Қўлларинг бўш бўлса, қалбинг кишанда,
Ғафлат уйқусида ётган эй банда!
Озодлигинг сезмай ҳанузгача сен,
Қулдек тобеликни қилмайсан канда.
Аждодлардан қолган асрий ватанинг,
Сен учун айланди бандихонага,
Ватан деб жон берган мард ўғлонларинг,
Айланди-ку охир ўгай болага.
Мозийни унутдинг, ўзлик йўқолди,
Бебаҳо бойликлар тинмай таланди.
Хоразмий, Беруний, Улуғбек мулки,
Гўрга кўмилди-ю, ўтга қаланди.
Минг йиллик тарихинг топталди буткул,
Манқуртлар сен учун бўлдилар сарбон.
Бош олиб кетдилар кўплар ватандин,
Кўзларда ёш билан, дилларда армон.
Йироқда бўлса ҳам улар ватандин,
Тўтиё қилдилар ватан тупроғин.
Ватан деб жон бериб умри битганлар,
Ватан демадилар ўзгалар боғин.
Сиз ватанда эмас, ватан сиз билан,
Қалбингизда бўлди жудолик онлар.
Халқини хўрлаган, ватанни сотган,
Ватанда яшаган – ватангадолар!
Мухаммад Нуриллоҳ
Тошкент