O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жажжи гувоҳ. Бу тупроқ ҳеч қачон соҳибсиз қолмаган

Жажжи гувоҳ. Бу тупроқ ҳеч қачон соҳибсиз қолмаган
220 views
09 August 2019 - 10:53

Насрулло Саййид

Насрулло САЙЙИД

 

ЖАЖЖИ ГУВОҲ
(Ҳужжатли қисса)

(3-қисм)

БУ ТУПРОҚ ҲЕЧ ҚАЧОН СОҲИБСИЗ ҚОЛМАГАН

«Айблов хулосаси» қўлимга текди. Суд жараёни қачон бошланади, номаълум. Яна, ўша гап. Прокурор деб аталмиш Қорбобонинг «қор хати»да, Вобкент шаҳар Фитрат кўчасидаги уйимда бир дона жанговор гранатани жигарбандларимнинг кийим-бошларига ўраб, жавонга яшириб қўйганим ҳақида ёзилибди. Тизим мени манқуртлаштиришга бел боғлаган кўринади. Яхшиям, сочимни қиртишлаб, олиб, бошимга туя терисини қоплаш уларнинг хаёлига келмайди. Юқоридан кимдир сал имо қилганда, пастдагилар албатта шундай қилишарди. Ва, менинг улардан фарқим қолмасди.

Туйнукдан айбномани олган соқчи даҳлизда унга кўз югуртираркан: «Уч йилдан етти йилгача қамоқ жазоси!» деди. Соқчидан кўра қонунлар ва қонунларнинг қандай ишлашини ич-ичимдан юз баравар кўпроқ билиб турган бўлсам ҳам, негадир унинг сўзлари юрагимга ўқдек тегди.

Кўзларим олдига бешта ҳимоясиз ўғил-қизим ва аёлим келди. Беихтиёр: «Муштипаргина, мунисгина гўзал рафиқам. Энди, менинг орқамдан чопа-чоп қиладими, бешта тирик етимга куядими?» дея лабларим пичирлаганини сезмай қолдим. Соқчи туйнукдан эгилиб, боқиб: «Бир нима дедингизми?» дея сўради. «Ё эшак ё подшо ўлади, деган экан Насриддин афанди. Бир гап бўлар, деяпман!» дедим. «Эшак без ва чидамли жонивор. Йигирма беш йилдан кўп яшайди. Ҳаливери, ўлмаса керак» деди у. Соқчи айтган сўзларининг маъносини англаб гапирдими, англамай гапирдими, бир нима деёлмайман. Аммо, зўр гапни айтди.

Қамалишим аниқ бўлгани сайин елкамдаги оила ғами тобора оғирлашиб борарди. «Нима қилсам экан?» деган ўй ичимни қуртдек кемирар, изтироблар кеча-кундуз ором бермай қўйганди. Устимдан кулгандай, «Машъал»дан тинмай «Келажаги буюк» ватан ҳақидаги енгил-елпи қўшиқлар таралар, баъзида мумтоз тароналар ижро этилганда ярамга малҳам сурилгандай, тўйиб-тўйиб нафас олиб, бир замон бўлса ҳам қайғу аламлардан фориғ бўлишга тиришардим.

Умумий камера анча кенг-мўл. Ўн иккита маҳбус саккизта темир каровотда навбат билан ухлайди. Бурчакда, шолпарда билан тўсилган ҳожатхона бор. Тепасига: «Ҳожат чиқарганда қаттиқ товуш чиқарилмасин!» деб, ёзиб қўйишибди. Овқатланиш учун икки ўртага тахта стол ўрнатилган. Камерадаги бутун бисот мана шулардан иборат.

