O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Вал-Фажр

Вал-Фажр
270 views
19 August 2017 - 9:00

Муаллиф ҳақида

“Мен сизни Ватан учун ўлишга даьват қилаётганим йўқ,
сизни Ватан учун яшашга чақиряпман.
Ватан учун яшаш – унинг учун ўлишдан қўрқмасликдир”
Муҳаммад Солиҳ

Горбачев бошлаб берган “Перестройка” даврида сиёсатга кирган Муҳаммад Солиҳ мансуб бўлган ижтимоий гуруҳ – ёзувчилар сиёсат бобида тажрибасиз эдилар. Улар сиёсий ўйинларни билмас ва тез-тез пихини ёрган коммунистларнинг тузоғига тушардилар. Муҳаммад Солиҳ “Бирлик” ҳаракатини ташкил этганларнинг бошида келади. Ҳаракат қурилаётган пайтда тан олинган антикоммунист бўлган бу кишининг атрофини коммунистлар ўраб олган эди.

Муҳаммад Солиҳ коммунистларни йўқ қилиш тарафдори эмасди. Bу хусусда нутқ қилиб,”коммунистлар алоҳида бир ирқ эмас, улар бизнинг оға-иниларимиз, опа-сингилларимиздир, биз улар билан бирга ўлкамизнинг мустақиллиги учун курашмоғимиз керак”, дeганди.

Аммо КГБ мустақиллик тарафдори бўлган бу миллий шуурни обрўсизлантириш учун аллақачон ҳаракатга кечган эди. КГБнинг бу кампанияси Муҳаммад Солиҳга қарши ёзилган “Двойной стандарт честного Мухаммада” (15 декабря, 1988 г, “Правда Востока”) мақоласи билан машру ҳолга келди. Мақолада Солиҳ “Нью Йорк Таймс” газетасига берган интервюсида пахта монокултураси ва Москванинг ерли халқларга қарши мустамлака сиёсати ҳақидаги фикрлари учун қаттиқ қоралаганди.

Нью Йорк Таймс шундай деб ёзди: “Ўзбек ёзувчилари, иқтисодчилар ва маьмурлардан ташкил топган кичик бир гуруҳ Ўзбекситоннинг Москва учун бир пaхта плантацияси эканлиги масаласини кўтардилар. Шоир ва Ёзувчилар Уюшмаси секретари Муҳаммад Солиҳ бизга шундай деди: Фожиа Сталиннинг мамлакатни пахта мустақиллиги билан таьминлаш ғоясидан бошланди. Бу пахта мустақиллиги Ўзбекистон учун ҳақиқий қулликка айланди.” (The New York Times, 06.11.1988, Bill Keller)

1988 йилда бундай фикрларни айтиш уни айтган одам учун таҳликали саналарди.

Муҳаммад Солиҳнинг шу сўзларига эьтибор беринг: “Мен машҳур бўлиш учун сиёсатга кирмадим. Аксинча, машҳур бўлганим учун сиёсатга киришга мажбур бўлдим. Ҳеч қачон ҳеч ким билан рақобат, мусобақа қилмадим, ҳамиша Оллоҳнинг менга ёзган тақдиридан миннатдор бўлдим. Рақобат, ҳасад бечора ва инончсиз инсонларнинг қисматидир. Оллоҳга шукрлар бўлсинки, камина бу дунёда нима қилишини ва нима учун қилишини доим билди. Ва ўзимнинг қилаётган ишимни ҳеч қачон иккинчи даражали иш деб ҳисобламадим. Шеър ёзган пайтларимда мен учун шеърият дунёда энг муҳим ва энг олий маслак эди. Энди сиёсат ҳақида шундай фикрдаман. Сиёсатни “фоҳишалик” деб атаб, яна ўша сиёсат билан шуғулланишда давом этган сиёсатчилардан нафратланаман. Афсуски, бундай цинизм собиқ совет ўлкаларининг сиёсий элитаси ичида тобора ёйғинлашмоқда. Империянинг оғир босимидан кутилмаганда, дафъатан қутилган бу сиёсатчилар ақл ва виждон мувозанатини йўқотиб қўйдилар. Улар кутилмаганда бошларига қўнган озодлик қушининг хўш бўйларидан сарҳуш бўлдилар, масту-аласт бўлдилар. Ва ўз халқларига қарши жиноят ишлай бошладилар …” (Муҳаммад Солиҳ, “Отряхнув с души пыль”, Эмигрантское издание «Центральная Азия», 1996 год, Щвеция)

