O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ватандошларга мурожаат!

Ватандошларга мурожаат!
153 views
16 April 2013 - 9:39

Ҳурматлик Ватандошлар!

Ўзбекистондаги диктатор режимига қарши кураш олиб бориш ва унинг ўрнига янги бир ҳурликка асосланган жамият барпо этиш йўлидаги кураш боши берк кўчага кириб қолганга ўхшайди. Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар турли тоифаларга бўлиниб кетган ва уларнинг бирлари бошқа бирларига ёв. Бирлари бошқаларини қўлламайдилар! Бундай вазиятда аниқ бир стратегия билан кураш олиб бориш мутлоқ имконсиз.
Мамлакат қамоқхоналарида асосан диний сабаблар билан ҳибсга олинганлар азоб тортмоқда, лекин уламоларимиз, диний жамоаларга таъсир ўтказа оладиган олимларимиз парвойи фалакдирлар ва улар асососий кураш йўлини айни ўша азобланаётганларни халос этишдан бошлаш зарурлигини билмайдилар. Ёки билсалар ҳам ўзларини билмасликка оладилар, жуда бўлмаганда Ғарбда яшаб ҳам, диктатордан қўрқадилар.

Мен ўзбекистонлик қочқинларга кўп бора мурожаат қилдим. Масжидларда, ёки бошқа бир сабаб, ўзбек мусулмонлари жам бўлиб қолган мажлисларда, интернет сайтларида мақолалар ёритиш билан ҳам уларни кураш йўлига чақирдим. Лекин фойдаси бўлмади ва ўз асабимни бузганим қолди. Нафақат ўз асабим, балки бошқаларнинг ҳам асабларига эгов тортиб юбордим. Ўзбекистонлик мусулмонлар ўз шахсий ибодатларига, бойлик ортиш йўлларига ёпишиб олганлар ва уларнинг фикрларини кураш йўлига бошқариш мутлоқ имконсиз эканлигини кеч бўлсада, тушуниб етдим. Умуман олганда, шундайлигига энди аминман.

Кимлардир мендан ранж еди, кимлардир юз кўрмас бўлиб кетди. Яна кимлардир мени тушунмади, ёки тушунишни ҳам истамади. Менинг мақсадим аниқ ва равшан бўлсада, бизнинг мусулмонларнинг юрагига чуқур ўрнашиб олган қўрқув уларни тарк этмади. Бу қўрқув илгариги авлодларимизда бўлмаганмиди? Бўлганди! Шунинг учун ҳам бизнинг ўтмиш авлодларимиз Россия империясининг босқини олдида ожиз қолаверишган. Шунинг учун ҳам йигирманчи аср бошидаги “Ёш бухороликлар” ва “Жадидлар” каби эл учун куйинган гуруҳлар таг туби билан йўқ қилиб юборилаверган. Советлар даврида ҳам ўша қўрқув қалбларимиз тўрида эди, ҳозир ҳам ундан қутила олмаганмиз. Келгуси авлодларимиз ҳам (айниқса Ўзбекистонда) худди бизлар каби зир-зир титраб яшаб ўтишга маҳкум бўлишади.

Шу ўринда мен кимларнидир ранжитган жойим бўлса улардан узр сўраб қоламан ва ўзбек мусулмонлари озодлиги учун кураш йўлидан чиқганлигимни билдириб қоламан. Мени маъзур тутинглар ва мен эса сизларни келгусида бу сиёсий кураш йўлига мутлоқ даъват этмасликка ваъда бераман!

Лекин инсон ҳуқуқлари мавзусини ва эрк учун олиб бориладиган сиёсий кураш мавзуларини сақлаб қоламан. Мусулмонлар мавзусини мутлоқ унутиб, келгусида мақолаларимни, ёки бошқа кўринишдаги чиқишларимни исломий бўлмаганлар масаласига қаратаман. Чунки бундан фойда йўқ экан!

Узр азизлар!

Тўлқин Қораев.

tulkin-karaev.blogspot