Янги хонадошлар билан танишиш осон кечмади. Уларнинг кўпчилиги биринчи марта қамалган ёш ва тажрибасиз йигитлар. «Тажрибалироқ» бири эшик олдидаги каравотни ёлғиз ўзи эгаллаб олганди. Илк у билан танишишга тўғри келди. У тинимсиз ўзининг бошқалардан устун эканлигини намойиш қилишга интилади. Тўрт девор ичида бўлса ҳам қовоқларини осиб олиб юзига жиддий тус бериб, хаёлида гўё кўкларда учиб юради. Камера ичидаги вазиятни тўғри чамалай олган бўлсам, у атрофидагиларни ҳам идора этаяпди.

Ҳибсхонада Учқудуқ қамоқхонасида орттирган тажрибам оз-кўп қўл келди.

1980-йил Самарқанд Архитектура ва қурилиш институти, «Саноат ва гражданлик қурилиши» факультетини тамомлаганман. Олийгоҳдан йўлланма билан Учқудуқдаги  бир зонага уста (мастер) ўлароқ ишга жўнатилдим. Қамоқхона ҳудудидаги катта қурилишда маҳбуслар билан икки йил бирга ишлашга тўғри келди. Бу мен учун қамоқхона ҳаётини ўрганиш йиллари бўлди. Маҳкумларнинг феъл-атвори ва тутқунликдаги турмуш тарзлари шу учун у қадар янгилик эмасди. У ерда ноҳақ қамалганлар ҳам анчагина эди. Фуқароларимиздаги ҳуқуқий билим савияси пастлиги ва судларнинг адолатсиз ва носоғлом ишлаш тизимини ҳам илк ўша ерда пайқаганман. Бу каби нуқсонлар Мустақиллик йилларида янаям газак олиб, бутун мамлакат ибтидоийлашишга юз бурди. Давлат бошлиғининг кўнглига қараб иш тутишга мослаштирилаётган жараёнларда қонунлар эмас, пора пирамидаси ҳукмронликни қўлга ола бошлади. Таниш-билишчиликка янгидан таъмал тошлари терилаётган даврлар келди…

«Тажрибалироқ» Жондордан эди. Ўғирлик билан қўлга тушганди. Иқрорига кўра, у Темир йўл станциясида тўхтаб ўтадиган ёқилғи ортилган систерналардан ҳамтовоқлари билан доимий равишда йирик миқдорда бензин ўмариб, сотиб юрган. Шериклари асосан, мелисада ишлайдиган соқчилар ва темир йўл бекати маъмурлари бўлган. У қамалгач шериклари ўзларини четга олганлар. У эртадан кечгача шерикларидан нолир, улар очиқда қолиб, ёлғиз ўзи қамалаётганидан аламзада эди. Тинмай, жиноятчилик борасида тажрибасизлик қилиб қўйганидан афсус чекарди.

Тутқундагиларнинг жиноятлари турлича бўлгани каби, уларнинг дард-аламлари ҳам бир-бирлариникига ўхшамайди. Бухоро Давлат университетида ўқиётган шаҳрисабзлик йигит маъшуқаси ва унинг онасини ўлдирган. Айтишича, у бир тун микрорайонда турадиган маъшуқасиникига меҳмон бўлиб борган. Зиёфат қуюқ бўлиб, кайфи ошган талаба ўзини идора этолмасдан истамаган ҳолда қайнонасининг жонига қасд қилади. Қўли қонга ботганини англагач эса, ваҳимадан жинни бўлаёзган. Қотилликнинг изини йўқотиш мақсадида, маъшуқасини ҳам ўлдириб, уйга ўт қўйгач жуфтакни ростлаган. Аммо у узоққа кетолмаган, қўлга олинган.

Маҳбусларнинг яна бириси эшак ўғриси…

Бириси эса, қизиққонлик қилиб қўшнисини болта билан чопган. Айтишича, у бу жиноятга ипини узиб, томорқасига кирган новвосни дея, арзимаган сабаб билан  қўл урган. Қизилтепалик йигит эса, хотинини тоби қочганда қўшнисининг дарвозахонасида турган мотосиклни сўрамасдан олиб, хотинини шифохонага шошилинч етказган. Барчасини мажбурликдан амалга оширган. Ҳеч нимадан хабарсиз қўшни, «мотосиклимдан айрилдим» деб, «02»га қўнғироқ қилган, ва асл ҳақиқатни англагач даъвосидан воз кечган. Аммо прокурор “бу ерда жиноят аломати бор” дея, даъвогарнинг иқрорини тан олмаган.

