Шундай бир латифа бор. Амир Темир ўзининг саройида давра қуриб ўтираркан, тўсатдан йиғилганларга шундай савол берибди: ”Мен одилманми, ёки золим”? Даврада ўтирганлар Амир Темирни “одил” деса ҳам, “золим” деса ҳам ўлимга ҳукм қилаверибди. Даврада Афанди ҳам ўтирган экан. Шунда у сўз қотибди:”Амирим – золим биз! Бизни жазолаш учун Худо сизни юборган”! Бу гап Амир Темирга маъқул келибди.
Ўрта асрларда пайдо бўлган бу латифа бугунги кунимизни ҳам ифода этиб тургандек. Инсон эмас, инсоният ўйлаб топган ҳикматлар борми, ёки бирор иллатни заҳарлик сатира тиғига олган латфаларми – буларнинг ҳаммаси ҳар бир давримизда ўз аксини топиб келган. Латифа худди бизга қараб айтилгандек. Амир Темир ўрнида бизнинг замондошимиз бўлган Ислом Каримовни тасаввур этиб кўринг-а. Тасаввур этдингизми? Унда золим биз ва бизни жазолаш учун Худо Ислом Каримовни юборган бўлиб чиқади.
Миллатнинг келажагини белгилаш учун унинг ўтмишига қараш керак. Ўтмишда йўл берилган хатоларни бугунги кунда бартараф этилса миллатнинг ҳам, мамлакатнинг ҳам келажаги буюк бўлади. Албатта бизнинг доимий президентимиз Ислом Каримов ҳам буюк келажакни ваъда қилгани бор эди, гарчи эндиликда унинг бу ваъдаси кун тартибидан олиб ташланган бўлсада.
Ислом Абдуғаниевични ҳар қанча ёмонласак, ҳар қанча танқид қилсак ҳам кам. Лекин уни танқидга тутган билан нима ўзгараяпди? Президентимизга ақл битиб қолдими, ёки элга қайиша бошладими? Мана, ҳозир қиш ва бу қишдан элнинг анча одамлари, айниқса ёш болакайлари ўта олмайди. Сабаби, касалхоналар ҳам совуқ. Лекин биз имкони борича ҳукмдоримизга яқин бўлишга ва унга ёқиб тушига уринамиз. Гўёки, у бизнинг садоқатимизни муносиб баҳолайди ва яхшироқ пул топиш мумкин бўлган бирор юмуш бериб қолади. Кейин эса косамиз оқаради. Ўша шўрлик косамиз оқаришини орзу қилиб яшаймиз. Биз ахир Ҳазрати Одам авлодиданмиз ва негадир буни унутамиз. Бизда ҳайвоний ҳирснинг кучлироққа ўхшаб кетади.
Ўзбекистон халқининг юрак юрагина ўрнашиб олган ижтимоий бир қўрқув “юртбошимизнинг” салоҳиятини ҳам ошириб бораяпди. Буни бирор ўзбек инкор қила олмаса керак. Ҳаттоки юрагини ҳовучлаб яшаётганлар хорижда жойлашиб олган орасида ҳам анча сероб. Аммо мана шу қўрқувни енгиб чиқа оладиган марду майдонларимиз эса бармоқ билан санарлик даражада кам. Нега? Негалигини эса тағин ўша қўрқувга боғлаш керак. Қандайдир бир лабиринтга кириб қолган миллатмизми, чиқиш йўлини сира сира топа олмаймиз.
Ўзбекистон мухолифати бирлашиши керак деган мавзу жуда кенг қулоч ёйиб бораяпди. Гўёки, шундай бўлиши мумкиндек. Ҳар ким ҳар хил ғояни ўртага ташлайди. Биров Оллоҳнинг Қуръони атрофида ўзбеклар бириксин деб таклиф этса, бошқа бирови ўзи ҳам тушуниб етмаган демократия ғоясини ўртага ташлайди. Яна биров эса эса “Бирлик” атрофида жипслашайлик дея, ҳаммани қаторасига интернет нашрлари орқалик сўкади. Гарчи мухолифатни бирлаштириш каби ғоя илгари сурилаётган эсада, аслида мақсад бу кучларни бир биридан узоқлаштириш учун қилинаётгандек. Негаки, бунақа шакллардаги ҳақоратлар остида ўзбеклар бирлаша олмайдилар!