Муҳаммад Солиҳ шундай дейди: “1992 йил августидан то 1993 йил баҳоригача КГБ тарафидан давомли кузатув остида яшадим ва деярли ҳеч бир фаолият кўрсатолмадим. Газеталаримизни чиқишдан тўхтатгандилар. Халқ билан учрашувга йўл қўйишмас, борган жойимизда провoкатсиялар уюштириб, жанжал чиқаришарди”.

1993 йил феврал ойида Бахтиёр Исобекнинг “Эрк йўлида” деган китоби босилиб чиқди. Чет элда босилган бу китобнинг бир неча юз нусҳаси Тошкентда тарқатилди. Китоб “Эрк” партиясининг қисқача таржимаи ҳолини баён қиларди. 1993 йил апрел ойининг бошида ўша китоб учун Муҳаммад Солиҳни ҳибсга олишди.

“Йўлнома” китобида ёзилишича, Муҳаммад Солиҳни Ички ишлар Вазири суҳбатга чақирaди, Вазир Алматов баъзи одамларнинг чақимчилиги туфайли ҳукумат Муҳаммад Солиҳ ҳақда ёмон фикрга бораётганини айтaди. Агар вақтингиз бўлса, пастда шаҳар прокурори Жўраев ўтирибди, унинг баъзи саволларига жавоб бериб кетсангиз яхши бўлади, дейди. Солиҳ пастга тушaди, у ерда Прокурор Жўраев сўроғидан кейин, кечаси соат бирда, Муҳаммад Солиҳни ички ишлар Вазирлигининг бутун Советлар Иттифоқига донғи кетган ертўласига туширaдилар… Ертулада тўрт кун қолди. Тўртинчи кун, чет эл жамоатчилиги тазйиқи остида Солиҳни ертўладан чиқаришaди.

Солиҳ атрофидаги исканжа ҳалқаси тобора тораймоқда эди….

Америкалик тадқиқотчи Руф Диблер шундай деб ёзади: “1993 йил мартида Муҳаммад Солиҳ яширин тарзда Қозоғистонга йўл олди ва у ерда ўзининг «Давлат сирлари» памфлетлар китобини чоп этди. Тошкентга қайтгач, «жойидан жилмаслик» ҳақидаги тилхатини бузганлиги учун устидан яна битта жиноий иш қўзғатилганидан хабардор бўлди.

«Аввал Туркия (1993), сўнгра Германияга (1994) қувғин қилинган Солиҳ «Нурафшон кунлар сари» номли машҳур чиқишларидан бирида халқни озод яшаб, ҳур фикрлашга чақираркан, нурафшон кунлар, Ўзбекистон ҳур ва демократик бўлишига умид билан яшаш керак дейди… Хиёбоннинг тўрида танҳо ва мағрур, ўз хаёллари билан банд яшаётган ҳайкал мисол, Солиҳ ҳам шуҳрат ва машҳурлик мевасини татиб кўрди… Аммо бугун у ёлғиз ва қувғиндадир. ( Ruth Diebler Literature and Politics: Mohammed Salih and Political Change in Uzbekistan From 1979 to 1995 , Indiana University, Bloomington – 1996)

Муҳожирлик

Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулга келиши билан ҳукумат тарафидан тақиқланган “Эрк” газетаси янгидан босила бошлади. Айни пайтда М. Солиҳнинг “Ойдинлик сари”, “Этиқоднинг чорраҳаси бўлмайди” китоблари ҳам Истанбулда дунё юзини кўрди. 1994 йилнинг феврал ойидан бошлаб “Эрк” газети Ўзбекистоннинг шаҳарларида тарқатила бошлади.

Туркияда эса, Истанбул, Бурса ва Анқара шаҳарларида ўқиётган ўзбек талабалари мухолифат нашрларида фаол иштирок этдилар. Эрк партияси лидернинг бундай қизғин фаолияти президент Каримoвни ташвишга соди ва у Солиҳнинг Туркиядан ҳайдаб чиқарилишини талаб қила бошлади.