Ўтирганлар орасида қирқ ёшлардаги бир афғон йигит ҳам бор. У Ўзбекистонга олти ойлик кириш визаси билан келган. Бухоролик бир аёл билан танишиб, уйланган ва шу ерда бир муддат қолишга мажбур бўлган. Уни ушлашган ва «визани вақти ўтган» деган сабаб билан қамашган.

У судда иши кўрилишини олти ойдан буён кутяпди. Ўзбекистондаги суд тизимининг шафқатсизлигидан у қаттиқ ҳайиқиб қолган. Маҳбусларга берилаётган жазо турларининг адолатсиз ва порага боғлангани бунга сабаб бўлган кўринади. У қарийиб, ярим асрдан буён уруш кетаётган Афғонистондаги ҳолатни Ўзбекистон билан солиштирганда, суд тизимининг Афғонистонда мўътадил ишлашини айтади.

У ҳазил-ҳузулга унча мойил бир кимса бўлмаса ҳам, гапирганда ўзбекчаси жуда ғалати чиқади.

 Маҳбуслардан бири бошига тушган кўргулик ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилди:

…Шаҳар чеккасидаги бир хушманзара ердан беш йил бурун ер участкаси сотиб олгандим. Эр-хотин иккаламиз иморатни зўрға тикладик. Мен сувоқ қилсам, этагини липпасига қистирган хотиним лозимининг почасини шимариб, хандақда лой қорди. Лозим бўлганда мен билан баробар елкасида ёғоч кўтарди, лўмбоз босганда томдан туриб челак-челак лой тортди. Яхши кунларга етдик, энди роҳатини кўрамиз деганда, ён томонимизда илгарироқ ер сотиб олиб қўйган вилоят прокуратурасида ишлайдиган қўшни қурулиш бошлади. Уч кунда бутун материалларини келтириб, тиқиб, уч ойда данғиллама иморатини кам-кўстсиз битириб олди. Туманимиздаги кўп ташкилотларга ҳамманинг кўзи олдида солиқ солиб, уйини пора ва зўровонлик орқасидан тиклади. Кўчиб келганига кўп ўтмади, бир кун, ҳе йўқ-бе йўқ кўзимга бақрайиб туриб: «Турган жойингни менга сот, ҳовлимни кенгайтирмоқчиман. Уйингнинг пулини ортиғи билан бераман, сен бошқа жойдан уй сотиб оласан!» деди. Хотиним билан маслаҳатлашиб, уйимизни сотмайдиган бўлдик. Прокурор олдинига дўқ-пўписа қиди. Номери ўтмагач, очиқчасига душманликка ўтди. Ит уруштиришга ишқивозлиги учун у ҳовлисида ҳар хил зотдор итларни боқтирарди. Бир кун унинг кучукваччаси ҳовлимизга кириб келди. Неча бора қувиб ҳайдасам ҳам кетмади. Охири, юрса-юрар деб, индамай қўйдим. Бир неча кун ўтиб, уйга иккита мелиса кириб келяпди. «Тинчликми, десам, тинчлик, сизни олиб кетишга келдик» дейишди. Борсам, мелисахонада қўшни прокурор ўтирибди. Итимни ўғирлади, дея устимдан ариза ёзган, ноинсоф. Аризага «1500 доллар» дея итининг нархини  ҳам тиркаб қўйибди… Ҳикоя шу жойга етганда, афғонистонлик: «Қанча?» деди, ҳайрати бошидан ошиб. Эшитиб, бошқалар ҳам ҳайрон эди. «…Судда прокурор етти йил сўради. Судяда инсофи бор экан, уч йил берди», дея ҳикоясини давом эттирди, жабрдийда йигит кўзларига ёш олиб. Эшитиб, афғонистонлик сакраб ўрнидан туриб кетди: «Хе, ўшо… судингни  ҳам бибисини, сенго тухмот қилгонни ҳам, деди. Агар Афғонистонда шундой қилса, қози уни чоқиртириб юз дарра урдироди. Бизда ҳарқолой адолот бор эканда. Дин бор, инсоф бор, ҳар нарсаго қамоб юбормайди…»

