O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ваҳҳобийлик ва сиёсат

Ваҳҳобийлик ва сиёсат
250 views
09 February 2017 - 5:00

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(43)

ВАҲҲОБИЙЛИК ВА СИЁСАТ

Ўзбекистонда диндорларга қарши тазйиқ-таъқиб сиёсий мухолифатга қарши репрессиялар билан бир пайтда, яъни 1992 йилдан бошлаб авж олди. Сиёсий мухолифат бузғунчилик ва давлат тўнтаришга интилишда, диндорлар эса, ислом фундаментализмида айбландилар. Бу қўйилган иккита айб ҳам уйдирма эди, аммо ҳукумат ўз рақибларини йўқ қилар экан, дунё жамоатчилигига қандайдир сабаб кўрсатишга мажбур эди. “Давлат тўнтаришига интилиш” ва “ислом фундаментализми” Ғарб давлатларидаа қабул қилиниши мумкин бўлмаган нарсалар эканини ҳукумат биларди ва ўйинини ҳам шу қарталар билан ўйнади. Аммо муваффақият қозонолмади, дунё жамоатчилигини алдай олмади.

Ташқи сиёсатдаги бу мағлубиятни ич сиёсатдаги ютуқ билан беркитиш лозим бўлди. Бу ютуқ мамлакатда истиқрор, барқарорлик эди. Бу юутуқ ҳукумат сиёсатининг ютуғи эмас, халқимизнинг сабр-қаноати маҳсули эди, аммо ҳукумат уни ўзиники қилиб кўрсата олди. Албатта, ташқи давлатларга эмас, ўз фуқароларига кўрсатди. Чунки, барқарорликни ниманинг эвазига тутиб турганини чет давлатлар яхши билардилар. Уларни “демократия бўлса, Тожикистондек қон тўкилади”, деб алдаб бўлмасди.

Ҳукумат бу сафсата билан тонгдан шомга қадар бир парча нон учун суринаётган чорвасиз, йўқсил халқни алдаши мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам, Тожикистондаги қонли воқеаларнинг Ўзбекистон телевидениесида такрор-такрор кўрсатилиши аҳолини чинакамига қўрқитди ва халқ “оч қорним, тинч қулоғим”, деган хулосага келди. Бундан фойдаланган ҳукумат ўзига таҳликали кўринган сиёсий ва диний гуруҳларни янада эркинроқ йўқ қила бошлади.

Диндорларга қарши ташвиқот икки йўлда олиб борилди. Диндорлар ташқи сиёсат учун “ислом фундаменталистлари” деб аталишда давом этса ҳам, мамлакат чикарисида бу ибора қўлланмади. Халқ учун унинг кундалик ҳаёти ва анъаналарига бевосита алоқадор бир нарса ўйлаб чиқариш лозим эди. шундай бир уйдирма бўлсин-ки, халқ диндорлардан қочсин, уларни диндор эмас,жин душманлари сифатида кўрсин. Шундагина ҳукумат диндорларни йўқ қилаётганда, халқ исён қилмайди, аксинча, ҳатто хурсанд бўлиши мумкин. ва ҳғукумт ўйлаб топди: Ўзбекситонда “ваҳҳобийлар” фаолият кўрсатаётган эмиш; улар қабрларни зиёрат қилишга қарши эмиш. Улар авлиёларнинг турбаларини йиқиб ташлашни истаётган эмишлар ва ҳоказо.

Хуллас, сунний мазҳабли мусулмон асрлар давомида нимани суннат деб билган бўлса, ваҳҳобийлар ҳаммасига қрши эмиш, қабилида кенг миқёсли ташвиқот бошланди.

Албатта, халқимизнинг юз юз фойизи суннийдир ва суннийликка таҳдид бор деса,”қани, қаерда?”, деб аланглаши турган гап. Яқинда Андижон қабристонларининг бирида ҳукумат шаввозлари баъзи қабртошларини синдириб, “буни ваҳҳобийлар қилди”, дея миш-миш тарқатганини вилоят аҳолиси билади. Бу ўз бўлгаларида обрўли диний раҳбарларни йўқ қилиш ва айни пайтда динни парчалаш учун уюштирилган фитналардир.

