O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу сайёрада одамдан бошқа ҳар хил жонзод бор эди…

Бу сайёрада одамдан бошқа ҳар хил жонзод бор эди…
150 views
19 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

16-ҚИСМ

Гулнор академияга ҳар кун келиб кетса ҳам, илмий ишни ёзсинми йўқми, бир қарорга келмаганди. Мутолаа ҳам жозибасини йўқотганди. Китобларни ярмигача ҳам ўқимай, четга отарди.

Қорлиғашев бир неча марта келиб, ундан фойдалана олмаслигини англагач, келмай қўйганди.

Гулнор фақат Комил Эркин билан суҳбатлаша оларди, унинг суҳбатларигина кўнглига тасалли берарди. Комил сархушлик қуввати билан жасоратли нутқлар айта биларди, оғзига нима келса сўйларди ва ҳеч ким унга тегмасди.

Бир оқшом Комил Эркин:

–Гулнор, сенинг кўринишинг яхши эмас. Ишдан рухсат олиб, бир ерларга кет! Сокин бир ерда дам олсанг, ўзингга келарсан балки, — деди.

–Ўйлаб кўрай, Комил ака, — деди Гулнор ва икки кундан кейин ярим ойлик рухсат олиб, қишлоқдаги қариндошлариникига кетди.

Гулнор кундузлари боғда айланар, кечалари юлдузларни томоша қиларди. Қишлоқда тез-тез эсига тушган одам Одил Турсунов бўлди. Хипча, узун бўйли, кибор юзли ёш йигит. У ҳибсга олингандан сўнг дараксиз кетди. Уни Москвага олиб кетишган, деган гап чиққанди. Одил ё ўлдирилганди… ёки қўйиб юборилган. Қўйиб юборилгандан кейин Ўзбекистонга келмаган бўлиши мумкин. Бу ҳолнинг ўлимга тенг эканини ўйлади Гулнор. Бир одамнинг ҳаётини тамоман ўзгартириб, бошқа шахс сифатида янги ҳаёт бошлаши ўлим билан тенгдир.

Реакарнатсионга ўхшаган нарса. Ўлган одамнинг руҳи бошқа бир одам танасига кириши… Гулнор муқаддаслик ҳақида кўп ўйлаганди. Пайғамбарлар каби Будда роҳиблари ҳам, ҳатто шомонлар ҳам ўзида қандайдир илоҳийлик ташиган бўлишлари мумкин. Буларнинг ҳаммаси бугунги ибора билан айтганда инсонларга бахту-саодат беришга бел боғлаган идеалистлар (улкучилар) эди.

Гулнорнинг фикри ўз-ўзидан Aнвар Mуродга йўналди. У ҳам улкучи эди, у ҳам ўзида бир муқаддасиёт ташир эди. Аммо вафосиз инсонлар муқаддас бўлаолмасди. Гулнорнинг фикри Aнвар Mуродга тақалса, доим ўзининг унга нисбатан вафосизлиги эсига тушарди. Aнвар Mуродни Туркияда кўрмай кетганини ҳеч кечиролмасди. Баъзан “кўрмаганим яхши бўлибди, Қорлиғашевга айтадиган гапим бўлмади”, деб ўзини овутса ҳам, ўзини вафосизликда айблашда давом этарди.

Aнвар Mурод каби одамлар ҳар турли изтироб ва азоб-уқубатни тортишга ҳозир, xатто бунга истакли эдилар. Бу уларнинг яратилиши қонуниятидан келиб чиқарди. Aнвар Mурод ғурбатда экан, Гулнор ҳеч ўйламасдан Мармариснинг гўзал сувларига шунғий олганди. Ўғузнинг ҳаёли билан Мармарисга чопиб борган ва севгилиси ёнида бир ҳафта яйраганди. Аммо Ўғуз дунё гўзали Ойдон хоним билан Америкага учиб кетишда ҳеч иккиланмаганди. Қизик, шу чақнаётган юлдуз Флорида билан Фарғонадан бир хил узоқликдами? Ҳеч бир сир бу юлдузлардан яширин қолмаса керак. Шу кичик ер куррасидаги воқеаларнинг миллион йиллик гувоҳлари эди бу юлдузлар. Ҳозир ҳам улар Ўғузни кўриб тургани шубҳасиз…