Ит баҳона жиноятчига айлантирилган йигитга жуда раҳмим келди. Қўлидаги ҳужжатларни олиб, тунда ўтириб, шикоят аризаси ёздим.

Бир муддат ўтиб, шикоят аризаси кўрилиб, қамоқ жазоси «шартли жазога» алмаштирилди. У қамоқдан озод бўлди. Камерадагилар, эшитиб, хурсанд бўлдик. Шу воқеа сабаб, ҳамма шикоят ёзишга тушиб кетди. Менга иш кўпайиб қолди…

Маҳбуслар орасида, сберкасса қаровулини ўлдириб, кассани тунаган каззоб қотил дейсизми, ота-онаси ичкиликка ружу қўйиши оқибатида, очликдан силласи қуриган сингилчасига дўкондан бир сиқим макарон ўғирлайман, дея қўлга тушган ўн саккиз яшар рус йигитчаси, дейсизми, турли-туманини топса бўлади.

 Афғонистонликнинг шу ўрис болага жуда раҳми келарди.

«Шунго ҳам қамойдими? Сани бачча, уконг нима бўлди? Кимни қўлиго қолди?» деярди унга. Бизда бўлгонингда, қози сани беш дарра уриб, уйингго ҳайдордида, бориб етим уконгни боқ, дерди. Бу шўролорни қозиси ёмон деб, эшитгоним рост экон…»

Гапирган гапларидан ўзининг ҳам юрагига ғулғула тушарди. «Иби, акун мани нима қилсо экан, булар?» деб менга қайрилиб, сўнгра ўзи ҳақда гап бошларди.

Камерадагилар мен билан гоҳо: «Политический» деб, ҳазиллашар, аммо ҳурматимни жойига қўйишарди…

Бу воқеаларга ҳам ўн тўрт йил бўлди. У кимсаларнинг кейинги тақдирлари менга номаълум.

Ўтган давр ичида Ўзбекистонда «жиноят» турлари ва қонунлар ўзгарди. Қўйилаётган айблар, ҳатто жазолар ҳам илгаргиларга ўхшамайди. Маҳбусларга бўлган муносабат ва турмалардаги контингент тамомила бошқача бўлиб кетган…

  СССР деган қудратли империя емрилаётган замонлар эди. М.С.Горбачёв халқларга бироз бўлсада сиёсий эркинликлар бера бошлаганди. 1990 йил, феврал ойининг охирларида Ўзбекистонда ҳам нисбатан очиқ ва демократик сайловлар ўтказилди. 181-Вобкент сайлов округидан Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлигига, ўзим раҳбарлик қилаётган ПМК (қурилиш ташкилоти)дан 250 ишчи номзодимни кўрсатди. Бу ҳаракат Вобкент туманига яқинда райкомнинг биринчи котиби бўлиб ишга келган Ҳошим Сатторовга ёқмади. Мени олдига чақиртириб, номзодимни қайтариб олишимни талаб қилди.

Ташкилотимиз ишчилари бундай қилишимга рози бўлишмади.