Умуман, бизда ваҳҳобийлар борми? Мен 1991 йил Президентлик сайловлари баҳонасида турли диний гурҳ тамсилчилари билан учрашган эдим. Асосан ёшлардан ташкил топган бир гуруҳни эслайман. Суҳбат орасида бу ёшлар бизда ислом динининг бузилганини, уни Қуръон асосида ҳаётга қайта тадбиқ этиш лозимлигини сўйладилар. Хусусан, халқимизнинг маиший ҳатида баъзи қусурларни, дейлик, тўйларда ароқ ичиш, исрофгарчилик, ҳалол билан ҳаромни ажратмаслик каби мавзулар тилга олинди. Фақат мусулмон ота-онадан туғилгани учун инсон мусулмон бўлиб қолмайди, балки, шариат қоидаларига бўйсунган кишигина мусулмон деб аташ жоиз, дейилди. Хуллас, менинг суҳбатдошларим ўзлари яшаётган ҳаётни маънавий жиҳатдан мазмунлироқ қилишга интилатгандилар ва улардан ёшларга хос ташаббускорлик руҳи уфуриб турарди.

Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, аксинча, бу ёшларнинг маънавий тозаликка,иймонга интилиши мени қувонтирди. Суҳбат тугаб, ташқарига чиққанимизда,ёнимга ўрта ёшлардаги бир киши келди ва қулоғимга шипшиди: “булар ваҳҳобийлар, эҳтиёт бўлинг…”. Мен бу “огоҳлантириш”ни жиддий қабул қилмадим, қулоғимга шипшиган одамнинг кимлиги билан ҳам қизиқмадим, чунки, бу ёшларнинг ваҳҳобийлигига ишонмасдим. Аммо кейинги воқеалар тадрижи мени бироз ўйлантириб қўйди.

Қайта қуриш йилларида мамлакатимизда сиёсат соясида диний жабҳада ҳам янги адабиётлар, турли мафкураларни ташиган китоблар пайдо бўлди. Буларнинг ичида ваҳҳобийликни ташвиқ этувчи китоблар ҳам бўлганлигига шубҳа йўқ. Аммо бу китобларнинг минг йилдан ошиқ бир давр ичида ўзининг диний анъаналарига содиқ қолган бир миллатни мутаассир этишини тасаввур қилиш қийин. Эҳтимол, ғайратини ичига сиғдиролмаётган баъзи ёш йигитларимиз учун бу ктоблар ўзининг радикал шиорлари билан жозиб келган бўлиши смумкин, аммо бу шиорлар Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбандий, Имом Бухорий,Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро каби ўнлаб дин олимлари ва мутасаввуфлари ватани бўлмиш Туркистон халқини чалғита олмайди.

Халқимиз юзда юз аҳли суннатдир, ҳанафийдир,ваҳҳобийлик эса, яқинда пайдо бўлган ярим диний, ярим сиёсий бир оқим. Нега сиёсий, чунки, ваҳҳобийлик ғоялари аксарий вазиятларда турли мамлакатларнинг турли ҳокимиятлари тарафидан сиёсий мақсадлар йўлида истисмор қилинди. Тўғрироғи, ваҳҳобийликнинг моҳияти бу истисморни, бу суистеъмолни қулайлаштирувчи моҳият эди.

Янада очиқроқ айтсак, ваҳҳобийлик ислом дини ичида сунъий мазҳабчиликни кўайтиришдан манфаатдор бўлган сиёсий кучлар учун навбатдаги бир восита бўлди.

Ваҳҳобийликнинг ғояси нимадан иборат, шу хусусда бироз тўхтайлик. XVIII-аср ўрталарида Муҳаммад Абдулваҳҳоб деган киш тарафидан “Китоб-ут-тавҳид” номида кичик бир рисола ёзилди, унинг набираси Абдураҳмон бу рисолани шарҳлаб, қисқартирди, номини “Курра-ул-уюн”, деб ўзгартирди. Бу китобга кейин бошқалар тарфидан иловалар қилинди вашу шаклда ваҳҳобийлик пайдо бўлди. Баъзи ривоятларга кўра, Абдулваҳҳоб бу китобни инглиз жосуси Хамфер ёрдамида ёзган. Китобнинг қисқача ғояси шундай: бугунги мусулмонлар мусулмон эмас, бут парастдирлар.

Чунки, улар Оллоҳа эмас, пайғамбарлар, авлиё ва валийларнинг қабрига топинмоқдалар. Бу иддиога аҳли суннат олимлари шиддат билан қарши чиқадилар. Улар Қуръони Каримнинг “Моида” сурасининг 35-оятини клтиришади.

Оятда Оллоҳ шундай буйруқ беради: “Менга яқинлашмоқ учун васила ахтарингиз”. Олимлар пайғамбар ва авлиёларнинг руҳларини Оллоҳдан шафоат исташ учун бир восита ўлароқ баҳолашади.

