Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(4-қисм)
Кичик хулоса
Ҳақпарастлик ва ҳақсеварлик ҳисси, озодликни, мустақилликни исташ туйғуси онамнинг покиза сутлари ва отамнинг ҳисобсиз тагдор ҳикоялари билан қон-қонимга сингиб кетган мендай бир одам ҳам “мустақиллик” диктатураси остида кечган кейинги йигирма йилимизни бундан олдин қайта қуриш берган эркинлик йилларига солиштира-солиштира, айрим онларда: “СССР бу қадар тез бўлиниб кетмай туриши керакмиди”, деган хаёлга бориб қоламан.
“Мустақиллик ҳомиласи росмана тўққиз ойлик табиий босқични босиб ўтмай, саккиз ё етти ё ҳатто олти ойлик палласи чала туғилиб қолди, етилиб туғилгани бошқача бўлармиди”, дейман. Яъни, қайта қуриш замони бир оз узоқроқ чўзилгани яхши эди, назаримда. Чунки бу икки давр бир-бирига солиштирилса, Горбачнинг қайта қуриш даври мустақилликнинг ҳозирги ўзбекистонча нусхасидан кўп томонларда устун кўринади менга. Янаям тўғрисини Оллоҳ билади.
Яъни, ойи кўрилмай бошлаб юборилган ёлғон ҳайитдан чин арафаси тотлироқ эди!
Биринчидан, қайта қуриш даврида сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, сиёсий эркинликлар кучли эди ва бундай арафа даври қанча узайса, ундан фойдаланароқ бўлғуси мустақилликка ғоявий букилмас, пишиқ пойдевор қуриб олинган бўларди.
Иккинчидан, Ўрта Осиё республикалари ва халқларининг бир-бирига талпиниши кучли эди ва бу жараён хайрли ечимига бориб олган бўлар эди.
Учинчидан, диний соҳадаги эркинлик натижасида мачит ва мадрасалар кўпаяр ва диний таълим кучаяр, динимиз бор ҳақиқати билан халқимизнинг кўпроқ қисми орасига кириб қолар ва чинакам ўзликка қайтиш, миллий-диний ўзликни қайтадан тиклаш мумкин бўлар эди (бусиз миллат кучли бўлмайди).
Тўртинчидан, узоқ йиллар мустамлакада яшаш натижасида одамларимиз онгига ўтириб қолган қуллик руҳияти ўрнига ўзига ишонч туйғуси росмана оёққа туриб олар, ўтмишини тўғри англаган ҳолда келажакни тўғри қуришга ҳаракат кучаяр эди.
Бешинчидан, тарихнинг қора ва қоронғи нуқталари оқариб-ёришиб, халқимиз энг олдин ўзини, сўнгра дунёни, дўст билан душманни яхшироқ таниб олар эди.
Олтинчидан…
Хуллас, гап кўп. Яна анча-мунча яхшиликлар бўлиши мумкин эди, бизнингча. Лекин қайта қуриш даври тез тугаб қолди ‒ ёндию ўчди гўё.
Кечагина “Иттифоқ шартномаси”га қўл қўйишга шай турган “Биринчи секретар” ҳатто енг ичидаги “халқ вакиллари” олдидан ҳам ўтмай, бирдан мустақиллик эълон қилиб юборди. “Халқ вакиллари” бу оламшумул воқеани олдиндан билмагани “меъмор” уларнинг чапагини ҳам тилаб олганидан сезилди. Албатта, бу ишларда Катта Дунёнинг ҳам кўринмас иродаси бор. “Қалтироқ қўлли” ФҲДҚнинг СССРни сақлаб қолиш йўлида қилган охирги қўпол ва ўхшовсиз типирчилашини фурсат билиб, Елсин бошлиқ бир ҳовуч демократ Катта Дунёнинг ахборот ва бошқача қўллови билан Масков кўчаларига чиқди. Марказ ўзи билан ўзи овора бўлиб қолгач, республикаларга отни қамчилашга пишанглар берилди: “Давай, тез мустақиллик эълон қил, биз қувватлаймиз!”