Окрукдан олдинроқ яна икки кишининг номзоди кўрсатилганди. Улардан бири – яқин кунгача СССР Олий Совети депутати бўлиб келган, «Калинин» номидаги колхоз раиси Муҳтарама Наврўзова ва иккинчиси, ўқитувчи – Сулаймон Саноев эди. Ўзига бино қўйган, димоғдор Наврўзовани райком, «опа депутат бўлади» дея очиқчасига  қўлларди. Депутат бўлишидан гумони қолмаган «опа» «кучини» билдириш учун менга менсимаслик назари билан қарарди. Ўқитувчи Сулаймон Саноев содда ва нисбатан ҳалол инсон бўлишига қарамай, райкомнинг йўриғидан чиқолмасди.

Сайловчилар билан сайловолди учрашуви туманнинг «Зарафшон» колхозидаги мажлислар залида бўлди. Уч номзод бирин-кетин сўзга чиқдик. Учаламиз ҳам ўз дастуруламалимизни ирод қилдик. Йиғилганларнинг номзодлардан янги ғоялар ва фикр-муоҳозалар эшитишни истаётгани залдаги кўтаринкиликдан яққол билиниб турарди. Шу сабаб уйғона бошлаган халқнинг чинакамига сиёсий фаоллик кўрсатаётгани менга янаям куч-қувват бағишларди. Минбарга чиққаним заҳоти, гулдурос қарсаклар бошланди. Райком сайловчиларни тинчлантира олмай, оворайи жаҳон бўлди. Сайловчилар унинг авзойи бузилганини кўриб билиб турган бўлсалар ҳам, «бор, тошингни тер» дегандай, унга эътибор бермадилар. Халқ янгича тизимни, тараққиёт ва озодлик олиб келадиган кунларни қўмсаган эди. Кўриб, кўксим тоғ каби юксалди. Рақобатчиларимга ўхшаб ҳавойи гапларни гапирмадим. Ортиқ ваъдабозлик қилмадим, аммо самимий гапирим. Ўзимни сайловчиларимнинг истак-хоҳишларига монанд шижоатли ва эркин тутишга ҳаракат қилдим…

Ҳафсаласи пир бўлган райком, мени четга тортди, ва: «Ҳой йигит, қарсакларга кўп ҳам ишонма, деди. «Ҳа, деб «халқ», «халқ» ҳам деяверма, тушиндингми?! Бошини силасанг, уйғонади ва эгасига ташланади. Аввал почангдан олади, кейин болдирингни ғажийди. Бошига тарсиллатиб, уриб турсанг, ҳаддини билади ва ҳурматингни жойига қўяди. Айтиб қўяй, барибир менинг айтганим бўлади!»

У кетгач, бориб скамейкага ўтирдим ва кетма-кет бир нечта сигарета тутатдим. Халқ “йўлбошчиси”нинг халқ тўғрисидаги ўринсиз фикрлари ғазабимни қўзитди. Чунки, бу ҳақоратлар менга ҳам тегишли эди. Ичимда сўнсиз бир исён пайдо бўлди. Бу исён катта курашга бел боғлаган ва маррани шубҳасиз ишғол этишга аҳд қилган камситилган бир кимсанинг исёни эди…

Сайлов якунлари бўйича 68 фоиз сайловчи менга овоз берганди. Шу сабаб, “сайловни барбод қилгани учун” райкомнинг биринчи котиби ишдан олинди. Аммо Сатторовни «ёмон одам» эди, деган фикрдан йироқман. У ҳаракатчан, тиниб-тинчимас раҳбар эди. Туманда анча яхши ишларни амалга оширгани ҳам бор гап. Қисқаси, кўпчилик коммунистлар сингари партиянинг бир аскари эди, холос. Шахс сифатида ўзини намоён этишга қодир эмасди. Бир сўз билан айтганда, у буюрилганини «дўндириш»дан бошқасига ярамасди…

Маҳкама иши бошланишини кутиб ётган ўша кезларимизда, Чеченистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашгандан таранглашиб борарди.

