O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ватан ичидаги кимдир?

Ватан ичидаги кимдир?
279 views
29 September 2012 - 10:42

Асрор Элмуродов

Инсонга ҳар доим нимадир кам, нимадир етишмайди. Унда ҳамма нарса бор: уй, машина, иш, яна банкда бир икки сўм пули. Энг асосийси соғлик-ку…, бу ҳам унда бор, шукур, шукур, ўзингга минг қатла шукур.
Лекин у шу сўзларни айта туриб, яна нималарнидир режалаштиради, жим, борига шукур қилолмайди, зеро инсон ҳайвонмаски, еб-еб тўйиб уйқуга кетса, асло. У ҳар доим эрта билан яшайди, яна нималарнидир қилиши керак. Мана шу “ Нималарнидир қилишга” келганда эса, йўллар айрилиб кетаверади. Бу ерда умуман ҳар хил одамни учратасиз, кимдир уй солиши керак, кимдадир пул қайғуси, яна кимдир эса ўғил уйлантириши ёки қиз чиқариши керак, умуман бунинг ҳаммаси пулга ва яна ўша лаънати иқтисодга бориб тақалаверади.
Ҳамма тирикчилик билан овора, ҳамма бугунини, бугун яшаб туриб, эртанги ҳаётини ўйлаб, уйқуга кетади ва яна ўша бугуннинг елкамиздан тоғ-тоғ бўлиб босиб турган ташвишлари билан бирга уйғонади. Лекин бугун ҳеч ким ватан ҳақида ўйлармикан, унга озгина фойда келтириш, унинг мушкулини озгина енгиллаштириш, ҳаётнинг ҳамма ташвишларини елкадан бир зумга ағдариб, у учун бир нарса қилиш. Ҳар доим миямда бир фикр чарх уради “ Мен Ватан учун нима қилдим?”.
Шу саволни ҳар доим ўзимга-ўзим кўп маротаба бераман, аммо ҳеч ҳам жавоб тополмайман, топганим ҳам фақат ва фақат ўзим учун қилганларим бўлиб чиқаверади, (бир ярим йиллик ҳарбий ҳизматимни айтмаганда) умрим саҳифаларини эса шошилганча яна ва яна варақлайвераман-варақлайвераман-варақлайвераман.
Бугунки, ўзга бир элдаман бу ерда ҳамма нарсам етарли, ҳамма нарса бор, аммо ортимга назар ташласам, Ҳалқим учун ҳеч нарса қилмабман.
Балки менинг ҳаётим энди бошланаётгандир, аммо, нега энди 30 га кириб қолдим ахир, умримнинг учдан бирини балким яшадим. Мен эса бугун Университет кутубхонасида бир уюм китобларга кўмилиб ўтириб, Марказий Осиё ҳақида докторлик диссерациямни ёзаман. Туриб-туриб жаҳлим чиқиб кетади, юқоридаги ўйлар таъсири менга тинчлик бермайди, ёзаётган ишим қуруқ сафсатадек кўринади гўё, шу диссертация ишимни ёзаётиб, ўзимни ёмон кўриб кетаман, клавиатура устида югураётган қўлларни эса чопиб ташлагим келади.
Ташқарига чиқаман, кун бугун булутли, шивалаб ёмғир ёғади, олтин япроқларда рангланаётган Германия кузи. Секин телефон рақамларини тераман, чўзиб-чўзиб гудок жаранглайди.
– Эшитаман.
– Домла, ассалому алайкум бу мен Асрорман Элмуродов Ўзбекистонлик талабангиз.
– Асрор Элмуродов қайсиниси? Менда улар иккита, бири Калининграддагиси, иккинчиси эса Геманиядагиси.
– Домла мен ўша иккаласи ҳам ман.