***

Ётоғидан сийрилиб, ерга оёқларини қўйди. Мовий атласдан бичилган тунги кўйлаги енгил xилпирарди. Қоп-қора сочлари ёйилиб, бир тутам кураклари орасида тўлқинланарди. Бошқа бир тутами оппок сийналари узра ёйилганди. Ётоқ кеча оқшом ётган ётоғи эмасди. Бу юксак ва кенг, устини олтин рангли кўрпа ўртган нотаниш ётоқди. Гўё ҳавода муаллақ турарди. Гулнор яшил нигоҳи билан атрофга боқди. Бу ер унинг уйи эмасди. Бу ер жоме катталигидаги чодирга ўхшарди. Деворларига гиламлар осилганди. Уларнинг сатxига осмон харитаси нақш этилганди. Чодирнинг катта қуббаси бор эди. Балки чодир ўша қуббага осиғлик турарди.

Ғаройиб фавқулоддалик ҳоким эди ҳар ерда. Эгнидаги мовий атласни қачон кийганини эслай олмади. Сочлари ҳеч қачон шу ондагидай қора, сийналари ҳеч қачон бугунгидай оппоқ бўлмаганди. Сочлари узун ва оғир бўлишига қарамай, ўзини ҳеч қачон шу ондагидай енгил ҳис қилмаганди. Кўзларини юмди. Киприкларининг бир-бирига текканини ҳис этди. Оёғини кўтарди ва туширди, юмшоқ гиламларга ботди оёқлари.

Туш кўрмаётганига амин бўлиш учун қуёш нурлари сизиб кираётган чодир эшиги ўрнидаги икки гилам тирқишига қўлини тиқди ва ташқарига чиқди. Омон Оллоҳим! Бу қадар кучли нурни ҳаётида кўрмаганди у! Тонг қуёшининг нурлари! Шундоқ рўпарасида турган тоғлар… Буларни аввал кўрганмиди?… Тоғлар занжири атрофни ўраган қалъани эслатарди. Пахта каби булутлар қуёш нурларини сузиб, эмаётгандай эди. Буюк ва сеҳрли қўл бир ҳовуч сутни ҳавога сепиб юборганди гўё, нурлар нурдан янада оқарганди.

Гулнор ўз вужудига тегиниб кўрди, кўкракларига, болдирлари, сонларига тўқинди. Сочларини бармоклари билан таради. Чапак чалди, оҳанг ҳавони тўлдирди. Орқасида баxайбат чодир, олдида муҳташам тоғлар занжири бор эди. Энди бунинг туш эмаслигига ишонса бўларди. Чўққилар тарафдан бир сас чиқди. Гўё у дунёдаги бутун сасларни ўзида тўплаб, зичлашар ва Гулнорнинг қулоғига қуюларди. Уфқнинг тўрт тарафидан келарди, Гулнорни ўзига эргаштириб кетарди. Гулнор тоқларга қараб юришга бошлади. Йўқ, бу юриш эмасди. Югуриш ҳам эмасди. Гулнор елар эди. Мовий атласдан тунги кўйлаги икки тарафда қанот каби xилпирарди. У учар экан, пастдаги майсалар унинг елидан ерга эгиларди.

Гулнор чўққилардан ошиб, бир яшиллик дунёсига кирди. Япроқларни оралади, дарахтлар орқасида тик қоялардан шаршаралар оқаётганини кўрди. Атрофда булутлар қадар юксак чўққилар. Бу ерга қандай келиб қолди? Уни зич бир сас эргаштириб келганди. Бундан бу сас такрор эшитилди. Тик қояларга урилиб, бирлашган акс-садолар, тўпланиб, Гулнорнинг қулоқларига қуюлди. Сас манбаини изларкан, Гулнор ирмоқларнинг бирлашган ерида бир жуфт яшил кўз кўрди. Кўзлар шу қадар теран ва таъсирли эди-ки, Гулнор бир неча сония кўзлардан бошқа ҳамма нарсани унутди. Кейин ўткир тишли, тикрайган қулоқли бўрининг ўзига тикилиб турганини англади. Қулоқлари ўртасида кулранг ёли қимирлаб турарди. Кейин ўша зич саснинг бу ваҳший гўзалликдаги бўридан чиққанини тушунди. Яшил водийга уни эргаштириб келган сас бўрининг увлаши эди. Лекин бу сас нега бирданига тўрт трафдан эшитилди? Гулнор атрофга боқди, тўрт тарафда ҳам бўри бошларини кўрди. Мингларча бўри увлаб, мингларча яшил кўз Гулнорга боқарди. Гулнор сеҳрлангандай туриб қолди. Кейин бирдан айлана бошлади. Шаффоф кўйлаги яна қанотланди. Қора сочлари ҳаволанди. Айланиш шу қадар тезлашдики, Гулнорнинг турган ерида Гулнор эмас бир нур пайдо бўлди ва самога юксалди.