Турк ҳукумати 1994 йил октябрда Солиҳ Германияга чиқиб кетишга мажбур қилди.

1995 йилнинг феврал ойида Солиҳ Америка Кўшма Штатларининг “Миллий Демократия Институти” тарафидан ташкил қилинган, ўзбек мухолифати ва ҳукумати масалаларига бағишланган семинар-конференцияга қатнашди. Семинарда ўзбек ҳукумати номидан Адлия министри А. Мардиев қатнашди. Семинар “Бирлик”чи Пўлатовнинг жанжали билан бузилди. Мухолифатнинг якдил эмаслигидан фойдаланган ҳукумат Ўзбекистон ичида мухолифатга қарши қоралаш кампаниясини кучайтирди. Эрк партияси биринчи марта “давлат тўнтариши” тайёрлаганликда айбланди.

“Давлат тўнтарувчилар” 1994 йил октябрда “ушланди”. Булар 11 та ёш йигитдан иборат «лашкар» эди. Улар аслида, 2-3 кишилик гуруҳлар шаклида “Эрк” газетасининг Истанбулда нашр қилинган нусхаларини Тошкентга олиб бораётганда қўлга тушгандилар. КГБ уларга “Туркияда партизан ҳаракатига ўргатилдик,” деб айтасан, деган шарт қўйди ва улар “бизни Истанбулда каратэга ўргатишди”, деб, қамоқдан қутулдилар.

Ҳатто баъзилари милицияга ишга қабул қилинди. 1996 йилда Туркиянинг Миллиятчи ҳаракат Партияси лидери, машҳур сиёсатчи Алпарслон Туркаш Муҳаммад Солиҳни Каримов билан яраштириш ташаббусини кўтарди. Аммо Каримов Туркашнинг хатига “Солиҳ Ўзбекистонга келмоқчи бўлса, ҳокимиятга даъво қилмай келсин”, деган мазмунда жавоб ёзди ва диалог эшигини ёпиб қўйди.

1997 йил Муҳаммад Солиҳ Франкфуртдан Истанбулга келди.

Истанбулда унинг оиласи яшарди. Каримовнинг Анқара сафари олдидан, 1997 йилнинг ноябр ойида Туркия ҳукумати Солиҳни Туркиядан Булғористонга чиқарди. Аммо Солиҳ Софияда бир ой қолиб, яна Истанбулга келди. Ва 1998 йил март ойида Муҳаммад Солиҳ Руминияга сургун қилинди. У ерда бир ойча қолиб, Солиҳ Украина пойтахти Киевга келди. “Рух” ҳаракати лидери Чорновил билан кўришди, ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. 1998 йил июл ойида Базел шаҳри мэрияси таклифи билан Швейцария кетди ва у ерда 3 ой давомида “Йўлнома” китобини ёзиб битирди. Сентябр ойида яна Туркияга қайтди.

1998 йил ноябр ойида Бакуда Абулфайз Элчибей билан учрашди, у ердан Москвага борди. Таниқли сиёсатчи генерал Александр Лебед билан кўришди.

1999 йил 16 февралда Тошкент марказида портлашлар юз берди. Бунда, диний экстремистлар қаторида, Муҳаммад Солиҳ ҳам айбланди. Бу туҳматга қарши Солиҳ ўзининг “Ёлғон жодуси” мақоласини ёзди, унда ҳаммадан аввал бу портлашларни ҳукуматнинг ўзи уюштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Кейин шундай бўлиб ҳам чиқди.

Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма берган Зайниддин Асқаров Ички Ишлар Вазири Алматовнинг талаби ва тазйиқи билан “портлашларни Муҳаммад Солиҳ қилган бўлиши мумкин” деб туҳмат қилганини тан олди, бунинг учун ўзбек халқидан ва Солиҳдан журналистлар гувоҳлигида узр сўради.

