1
Россия, Россия менинг ватаним,
Мен сенинг ўғлингман, эмасман меҳмон.
Сенинг тупроғингда улғайди таним,
Ҳозирман сен учун бўлмоққа қурбон…
Ушбу мисраларни бундан деярли 70 йил олдин ўзбекнинг энг илғор шоирларидан бири, дея танилган Ҳамид Олимжон ёзган. Бугун бу шеърга муносабат билдиришга мени ундаган жараёнлар ва воқеалар бор. Масалан, илдизини Русия ташкил қилган СССР империясидан мустақил бўлганимиздан кейин орадан 22 йил ўтиб, бугун ҳамюртларимиз орасидан“ажабо мустақиллик тўғри иш бўлдими?”, дейдиганлар топилмоқда…Русия Президенти қарорлик билан янги “Евроосиё Иттифоқи” ғоясини олға сурмоқда ва бу йўлда амалий қадамлар отилишини истамоқда. Ўзбекистондаги бугунги мустабид режимдан қочиб тахминларга кўра беш ёки олти миллион инсонларимиз Русияда ватангадо ҳолида мажбурий меҳнатга маҳкум бўлганлар. Ва ниҳоят бугун мустақил Ўзбекистонимизни ғоявий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий боши берк кўчага солиб қўйган диктатор Ислом Каримовнинг Русияга визити бошланади…Буларнинг барчасини Ҳамид Олимжоннинг ушбу мисралари “соясида” таҳлил қилишга уринмоқчиман.
Аввало ватан тушунчаси ҳақида бир икки оғиз сўз айтмоқчман. Аллоҳ таолонинг тақдири билан инсонлар одатда (истиснолар бор албатта) ўз ватанларида туғиладилар. Бу ватанидаги тил ёки тиллар, дин, урф одат, ижтимоий сиёсий тизим инсонларнинг дунёқараши ва ҳаёт тарзининг шаклланишига шубҳасиз таъсир қилади. Дейлик, вояга етган инсон бирор сабаб билан ўз ватанидан узоқлашиб кетадиган бўлса, ки бу кейинги ўн йигирма йилда оддий ҳолга айланиб бормоқда, у умри давомида ўз ватанини қўмсаб, балкида ватанига қайтиш орзусини кўнглидан чиқара олмай яшайди. “Ватанни севиш имондан эмасдир”, аммо ватан инсон учун аҳамиятсиз ҳам ҳисобланмайди. Чунки юқорида айтилгани каби ватаннинг инсон шахси тикланишида ўз ўрни борлигини рад қилиб бўлмайди. Инсонлар ўз ватанларини одатда уларга кийгизилган давлат номли “тўндан” танийдилар. Яъни ўзбекистонликлар, дейилганда албатта Ўзбекистон давлати назарда тутилади авваламбор. Яъни, ватан масаласининг сиёсий (демакки ғоявий, мафкуравий) жиҳати ҳам бордир шубҳасиз…
Демак, фақат ватан лирик туйғуларнинг мавзуси ёки шунчаки бир жуғрофик минтақанинг исми эмас экан. Ватан учун жон фидо қилиш олий ғоя ҳисобланмаса ҳам (жонни уни Яратганнинг ризоси учун фидо қилиш тўғридир), аммо ватан жоннинг ором топишида ва унинг мақсадлари амалга ошишишда муҳим рол ўйнайдиган бир омилдир, бир жойдир,. Шоиру ёзувчилар бекорга ватан мавзусини улуғламаганлар ўз ижодларида…
Менинг назаримда ватан катта бир уйга, катта бир ҳовлига ўхшайди. Ватандошлар эса ушбу катта “уйнинг, ҳовлининг” фуқароларидир, ҳамюртларидир. Бу ҳолда ватанда бирга яшайдиганларнинг ўзаро бир бирларини ҳурмат қилишлари ва ҳамкорлик қилишлари улар учун талабга айланади. Шуниндек, инсонлар шахс сифатда ўз уйини тоза тутишга ва мукаммал қилишга масъул бўлганликлари каби, ватандошлар ҳам аввало ўз ватанларини ислоҳ ва тараққиёт қилишдан масъулдирлар. Ўзбекнинг шоири Муҳаммад Солиҳ “менинг миллатимни яхши кўришим уни бошқа миллатлардан устун кўришимни билдирмайди. Шунингдек, мен бошқа миллатларнинг ҳам бизнинг миллатимиздан устун бўлишини истамайман”, дейди. Бу самимий бир ватндошнинг сўзидир, яъни модомики инсон эканмиз, миллатлар ҳолида яратилган эканмиз, бир миллат иккинчи миллатни хор кўрмасин, бир ватан иккинчи ватанни паймол қилмасин, бир давлат иккинчи давлатга дағдаға қилмасин…
