O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Вақти келгунча ўзимизни ютилишдан сақлашимиз керак…

Вақти келгунча ўзимизни ютилишдан сақлашимиз керак…
60 views
24 March 2016 - 5:00

bb01881cda5803d8c2985ceb8006cf57Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 22

(давоми)

Биринчи дунё уруши чиқиши билан олам сиёсати ўзгарди. Ўша замон подшоҳлари тахтларидан ажрагач, Русияда коммунистлар фирқаси ғалаба қозондилар. Бунинг натижасида совет ҳукумати қурилиб, унга қарашли бутун ўлкаларда динсизлик, худосизлик бошланди. Энди бу аждарҳодан қутулиш учун қандай чора қўлланилиши керак деган масаланинг вақти ўтканлигидан бу ҳақда фикр юритиб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқдир.

Бироқ пайғамбаримизнинг ғойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳам ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуғ воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўрғонлари тор мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар.

Лекин бу муборак кунга еткунчалик бу аждарҳодан қутулиш эмас, балки унга ютилиб кетишдан сақланиш чораларини имконият борича қилиб туришимиз лозимдир. Йўқ эса бутун дунёни титратган Темур каби шон-шавкатли ҳоқонлар мамлакати бўлган улуғ Туркистон ўлкаларини бу ялмоғизлар ютиб сингдириб кетишлари кўп узоқ эмас. Чунки, Оврупо давлатлари томонидан асрлардан бери бутун дунё бўйича қўлланиб келинган мустамлакачилик сиёсати, иккинчи дунё уруши тугаши билан ўзгариб, ҳар миллат ўз ватанларига эга бўлиб, ўз ҳукуматларини қўлга олдилар. Ўша кундан бошлаб, ёлғиз Англия давлати Осиё, Африкадаги мустамлакаларидан 30 дан ортиқ мамлакат ҳалқига озодлик бериб, яна янги усулда ҳукуматларини қуриб ўзларига топширди.

Энди бутун оламда мустамлакачилик йўқолиб, озодлик даври бошланганига қарамай, совет империяси бир томондан ўз қўли остидаги ўн олти ўлкалик халққа тил учида қоғоз устида озодлик берган бўлиб, иккинчи томондан, шармандаларча мустамлакачиликдан ҳам ёмонроқ сиёсат қўллаб, бутун халқни, айниқса, Туркистон халқини қул қилиб, ҳайвондек ишлатмоқдадир. Бунга ҳам қаноат қилмасдан ерлик халқни ютиб сингдириш, ватанларини эса руслантириш қастига тушди. Турли баҳоналар билан Русиядан сел оққандек кишиларни келтириб, ватанимизнинг энг гўзал жойларини булар билан тўлдиришга киришди. Қирғизистон, Қозоғистон ўлкаларидаги ерлик мусулмонлар устида, агар сиёсат шу ҳозирги кетишича давом этса, кўп узоқламаёқ бу икки турк уруғи ўз тилларидан ва ҳам ватанларидан ажраган ҳолда, ҳаммадан илгари руслашиб, ютилишга тайёр бўлиб қолдилар. Чунки иккинчи дунё уруши тўхтаган кунидан бошлаб, ҳозирги тарих 1968 йилга давр бу икки ўлкада ерлик халқларга кўра рус забонларнинг сони тез кўпайганлиги шуни исботлайди. Шунинг учун ҳозир қутулиш мумкин бўлмаганликдан, унинг вақти келгунча ўзимизни ютилишдан сақлашимиз керак. Қайси йўл билан бўлса ҳам ўзини сақлаган миллат, вақти келганда сабабларни тўлиқлаб, чидамлик билан ишга киришар экан, албатта, мақсадни қўлга келтира олади.

Энди душманга ютилишдан сақланишнинг энг кучлик қуроли эса, шу икки нарсадан иборат: биринчиси диний ихлос, иккинчиси миллий ҳисдир. Қайси миллат бу ҳисларга ҳалал еткизмай яхши сақлар эканлар, ундай миллат душман томонидан ютилиб кетилиши мумкин эмасдир. Коммунистлар ҳукyмати динга қарши эллик йиллик кураши давомида Ўзбекистон мусулмонларини, айниқса, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўз динларидан анчагина йироқлаштириб, диний ҳиссиётларини йўқота олди. Лекин буларнинг миллий ҳиссиётлари ҳар қанча тортишувлар остида бўлса ҳам, шу кунларгача озми кўпми сақланиб келмоқдадир. Энди бу ҳиссиётимизни доимий равишда сақлаб қолишимиз учун, кераклик зарур тилларни ўзлаштирганимиз устига, ўз она тилимизга қаттиқ аҳамият бериб, миллий адабиётимизни юқори кўтариб, илм ва маданият тиллари даражасига етказишимиз лозим. Мана шундагина бизлар олдимизда оғиз очиб тайёрланиб ётган қизил аждарҳонинг ютишидан ўзимизни сақлай оламиз. Тил-адабиётимиз қанчалик ўсиб, тараққий топар экан, илм маърифат ҳам шунчалик кенгаяверади.

