда. Мажбурлаб бўйинларига қўйишга уринишибди. Ким билади, поччамни ҳам қўрқитиб, уриб-сўкиб бўйнига бирор бир туҳматни қўйиб юборишидан ҳадикдамиз. Опам уч боласи билан қийналмоқда. Бизга ҳуқуқий ёрдам қиладиган одам бормикин?” деб зорланиб қолди.
Шуҳрат Рустамов ўз уйидан олиб кетилган ва изсиз йўқолган Элмирзаев Ахрорни сўраб-суриштириш ишлари билан машғул бўла кетган айни бир пайтда +99891 6338886 – рақамидан ярим кечаси қонунчилар қўлида изсиз йўқолган Ахрорнинг отаси қўнғироқ қилиб қолдилар. Овозлари тўла андуҳ: “Ўғлим хибсда экан. Сиз билан, Шуҳрат Рустамов билан боғланганлигимиз, гаплашганлигимиз, Рустамов ўғлимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб юқори идораларга шикоят йўллаганликлари учун хибсда сақланаётган ўғлимни “Улар билан сенинг қандай алоқанг бор?! Улар билан сени нима боғлаб турибди? Шулар сени ҳимоя қила олармиди? Нега оилангдагилар айнан ўшаларга арз қилишди?!” дея Ахрорни калтаклашибди, сочларинини юлиб, бошларини деворларга уриб, хароб қилишибди. Боламни қийнашмоқда. Аросатда қолдик. Нима қилишимизни билмасдан, ўйда қолдик” деб қолдилар ғам-ғусса исканжасида….
Бу нима деган гап?
Наҳотки инсон ҳуқуқларини паймол этилаётганлиги хусусида юқори идораларга шикоят ёзгудек бўлсак, ўша одамнинг кекирдагидан олишса, аёвсиз калтаклашса, йўқ айбловларни гарданларига осишса? Нима деган гап бу?!
Мен “Озодлик” мухбири эмасман. Рустамов ҳам оддийгина бир одам.
Туғишганлари ҳали биргина бизга – биздек оддий одамларгагина арзи-дод қилганлиги учун хибсдаги гумондорнинг “қонини ичишса”, “Озодлик”дек 60 дан ортиқ давлатлар эшитадиган “Озодлик”дек радиога арз қилиб ҳақсизликларни айтган одамнинг кўргуликларини энди ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг!
“Озодлик”га интервью берган одамга ҳукумат томонидан, қонун идоралари қўли билан ўтказилажак зулмни тасаввур қилиш наҳотки шунчалар қийин бўлса?
Ана шундан кейин ҳам “Озодлик”даги ҳамксблардан домонгир бўлишимиз адолатданмикин?
20 йилдирки вилоятларни қўя туринг, ҳатто пойтахтдан 6 км. олисласангиз табиий газ йўқ. Электр энергиясининг сунъий тақчиллиги аҳолининг тинкасини қуритмоқда. 5 минг сўмга харид қилган битта сифатсиз шамингиз бир соатга дош бера олмасдан эриб адо бўлмоқда. Худонинг куни, Ўзбекистон ҳукуматининг қоронғу кечаси кўп бўлса. Шам сотиб олишга ҳам сармояси бўлмаган аҳоли ҳукумат бошқарувининг зимистон тунларида нурсиз ўтирибди. Нима, ёлғонми?!
Нафақахўрлар, ўқитувчи, шифокорлар уч ойдирки ойлик маошларини, нафақаларини олишолмай ҳалак. Ойлик маошлари 1 сўмга ошса, коммунал тўловлар, озиқ-овқатлар, кундалик эҳтиёж моллари, кийим-кечаклар, ҳўжалик молларининг нарх-навоси 1000 сўмга сакраб турибди. Бу ҳам ёлғонми?
Бугунги туғилган гўдак туғриқхонаданоқ танглайи ҳадя билан, пора-ю тортиқ билан кўтарилаётганлиги, боғча, мактаб, коллеж, институт, тузукроқ ишга жойлашишларнинг барчаси “ё заринг бўлсин, ё зўринг” асосида амалга оширилиши рост эканлигини инкор қилиб кўрингчи!
Ҳатто тузукроқ ердан қабр тегиши ҳам таъма, Хажга бориш ҳадя эканлиги ҳақиқат-ку!
МХХ, суд, прокуратура, милиция идорасида ўтирганлар аҳолига сохта айбловлар қўйиш орқали қорин тўйғизишлари, оила боқишлари, қасрлар қуришлари бор гап-ку! Ёлғон бўлса, айтинг!
Бунингдек дўзахий азобларга гирифтор бўлганлар билан суҳбатлашай десангиз, “Илтимос, исмимни сир сақланг” дея ёлворишлари, шарт қўйишлари сир эмас-ку! Танқид ҳақида оғиз очган одам аслида Шермат бўлса, ЭРМАТ деб интервью бериши рост-ку!
Нима, бунингдек ҳақиқатни узоқ йиллик тажрибага эга бўлган Саиджаҳон ака билмайдиларми?
Хабарлари йўқми?
Барчасини биладилар, ҳаммасидан хабарлари бор, албатта.
Шу сабаб ҳам “Озодлик”даги ҳамкасбларимизга шунчаки бир ҳазиллашиб тош эмас, “гап отиб” қўймоқчи эдилар холос, адашмасам. Аммо бунинг ортидан айримларга Худо берди. Маломатларини бошлаб, терини тузсиз ошлаб, ҳақоратли изоҳларни қалаштириб қолишди….
Ҳар сафар ҳорижий оммавий ахборот воситаларига тош отганларини эшитсам, “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деган халқ ҳикмати ёдимга тушади.
Бу нима деган гап?
Биз нега шунақамиз?
Асл ҳақиқатни била туриб ўзимизни билмасликка оламиз? Ростдан тонамиз. Ҳақдан юз угирамиз-да ўзимизни азобларга гирифтор қиламиз. Уялмай нетмай гуноҳкорни қидирамиз, айбни ўзгалардан излаймиз, “крайний”ни топгимиз келиб қолади!
Нега биз шунақамиз?
Нега бунчалар рост гапдан, ҳақиқатдан қўрқамиз-а?
Бу нима деган гап?
Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист, ҳуқуқбон