2013 йилнинг 11 ноябри куни тахминан соат 24 лар атрофида маҳалла раисининг ўринбосари Бахмал Ҳайдарова ва бир нотаниш эркак уйимиз олдига келиб, темир дарвозамизни тақиллатишган. Бунга жавобан келиним Наргизанинг кўча томонга қараган деразани очиб:
— Сизларга ким керак, кимсизлар? – деган саволига Бахмал Ҳайдарова:
— Қайнатангизни чақириб қўйинг, у кишига айтадиган муҳим гапимиз бор, — деган жавобни берган.
Келиним уларнинг илтимосини бажаришнинг имкони йўқлигини, мен ўзимни ёмон ҳис қилиб, дори қабул қилиб уйқуга кетганлигимни айтгач, улар:
— Ҳа, майли, ундай бўлса, эртага келамиз. Қайнатангизга айтинг, уйда бўлсинлар, — деб қайтиб кетишган.
Дарҳақиқат, ўша кеча яра ошқозоним қаттиқ оғригани учун оғриқни қолдирадиган ҳамда уйқуни келтирадиган дориларни ютиб, эртароқ ётиб ухлаб қолган эдим.
Бу ҳақда 12 ноябр куни эрталабки нонушта пайтида келиним Наргиза сўзлаб берди.
Улар пиёдамиди? деган саволимга келиним:
— Йўқ, улар енгил машинада келишган эди, — деди.
— Улар неча киши эдилар? деган қўшимча саволимга келиним:
— Мен деразани очиб қараганимда, Бахмал опа билан бир эркак киши машина олдида туришган экан. Кўча қоронғи бўлгани учун машинанинг ичи кўринмаса-да (ўша кеча маҳаллада электр бўлмаган), назаримда, машина ичида яна кимдир бор эди. Чунки Бахмал опа машина ичкарисига қараб гапирар эди, — деди менга жавобан.
Эрталабки нонуштадан кейин уларни соат 9 гача кутдим, келишмади.
Сабрим тугади, чунки тезроқ улар ннга кеча ярим тунда меникига келиб оиламни безовта қилишганини билишни истардим.
Шунинг учун ҳам менинг уйимдан унчалик узоқ бўлмаган масофадаги Бахмал Ҳайдарованинг уйига бориб у билан шахсан учрашишга қарор қилдим. У билан ҳовлисининг дарвозаси олдида учрашарканман, салом-аликдан сўнг, ундан кеча тундаги меникига ташрифи ва кимлар билан келгани ҳақида сўрадим. У эса менга жавобан бундан бир ойча муқаддам Самарқанд шаҳрида бир қанча АЁҚШлари ва хашаматли ресторанлари-тўйхоналари бўлган ўта бадавлат эр-хотинни ўз уйларида ўлдириб кетишганини, шаҳарнинг қайсидир истироҳат боғида кимдир ўзини портлатганини, ички ишлар ходимлари эса бир-бирига боғлиқ бу икки жиноят излари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига етаклаётгани аниқлаганини айтди.
Маҳалла участка нозири Ўткир билан маҳалла хонадонларидан кимлар ўша шаҳарда мардикорликда бўлса, уларнинг оиласи билан учрашиб суҳбат ўтказишга чиққан эдик, жумладан, кеч бўлса ҳам, сизнинг ҳам оилангизни безовта қилишга тўғри келди. Чунки, билишимча, сизнинг ҳам икки ўғлингиз Россияга ишлагани кетишган, деди.
Биринчидан, менинг ўғилларим Петербург шаҳрида эмас. Иккинчидан, улар бекорчилар эмас, оғир меҳнат билан, оз бўлсада, пул топиб оиласини боқаяпти, бўлиб ўтган воқеаларнинг нима алоқаси бор? деб эътироз билдирдим. У эса:
— Биламан, ўғилларингиз тарбияли, эсли-хушли, меҳнаткаш болалар, оилангиз ҳам намунали. Шунинг учун ҳам сизларникидан қайтаётиб Ўткирга оилангиз тўғрисида сўзлаб бердим. У эса Равшан аканинг оиласи сиз таърифлагандек бўлса, эртага келмаймиз, деди. Бугун эрталаб сизникига бормаганимизнинг сабаби ҳам шунда. Кеча эса сизникига Ўткирнинг қистови билан борган эдим, чунки унга бошлиқларидан шундай топшириқ бўлган экан, деди айёрлик билан.
