O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ватаним учун қаттиқ қайғурмоқда эдим…

Ватаним учун қаттиқ қайғурмоқда эдим…
275 views
05 May 2016 - 5:00

maxresdefaultАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 36

(давоми)

Илгаридан бери Олтишаҳар пойтахти Кошғар бўлиб келганликдан, Собит домла бошлиқ аскарлари билан барчалари Кошғарга келиб, расмий ислом ҳукуматини қуриш учун йўлга чиқмиш эдилар. Ислом ошиқлари оқ кўнгил, содда мусулмон бечора уйгурлар: «Биз отига бўлса ҳам ислом давлати қурдик», деб пойтахт қуриш маслаҳатида карнай-сурнай, ноғора-домбара чалишиб, йўлга чиққан аскарларни кўришганларида суюнганларидан «Ислом очилди-ё, ислом очилди» садолари билан ер тепиб ўйинга тушгани турдилар.

Аллоҳ қуллари, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари буларнинг ихлос этиқодлари кўнгилларида кўмилиб ётган. Агар у гавҳар очилур экан, ҳар яхшиликга ярамлиқлари ва ишда қобилиятлилари борлиги шаксиздур. Бироқ бу бечораларнинг диний ва ҳам сиёсий ишларда замонга тушунган ҳақиқий қоловузлари (йўлбошчилари) бўлмагандур. Шунинг учун Ботиш, Чиқишдаги биз Туркистон мусулмонлари, босқинчиларга асрлар бўйлаб оёқости бўлиб келганмиз. Айниқса бу сўнгги ярим аср ичида совет Русияси динсиз коммунист ваҳшийларининг жабр зулмлари остида энг ҳақоратли ҳаёт кечирмоқдамиз. Энди Қуръон ҳукмига кўра, золимлар зулмига чек қўйилган бўлмаса ҳам, ҳеч қўйилди деганликдан, вақти келар экан, устимизда турган тоғдек қора булутлар тўхтовсиз равишда тарқалгусидур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Хўтан аскарлари шу юрганларича, йўл бўйлаб уларга ҳисобсиз кишилар қуйилган ҳолда, 1934 йили охирларида Кошғарга кирдилар. Урумчи ҳукумати йиқилган кунидан бошлабоқ, бутун Уйғуристон ўлкаси бўйинча тартибсиз равишда ҳар жойда маслаксиз тўполончилар бош кўтармиш эди. Энди эса, бир томондан, сув булғатиб лойқаланган сўнггида, балиқ овлаб ўрганган совет маккорлари, тутандириқларини тайёрлаб турган ҳолда, ўз замонасини тушунмаган мақсадлари улуғ, лекин сиёсат оламидан йироқ, ҳар томонлама қўллари қуруқ, бир тўда иш кўрмаган тажрибасиз одамлар, бу каби улуғ инқилобни бажаришлари одатга кўра мумкин эмас эди. Чунки моддий ва сиёсий томондан замонавий кучлик ҳукумат ҳисобланган совет Русияси бунга қарши бўлиб, у ҳар ерда ўз сиёсатига тўғри келмаган ислом ҳукумати қурилиб қолишига ҳеч қачон йўл қўймас эди. «Бутун дунё эзилган миллатларига ёрдам берамиз», деган шиори бўлса ҳам, ўз манфаати йўлида ерлик халқни доим қурбон қилиб келди.

Бирдан бир йўл, агар мен ўйлагандек, бутун халққа сўзи ўтимлик-обрўйлик бўлиши устига, доҳийлик сифатига ҳам эга бўлган, замонасига тушунган бир тадбиркор киши бошчилиги остида, жонфидо ватанпарвар кишилардан кучлик бир сиёсий жамият қурилган бўлса, сўнгра шу жамият орқалик Кошғардаги бошқа бир кучлик давлат вакили билан келишиб, тартиблик равишда иш олиб бориб, бутун Уйғуристон номидан халқнинг талабига мослашган ҳақиқий исломият асосида ҳукумат қурилса, ватан болаларининг ўзаро иттифоқини мустаҳкамлаб, кучлик бир аскар қўмондонлиги ташкил қилиниб ва мумкин қадар уни яхши қуроллар билан қуроллантириб, эҳтиётлик билан иш олиб борилгандагина ўз ҳукуматини қўлга олишлари мумкин бўлур эди.

