52 та ватандошимизнинг нобуд бўлиши, Ўз-ҳаво йўллари монополияси ва билетларнинг қимматлиги кун мавзуси бўлиб турган бир пайтда ўзбекистонликларга қўйилган чекловлардан яна бири ошкор бўлди.
Маълумки кўпгина меҳнат муҳожирлари Тошкентдан учоқ билетлари қимматлиги боис Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Россияга ёки Туркияга учишни афзал кўришади.
Яқинда Туркияга Чимкент орқали учган бир меҳнат муҳожирининг айтишича эндиликда Қозоғистон аэропортларидан ҳорижга учувчи ўзбекистонликлар ортга қайтиш билетларини кўрсатмагунларича учоққа минишларига йўл қўйилмас экан.
Бу масалага ойдинлик киритиш учун бир неча ўзбек ватандошларимиз қозоғистоннинг СКАТ авиакомпаниясига мурожаат қилишган.
Компаниянинг берган расмий маълумотга кўра ўзбек йўловчисининг қўлида ортга қайтиш билети бўлмаса рўйхатдан ўтказмаслик бўйича кўрсатма бор. Бу таъқиқ Ўзбекистон талаби билан жорий қилинган экан.
Агар йўловчининг ҳорижда доимий яшаши ёки ўқишини тасдиқловчи ҳужжати бўлсагина бир томонлама билет билан учишга рухсат берилар экан.
Аламли томони шундаки Қозоғистон аэропортларидаги бу чеклов фақатгина Ўзбекистон фуқароларига нисбатан жорий қилингани. Бошқа давлатларнинг фуқаролари қўлидаги билет билан бемалол учоққа олинар экан ўзбеклар яна камситилган ҳолда қайтиш билети олишга мажбур қолишмоқда.
Бу давлат қачон ўз фуқароларни бегоналар олдида хор қилишни бас қилади?
Ўз ҳудудида жорий қилган чекловлар етмадими?
Энди ўзга давлатлардан ҳам ўз фуқаролари бўлган ўзбекларни оёқ ости қилишларини талаб қилиш пасткашлик ва маразлик эмасми?
Zamir Malik