Сездимки, у билан ортиқча гаплашиб ўтириш ёки ниманидир сўраш фойдасиз. Шунинг учун у билан одоб доирасида хайрлашиб ортга қайтдим.
Катта серқатнов кўчадан ўзим яшайдиган тор кўчага буриларканман, йўлнинг нариги бетида бизнинг кўча рўпарасидаги гўшт дўкони яқинида турган 30L368HA давлат рақамли бегона DAMASга кўзим тушди. Балким гўшт харид қилиш учун тургандир, дедим ҳаёлан. Аммо негадир кўнглим ғаш эди. Кўчадан ҳовлимиз томон буриларканман, ортимга қарадим. Боя DAMAS ичида ўтирган кимса машина олдида мен томон қараб турар эди. Сиёсатдаги фаолиятим даврида кўп марта кузатувда бўлганим боис сезгир бўлиб қолган эканманми, ҳаёлан наҳотки, мени кузатаётган бўлишса, нима учун, нима сабабдан, деган саволларни кўнглимдан ўтказиб ҳовлига кирдим.
Уйда кийимларимни алмаштириб, тахминан бир соатча мол-ҳолга қарадим, у-бу ишлар билан банд бўлдим. Ишларим тугагач қайта кийиниб маҳалла чойхонасида қўшнилар билан гурунглашиш мақсадида кўчага чиқдим. Биринчи бўлиб эътибор қаратганим DAMAS автомашинаси бўлди. Чунки турган жойидан жилмаган эди.
Секин-аста юриб гўшт дўконига яқинлашдим. Дўкон соҳиби билан салом-аликдан сўнг унга секингина DAMASни кўрсатиб унинг қачондан бери турганини сўрадим.
У эса менга жавобан бугун дўконига жуда эрта келганини, машина эса эрталаб соат 7 лар атрофида келиб тўхтаганини, тахминича бу машина милицияга тегишли эканлигини айтар экан, “нимадир содир бўлганга ўхшайдиёв”, деди. Унинг айтиши ва менинг гумоним шунчаки бир фараз эди. Шундай бўлса-да эҳтиёт бўлиш керак деган қарорга келдим.
Бу орада сафимизга қўшним Ғофур ака келиб қўшилди. У киши билан саломлашиб, сўрашиб бўлгач, DAMASни кўрсатиб, маҳалла учун бегона машина эканлигини айтиб, ҳукумат, радио-телевидение орқали фуқароларни бундай вазиятда эътиборли бўлишга чақираётганини писанда қилдим. Ғофур ака гапимни маъқуллаб,
— Тўғри айтасиз, юринг, бирга бориб ҳайдовчидан нега тўхтаб тургани сабабини сўраймиз. Керак бўлса милицияга хабар қиламиз дедилар.
Биргаликда DAMAS олдида турган ҳайдовчига яқинлашдик, саломлашдик ва бу ерда тўхтагани сабабини сўрадик. Ҳайдовчи юмшоқ оҳангда бизга жавобан машина бензини тугаб қолганини, ёнидаги шериги бензин олиб келиш учун қаёққадир кетганини айтди. Ғофур ака маҳалладаги ҳовлилардан бирида бензин сотилишини айтганда ҳайдовчи пулим йўқ деб жавоб қайтарди. Шунда Ғофур ака менга юзланиб секингина:
— Ҳаттоки бензин олишга пули йўқ экан, нима қилар эди машина рулига ўтириб, — деди ўзбекона соддалик билан. Унинг соддалигидан менинг кулгим қистади. Сал четроққа чиқдим.
Сездимки, DAMAS ҳайдовчисининг бу ердан кетгиси йўқ. Билдимки, у мени кузатиш учун шу ерга қўйилган. Демак, у билан ортиқча гаплашиб туришнинг ҳам фойдаси йўқ. Машинасидан узоқлашдим. Ҳовлига қайтдим.