Яна ўз сўзимизга келсак, шу чоғда Гасилинг қуроллик куч, интизомли аскар билан Хўжаниёз,Момутсилинг аскарларини суриб, Кошғарга томон келаётган эди. Буларнинг ўз ватанлари Хўжу, Соларвилоятларидан чиққан сабабларини юқорида айтиб ўтган эдик. Вилоят ҳокими Мабуфанг Гасилингнингамакиси диндор, исломпарвар одам бўлгани учун ўз жиянини мусулмонларнинг ёрдамига чиқармиш эди.

Буларнинг диний руҳи кучлик, аскарий низоми яхши эди. Кийимлари олди орқасига, йироқдан кўрингудек қилиб, очиқ арабча хат билан «Фийсабилиллоҳ», яъни «Худо йўлида ғазот» сўзларини ёзмиш эдилар. Биз мусулмонларнинг онгсизлигидан душманлар фойдаланиб, низо чиқариб, улар билан бўлган иттифоқни бузди. Шу пайтда нарса кўрмаган нодон Ўсмон қирғизнинг ўрнига бош қўмондон сайлаб Гасилингни келтирган бўлсалар, эркин Туркистон ҳукумати сақланиб қолиши мумкин эди. У кунларда ўзим бу воқеалардан йироқ Ғулжа шаҳрида турганлигим учун, бу ўйланган мақсадни амалга ошириш чорасини қилолмадим. Шундоқ бўлса ҳам қараб туришга чидаёлмай, Ёқуббек бадавлат замонасида икки Ортуш ҳокими бўлган Момутбекнинг набираси Жирчис ҳожимни топиб, тездан Кошғарга юбормоқчи бўлдим.

Бу кишининг қисқача таржимаи ҳоли шулки, мен коммунист ваҳшийларининг қонлик чангалидан қутулиб, Или ўлкасига ўтгач, қонхўр душманлар шум қўлида қолған қариндош, элюртим, суюклик она Ватаним учун қаттиқ қайғурмоқда эдим. Бунинг устига бу ерлик мусулмонлар турмушларининг ҳамма томонлама тушкунлиги, буларнинг ҳаёт аҳволидан, сиёсат оламидан бутунлай онгсиз хабарсиз бўлишлари, мени бек ҳайратда қолдирмиш эди. Оз бўлса ҳам ҳамдард, маслакдош ватанпарвар дўстларимиздан ажрамиш эдик. Бу ерлик турғун кишиларнинг ҳиссизлиги, онгсиз қолоқлиги, кўзлари кўриб келган қочоқларнинг кўнгил кўрлиги, буларнинг дунёқараши, роҳатпарастликларини кўриб, кўнглимда алангаланиб турган ҳиммат ўтларим сўнишга бошламиш эди.

Мана шундай умидимиз кесилгудек ҳолга етган кунларимда бу киши билан топишиб қолдик. Узилаёзган умидимиз қайта бошдан қўзғалишга бошлади. Бу киши эса илгаридан бери инқилобий ишларга қатнашиб, оғир енгил тажрибалар ўтказган, кўзи очиқ, кўнгли уйғоқ ватанпарвар, миллатсевар бир уйғур ўғли эди. Шунинг учун юқоридаги ўзим ўйлаган иш устида икковимиз узун музокара ўтказган сўнггида, бу киши Олтишаҳар томонга, яъни Кошғарга бормоқчи бўлди. Бироқ бу ишга ташкилий равишда тайёргарлик кўрилмаганликдан, иқтисодимиз етишмаганлиги бизга анчагина оғирчилик келтирди. Шундоқ бўлса ҳам, бир неча дўст кишиларимиздан ёширинча ёрдам йиғиб, сафар жамолғасини қилдик.