Муҳаммад Солиҳнинг ушбу позицияси табиий миллатпарварлик ва ватанпарварлик ўрнагидир. Бу нуқта назар айни пайтда ўз миллатини бошқа миллатлардан устун кўрадиган миллатчиларга (ирқчиларга), ўз ватанини бошқа ватанлардан устун кўрадиган шовинистларга ва ўз давлатини бошқа давлатлардан устун кўрадиган империалистларга ҳам муносиб жавобдир.
2
Масаланинг бошқа жиҳати бугун ниҳоятдан тезлашаётган ва оммавийлашаётган глобаллашув (халқлар ва давлатларнинг турли соҳаларда ҳамкорлик ва бирлашув жараёнлари) мавзусидир. Дунёнинг турли бурчакларида ирқчиларнинг ва империализмга кўнгил қўйганларнинг ҳою ҳавасларига қарамай инсонлар ўзларининг бир Ота (Одам ас) ва бир Онанинг (Момо Ҳаввонинг) фарзандалари эканликларини замонамизда кўпроқ эслашаётганга ўхшайдилар. Албатта пул дарди ва манфаат истаги бундай уйғонишга омил эканлигини таъкидлаб ўтиришимизга керак йўқ. Масалан, золим режимдан қочиб ёки шунчаки яхши ҳаётнинг изини қувиб Ўрта Осиёдан Туркияга келганлар Онадўли инсонларнинг ўзларига жуда жуда ўхшашларидан ҳайратга тушмоқдалар. Ҳолбуки, бир пайтлар биз социализмнинг фуқаролари, Онадўли инсонлари эса капитализимнинг ёндошлари эди (ёки уларни бизга шундай танитишарди). Энди эса Ўрта Осиё ва Онадўлининг ўртоқ ватан, баъзиларимизга кўра эса бир миллат, турли давлат ва умумий ватанимиз эканлигини бот бот эшитмоқдамиз…
Ҳол шундай экан, нима ёки қандай жин уриб, Ўрта Осиёнинг мустақил беш давлати глобаллашув ва интеграция бир томонда қолиб, ўзаро уруш ва жанжалдан сўз очмоқдалар?. Бу саволнинг жавоби оддийдир: Ўрта Осиёнинг бу минтақада яшайдиганлар учун умумий ватан бўлиши бугун Москвага визит билан билан борадиган Диктатор “жиннинг” манфаатлариги мос эмас. Бу диктатор учун аваалги вазифа ўзининг тахтини ўйлаш ва қўриш эканлигига унинг “ижоди” бўлган фитна ва фасод, зулм ва риёкорлик сиёсати далилдир. Унинг ўз ибораси билан айтадитган бўлсак гапни узайтириб ўтиришга керак йўқ: Ўзбекистоннинг ноқонуний Президенти Ислом Каримовнинг хато ва манманлик сиёсати асосий ролни ўйнаб, Ўрта Осиёдаги беш мустақил давлат ўзаро глобаллашувни (ҳамкорлик ва иттифоқни) йўлга қўя олмадилар. Натижада Ўзбекистон ташқи кучлар учун осон манипуляция (дунёга таъсир кучи катта бўлган давлатлар сиёсий ўйин ўйнайдиган) қилинадиган давлатга айланиб қолди. Ҳолбуки, Ўрта Осиё давлатларининг ҳамкорлиги ва ўзаро иттифоқи уларнинг ҳар бирини кучли қилгани каби, муаммоларининг ечимларини ҳам қулайлаштирган ва энг муҳими бошқа давлатлар ёки давлатлар иттифоқи билан муносабатларини ҳам қулайлаштирган бўларди.
