Бу хабарни ўқир экансан ўйлаб қоласан. Энди 30га кирган, ҳали ҳаётнинг оқу қорасини тушуниб етмаган бир муттакабир, бефаросат одам, отасидан қолган ҳокимиятга ўтириши билан босар тусарини билмай қолди. Ўзининг ҳовлиқмалиги, урушқоқлиги ва сиёсатни тушунмаслиги сабабли бутун бир халқни оч наҳор ҳаёт кечиришга маҳкум этмоқда. Бечора корейс халқи эса ўзининг бир нодон йигит ва унинг атрофидаги бир тўда урушқоқ генераллар томонидан нақадар алданаётганини билиш имкониятидан ҳам маҳрум.
“Очдан қоч” деган эски гап бор. Чунки очлик одамларни тўқ одам нима деса ўшанга лаққа ишонишга, бир бурда нон учун унинг ҳар қандай ишини қилишга, у айтган йўллар юришга, зўравонлик ва ўғирлик билан бойиган муттаҳам эса очлар тўдасини эса ҳар қандай жиноятни қилишга мажбур қилиши мумкин.
Ўзининг қардошлари, ўз миллатига мансуб халқ яшайдиган Жанубий Кореяни ўзининг энг ашаддий душманлари сифатида кўриш, улар берган ёрдамдан воз кечиш, улар билан Ғарбий ва Шарқий Германия каби бирлашиш ва секин аста ҳаётни демократик асосларда тиклаш, инсонларга инсондек, ҳур ва озод яшашга имкон бериш ўрнига Ким Юнг бошлиқ ахмоқлар Тўдаси ҳам ўзларига, ҳам бутун бошли бир халққа улкан зарар етказмоқдалар.
Афсуски бу дунёда Ким Юнг, Ислом Каримов, Башар Асад, Бердимухамедов, А.Лукашенко, Р.Мугабе каби диктаторлар бор экан миллионлаб оддий инсонларнинг ҳаёти ҳамиша таҳлика остида қолаверади.
Миллиарддан ошиқ бечора инсонлар ҳақиқий бахтиёр ҳаёт нима эканлигини тушунмай бу дунёдан ўтиб кетишларига ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб турган кичик зўравонлар тўдалари сабабчи бўлиб қолмоқдалар.
Инсоният эса ҳали ҳанўз бундай зўравонларга қарши бирор бир чора ўйлаб топа олмаяпти, тўғрироғи, ўйлаб топишга уринмаяпти хам, ҳолбуки қиламан деса қилса бўладиган ишлар аслида бу ишларнинг барчаси.
Айтмоқчиманки, агар инсониятнинг донишманд сиёсатчи рахбарлари, олимлари, тадқиқотчилари ва зукко инсонлари катта бир Маслаҳат Форуми/Кенгашига тўпланишиб, у ерда бу дунёнинг ўта жиддий масалалари бўйича маслаҳатлар қилишса, улар ҳар қандай муаммоларнинг ечимларини топа олар эдилар.
Масала фақат қайсидир бир таниқли давлат раҳбари ёки кўпчиликка таниш машҳўр бир инсоннинг(бирор Нобель Тинчлик мукофоти совриндори ёки шунга ўхшаш одамнинг) ташаббусни ўз қўлига олиб ана шундай мўхим ишга илк қадамни қўйишига, ўзига ўхшаган бир неча ўн донишманд ва кучли инсонларни топиб, улар билан биргаликда илк сўзларни айтишига қараб қолган холос…(Ана шундай бир таклиф билан мен бундан 10 йиллар олдин Швециянинг турли халқаро проектларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотига мурожаат қилган эдим аммо улар ё таклифимни нақадар мўҳимлигини тушунишмади, ёки уни амалга оширишни қийин деб ўйлашди).
Афсуски кўпчиликни умиди Бирлашган Миллатлар Ташкилотида, унинг Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяси Йиғилишларига қараб қолган. Айнан ана шу ерда инсоният хато қилмоқда. Чунки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аслида Бирлашмаган Давлатлар Ҳокимиятларининг ҳар замонда йиғилиб турадиган ихтиёрий бир форуми холос.
Бу форумга “Бирлашган миллатлар” деган сўз ҳам, “Ташкилот” деган сўз ҳам умуман тўғри келмайди. У ерда бир бирини ғажиб ташлашга тайёр Эрон ва Исроил давлатларини “бирлашган миллатлар “ деб бўладими? Ёки бир миллат бўлиб ҳам бир бирини ер билан яксон қилиб ташлашга тайёр Шимолий ва Жанубий Кореяларни “бирлашган миллатлар” деб бўладими?
Ироқда “Ҳеч қанақа Оммавий қирғин қуроллари йўқ. Шу сабабдан у давлатга қарши зуғумларни давом эттиришга ҳам, ҳарбий куч ишлатишга ҳам ҳожат йўқ” деган БМТ қарорига тупуриб БМТнинг бир аьзоси (АҚШ) унинг иккинчи аьзоси(Ироқ)га қарши уруш бошлаб юбориб, 10 йил давомида бутун бошли бир халқнинг бошига минглаб оғир фожеалалар келтирган бўлса, бз минглаб оддий фуқароларни ўлдирган бўлса қанақасига уни ташкилот дейиш мумкин?
Сиз менимча шундай бир нарсани тасаввур қила олмасангиз керак, қачонки бир ташкилотнинг бир вакили унинг иккинчи вакилини бемалол, бошқа вакиллар кўз ўнгида уриб тепиб ўлдирсада, кейин минбарга чиқиб, қон бўлган қўлларини этагига арта туриб, кўкрагини кериб, “мана мен уни ўлдирдим” деса!