Узатмоқчи бўлиб турганимизда, бахтимизга қарши шул куни бу йўлдошимиз иситма безгак бўлиб, йўлга чиқолмай қолди. Бунга қарши дори дармон сабабларини қилғанимиздан кейин эртаси куни йўлдошларимиздан қолдирмай узатиб қўйдик. Бироқ, бахтга қарши, бу кучли иродали қаҳрамон, диндор, ватанпарвар тилакдошимиз Жирчис ҳожим йўлга чиққач, кунданкунга оғирлашиб бориб, минг машаққат билан Муз довонидан ўтиб, «Қўрғон» деган марҳум Ёқуббек оталиқдан қолган душманга қарши тўсқул қўнолғусига келганда вафот топмишдир. Аллоҳ уни раҳмат қилсин! Мақсадга етмаган бўлса ҳам, талаб йўлида жон қурбон қилиш ҳайъат тарихи олдида улуғ шарафга эга бўлиш демакдир.

Киши ўз маслаги устида муқаддас вазифасини бажариш каби улуғ хизмат йўлида ажал ўқига учрар экан, ҳиммат аҳллари олдида, золим йиртқичларга қарши шаҳодат ўлимидан фарқи йўқдир. Бу йўлда бўлган мусибат ўзи учун муборак саналган бўлса ҳам, қолган маслакдошлари учун анча маъюслик келтирмиш эди. Шундай бўла туриб, яна қараб туролмай, Ғулжа томонда бўлаётган турлик макр ҳийлалик воқеаларни, совет Русиясининг тутган сиёсати, унинг қурган тузоқларини очиқ кўрсатиб, бунинг бутун чоралари билан узун бир баённома ёзиб тайёрламиш эдим. Бироқ, ўлка бўйлаб мундайин оламон ўзгариш тарқалаётган оғир аҳволда, бунга қарши кимнинг сиёсат юргазишини кузатаётган совет элчихонаси, ўз исковичларини бутун халқ ичида тарқатмиш эди.

Исломият, балки бутун инсоният оламининг офати, куфр нифоқ маданиятининг заҳарлик меваси ҳисобланган коммунистлар бозори қандай ерда қизиди? Сўзга тушунмаган, ҳеч нарса билмаган, айниқса, йўқсуллик камбағалликда яшаётган гумроҳ, ватан, миллат нима эканлигини билмайдиган, онгсиз нодонлар кўп бўлса, мана шулар ичидагина ривожланиб, тездан ишлари авж олди. Шунинг учун Хитой тупроғида тўқайга ўт кетгандек, бошқа ерга кўра тезроқ кўтарилиб, бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳокимиятларини ўрнаштириб олдилар. Бундай инқилоб кунларида ўз ишларини амалга ошириш учун тўсқинлик қилгучилар олдида, оч қолган йиртқич ҳайвонлардек, тишларини қайраб, ҳужумга тайёр турардилар.

Агар худо сақламаган бўлса, шу каби кўрқинч кунлари ёниб турган улуғ ўтга бир челак сув сепгандек қилган ишларим, ўзим учун ҳалокатлик бўлиши шубҳасиз эди. Шу сабабли, бир неча кун машаққатлар чекиб, тайёр қилган баённомани қандай қилиб юбориш иложини тополмай, ахири куйдириб ташлашга мажбур бўддим. Чунки қатнов йўллари отчи эшакчи карвонларидан бошқаларга ясақ қилинмиш эди.

Буларни ҳам ҳар бир тўсқул (тўсилган, пост қўйилган) ерларда қаттиқ тинтув ахтариш билан ўтказмокда эдилар. Шунга кўра, ночор, тақдирга тан қўйиб, ёзмишни кутиб турмоқдан бошқа чора тополмай, қараб қолдик.

Байт:
Қўлға келмас ишларинг ҳаргиз шароит бўлмаса,
Қанча қилсанг жон фидолик, фойдасиздур ишларинг.

(давоми бор)