Гўшак ортидан узун ва самимий кулгу овози эшитилади. Бу инсон менинг устозим ва бугун отамдек бўлиб қолган, бир вақтлар Европа Иттифоқи бош адвокати лавозимида ишлаб келган, бутун бир умрини адвокатликка бағишлаб, Европа Иттифоқининг мана-ман деган ҳуқуқий масалаларини ва ҳалқаро ҳамжамиятнинг Европа Иттифоқи билан бўлган чигалликларини ечган ва узоқ йиллар шу соҳанинг мутахасиси бўлиб ишлаб келган ва бугун кексайиб, қарилик гаштини сураётган бир инсон. Мана анча кексайибдики, ҳар гал телефон қилсам ҳазил билан қаршилайди, бу гал ҳам ўша аънанасига содиқ қолди.
– Э ҳа, шундай дегин, хўш-хўш, ўртоқ Элмуродов, ишлар қалай?
– Домла, расмиятчиликни қўйсангиз-чи.
Ўзимча ўпкалаган бўламан. Аслида Брюсселга бугунгидек сиқилб кетсам, телефон қиламан, устоз билан гаплашиб, пича ҳамма нарсадан чалғийман.
– Майли, майли хўш ахволларинг яхшими, умуман анча бўлди кўришмаганимизга.
Ҳақиқатда охирги маротаба бундан бир йил олдин Белгияга, Брюсселга (домлам ўша ерда яшайди) ҳалқаро семинарга борганимда учрашгандик, ўшанга ҳам бир йил бўлдими, вақт бунча тез ўтмаса.
– Умуман, нима десам экан, ҳозир “ Сизни соғиндим, домла, шунга телефон қилдим” десам “ Наҳотки ўзбек, бир немисни ҳам соғинар экан-да “ деб ишонмайсиз, унда кўра шунчаки сиздан ҳол-аҳвол сўраб қўяй, дедим, десам, ишонасиз менимча.
Гўшак ортидан кулгу овози эшитилади.
– Ҳа, ўғлим, сен мени ўзимдан-да яхши биладиганга ўхшаб қолдинг, хўш ишлар қалай, ўқишларинг жойидами?
– Рахмат домла, ҳаммаси кўнгилдагидек, фақат охирги вақтларда бироз чарчагандекман.
– Нега энди сенинг ёшингда чарчаш? Бу умуман баҳонамас, хўш нимадандир муаммоинг борми, ўғлим, мени биласан, мен ҳар доим сендан ёрдамимни аямаганман.
– Менда-ку муаммо йўқ, домла, аммо бу муаммо меникимас, десам ҳам нотўғри бўлади, умуман сиздан маслаҳат олмоқчи эдим.
– Хўш-хўш.
– Биласиз, мен Ўзбекистонданман ўша ерда туғилдим, ўсдим, тарбия олдим. Бугун эса ўша мен туғилиб ўсган мамлакат катта муаммога юз тутиб турибди. Бу сув муаммоси, биласиз, Ўзбекистон сувни асосан қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан олади, бу давлатлар эса бугун жуда камбағал бўлиб ўз иқтисодини кўтариш йўлларини ўйламоқда, шу сабаб ҳозирда бу мамлакатларда электр энергияси ГЭСлари қурилиш ишлари олиб борилаяпти, бу эса бугун шундоғам Орол муаммоси билан курашаётган Ўзбекистонга яна бир катта зарбадир. Менинг Ҳалқим доимо сув билан тирик, унинг еган нони доимо ердан, у ҳеч қачон меҳнатдан қочмаган, аммо сувсиз у бу қақраган ерда ҳеч нарса ундира олмайди. Бу эса неча минглаб одамлар очарчилиги ва қимматчиликга сабаб бўлади. Ўзбекистон бюджетининг ҳам асосини айнан қишлоқ ҳўжалигидан олган даромад ташкил этади. Балки эшитгандирсиз, бу масала бир неча бор Европа комиссиясида ҳам кўрилди.