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) диний муттаасиблардир ҳаракатидир! Бу даъвони илгари сурувчилар ҳам пайдо бўлди. Негадир намоз ўқишни одат қилган одамлар кимларнингдир кўзига худди диний давлат қурмоқчи бўлганлардек кўринаверади. Одатда бундай теоремани Ислом Абдуғаниевич илгари суришидан келиб чиқадиган бўлсак, билибдир, билмайдир айнан ўша “кимлардир” кимга хизмат кўрсатаётганини тушуниб олиш мушкул эмас.
Камина инсон ҳуқуқлари ташкилотига ҳам аъзоман ва шу боисидан ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари бузилиши ортидан гоҳида сўровлар қилиб тураман. Ҳуқуқлари бузилаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисмини диний сабаблар билан азобланаётганлар ташкил этаяпди. Лекин фақат Оллоҳдангина қўрқиш кераклигиини даъво қиладиган бу жамоъа ҳам одатда аввалига “юртбошимизнинг” зулмидан қўрқишини кузатамиз. Масалан, ҳозирда Туркияда вақтинчалик бошпана олиб яшаётган “биродарлар” билан алоқага киришиб кўрдик. Эрта, ёки кеч, улардан мамлакатни тарк этишни талаб қилишлари тайин, лекин шу ҳолатда ҳам улар на мухолиф кучлар ва инсон ҳақлари курашчилари билан алоқага кириша олишади. Гўёки, шундай қилсалар мушкуллари осон бўладигандек.
Боз устига, кўплаб мусулмонларимизнинг нафақат ўзгалар тақдирига, балки ўз тақдирларига ҳам бефарқ қолаётганликларини кўрамиз. Ўзбекистонда диний сабаблар билан узоқ муддатга қамоқ жазосини олишингиз учун диндор бўлишингиз ҳам шарт эмас. Шунчаки, ўз ҳуқуқингизни билмасангиз ва сизнинг ортингизда суянчиғингиз бўлмаса бўлди. Қаршиликлар ибораси билан айтганда, “бе сабзи, пиёз” кетаверасиз.
Масалан, ҳозирда Туркияда вақтинчалик бошпана олиб яшаётган Нафиса исмлик аёл эри Остонов Улуғбекнинг 2011 йилнинг ёзида Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ва 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, Жаслиқдаги УЯ 64/71 колониясида жазо муддатини ўтаётганини маълум қилди. Улуғбекнинг эса умуман намоз ҳам ўқимайдиган яна бир укаси ҳам қамоққа ташланганини билдиради аёл. Аммо у экстрадиция қилинмаган, балки Ўзбекистонда яшаб келаётганди.
Ўзбекларимиз мум тишлаган ва улар учун кимдир келиб Ўзбекистонда ўзгаришлар ясаб бериши керакдек. Масалан АҚШ, Россия, Хитой, ана боринг, майли Толибонлар келсину режимни қулатсин ва Ўзбекистонда янгилик яратсин. Ҳаммасига розимиз, фақат биз ўзимиз курашда иштирок этмасак бўлди!
Туркиядаги ўзбекичстонлик муслима аёллардан бири шундай жумлаларни ёзади: “Биз Ўзбекистонга диндорлар учун турли хил айбловлар билан қамоққа олинаётган вақтда уларга турли хил азоблар бериб қилмаган ишлари учун узоқ муддат озодликдан маҳрум қилинаётган бир даврда яшаётган эдик. Эрим биргина намоз ўқиганию ва мени рўмол ўраганим золимлар кўзига кўрина бошладик. Эримни суриштира бошлади. Биз уларни қўлига тушишини хоҳламадикда, қўшни Қозоғистонга келдик. Биз мазлумлар эмас, балки золимлар тарафида бўлган БМТ деган ташкилотга ўзимизни топширдик. Агар биз улар, яъни Ўзбекистон қўйган айбларни бирортасини қилмаганимиз учун эрим нафақат ўзини, оиласи, болалари, ҳамма ҳужжатларини ҳам топширди. БМТ бизни айбсиз деб оқлов қоғоз берди, аммо икки диктаторнинг келишувини бузмаслик учун оқлов қоғозини бекор қилди ва ўзбекистонлик ҳамма қочқинни Қозоғистон депортаментига топширди. У қилди, бу қилди, ҳаммасини ҳибсга олди. Биз аёллар БМТ га хабар қилдик. БМТ бизга ваъда бердики, эрларингни бир тола сочи ҳам тўкилмасдан 2 соат ичида келади деди. Бу 2 соат шунчалик ўтиши қийин бўлдики, ҳалигача келгани йўқ. Бу БМТ ким тарафида? Ҳақ тарафидами, ёки ноҳақ тарафидами”? Иқтибос тамом.