Ҳовлига келгач, мол-ҳолга қарадим. Нон ёпишни режалаган уйимиз бекасига ёрдамлашиб тандирга ўтин қаладим ва рўзғордаги бошқа ишларни бажардим. Нон пишгач оилам билан ўтириб тушлик қилдим.
Тушлик тугагач уйга кириб бир оз дам олмоқчи эдим, аммо фикримдан қайтдим. Сафдош дўстларимга қўнғироқ қоқиб уларнинг аҳволидан хабар олишга қарор қилдим. Бирин-кетин қўнғироқ қилган эдим сафдош дўстларнинг барчаси милиция ходимлари келиб, улар билан шунчаки учрашиб, тайинли бир гап айтмай қайтиб кетганларини айтишди.
Устоз Холиқназар акага ҳам қўнғироқ қилдим. Саломлашдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. “Домла, сизларда тинчликми?” деб сўрадим.
“Тинчлик, Оллоҳга шукр, тинчлик” дедилар у киши қайта-қайта. Демак, устозни ҳеч ким безовта қилмаган.
Холиқназар ака билан хайрлашгач ўйланиб қолдим. Модомики, сафдош дўстларимни милиция ходимлари безовта қилган экан, демак уларнинг пайтаваларига қурт тушиб питирчилаб қолишларига қандайдир сабаб туртки бўлган бўлиши мумкин. Қандай сабаб? Балким ЭРК партиясининг ўтказилиши мўлжалланаётган қурултойини (ўша кунлари қурултойни қачон ва қаерда ўтказилишини ҳаттоки ўзим ҳам билмасдим) сезиб қолишгандир ёмики ҳукумат 1999 йилдаги 16 феврал, 2005 йилдаги Андижон фожеасига ўхшаш галдаги ўйинни ўйлаб топдимикин, дедим ўзимча.
Нима бўлганда ҳам, ЭРК партияси аъзолари ортидан қаттиқ назорат ўрнатилганига узил-кесил ишонч ҳосил қилдим.
Бундай ўйин нима билан тугаркин деган ҳаёл билан кўчага чиқдим. Биринчи бўлиб эътибор қаратганим гўшт дўкони томон бўлди. DAMAS машинаси кўринмасди. Унинг ўрнида бошқа бир енгил автомашина турарди. Машина томон яқинлашиб бордим. Давлат рақами 30D126FA бўлган оқ рангли NEXIA мени кўриши билан жўнаб қолди. Ва тахминан 200 метрлар юриб тўхтади. Тахминимча, машина ичида ўтирганлар ўзларини кўрсатишни исташмасди. Ёинки мен уларни таниб қолишимдан ўзларини олиб қочишган.
Эрталаб гўшт дўкони олдида кўрганим DAMAS эса кўчанинг Панжакент кўчаси билан кесишган қисмида турарди.
Қўшниларим орқали мен яшайдиган кўчанинг охирида ҳам 30J785JA рақамли ЖИГУЛИ маркали бегона машина турганини аниқладим. Хулласки, қоронғу тушиши билан кузатувчи машиналар сони ҳам ортиб борди. Айниқса мен яшайдиган кўча серқатнов бўлиб қолди. Ҳаттоки бизнинг кўчага туташ ва параллел кўчаларга ҳам кузатувчи машиналар қўйилди.
Уйимизнинг бир хонасидаги деразадан кўча бир мунча яхши кўринади. Тахминан соат 24 ларда ўша хонага ўтдим. Дераза олдига кўрпача тўшаб иягимни дераза токчасига қўйиб ўтирганча, кўчани кузата бошладим. Ҳар 10-15 дақиқада машина ўтиб қайтар эди… Кўчани қанча вақт кузатганимни эслай олмайман, кундузги воқеалар сабаб, чарчоқ туфайли, пинакка берилибман.
Бизнинг дарвозага тарақа-туруқ тош отилишидан уйғониб кетдим.
