Уйғониш
Фикрлар сел бўлиб, қамчиласа, даст,
Бу миллат заминдек, бир роҳатланса…
Девона тупроқдек, руҳи бўлса, маст,
Қақраб ётган чўллар, бир баҳорланса…
Тўлиб оқса дарё ўзанида, бот,
Чўққиларни яна, буркаб олса қор.
Боғларда булбуллар, қилсалар фарёд,
Кўнгиллар ҳайдаса, кўкидан ғубор.
Йўлнинг четларини қопласа, майса,
Тераклар бўй чўзса юлдузлар қадар.
Тутнинг кавагига ой гавҳар солса,
Жандасини ечса, завқдан қаландар.
Юрагинг оғзингга келмасми, Сафо –
Қувончдан осмонинг ёрилмасми, тарс?!
Карнай, сурнайларни чалмасмиди, том –
Ғоялар чақмоқдек, солмасмиди, қарс?!
Фикрлар сел бўлиб қамчиласа, даст,
Бу миллат заминдек, бир роҳатланса…
Қўлингда бор бўлса…
Қўлингда бор бўлса, мол дунё, эй дўст,
Йўқлаб келар эмиш, бегоналар ҳам.
Омад юз ўгирса, гар қоқилсанг, дўст,
Айланиб ўтармиш, девоналар ҳам.
Тўрт оёқ устида қоқилади от,
Бургутлар тузоққа, уради қанот,
Бўри ҳам чалғийди, йўлида бот-бот,
Оловга тўш урар, парвоналар ҳам.
Не учун хатолар қилмасин одам,
Бу дунёнинг ўзи эмасми, бир кам?
Шундай яратгандир, аслида Ҳакам,
Холи эмас бундан, авлиёлар ҳам.
Ойга боқ, юзида ҳамиша доғи,
Урса хазон, қурир, шоҳларнинг боғи,
Отадан келади, ўзгармай, дағи,
Узилса, тўкилар, дурдоналар ҳам.
Сафобек, бу сўзни айтмадинг, асло,
Деганлар бошқалар, соғ бўлсин, илло,
Бир мақомда турар, Қодири Якто,
Гуноҳга бош урар, ягдоналар ҳам.
Ҳижрат
Мен истайман, хилват бир гўша,
Шафақларга тикканимча, кўз.
Вақт бошимга ёғилар, теша,
Ойлар, йиллар ўтиб борар, тез.
Ҳар кун қуёш ботса ҳам ғарбга,
Кўнгил асло туймайди бир шавқ.
Бу дунё тор экан ғарибга,
Йўл бўшатмас, хорижларга уфқ.
Ярим шарда туриб ҳар тонгда,
Қарши олсам, дейман, қуёшни.
Эрк қўшиғи, тинмайди, онгда,
Нолаларим, ёрмайди тошни.
Муҳаммаддек, ҳижронлар, тортиб,
Чекинмасам, ҳижратлар сари.
Бу одамлар, ухлар, донг қотиб,
Қарашлари нурга тескари.
Мадинада туриб, мўминлар,
Кўзлагани каби Каъбани,
Кўзламасам, элимни дўстлар,
Хорладилар, говлар Ватанни.
Аввалида, “Бирлик” бўлиб, мен,
Бирлаштирмоқ бўлдим, юрт бошин.
Халқ ғимирлай, бошламасдан, зим,
Коммунистлар бошлади, ўйин.
Сўнг “Эрк” бўлдим, тилимда қўшиқ,
Кўр кўзларга тутдим, кўзгуни.
Қалблар бўла бошласа, ошиқ,
Ғанимларим тортди, тизгинни.
Уйғонсин, деб уйқудан миллат,
“Ваҳҳобий” деб ном олдим, майли.
“Ҳизбу таҳрир” бўлдим, оқибат,
Кўп чоқ бўлди, хоинлар кўнгли.
Озодликнинг оғир йўлида,
Бўлдим баъзан “Ислом лашкари”.
Қабоҳатнинг синиб қўлида,
“Акромчи” деб исмим, тескари.
Халқни нурга бошламоқ учун,
Эшак бўлиб ҳанграмадим, рост.
Кучук бўлиб, ҳурмадим, тағин,
Бироқ миллат, ухлар, ҳамон маст.
Муҳаммаддек, ҳижронлар тортиб,
Чекинмасам, ҳижратлар сари.
Бу диёрнинг тонглари отиб,
Силкинмайди, зулматдан пари.
Шунда, мурод бўлмаса ҳосил,
Ҳақнинг етсин, буларга зўри.
Тоғу тошлар, уйғонади гил,
Қиёматда чалинса, сури.
Мадинада туриб, мўминлар,
Кўзлагани каби Каъбани,
Кўзламасам, элимни дўстлар,
Хорладилар, говлар Ватанни.
Сафо Турон