Бугунги кунларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотидек мўътабар бир халқаро ташкилот ҳам диктаторлар қўлида қўғирчоқ бўлаяпти. Сабабалар жуда оддий! Дунё бўйлаб тарқалаётган қочқинларнинг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этмоқда. Чунки айнан ўша “исломий” деб қараладиган мамлакатларда тинчлик йўқ, айнан ўшаларда инсон ҳақлари қўпол бузилади. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳам танишмайди ва уларни турли кўринишдаги уламолар, ёинки диктаторлар бошқариб келади. Бу мамлакатларда табиий бойликларнинг сероблиги эса диктаторлар учун қўл келмоқда. Ғарбнинг буюк давлатлари кўпгина бу тоифа ҳукмдорларнинг кушандалигига ҳам аҳамият қаратмаяпди.
Масалан, Саддам Ҳусайндек бир диктаторни дунёнинг турли демократик мамлакатлари ҳамла қилиб, уни йўқ қилишди. Негаки у ғарб сиёсатига бўйинсунмаганди. Исроилга қарата муштумини кўрсатаётганди. Аммо Саудия Арабистони каби Қирол монорхиясининг диктатураси ўрнатилган мамлакатдаги аҳвол эса бировни ташвишлантирмайди. Нега? Негаки у мамлакатда нефт кўп ва Саудия қироли оиласи эса бутун дунё мусулмонларини Сионизмга бўйинсўнишга даъват этиб келаётган кучдир. Албатта бу ишини очиқчасига қилмаётган бўлсада.
Бугунги дунё мусулмонга қарши қараётганлигини ҳис қилиш ҳам қийин эмас албатта. Сабаби, мусулмонларнинг аксар кўпчилиги бугунги давр тараққиётидан узилиб қолганлиги, сиёсий фаолиятда иштирок этмаётганлиги билан боғлиқ.
Ўзбекистонлик ҳожилардан бири қизиқ бир манзарани тасвирлаб берди. У 2012 йилги ҳаж мавсумида ҳаж қилган. Унинг ҳикоясига кўра, баъзи шоввоз “мусулмонлар” Каъбага жойнамозларни ишқалаб, кейин уни қиммат нархда сотишаётган экан. Тағин кимлардир Каъба атрофидаги тошларни йиғиб олишармиш. Ахир уни Ўзбекистонда табаррук қилиб пулга сотиб оладиган ва табаррук билиб меҳмонхонаси деворига илиб қўядиган лақмалар кам эмасда. Нима бу, мусулмончиликми, ёки каззоблик? Улар Оллоҳга эмас, манфаатга қул бўлганлар эканликларини тушуниб олиш учун инсоннинг манглайи кенг бўлиши шарт эмас.
Ўзбеклар, сиз муқаддас билган Каъба ҳозирда Ас – Саудлар қўлида ва уларнинг Қурайш давридаги кофирлардан фарқлари, фақат намоз ўқишларида холос. Шундай экан, Ҳаж қилишга ошиқмаслик керак! Чунки Ҳаж учун сарфланган пуллардан мусулмонларга бирор наф йўқ тегмайди. Буни тушунадиганлар бормикан? Йўқ! Бор бўлса ҳам улар озчиликни ташкил этишади.
Ўзбекистонда ҳозир чуқурлашиб кетган муаммоларга ечим излаш тадбирлари гоҳида кузатилинади. Одам савдосига аралашганлар, гоҳида эса порахўрлар қўлга олинаётгани ҳақида ҳам маълумотлар чиқмоқда. Бошқача қилиб айтадиган бўлса, мутлоқ коррупциялашган бу мамлакатда кимларнингдир қамалаётганини кўрарканмиз, “ҳақиқат бор эканку” дегувчилар топилиб қолади. Аммо хурсанд бўлишга ҳали эрта! Бу коррупцион режим кимларнидир қурбон қилаяпди. Ахир ҳукмдоримиз ўзи ўтирган шохани арралашига ишониб бўладими?
