Бу кунларда Ўзбекистонда фақат бир мавзу гапирилмоқда. Бу ҳам бўлса, Президент (яъни ноқонуний) Ислом Каримовнинг истагига кўра қурилаётган “олтин” уйлар мавзуси. Телевизору радиолар, марказий ва маҳаллий газеталар, ҳукуматга хизмат қилаётган интернет сайтлари мана шу уйлар мавзусини ёритмоқда…
Ҳолбуки қуриб битирилган уйларнинг сони 24000 экан. Бу рақамни ўрталама ҳар бир оилада 5 кишига кўпайтирсак 120000, яъни Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 0,4% га тўғри келади. Аҳолининг 99,6 %га бу уйларнинг алоқаси йўқ, аммо шовқин суронни кўриб, бутун аҳоли уй билан таъминланган, деб ўйлаш мумкин.
Бундай уйларнинг ҳар бирининг нархи 50 мингдан 70 минг доллар туради. Бечора ўзбекнинг ўрталама маоши 300 доллар, у ҳам иши борда. Бугунги Ўзбекистон ишсизлар ва маошсизлар мамлакатидир, шунинг учун ҳам турли маълумотларга кўра 6 миллиондан 8 миллионга яқин инсонларимиз иш ахтариб Ўзбекистондан хориж давлатларга чиқиб кетганлар…
Бу уйларнинг қандай қурилгани ҳам айри бир мажора. Уларни қуриш вилоятлардаги ҳокимликларга топширилганди: Маҳаллий тўралар албатта ўзлари бориб ишламаган иншоат ишларида…Ўзбекистонда ким қул, ўқитувчи қул! Яъни, қурилиш ишларига ўқитувчилар жалб қилинди, чунки асосий ишчи кучи бўлган ёшлар, юқорида айтилгани каби, Ўзбекистондан қочиб кетган. Ўқитувчилар эса давлат бюджетига қарам, демак улар давлат учун бепул қурилиш ишчиси ҳисобланади. Аҳолининг бу уйларни сотиб олишга қурби йўқ. Нима қилиш керак? Уйларни мажбуран яна ўша қул ўқитувчиларга сотиш керак…
Хўш, бу масалада амалий таклиф нимадан иборат? Таклиф ҳақиқатни қайта такрорлашдир: Давлат халқни боқмасин ҳам, унга уй ҳам қуриб бермасин. Чунки қурилган уйлар зотан фақат 0,4 % аҳолига, у ҳам пули борларига мўлжалланган. Шундай экан, давлат халқга, яъни инсонларимизга эркинлик берсин: меҳнат эркинлиги, табдиркорлик эркинлиги, тижорат эркинлиги, саёҳат эркинлиги…Шунда инсонлар ўзларини нима иш қилишларига, қаерда ишлашларига, қаерда ва қандай яшашларига, қандай уй жой қуришларига ўзларига қарор берадилар…
Ўзбекистоннинг ноқонуний Презиленти ва ҳукумати буни тушунмайди. Чунки жоҳил, инсон ва жамият тараққиётининг оддий қоидаларини билмайди бу ҳукумат: Эркинлик ва Адолат бўлмаса инсон ҳам, жамият ҳам, давлат ҳам тараққий қилмайди. Золим ва ноқонуний Президент ва командаси мана шу ҳақиқатни билмайди ва тушунмайди! Бунинг устига жамиятда Эркинлик ва Адолат устун бўлса, халқ бу золим ва жоҳилларни ҳукуматдан қувади. Яъни, диктатор Каримов ва командаси тахтдан қувилиб, қилган жиноятлари учун тўғри қамоқхонага йўл оладилар…
Шунинг учун ҳам 0,4 % аҳоли учун қурилган уйлар қолган 99,6 % аҳолининг уйини куйдирмоқда. Тамом вассалом.
Фурқатбек
23.04.2013