Хушёр тортиш учун бошимни бир неча бор силкитиб кўчага қарадим. Ёниқли чироқларини бизнинг уй томон қаратган ҳолда машина турганини кўрдим. Чироқларининг ўта ёруғлигидан машина ёнида, ичкарисида ҳам ҳеч нима кўринмас эди. Яхшироқ қараш мақсадида деразани очган эдим машинадагилар менинг ҳаракатимни кузатиб туришган бўлсалар керак, чаққонлик билан жўнаб қолишди.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас бошқа бир машина ёқимсиз бир хорижий қўшиқни баланд овозда қўйиб ўтиб кетди. Орадан тахминан ўн дақиқа ўтиб яна бир машина бизнинг уй олдидан ўтаркан, кимдир машина ичкарисидан баланд овозда “онангни” деб сўкинди.
Сўкинишни эшитиб ташқарига отилдим. Дарвоза томон юра бошладим. Аммо дарвоза олдига боргач тўхтаб қолдим. Негаки, кўчага чиқмаслигим кераклигини англадим. Чунки дарвозага отилган тошлар, ҳақоратлар менга қарши уюштирилган шантаж эканлигини, агарда кўчага чиқсам қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилдим.
Уйга қайтдим. Ечиниб кўрпачага ёнбошладим. Хаёлга берилибман. Қанча вақт ҳаёл сурганимни эслолмайман, хонага хотиним кириб келди. У менга қараб:
— Нима бўлди сизга, ҳалиям ухламабсиз, бирор ерингиз оғрияптими, балким дори ичарсиз? – деди.
— Йўқ, дори керакмас. Кўчадаги шовқин-сўрондан, сўкинишлардан уйқим қочди, эшитмадингми? — дедим.
— Кўчадаги ғала-ғавурни мен ҳам эшитдим. Маҳалланинг ишсиз юрган бекорчи болалари бўлса керак, бирор-бир тадбирда қатнашиб роса ароқ ичишгандирда, сизга нима. Яхшиси ётиб ухланг, ҳа демай тонг отади, деди-да чиқиб кетди.
Хотиним чиқиб кетгач барибирам ухлай олмадим. Ўрнимдан турдим, кийиниб ташқарига чиқдим. Ҳаммомга ўтиб ювиндим. Ошхонага ўтиб батарейкали қўл фонарини олиб олдимда кўчага чиқдим.
Дарвоза олдида биз томон улоқтирилган тошлар сочилиб ётарди. Бирма-бир териб олдимда кўчанинг ўйдим жойларига ташлаб чиқдим. Ортга қайтарканман кўчанинг бошланишида ва охирида олдинги чироқлари ёқиғли ҳолда биттадан машина турганини кўрдим. Илож қанча, турса турар, уларнинг иши шу-да деган ўй билан ҳовлига кириб, ҳар эҳтимолга қарши, дарвозани қулфладим. Бу пайт хўрозлар бирин-кетин қичқира бошлаган эди. Демак, тонг отди – 13 ноябр тонги.
13 ноябр куни мен ва оилам учун тинч – осойишта ўтишини истардим. Не кўргуликки, ўша кун ҳам мен истагандек бўлмади. Машиналар ва машиналар ичида ўтирган пойлоқчи башаралар сони ортса ортдики аммо камаймади. Не кўргуликки, бундай томошалар 24 ноябр кунгача кечаю кундуз давом этди.
13 дан 24 ноябр кунигача тонг саҳарда кўчага чиқиб пойлоқчи машиналарнинг бор-йўқлигини билиш мен учун одат тусига кириб, 24 ноябр куни тонг саҳарда ҳам кўчага чиқдим. Негадир машиналар кўринмасди. Кун бўйи бизнинг кўчада ҳам маҳалланинг бошқа кўчаларида ҳам кузатувчи машиналар кўринмади. Ўша куни қоронғи тушиши олдидан охирги марта яна кўчага чиқдим, бегона машиналар кўринмади. Демак, узил-кесил ишонч ҳосил қилдимки, улар кетишган. Уйга қайтдим.