Мамлакт обрўси ер билан яксон бўлди ва бунга айбдорлар топилиши керак. Фақат ҳукмрон режим ичидан эмас, шунчаки “хашакилар”, лекин режимга хизмат қилиб келган одамлар орасидан. Бундан кўзланган мақсад ҳам аслида ўзбекистонликларни чалғитиш ва уларни бирлашмасликка ундаш. Яна икки йил давом этадиган сиёсий бўҳронлардан сўнг Ўзбекистонда янги Президент – Гулнора Каримованинг ҳукмронлиги даври бошланади. Ислом Каримов учун бошқа йўл йўқлигини тушуниб етиш учун кишида чуқур сиёсий-ижтимоий билим бўлиши ҳам шарт эмас. Кундай равшан ва шундай бўлади. Халқимиз эса доимий алдовда. У ўзини ўзи алдайди: “ҳа, қарайликчи, яхши бўлиб қолар”.
Ҳаргиз яхши бўлиб қолмайди! Гулнора Каримованинг очкўзлигидан келиб чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, аҳвол ҳозиргидан ҳам оғирлашади. Бу оиланинг Исроил ҳукумати, ҳамда АҚШ даги банк корчалонлари билан яқин алоқасидан келиб чиқсак, улар учун халқаро майдонда бирор арзигулик тўсиқнинг ўзи йўқ. Демак, миллат, халқ мана шу абгор ҳолатида ҳам ўзлиги учун бош кўтармас экан, бундан кейин ҳам шу абгорлигича қолаверади!
Бирлашиш керак! Ҳа, бир мақсадда бирлашиш зарур, аммо қани ўша мақсад? Одамларни бирлашишга томон янграётган чақириқлар ичида энг ажиби “Бирдамлик” ҳаракатининг ҳаракатлари бўлаяпди. Улар ўзбекларнинг маънавиятидан келиб чиқиб “ош” деб номланаётган тадбирга таклиф қилишмоқда. “Кўрдингки ош, кўтарма бош” деганларидек, бизнинг халқимиз турнақатор бўлиб ош ейишга бориши мумкин албатта. Фақат “оқ шарф”, “оқ рўмол”, “норозилик” каби жумлалар уларни ҳуркитади.
Агар “Бирлик” халқ ҳаракати партияси деб аталадиган, бор йўғи ўн беш, ёки йигирма чоғлик одамлар жамланмаси таклифига назар ташласак, ўзбеклар фақат “Бирлик” Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтишини мақсад қилиб бирлашишлари зарур. Гўёки, шунда мамлакат демократик бир мамлакатга айланади, гуркираб ривожлана бошлайди. Йўқ! Унда ҳам тараққиёт бўлмайди, ваҳоланки, ўша бармоқ билан санарлик бирликчилар шундоқ ҳам режим хизматига ўтганликлар бугун бировга сир эмас.
Дин атрофида бирлашишни ва Ўзбекистонни диний ҳукмронлик остида бошқариладиган бир мамлакатга айлантириш даъволари ҳам учраб туради. Ва булар сафига ЎХҲ ни қўйишга уринаётган чаласаводлар ҳам оз эмас. Ҳукуматдан тортиб унга хизмат қилаётган “мухолифатчилар” – ҳаммаси мана шу васваса атрофида бирлашган кўринаяпди. Ҳар неки, бирлашиш борэканку, васваса атрофида бўлсада. Лекин бундан ватанга нима наф? Элга нима наф? Ҳар неки, бу васваса атрофида бирлашиш Каримов режимининг умирини чўзаяпди холос.
Ўзбек деган эл ўзининг маънавиятини, керак бўлса хулқ-атворини ҳам ўзгартириши шарт! Кимнинг қайси динга эътиқод қилиши, ёки умуман динсиз бўлиши асосий масала бўлмаслиги лозим. Аслида шундай ҳам, лекин нега бу мавзу кун тартибига чиқиб келаяпди экан? Бу маълум бир сиёсий кучга қарата тош отиш учун лозим бўлмоқда ва шу сабабдан ҳам васваса атрофида бирлашишни кузатилинмоқда.
“Ҳар бир халқ ўз ҳукмдорига муносибдир” – Фредрих Ницшенинг бу сўзи ўз ўзидан пайдо бўлмаган. Биз, тўронзаминнинг тарқоқ, лаганбардор эллари Ислом Каримов каби ҳукмдорга муносибмиз ва шунинг учун ҳам бугунги давримизнинг азоблик кунларини кечираяпмиз. Яъни, аслида айбдор ўзимиз!