O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу одамлар

Бу одамлар
691 views
28 January 2021 - 22:12

Аё, дўстлар, бу одамлар,

Ҳам кар бўлди, ҳам кўр бўлди!

Мол-дунёга ҳирсин бериб,

Ҳам оч бўлди, ҳам хор бўлди!

Ҳаром йиғнаб ортди бойлар,

Лойга қоришди ой-йиллар,

Бизнинг бу муқаддас жойлар,

Қул – мардикор, бозор бўлди.

Тоғларда банд бўлди селлар,

Эсмай қолди саррин еллар,

Ўзбек, туркман ажаб эллар,

Ташландиқ ер, мозор бўлди.

Давлатнинг бошида ғофил,

Чумолилар гўё бир фил,

Эшон, мулло, сўпи ҳам пир,

Ўз элига озор бўлди.

Шифо излаб танда дардлар,

Чўкди шаҳар, тўзди юртлар,

Ичи ёнган неча мардлар,

Туҳматларга дучор бўлди.

Изламайди ҳеч ким савоб,

Бор ҳароми миршаб, қассоб,

Ўғри, фоҳиша беҳисоб,

Ҳар тараф чох, девор бўлди.

Кундан кунга бўлар ёмон,

Раҳбар шафқатсиз, беомон,

Аждодлардан қолган чаман,

Авлодларга кўп тор бўлди.

Тиллар деяр, кўриб-кўриб,

Ақл кесар, сўриб-сўриб,

Арслонлар бўйин буриб,

Шоқолларга боқар бўлди.

Эгасиздир қиз, жувонлар,

Қўйдек ювошди мардонлар,

Масъул бўлган шоҳлар, хонлар,

Қуртдек буйиб, аждар бўлди.

Жабр бўлди ҳар бир жона,

Ўтсиз ёнди ҳур кошона,

Хуноса ўхшаб Мажнуна,

Лўли, мўлтон бир ёр бўлди.

Тўғри сўздан ўчди маёқ,

Эгрилардан дастур ҳар ёқ,

Ҳаромилар бўлиб таёқ,

Пўша кийган хар пир бўлди.

Яхшилар устидан ҳатлаб,

Пул учун войлаб, додлаб,

Қадамида Ҳақни йўқлаб,

Бозор-ўчар макр бўлди.

Ақлдан айрилди бошлар,

Дарё бўлди оққан ёшлар,

Алиф калтак деган бўшлар,

Ҳар кўчада зоҳир бўлди.

Олғир бўлди ҳар кас буйиб,

Кимлар ҳаром йиғнаб, бойиб,

Бахил мискинларни суйиб,

Эвазига судхўр бўлди.

Эриб битди тоғлар тоши,

Номард бўлди мард қардоши,

Махтумқулининг кўз ёши,

Оқа-оқа, Ҳазор бўлди.

Махтумқулидан Ислом Холбой таржимаси