Мана шундай оддий ташкилотни ҳеч ким тасаввур қила олмайди, аммо 6 миллиард бўлмиш Инсониятни гуёки бирлаштирувчи бир ташкилот ичида бўлаётган оғир жиноятларни кўра туриб ҳам жим тураверади, юқоридаги кичик ташкилот мисолини ҳаётда бўлаётган улкан кўринишини, улкан талафотларни кўра била туриб ҳам жим тураверади, “оч қорним, тинч қулоғим” деб…
Шунинг учун инсоният янги бир қадам олиши, янги Халқаро Ташкилотни тузиши керак. Энди у ҳақиқий ташкилот бўлиши лозим ва у ерда нафақат давлатларнинг ҳокимият вакиллари балки ҳалқнинг оддий вакиллари ҳам тенг овозларга эга бўлган ҳолда қатнашишлари лозим. Масалан, Ўзбекистондан Бош Ассамблеяда 2та одам, бири Ҳукумат вакили, иккинчиси Жамоат ташкилотлари умумий йиғилишида сайланган бир вакил, Россиядан, Кубадан, Шимолий Кореядан, АҚШ, Канада ёки Швециядан ҳам.
Ана шундагина бу ташкилот ҳақиқий ташкилот, адолат ва тенгликка асосланган ҳолда қурилган ташкилот бўлади. Бундай ташкилотнинг мавжуд БМТдан кўра самаралироқ ишлашига ҳеч кимда гумон бўлмаса керак.
Бундай Халқаро ташкилотда энди бир давлатдан фақат унинг ҳокимиятини вакили эмас балки халқнинг ҳам вакили бўлгани учун турли туман қарорлар олишда Халқаро Ташкилот энди нафақат бир давлатнинг Ҳукумат вакилини гапи билан иш қилади балки ўша давлат халқининг вакили билан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлади.
Бу Халқаро Ташкилотни ислоҳ қилишдаги энг жиддий биринчи қадамдир.
Иккинчи ислоҳот қадами, бу Ташкилотнинг ихтиёрийлик мақомини ўзгартиришга қаратилган ишлар бўлиши лозим.
Бугунги кунда БМТнинг Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари Баённомаси, халқаро мўҳитни, болалар ва оналарни ҳимоя қилиш каби кўплаб дастурлари бу ташкилотнинг 50дан ортиқ давлатлари учун оддий қоғоздан бошқа нарса эмаслиги кўпчиликка маьлум бўлган аччиқ ҳақиқатдир. Чунки диктатура, монархия ва авторитар тузумлар ҳукмрон бўлган давлатларнинг ҳокимият вакиллари БМТнинг йиғилишларига асосан ўзларини кўрсатиш ва савлат тўкиб ўтириш учун келадилар ҳолос.
Уларни бу мажлисларга юборган ҳокимиятлар ҳатто БМТнинг ана ўша ҳужжатларини имзолаган бўлсалар ҳам амалда уларни бажармайдилар ва ўз билганларича иш тутиб фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини поймол қилишда, табиатни ва атроф мўҳитни турли туман чиқиндилар билан, халқларнинг онгини эса бузуқ ва ёлғон мафкуралар билан заҳарлашда давом этмоқдалар.
Ана шунинг учун ҳам янги Халқаро Ташкилот БМТга нисбатан анча жиддийроқ, ўз қарорларини қабул қилган давлатлардан уларни бажарилишини талаб қила оладиган, агар улар ўзлари имзолаган қарорларни бажармасалар бунга қарши қандайдир жиддий (расмий, иқтисодий, сиёсий ва ҳоказо) чоралар кўра оладиган ташкилот бўлиши керак.
Янги Халқаро Ташкилотни тузиш(ёки мавжуд БМТни ислоҳ қилиш) ишлари буйича ҳааракатни ана шу нарсага энг муҳтож одамлар – диктатура, авторитар ва монархия тузумлари остида эзилиб ётган халқларнинг илғор зиёлилар синфи ва демократик руҳдаги вакиллари бошлашлари керакка ўхшайди.
“Бола йиғламаса она кўкрак тутмайди” деганларидек, агар ана шу ислоҳотларга муҳтож инсонларнинг ўзлари бу таклифларни кўтариб чиқмаса ва уларни ўзларига ўхшаб зўравон ҳокимиятлар туфайли оғир қийинчиликлар гирдобида яшаётган халқлар вакиллари билан боғланиб, улар билан бирга ҳаракат қилишмаса, бу ишларни ўзига тўқ давлатларнинг бирор намоёндаси кўтариб чиқиши даргумон. Чунки “Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ”, “Танаси бошқа дард билмас” деган гаплар бекорга айтилмаган.
Мен ўйлайманки, биз бу ташаббусни кўтариб чиқишимиз ва уни амалга оширишдаги илк қадамларимиз сифатида Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Беларусь, Озарбайжон каби давлатларнинг зиёлилари ва демократик мухолифат вакиллари билан бу масалани муҳокама қилишимиз керак.
Агар кимнидир ўша давлатларда таниш билишлари бўлса, уларга бизнинг саломимизни ва бу таклифимизни етказинг. Биз, Ўзбекистон демократик мухолифати вакиллари, ушбу улкан муаммо атрофида ҳар қандай инсон билан учрашиш ва масалани муҳокама қилишга тайёрмиз.
Бу масала ҳақида ҳар бир инсон ўйлаб кўриши ва кейин бу йўлда қўлидан келган ҳаракатини қилиши керак. Энг асосийси, бу жим турмасликдир.
Ҳазратқул Худойберди
2013 йил 23-апрел