Маълумки, Туркистонда авлиёларнинг қабрлари азалдан муқаддас ҳислбданган ва мусулмонлар бу қабрлар пойида Оллоҳдан шафоат истаганлар. Ваҳҳобийлар бу анъанани куфр деб аташади ва мусулмон қул билан Оллоҳ шртасида воситачи бўлмаслиги лозим, дейдилар. Ўликлардан, уларнинг руҳларидан ёрдам сўрамоқ ширкдир, дейишади. Аммо Расулуллоҳнинг тириклигида бошқалар учун қилган дуолари Оллоҳ тарафидан қабул қилинганини эътироф этишади.

Аҳли суннат олимлари фақат Расулуллоҳ эмас, унинг йўлидадаги авлиёларнинг,Оллоҳ дўстларининг ҳа дуолари қабул бўлишини таъкидлайдилар. Айни пайтда, уларнинг руҳлари ҳам Оллоҳдан мўминлар учун дуо қилиши мумкинлигини айтадилар.

Нима учун шафоат истаган мўминлар Оллоҳга тўғридан тўғри ёлвормай,авлиёларни воситачи қиладилар, деган саволга олимлар шундай деб жавоб беришади: дуоларнинг Оллоҳ таарафидан қабул қилиниши учун муҳим шартлар бор, бу шартларнинг ҳаммасини бажарган кишининггина дуоси муқаррар қабул қилинади.в у шартларни ҳамма ҳам бажара олмагани учун, уларни бажарган комил инсонлар руҳи восита қилинади. Ва Оллоҳ таоло ўзи севган бу мукаммал инсонларнинг хотири учун уларнингдуосини қабул қилади.

Олимларга кўра, авлиёларнинг руҳлари бир сабабдир. Мусулмон сабабга ёлворар экан, мўъжизани сабабдан эмас, Оллоҳдан кутади. Яратувчи Оллоҳдир, сабаб эмас, балки сабабнинг ўзи ҳам Оллоҳ тарафидан яратилгандир. Агар сабабга яратувчи сифатида қаралса эди, бу ширк бўлган бўларди, дейишади.

Албатта, бу дегани дуолар фақат шу йўл билан қабул қилинаркан, деб хулоса чиқариш кулгили бўлади. У ҳолда кундалик ибодат бўлмиш беш вақт намоз ичидаги дуолар камситилган бўларди.Олимларнинг авлиёлар хусусидаги таъкиди ваҳобийларнинг айблашларига қарши далил сифатида тушунилиши лозим, холос.

Қизиғи шундаки, ваҳҳобийлар исломда мазҳабни тан олмайди ва мазҳатлар динни парчалaш учун яратилгандир, дея иддао қиладилар. Бу бир қарашда тўғрига ўхшайди. Лекин Рaсулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда айтишича, шундай деган эканлар: “Умматим етмиш уч фирқага бўлинажакдир, улардан бири мустасно, ҳаммаси жаҳаннамга киражаклар”. Ундан бу ягона тўғри йўлдаги фирқа ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ “булар менинг ва асҳобимнинг йўлидан кетганлардир”,деб жавоб беради. Яъни исломдаги фирқачилик олимлар томонидан бир қисмат ўлароқ баҳоланади.

Шунингдек, ваҳҳобийлар тасаввуф илмини ҳам қаттиқ танқид қилишади, мутасаввуфларни эса, бидъатчилар, деб аташади. Тан олиш керак, бу қараш бизда баъзи диндор гуруҳлар тарафидан у ёки бу шаклда маъқулланиб келган.

Туркистонда тасаввуф илми инқирозга учраб, тариқатлар йўқ бўлгандан кейин, халқимиз диний илмлардан узоқлашди ва Қуръондан бир неча oят ёд билган одам мулла санала бошлади. Аввал чор Русияси, кейин советлар зулми остида давом этган бу биқиқ ҳаво халқнинг руҳоний очлигини янада кучайтирди. Оч одам нон топмаса, дарахтларнинг томирини еганидек, диний маърифатга ташна одам қўлига тушган ҳар қандай китобдан таъсирланиши мумкин. Бу “диний китоб” ўлароқ тавсия қилинса, бас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда диний тушунчалари бир-биридан фарқли гуруҳлар бўлиши мумкин. Агар шундай гуруҳлар бўлса, уларни тўғри йўлга солиш диний жамоатнинг вазифаси ва буни ҳукуматнинг зўравонлиги билан тузатиш мумкин эмас.

Аслида, ҳукумат ваҳҳобийларга қарши курашаяпман, деб расмий дин идораларини алдаяпти. Ҳукумат динга қарши курашаяпти ва ҳукумаатни қўллаб-қувватлаётган муллалар буни тушунишлари керак. Ўзбекистонда ислом фундаментализми каби ваҳҳобийлик ҳам йўқдир.

1995. Декабр

(давоми бор)