O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бу фақат ҳалқ бошига келган синов эмас

Бу фақат ҳалқ бошига келган синов эмас
153 views
12 May 2013 - 16:15

(Андижон қатлиоми муносабати билан)

13 май куни Андижонда йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи аср бошида юз берган инсоният тарихидаги энг мудҳиш оммавий қатлиом амалга оширилди. Бу жиноят бутун дунё кўзи ўнгида, бутун дунё жамоатчилигига бир писанда ва безбетларча қилинган бир чақириқ сифатида амалга оширилди.AQ

Аммо шунга қарамай, бу жиноятга дунё кўрсатган муносабат шу жиноят қамровига муносиб бўлгани йўқ, дунё жамоатчилиги содир этилган ушбу қатлиомнинг бутун вахшатини кўра олмади, уни идрок эта олмади. Ғарб Андижонда юз берган қатлиомга гўё Ўзбекистон бошқа бир ўлчамда яшаётгандай, худди бу ердаги инсонлар ҳаётининг қадр-қиммати бутун дунёда қабул қилинганидан кўра фарқли мезонларда ўлчанадигандай муносабат билдирди.

Ўзбекистон бир чуқур қудуғ-у, бу қудуқдан чиқаётган ҳалқнинг ингроқ ва фарёдлари Ғарб қулоғига худди қабр ичидан келаётган бир заиф ва мубҳам шовқин сингари эшитилмоқда гўё. Ғарб бу товушларни жуда нари борса, бир ”тартибсизлик” аломати, жамиятдаги ”нофаровонлик” белгиси сифатида қабул қилмоқда. Ҳатто Ўзбекистондан чиқаётган ўқ товушлари ҳам бу ерда худди пистонли ўйинчоқлар товуши сингари бўғиқ ва мазмунсиз эшитилмоқда. Шунинг учун ҳам Ғарбнинг Андижон қатлиомига кўрсатган муносабати заиф бўлди, бу муносабат Ғарбнинг 1989 йилда Хитойдаги Тянянмин майдонида ўққа тутилган намойишчилар тақдирига кўрсатган муносбатидан анчагина заиф бўлди. Холбуки, Андижонда ҳалок бўлганлар сони Пекин майдонида ўлганлар сонидан бир неча баробар кўп эди.

Аммо шунга қарамай, бундан Ғарб ўзбек ва хитойлар тақдирига турлича ёндошади, деган хулоса чиқмаслиги лозим. Бу иккита хунрезликка бундай турлича намоён этилган муносабат сабабини бу қатлиомларни амалга оширган иккита режим табиатидан изламоқ керак. Бу иккита режимни солиштирганда Ўзбекистондаги режим ўзининг ташқи дунёдан тўла иҳота қилинганлиги, ўта шафқатсизлиги ва жамият ҳаёти устидан мислсиз назорат ўрнатганлиги билан ажралиб туради. Шундан келиб чиққан холда, Ғарбнинг ушбу воқеаларга кўрсатган муносабатини ҳам – унинг эшитган ва кўрган нарсаларига билдирган муносабати сифатида талқин этмоқ лозим. Ғарбнинг Андижон қатлиоми билан боғлиқ эшитган ва кўрганлари эса, унинг Тянянмин майдонида юз берган воқеалар пайтида эшитган ва кўрганларидан кўра анча оз бўлди.

Шунинг учун ҳам, бизнинг зиммамизга, хозир Ватандан ташқарида яшаётган ўзбекистонликлар зиммасига алоҳида масьулият юклангандир – биз бу ерда зулм остида яшаётган ҳалқимизнинг овози бўлмогимиз лозим. Биз дунёга Ўзбекистонда ҳалққа нисбатан ақл бовар қилмас бир зулм ўтказилаётгани, инсониятга қарши жиноятлар амалга оширилаётгани ҳақда бонг урмоғимиз лозим.

Бу синов фақат ҳалқимиз бошига тушган синов эмас, балки, Ўзбекистондаги зулмдан кочиб қутилишга муваффақ бўлган ва ҳозир Ғарбда яшаётган бутун ўзбекистонликлар учун ҳам синовдир, бу – Ғарб учун ҳам ва Ўзбекистонда юз бераётган ваҳшатларни кузатиб турган бутун дунё учун ҳам бир синовдир.

Мақсуд Бекжон