Бунинг ўрнига бугун Ўрта Осиёдан камида 10 миллион “гастарбайтар” Русияда ночор кун кўришга мажбур бўлмоқда. Уларнинг ватанни тарк қилишига сабабчи бўлган маҳаллий тўралар эса ўзаро иттифоқ бўла олмаганликлари учун энди эски марказга қўл қовуштириб боришга мажбур бўлмоқдалар. Кибрнинг ва калтабин сиёсатнинг жазоси қандай бўлишини Ўрта Осиёнинг бу номустақил “Жинлари” тушган аҳволдан бемалол билиб олишимиз мумкин…
3
Яна бир неча сўзни бугун ватанидан узоқлашиб кетган миллионларча ватандошларим учун махсус айтмоқчиман. Имон ва уни қўриш учун ҳижрат қилиш мусулмонлар учун энг катта неъматлардан биридир. Аммо бугун Ўзбекистонни тарк этган миллионларча ватандошларимизнинг аксарияти имон учун эмас, пул ва дунёвий манфааатлари учун чел элларнинг йўлини тутганлари бир ҳақиқатдир. Мен 20 йиллик муҳожирлик тажрибамда шуларга гувоҳ бўлдим: чел элларга кетганларнинг 90% яқини 10-15 йил ичида аввал тилларини кейин, агар номигагина мусулмон бўлган бўлсалар, динларини йўқотадилар. Чунки улар кўчиб борган давлатларнинг сиёсати ўзларидан фуқаролик истаган кўчманчиларни мумкин қадар ассимилация қилишдан, яъни кўчманчиларни ўз тили, дини, маданияти ва урфқ одатларидан узоқлаштириб, маҳаллий шароитларга мослаштиришдан иборатдир. Қизиғи шундаки, ассимилацияга учраган бундай инсонлар маҳаллий халқнинг вакилларига ҳам айланмайдилар. Яъни, дейлик Швецияга кўчиб келган ўзбек ва унинг болалари (90% га яқини) тахминан 10-15 ичида ўзбеклигини ва мусулмонлигини деярли унутади, айни пайтда швед миллатига мансуб инсон ҳам бўла олмайди (бу зотан имконсиз). Натижада ўртага шахсияти, миллати номаълум, ўзига ҳам ўзгаларга ҳам бегона бир инсон типи ўртага чиқади. Бундай ўз табиатини йўқотган инсонлар бугун Европа ва Америка қитъаларида ўн миллионларча топилади…
Шундай экан, у ёки бу сабаб билан ватанидан кўчиб кетишга мажбур бўлган ўзбеклар аввало имкони борича тезроқ ватанга қайтишнинг йўлларини излашлари керак бўлади. Бунинг учун эса уларни ватандан кўчиб кетишга мажбур қилган сабаб, яъни Ўзбекистондаги диктатурага қарши курашиш керак бўлади. Қолаверса, муҳожирликда яшаётганлар имкони борича ўз миллатдошлари билан бир жойда, бир жамоат, бир гуруҳ ҳолида яшашга ҳаракат қилишлари керак. Шунда тил, дин, миллий урф одатларни сақлаб қолиш қулайроқ бўлади. Энг муҳими Ўзбекистон билан алоқаларни узмаслик ва қаерда бўлмасин, аввало ўз ватанининг, қолаверса инсониятнинг ҳақ йўлда бўлиши учун ҳаракат қилиш керак. Зотан, инсон бўлишнинг маъноси ҳам шундан иборатдир.
Намоз Нормўмин
15.04.2013