***

Гулнор ўнг қўли билан чап қўлини тутди, қаттиқ қисди, қўли оғриди. Сочларини чангаллаб тортди, оғриқ ҳис этди. Оёқларини кўтариб, босди. Яшаётганига амин бўлди. Аммо ҳаёлга ўхшаган бу ғаройиб ерга қандай келиб қолганини тушунолмай гаранг эди. Бўри увлашлари, яшил кўзлар ва кулранг ёлларни элас-элас хотирлади… Атрофни ўрганиш учун, аланглаб қаради. Бу ер моддий дунёга ўхшамасди. Бир шаҳарнинг кенг кўчасида кетаётганди. Лекин бинолар нурдан тикланган эди, ёки Гулнорнинг билмаган бир материалидан, шаффоф материалдан кўрилганди улар. Мовий, яшил, сариқ, турунжи ва қизил рангли бинолар. Улар оҳанглар уйғунлиги каби уйғунлик ичида эди. Биноларнинг шифтлари мигфор шаклида эди. Эшик ва деразалари ҳам мигфор шаклида. Лекин шаҳарда ҳеч ким йўқ эди. Гулнор ғаройиб шаҳарнинг бўм-бўш кўчаларидан кетиб борарди. Гоҳ-гоҳ соғ-сўлидан нурдан иборат мавжудотлар ўтиб кетарди. Балки шаҳарликлар шу мавжудотлардир. Юришга давом этди. Гарчи буни “юриш” деб атаб бўлмасди. Гулнорнинг эти-суяги бор эди, аммо у ҳам ўша нур-мавжудотга ўхшаб қолганди.

Кенг кўчанинг охирида кенг майдон, кейин кўлдай катта ҳовуз пайдо бўлди. Гулнор бу ҳовуз ичидан нур каби ўтди. Қаршисига қирқ қуббали ҳашаматли бино чиқди. Эшикнинг икки қанотига ҳам бўри бошлари ўйилиб нақш этилганди. Гулнор эшикдан нур бўлиб ўтди. Бу ер Академиянинг кенг залини эслатарди. Юксакда бир минбар. Гулнор илк даъфа ўзига ўхшаган одамларни кўрди. Курсида оқ сочли ва оқ соқолли одам ўтирарди. Пастроқда, ўтирганлар минг кишига якин эди, ҳаммаси оқ соч одамга қараб туришарди. Оқ соч одам “Нур қизим, келдингми?” деди. “Келдим, Отаком”, деган сўзлар чиқди Гулнорнинг дудоқларидан. Мингта одамнинг кўзлари кулимсиради ва улар нурга айланиб эшикдан сизиб чиқа бошлади.

Отаком ўрнидан туриб, Гулнорга яқинлашди ва унинг қўлидан тутди. Комнинг юрагидаги сас унинг бармоқларидан қизнинг бармоқларига ўтди, кейин юрагига “Хуш келдинг қизим, сени уч минг йилдан бери кутаётгандим”, деди Отаком.

Нур қиз уч минг йил аввалги бу магфор қуббали бинони хотирлади. “Мен ҳам сизни кўриш учун узун йиллар кутдим, ота”, деди қиз. Сўнгра отаси Отакомнинг уч минг йил аввал тўплаган оила мажлисини хотирлади.