– Демак ватан ташвиши сени бугун ўйлантираяпти?
– Бу адолатдан эмас ахир, домла, ўз иқтисодини кўтариш учун бошқа бир ҳалқни хонавайрон қилиш. Сиз кўп йиллар ҳуқуқий масалалар бўйича ишлаб келгансиз, нахотки бу давлатлар бу нарсаларга ҳақли бўлсалар.
– Мен ҳам бу муаммо ҳақида эшитгандим. Аввало сенга шуни айтишим мумкинки давлатлар ўртасида сув олди-бердиси билан боғлиқ ҳалқаро шартнома бор, бу шартнома бугун ҳамма давлатларга тааллуқлидир. Мен ҳозир билмайман Ўзбекистон Қирғизистондан ва Тожикистондан аввал қанча миқдорда сув олган, ҳозир қанча олади ва бу айтаётганларинг ГЭСлар қурилган тақдирда қанча сув олади. Агар бу давлатлар бу иншоотларни қуриш орқали Ўзбекистонга берилажак сув миқдорини шартномадагидан камайтирса, унда Ўзбекистон ҳукумати бу масалада Ҳалқаро судга мурожаат этиши мумкин.
– Аммо яна ҳам ёмони бу ГЭС ларнинг бугун сейсмик актив зоналарда қурилаётганлиги яъни ўша ерда бирор бир зилзила рўй берган тақдирда бутун бир шаҳарлар ва минг-минглаб одамлар сув остида қолиб кетади.
– Ҳа, бу энди яна-ям жиддий масала. Эшитишимча, ҳозирда бу масалада Ҳалқаро комиссия текширув олиб бораяпти ва унинг жавобини кутиш керак, аммо бу масалага Қирғизистонда Россиянинг ҳам аралашуви бу чигалликни яна ҳам мураккаблаштиради яни бугун минтақа фаол геополитик манфаатлар тўқнашаётган зоналардан биридир.
– Ўйлагандимки, бу муаммонинг яна бир бошқа ечими бордир балки, сиз бу муаммони Европа судида кўтариб чиқарсиз, негаки бу ерда менинг бутун бир Ҳалқим манфаати ётибди.
– Асроржон, ўғлим, бу яхши, сен бугун ўз Ҳалқингга ёрдам бермоқчи бўлаётганлигинг, мен сенга очиқ айтаман, бу нарса менинг қўлимдан келади, бугун бу масалани Европа судигача ёки Ҳалқаро судгача олиб чиқиш. Аммо билгинки, бу билан муаммо осонгина ечилиб қолмайди, бунга узоқ ва машаққатли меҳнат, бошқа томондан эса бу иш билан битта адвокат эмас, балки бутун бир Адвокатлар гуруҳи шуғулланади ва уларнинг ҳизмат ҳаққи. Бундан ташқари, бу масала Европа учун бугун янгилик эмас, улар бу муаммо билан аллақачон таниш.
– Демак бу уринишлар ҳаммаси бефойдами?
– Йўқ, нега энди, аввало ҳалқаро комиссия қарорини кутиш керак, ундан сўнг эса вазиятга қараб иш тутиш керак бўлади. Ваҳоланки, шошма-шошарлик умуман тўғри эмас. Мен сенга ҳар доим кучли бўлиш кераклигини ўргатдим, Европа ва Ҳалқаро ҳуқуқ меъёрлари ва уларнинг жамиятга таъсири ҳақида таҳсил бердим, ўқитдим. Аммо шуни ҳам эсингдан чиқармаки, сен бугун ўз Ҳалқинг манфаатини кўзлаяпсан, аммо давлатлар ўртасидаги муносабатларни ҳам зинҳор эсингдан чиқмасин, балки битта Ҳалқ келажаги нафақат унинг ўзига, балки унинг ўз қўшнилари билан бўлган алоқаларига, ҳамда бошқа давлатлар билан муносабатларига ҳам узвий боғлиқдир. Бу сув муаммоси эса бугун бу Ҳалқнинг келажагига ва шу билан бирга унинг яхши қўшничилик алоқаларига ҳам путур етказмаслиги керак.
Биз яна кўп-кўп гаплашдик бошқа шахсий масалалар ёки домлам қизиқадиган эски гиламлар коллекцияси ҳақида, аммо бир нарса ҳаёлимдан кетмади, бу яна ўша сув муаммоси ва унинг ечими. Мен бу муаммони бугун ўзимча ечишга уриниб кўрдим ва бундан кейин ҳам бундан тўхтамайман. Бу масала келажакда Европа ҳамжамиятига олиб чиқилиши керакдир, олиб чиқаман, балки Ҳалқаро суд бу ишни кўриб чиқар, бунга-да ҳаракат қиламан, бундан мени ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтата олмайди, зеро инсон бу дунёга бойлик тўплаш ёхуд қорин тўйғазиш учун келмаган, ваҳоланки, у ҳар доим ўзи учун муқаддас бўлган, санаган ватани, Ҳалқи учун ҳар доим туриб бермоғи керак. Ўйлайманки бугунги ўзбек ёшлари ҳам мен билан бирга ҳамфикрдирлар.

 

facebook.com