ГЎРЎҒЛИ
Гапларингда қанот бор, аммо
Кўтаролмас жисмингни афсус.
Истайсанки, бу ўтар дунё
Мақтаб айтса исмингни ҳар кас.
Ҳақ атайсан айтган сўзингни,
Ким мухолиф – ғаниминг шаксиз.
Ёпиб олиб қалбинг – кўзингни,
Оламингга нурлар кераксиз.
Йўқ ғанимга курашиб мудом
Умринг ўтар муаллақ, ожиз.
Асл душман ичинг қолиб
Ўйламассан у ҳақда ҳаргиз.
Эй сўзларин тиёлмаган зот,
Эй бўҳтонга эрк берган инсон,
Сен ўзингни билмайсан, ҳайҳот,
Танимассан ўзингни ҳамон.
Сен эрк деб баҳо берганинг
Нафсинг тўқиб берган қафасдир.
Ачинаман – очиғини айтса,
Истагинг ҳам маълум эмасдир.
Ёд биласан минглаб ҳикматни
Ёд билган бир тўти сингари
Минг афсуски, айтиб юрганинг
Нутқ безашдан ўтмайди нари.
Сукут сақлаб, нафасинг ростлаб
Ёлғиз қолиб ўзинг-ла бир дам
Кимлигингни англаб олмасанг –
Бу умрмас, қоп-қора мотам!..
2 июнь, 2016 йил