Отаси Отаком ва онаси Ванак шишадан ясалган глобус ёнида туришарди. Укалари, амакилари, холалари ва узоқ қариндошларигача ҳаммаси жамул-жам бўлишганди. Отаком бу шаффоф глобусга ишора қилиб, “бу кўзчага яхшилаб каранг!” деди. Бирдан бу “кўзча” ичида осмон пайдо бўлганди. Кейин бирин-кетин юлдузлар ўта бошлади. Ниҳоят “кўзча”да битта юлдуз қолди. Кейин у яқинлаша бошлади. Мовий денгизлари, қора, яшил ранглар кўринди. Шаффоф глобус ичида бир сайёранинг сатxи, харитаси пайдо бўлди. Отаком “энди Йиркомни кўрасиз. Мана Йирком, мана Йирком устидаги яшил ўбо (қишлоқ)”, деди Отаком. Сўнгра ўбо ҳам каттая бошлади. Ўбо гўё чексиз эди, жуда катта эди. Ўртасида шақир-шақир сув оқарди. Дарё қирғоғида бир туман отлиқ ел каби учарди. Нур қизнинг кўзи олд сафларда чопаётган тулпорга тикилиб қолганди. От устида сочлари xилпираётган бир йигит. Мовий кўзлари уфқларни тешиб боқарди. Миясидан чиққан тўлқинлар билан бир туман отлиқни боғлаб, олдинга чопарди гўё. Унинг xилпираётган сочлари, олтин кафтанининг шамолда учган этаклари ва тулпорининг туман каби ўзаётган ёллари битта шеърнинг уч мисрасини эслатарди.

Нур қиз бу гўзалликдан кўзини узолмади.

Отасининг оҳангдор сасидан ўзига келди.

Отаком “қизим, сенинг қисматинг шу йигит”, деди. Нур қизнинг яшил кўзларида порлаб кетган севинчни бутун оила аъзолари кўрди.

Ота ком тилга кирди:

–Мингларча йил аввал оталаримиздан бири бу шиша куррани топди, унга “кўзча” деб ном берди. У пайт бор-йўғи 90 киши қолгандик, юқумли касалликдан йўқолиб бораётгандик. Биз яшаётган гўзал сайёрамиз Тейирканда яшаш оғирлашиб, буюк бобомиз уруғимиз тугаётганига ишониб қолганди. Аммо чексиз коинотда Тейиркандан бошқа ҳам инсон яшаши мумкин бўлган сайёралар бўлиши керак эди. Бобомиз ўйланиб, синаб-текшириб шу “кўзча”ни кашф қилди. 90 киши унга қаради. Бир сайёра кўрдилар-ки, тенги йўқ эди. Мовий, яшил, бўз ранглар билан безанганди. Катта-катта ўйиқликларда мовий сувлар тўла эди. Инишли-чиқишли тупроқларда лойқа сувлар оқарди. Бирдан чуқурлашган даралари, бирдан юксалган тоғлари бор эди. Баъзан денгизларга, тоғларга ва ўболарга бўз булутлар кўнарди. Шаклдан шаклга кирган бу сайёрада одамдан бошқа ҳар хил жонзод бор эди. Турли-турли оғоч, турли-турли чечаклар.

Буюк бобомиз “бизнинг сайёрамизнинг оти Тейиркан, бу ернинг оти эса Йиркан бўлсин”, дебди. “Ичингизда бир ёш йигит ва ёш қизни Йирконга жўнатаман. Кўнгилли борми?”, деганди у. Она исмли қиз билан Ота исмли йигит ўртага чиқишди. Ва Ота билан Она нур бўлиб, Йирканга учишди. Йирканга инаркан, бир-биридан узоқ ерларга индилар. Бир-бирига етишмоқ учун нурга айланишни истадилар, аммо айланишолмади. Чунки Йирканнинг ҳавоси бошқа экан. Кунларча, ойларча бир-бирларини изладилар, ниҳоят топишдилар. Йирокан уларнинг авлодларига тўлди. Уларнинг ичидаги бир бўлик Тейиркандаги тилимизни унутмаганди. Аммо уларнинг тили вақт ўтган сари ўзгариб кетганди. Улар ҳам биз каби кўкка, ҳам Тангрига тангри дердилар. “Уза кўк Тангри асро қора ер” қилинганига иншонар эдилар. Одамга “она ўғли” дер эканлар.

Буюк отамиз шундай ўйлаган ва шундай ҳаракат қилган эди. 90 киши қолганди бор-йўғи, лекин бу тўқсон кишидан ҳеч ким ўлмаганди. Тейирканда такрор кўпая бошладилар. Гоҳ нур, гоҳ жисм бўлиб Тейирканда яшади бизнинг аждодларимиз. “Кўзча” деб аталган сеҳрли шар махфий сақланди, отадан ўғилга мерос қолди, менгача етиб келди. Бу “кўзча”да сиз кўрган сайёра Она ўғиллари яшаган Йиркан, Она ўғиллари бизнинг қариндошларимиздир. Бизда юқумли касаллик йўқ, аммо буюк Отамизнинг руҳи менинг ичимда. У нур қизни Йирканга жўнатишимни буюрмоқда.

(давоми бор)