Шундай қилиб, 12 ноябрдан 24 ноябргача мени роса кузатишди. Худди 1 рақамли террорчини пойлашгандай пойлашди. Кузатувга қанчадан-қанча машиналар жалб қилинди. Нега? Бу саволга ўзим ҳам ҳануз жавоб топа олганим йўқ…
29 ноябр куни кечга яқин бир хабар олдим: 3 декабр куни Тошкент шаҳрида ЭРК демократик партиясининг 6 қурултойи бўлиб ўтади. Қурултой ўтказилишига олдиндан тайёргарлик кўрганимиз боис, партия вилоят кенгаши аъзолари билан уйма-уй юриб қурултойда қатнашадиган 10 делегат ва бир меҳмон сифатида таклиф қилинган БИРЛИК партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси устоз Холиқназар Ғаниевга хабар қилиб чиқдик.
2 декабр куни йўлга чиқиш учун тайёргарлик кўра бошладим. Кундуз соат 3лар атрофида келиним дарвоза олдида бири милиция кийимида бўлган икки киши сўраётганини айтиб қолди.
Чиқдим. Ҳақиқатан ҳам дарвоза олдида Ўткир исмли маҳалла нозири ва майор унвонидаги милиция ходими турарди. Одоб доирасида саломлашдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.
— Хуш келибсизлар, мендан нима хизмат? деган саволимга улар шунчаки ҳолимдан хабар олгани ташриф буюришганларини бир оз ҳаяжон билан айтишди. Уларнинг ҳаяжонидан сездимки мени сўраб келишлари бежиз эмас.
Хайрлашдик. Улар кўчада турган давлат рақами 30F074FA бўлган SPARK русумли машинага ўтириб жўнаб кетишди. Аниқроғи, бизнинг дарвоза олдидан жўнаб кетишди. Чунки машина кўча охирига бориб яна тўхтади. Унинг ёнига давлат рақами 30D920EA бўлган NEXIA русумли, давлат рақами 30F757GA бўлган SPARK маркали машиналар келиб қўшилишди.
Хулласки, кечга бориб бизнинг уй атрофида туриб қолган машиналар сони ортиб борди, кун бўйи уйимиз милиция қуршовида бўлди. Бундай ҳолат менинг Тошкентга боришимга йўл қўймаслик мақсадида ташкил қилинганлигини англадим. Таваккал қилиб йўлга чиқиш эса мен учун бундай ҳолатда мантиқсиз эди. Чунки нафақат бизнинг уй ва кўча, ҳаттоки қўшни кўчаларда ҳам машиналарда ва пиёда изғиб юрган пойлоқчилар қўйилгани тўғрисида маҳалладош менга ҳайрихоҳ инсонлар хабар бериб туришди.
Кейинчалик менга қурултойда қатнашиши керак бўлган сафдош дўстлардан ҳам хабарлар кела бошлади. Кимнингдир уйи милиция томонидан қамал қилингани, кимнингдир милиция бўлинмасига олиб кетишгани, машиналари олиб қўйилгани тўғрисидаги хабарларни эшитдим. Англадимки, партия қурултойи ўтказилишидан хабар топишган.
3 декабр ҳам мен ва оилам учун пойлоқчилар томонидан қамал куни бўлди ва бу ҳолат тахминан соат 16 ларгача давом этди. Чунки бу пайт мен Тошкентдан кворум йўқлиги сабабли қурултой ўтказиш тўхтатилгани хабарини олган эдим. Сабаби бошқа вилоятларда ҳам қамал ҳолати бизникидан беш баттар эканлиги, Тошкентга бориш учун йўлга чиққан партия аъзолари калтакланиб, ортга қайтарилгани ёки қамоққа олингани тўғрисидаги нохуш хабарларни ҳам айтишган эди менга.
Ҳар эҳтимолга қарши, 3 декабр куни қурултойда меҳмон сифатида қатнашиши керак бўлган устоз Холиқназар акага қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан сўнг Холиқназар ака дабдурустдан:
— Уйда ўтирибман, — дедилар. Англадимки, Холиқназар акани ҳам Тошкентга кетишга йўл қўйишмаган. Чунки Холиқназар ака 2 декабр куни соат 9-10 ларда қўнғироқ қилиб Тошкент томон йўлга чиққанини айтган эди.