У ҳолда қуруқ отлиқ Ўзбекистон бўлмай, тилимиз қаторга киргач, адабиётимиз соҳаси кенгайиб унинг обрўйи ошган сайин, миллатимиз ҳурмати кўтарилади. Бу эса миллий ҳиссиётимизни сақлаб қолиш учун энг кучлик қуроллардан бўлиб ҳисобланади. Шунга кўра диний ҳисдан ажраганлари устига миллий ҳисларидан ҳам ажрамоқ, XX аср маданият аждарҳоси оғзига тушиб ютилди демакдир. Шунинг учун ёш қари демай ватанпарвар, миллатсевар ўзбек олимлари ўзларининг келажак авлодлари олдидаги энг муқаддас вазифаси деб билиб, бу хизматни эсларидан сира чиқармасинлар!

Бир миллат ўз ҳаётий ҳуқуқларини керакли шароити билан қўлга келтириши учун, у миллатнинг олий ҳиммат ўғиллари фидойиларча мол-жонини аямай, бу йўлда ҳар қанча қийинчилик чиқар экан унга қарши кўкрак кериб, чидамлиқ билан иш олиб борар эканлар, ана шундагина ҳақиқатни юзага чиқариб, ўз мақсадларига эриша оладилар. Ҳиммати ўзидан ошмаган олимларнинг бутун қилган ҳаракатлари ҳайвонларча қорин тўйгазишгагина боғланган бўлиб, улар иродасиз, инсон суратлик жаниворлардир. Ўз тилларини унитиб, муқаддас динларини ҳаммадан илгари ташлаган ҳолда, улар илон оғзига келган қуёндек ютилишга яқин турадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Киши қайси халқ тилини ўрганиб, илмини олса, унинг тузоғига тушмай, зиён заҳматдан ўзини қутқара олади», дедилар. Бундай бўлгач, тил ўрганиб, ўқув ўқитувдан кутилган бизнинг биринчи мақсадимиз: бутун дунёга танилган Ватанимиз Турон Туркистон тарихини қоралашлардан сақлаб ва ҳам келажакдаги авлод наслларимизни селдек келаётган босқинчиларга ютилишидан қутқаришдир. Агар шундай қилинмас экан, иймонликлар худо олдида жавобга тортилиб, бошқалар эса, сўнгги авлод болаларимиз тилида туганмас лаънатга қоладилар.

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Золимлар томонидан ноҳақ олинган шунча кўп қирғизлардан ёлғиз «сўпочи чолдан бошқа ҳеч ким қутилолмади. Айниқса, бетобликга учраган ёши улуғ кишилардан ҳеч ким қолмади. Бунинг устига ўзларига қарши гумон қилиб, ер ости камераларида сақланмиш мазлумлардан қоронғу тунлари, олдиндан қазиб тайёрлаб қўйилган чуқурларнинг лабига келтириб, отилган чопилганлар ҳам оз эмас эди. Шу каби оғир кунлар бошга тушганида яхши ёмон кўзга кўриниб, дўст душман шунда ажрайди. Эр керакким, шундай оғирчилик кунлари торчилик ерларида кишиликни йўқотмай ўзини тута билсин.

Байт:

Яхшилик кунларда барча дўст бўлур,
Қора кун тушганда кимдир ожиз ўлур.

Шундоқ қийинчилик билан Пишпек ер ости турмасида ётқанимда менга жон куйдириб, вафодорлик билан хизмат кўрсатувчилар Сўқулуқ тунгонларидан Довудҳожи, Маъсудҳожи, Маъсудохун бошлиқ шогирдларим эди. Бу тарих ёзилган кунлари қарасам ул воқеадан 38 йил ўтмишдир. Ҳозирги 1968 йил тарихида эса, ўша садоқатлик дўст шогирдларимиздан икки уч кишигина қолиб, бошқалари фоний дунёдан ўтиб, марҳум бўлмишдирлар. Биз учун мол жонини аямаган, худо учун дўст тутинган, вафолик шогирдларимиз эдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

(давоми бор)