Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ёзган аризам бўйича кеча Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан қўнғироқ қилишиб, суҳбатга чақиришди.
Бугун бордим. Мени вазирнинг спорт ишлари бўйича биринчи ўринбосари Мурод Алиев (собиқ футболчи) қабул қилди. Вазирликка аризамнинг қисқача мазмуни юборилгани боис ундаги ёзганларимни, айниқса, қўйган конкрет талабларимни қайтадан санаб беришимга тўғри келди.
Таҳминан бир соат давом этган суҳбат чоғида Мурод Алиев футболдаги муаммолардан яхши хабари борлигини билдириб, аризамда кўрсатилган муаммолар ва уларни ечиш учун берган таклифларим ўринли эканлигини таъкидлади.
Суҳбатимиз сўнгида Мурод Алиев аризамдаги талаб ва таклифлар бўйича бошқа идоралар, жумладан, Ўзбекистон футбол федерацияси, Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда амалий чоралар кўрилишини ҳамда менга расмий жавоб ёзилишини маълум қилди.
Энди, ваъда қилинган амалий чораларни ва расмий жавобни кутиб қоламан…
Бобомурод АБДУЛЛА
02.11.2016
Манба: facebook.com