Кейинчалик Холиқназар аканинг айтишлари бўйича, у киши ўша куни соат роппа роса соат 13-00 да Тошкентнинг ўз ўғли яшайдиган Сергели-4 мавзеига ҳеч қандай тўсиқ-қаршиликларсиз етиб борган, лекин ҳамма машмаша шундан кейин бошланган. Шу пайт у кишига Жомбойдан у киши истиқомат қиладиган Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли қўнғироқ қилиб, у кишини МХХдан қаттиқ суриштиришаётганини, дарҳол орқага қайтишлари кераклигини айтади. Холиқназар ака бунга рад жавобини бериб Тошетдаги ўғлининг уйига бориб бемалол кунни кеч қилади. Аммо кечки зиёфатдан сўнг ўғиллари кутилмаганда:
— Дада, йўлга тайёрланинг, Жомбойга жўнаймиз, — деб қолади.
Холиқназар ака гап нимадалигини дарҳол англаб, ноилождан тунги сафарга чиқади. Ўғли билан унинг машинасида туни билан йўл юриб 3 декабр тун соат 2-3 ларда Жомбойга ўз уйларига қайтиб келади.
Холиқназар ака гапининг сўнгида шу куни эрталаб соат 9 ларда маҳалла оқсоқоли билан бир МХХ ходими унинг уйига келиб, у кишининг ҳақиқатан Тошкентдан қайтиб келганликларига ишонч ҳосил қилишган. Ўшанда у киши уларга:
— Бу – зўравонлик. Мен ҳақиқатан катта анжуманда қатнашиш учун Тошкентга борган эдим. Сизлар бунга тўсқинлик қилдингизлар. Мен бунга ўзимнинг қатъий норозилигимни билдираман. Бу ҳақда Интернет орқали хабар тарқатаман, — деганлигини қўшимча қилди.
Бизнинг кўча охирида эса бу пайтда пойлоқчилар ўз «ғалаба»сини байрам қиларди. Дарвоза олдида туриб кузатганимда шайтон васвасасига берилган пойлоқчилар ва уларга қўшилган маҳалладан чиққан беш-олти маст-аласт оломоннинг бақириб-чақириши, қандайдир ёқимсиз хориж мусиқасига беқилиқ ўйинга тушишларнинг гувоҳи бўлдим. Пойлоқчилар томонидан уюштирилган бундай «спектакл» қоронғи тушганча давом этди. Ва оломоннинг давомли ҳайқириғи билан якун топди.
Ўшанда мен, наҳотки бундай «томошалар» янги йилгача давом этса, деган ҳавотирда эдим. Адашмаган эканман, янги йил арафасида ва янги йилнинг илк кунларида нафақат мен яшайдиган маҳаллада, ҳаттоки бутун вилоятда юқорида қайд қилганим «томошалар» бошқача кўринишда давом этди. Бозорлар, савдо дўконлпри, автобекатлар, аҳоли кўп тўпланадиган жойлар, касалхоналар милициянинг қаттиқ назорати остида бўлди.
Янги йилнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳрининг ГУМ савдо биноси олдидаги майдончага ўрнатилган арча яқинидан ўта туриб гирди-атрофи темир панжаралар билан ўралган арча олдига ўтувчилар асосан ёш гўдакларни кўтариб олган ёки етаклаган аёллар қўлларида махсус прибор ушлаган милиция ходимлари томонидан қаттиқ текширилаётганига гувоҳ бўлдим. Бундай нохуш текширувга эътироз билдирганларга эса милиция ходимларининг “Бизга юқоридан буйруқ бўлган, аксилтеррор тадбир ўтказилмоқда, эътирозингиз ўринсиз, хоҳласангиз текширувдан ўтиб арча олдига боринг. Хоҳламасангиз бу ердан кетинг”, деган сўзларини эшитдим.
Ўша ердаги манзарани кузатар эканман, наҳотки режим васваса касалига чалинган бўлса, дедим ўзимга.
Наҳотки?
Мирза Равшан
2014 йил, январ,Самарқанд