Президент Жавҳар Дудаев Чеченистонни мустақил деб эълон қилди. Тан олишни истамаган Россия у ерга ўз қўшинларини кирита бошлади… Томга ўрнатилган радиокарнай ҳар кун бу ҳакда ахборот берарди. Онда-сонда, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги қарашлари ҳам баён қилиниб турарди. Бир гал ахборотда Чеченистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларнинг президент Дудаевга мурожаати хусусида бир сиёсий шарҳловчи гапириб қолди. Айтилишича, мурожаатда маҳкумлар қўлга қурол олиб Ватан мустақиллиги учун урушга кирмоқ истаги билан вақтинча бўлса ҳам президентдан ўзларини турмадан чиқаришни сўраган эдилар. Ватанлари тўлақонли озод бўлгач ўз ихтиёрлари билан турмага қайтишларини айтиб, «Қуръон» номи билан қасам ичгандилар.

Бу менга жуда таъсир қилди. Аввало, Ўзбекистонда шунақа вазият рўй бергудек бўлса, бизникилар ўзларини қандай тутишлари мумкинлиги мени кўпроқ қизиқтирди. Шунинг учун камерадошлар орасида кичик бир сўров ўтказишга қарор бердим.

Агар юрт бошига оғир кун тушса, бизникилар ҳам бир тан-бир жон бўлиб оёққа қалқади, лозим бўлса молу жонидан кечади, мамлакатини – яъни насллар келажагини ҳеч қачон қўлдан бой бермайди, деган ўй, бутун фикри-зикримни банд қилиб турарди…

Турмада маъмурларнинг кундузги иш соатлари тугаб, маҳбуслар йўқламалардан қутилиб, ҳамма бемалол бўлганда мавзуни “халқ” муҳокамасига ташладим. Бошида, уларга мурожаатнинг маъно-мазмунини тўла англатишга ҳаракат қилдим. Сўнгра, ватанпарварлик ва миллий туйғуларни қўзғатадиган кичик маъруза бошладим. Охирида: «Йигитлар, Худо кўрсатмасин, Ўзбекистонда ҳам шунақа ҳолат юзага келса, сизлар чечен маҳкумларининг ўрнида бўлиб қолсангизлар, қандай йўл тутган бўлардингизлар», деган саволни кўндаланг қўйдим.

Бензин ўғриси дарҳол гап бошлади:

«Қўйинг, ака бу сафсатани, деди у энсаси қотиб. Озодликка чиқсам, биринчи галда мени чув тушириб, ўзлари очиқда юрган шерикларимни топиб, барчасининг бошини кесардим. Кейин пулларимни йиғиб, чет элга қочардим…»

Сберкасса қоровулини ўлдириб, кассани ўмарган мавзуни давом эттирди:

«Ако, мабодо ўшандай бўлиб қолса, мени беш соатдан сўнг Ўзбекистон деган ердан тополмасдингиз. Кетишдан олдин айрим кишилар билан ҳисоб-китобимни тўғирлаб, олардим!» деди, кекирдагини дакан хўроздай чўзиб.

Талаба:

«Ака, ватан-патан деган сафсатани бир четга йиғиштириб, мусурга улоқтиринг. Бу ватан ота-бобомизга вафо қилганми, бизга вафо қилсин! Шунақа имкон туғиладиган бўлса, биринчи галда ота-онамни бориб кўрардим. Улар билан яхшилаб хайр-маъзур қилиб, дуосини олардимда, каттароқ бир магазинними, банкними, уриб, бу ерлардан бир умрга ғойиб бўлардим. Ҳаётим барбод бўлди. Мен учун энди бошқа йўл йўқ…» деди.