Бу туҳматга қарши дунёнинг виждонли зиёлилари очиқ норозилик билдирдилар. Муҳаммад Солиҳ ҳимоясига ёзилган мактубга Русиянинг жамоат арбобларидан Людмила Алексеева, Белла Ахмадуллина, Елена Боннэр, Лариса Богараз, Сергей Ковалев, Андрей Битов, Фазил Искандер, Константин Боровой, Александр Ткаченколар қаторида жуда кўп депутатлар имзо чекди. Озарбойжондан 12 та сиёсий партия лидери, ораларида Абулфаз Елчибей, Иса Қамбар каби таниқли арбоблар ҳам дунё жамоатчилигига бир мурожaат ёзиб, Солиҳни ҳимоя қилдилар. Украин сиёсатчилар ҳам Солиҳни унутмадилар. Верховная Раданинг 36 депутати Муҳаммад Солиҳ сиймосида Ўзбекистонда инсон ҳаклари ва демократияни ҳимоя қилдилар. Мурожатга имзо чекканлар қаторида Қрим турклари лидерлари Мустафo Жамил и Руфат Чубароғлу бор эди. Бу ишда Абдуфаттоҳ Маннопов, Виталий Пономарев каби инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам катта фидоийлик кўрсaтдилар.

Портлашлар баҳoнасида Ўзбекистон президенти Солиҳнинг 3 та укасини қамоққа ташлади ва улардан иккитаси, мана, 8 йилдир қамоқда азоб чекаяпти.

1999 йил март ойида БМТ сиёсий мултaжилар Комиссариати қарори бўйича Муҳаммад Солиҳ Норвегиядан сиёсий бошпана олди ва Ослога келди.

1999-2000 йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати Солиҳнинг Ўзбекистонга топширилишини Норвегиядан 3 марта талаб қилди ва рад жавоби олди.

2001 йил декабр ойида “Озодлик” радиоси таклифи билан Прaгага келган Муҳаммад Солиҳни паспорт контролида Ўзбекистон ҳукумати талаби асосида ҳибсга олишади. Панкрас турмасида ўтирган Солиҳ дунё жамоатчилигининг мисли кўрилмаган ҳамдардлиги воситасида турмадан озод этилиб, Чехия Президенти Вацлав Хавел тарафидан Президентлик саройида қабул қилинади.

Мажмуа ҳақида

Муҳаммад Солиҳнинг бу мажмуада тўпланган асарларини Куллиёт деб атадик, аммо бу қандайдир маънода нисбий атама. Бу нашр Муҳаммад Солиҳнинг 1966 йилдан бери ёзган асарларининг ҳаммасини ўзида мужассамлантирмаган. Мажмуа ватандан узоқда тартибланди ва асосан интернет дунёсида мавжуд бўлган ва китобларда сақланган матнларгина Куллиётга кирди.

Шеърларга келсак, бу мажмуада босилаётган асарлар, муаллифнинг фикрига кўра, унинг ёзган бутун асарларидир. Муҳаммад Солиҳ анчагина шеърдан воз кечди, уларни бу мажмуага киритмади. Нима бўлганда ҳам, Муҳаммад Солиҳ асарларининг бу шаклда тўпли чиқиши, назаримизда, ўзбек адабиётида жиддий воқеадир. Куллиётни нашр қилишда меҳнати сингган барча дўстларга миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Муҳаммад Солиҳ 1975 йилда ёзган “Сўнги имкон” деган шеьрида шундай ёзганди:

Гоҳо қувонч кирар юракка:
Менда ахир имкон бор ҳали
Шеьр – севги деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор,ахир
Қаламни синдириш имкони!
(“Бешинчи фасл”, 1977, Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёти)

Бу олти сатр унинг ҳаёт дастури бўлажагини ҳеч ким тасаввур қилмаганди. Шоирнинг озодлик ғояси учун қаламини синдириши мумкинлиги ташбиҳ эди. Лекин кейинроқ бунинг ундай бўлмагани маълум бўлди. Муҳаммад Солиҳ 80-йиллар ўрталаридан бошлаб, Ватанининг мустақиллиги йўлида шеъриятни бир чеккага суриб, ҳамма тушунадиган тилда мақолалар ёза бошлади.

У “Сўнгги имкон” шеърида берган сўзига содиқ қолиб, жондан севгани озодлик учун 1980 йилларда бошлаган муросасиз курашини давом эттирмоқда.

Муҳаррир

(1)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (5-9-саҳифалар.)

(давоми бор)