Ҳеч қачон тайинли бир гап айтмайдиган эшак ўғрисига навбат етди:

 «Бора-сола, эшак ўғирлаганимни мелисага сотган кўшним Абдужабборни топардим. Оғзидан тортиб, менинг номимни айтган тилларини кесардим. Кейин бир гап бўлар…»

Новвоси томарқасига киргани учун қўшнисини чопиб ўлдирган маҳбусга гал келди:

«Чиқиб, тўғри уйга борсам, қўшнининг ўғиллари мени кўрсалар, ўлдириб қўйишлари мумкин, деди у жиддий бир алфозда, қошларини чимириб. Шунинг учун «Ватан учун жанг қилмоқчиман» деб, аввал бориб, военкоматдан қурол олардим. Сўнгра, тунда уйга бориб, вазиятни ўрганардим. Қўққисдан, қўшнининг болалари ҳужум қилиб қолса, бира тўла ҳаммасини отардим-да, изимни йўқотиш учун фронтга жўнардим. Бир-икки ой ўтгач уйга қайтиб, тирикчиликни қолган жойидан давом эттирардим. Мен учун ватан, бу – ўз уйим. Бошқалар билан ишим йўқ, ўлиб кетишмайдими….»

  Ўн саккиз ёшидаги рус боласи:

«Я никуда не пошел-бы…» дея гапни қисқа қилди».

Мотосикл “ўғриси” ҳам кескин ва лўнда жавоб берди:

«Уйга бора-сола, қорамолларимнинг ҳаммасини бозорга олиб чиқиб, сотардим. Таниш судя бор, йиққанимни ўшанинг қўлига элтиб тутқазиб, бу балолардан бира тўла қутилардим. Ўшанда, ахмоқлик қилмаганимда, судяга пулни вақтида берганимда, ҳозир бу ерларда шифтга боқиб ётмасдим, мен нодон. Умуман, бизни тинч қўйинглар, илтимос. Армияга бормаганмиз. Хотин ёш, ўқ-пўқ еб, бекорга ўлиб кетмайлик».

Афғонистонлик эса:

«Ако, ўзингиз биласизку ман Афғонистондан, деди. Сизларни армияга мани оладими, йўқми билмайман. Ўзи урушлардан қочиб, бу ерларга кегондим…»

 Қўлимга сигарета олиб, камера дарчаси олдига бордим. У ердан ярим-ярти кўринаётган осмонга боқдим. Қоронғи кечада ғужғон бўлиб ёниб-ўчаётган юлдузларга кўзим тушди. Ичимга ғойибдан бир ўкирик уриб кириб, ғариб ва ҳимоясиз Ватаннинг ичикиб-ичикиб, йиғлаётганини туйгандай бўлдим. Кўзим косасидан кўксимга кўзёшларим думалаганини сезмасдим. Томоғимга хўрлигим келиб тиқилиб, қулоқларим том битди. Сигарани тутатиб, ичимга тортганимда, бўғзимни бир нима кесиб ўтгандай бўлди. Ичим қон ва зардобга тўлди. Бу тупроқ ҳеч қачон соҳибсиз қолмаган дея, бақиргим келди. Қамоқдалигимни эслаб, тиш қисиб, муштларимни тугдим…

Қанча чўзилмасин, суд жараёнлари бошланадиган кунлар яқинлашаётган эди. Мен ҳар томонлама маҳкама ишига тайёргарлик кўрардим. Уйдагилардан, ҳеч кимга билдирмасдан яшириқча «граната топилган» жавоннинг макетини ясаб, олиб келишларини сўрадим. Судда айтилши лозим бўлган сўнги сўз матнини ҳам олдиндан ҳозирлаб қўйдим. Маҳкама ишини сабрсизлик билан кутганим каби жаҳолатга қарши ўт очишга бутун вужудим билан интилардим…

Суд жараёни мен кутгандан ҳам кўра носоғлом бир вазиятда бошланди. Суд бошланишига бироз вақт қолганда содир бўлган бир воқеа асабларимни қақшатиб юборди. Мен, ўшанда «юксак маънавият яратяпмиз» дея иддао қиладиганларнинг кўпчилигидан қўлимни ювиб, қўлтиққа урган эдим…

(давоми бор)

Манба: hayratuz.wordpress.com