Бусиз бўлмасди ҳам.
Катта Дунёнинг мақсади мустамлака остида эзилиб яшаётган юртларни чинакам озодликка чиқариш, олдинги қарам республикалар ўрнида кучли, маънавиятли, ҳартомонлама ҳур янги давлатлар барпо этиш эмасди, албатта. Асосий нияти СССРдай катта бир давлатни емириб-бўлдаклаб ташлаш, сўнгра янги давлатчаларни ўзининг манфаат қучоғига тортиш эди. Аммо бу дегани бошқаларнинг қучоғига тушмаслик учун СССР таркибида қолаверишимиз керак эди дегани эмас. Асло!
Уларнинг нияти бошқача бўлса бўлсин, муҳими ўзимизнинг ниятимиздир. Бизнинг ниятимиз ҳар қандай кир мақсадларга қарши тура оладиган кучли, ҳамиятли бир мустақилликка эришиш бўлиши керак эди. Афсус, ишлар орзуларимиз, армонларимиз, умидларимизга кўра эмас, пешоналаримизда битилганига кўра бўлди. Ўйимизга ярашасини эмас, ҳўйимизга ярашасини берди Оллоҳ.
Хўш, ўшанда ҳокимият тепасига бугунгилар эмас, мустақиллик учун курашганлар келганида аҳвол бошқача бўлармиди?
Бошқача бўлиши аниқ, лекин бугунгидан яхши бўлармиди, йўқмиди – у ёғини Оллоҳ билади. Ҳарҳолда воқелик аччиқ ҳақиқатларни кўрсатди:
1. Гуржистон билан Озарбойжонда ҳокимият майдондагиларга ўтди. Натижа нима бўлди? Мустақилликчиларнинг қисқа муддатли ҳокимиятлари бирида фожиали, иккинчисида орқага қайтиш билан якунланди. Сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, натижа аянчли бўлди.
2. Узоққа бормайлик, ёнқўшнимиз Тожикистон бошига нималар тушмади! Халқи бирикканроқ ва демократияси биздагидан кучлироқ бўлганига қарамай, айтарли бирон ижобий натижага эришолмади. Агар бугунги ҳолатидан хулоса қилсак, балки биздагидан баттарроқ натижа берди. Ўртада шунча қон тўкилгани, қанчадан-қанча одамнинг ёстиғи қуригани қолди, холос.
Бундай натижанинг сабаби кўп, албатта. Шулардан бири – қайси миллат, қайси республика бўлмасин, ўрис-совет мустамлакасидан тезроқ қутулишни истаган мустақилликчилар кўпинча ўткир сиёсатчилар эмас, балки чексиз орзуманд, сиёсий содда кишилар эди.
Озодлик фикрини кўтариб чиққанлар фикр бошқа нарса, бошқариш бошқа нарса эканининг фарқига кўп ҳам бормас эди. Назарий томондан фарқига борса ҳам, сиёсатнинг кирликларига, эски иқтидорнинг юзсизликларига сира тайёр эмасди. Ҳокимият чеки-чегараси йўқ имтиёз экани, битмас-туганмас ош-нон экани ва улар бундай имтиёз ва ош-нонларини катта кўчаларда, бош майдонларда байроқ кўтариб юрган қаёқдаги ялангоёқларга осонликча бериб қўймаслиги хаёлларга сира келмаган эди. Ҳокимиятни бериш тугул, аксинча, биров пиширган тайёр ошни юзсизларча ўзлаштириб олишдан ҳам тоймаслиги асло кутилмаган эди.
Яъни, биз хаёлпарастлар ўтмиши ҳам, бугуни ҳам, виждонию қўли ҳам кир кимсалардан мардликни кутиб ўтирибмиз.
“Бизлар эски замон кадрларимиз, истасак-истамасак қонимизда узоқ вақтларгача совет микроблари оқиши аниқ, лекин энди халқимиз мустақилликка эришди, энди уни муносиб кадрлар бошқариши керак… яхшими-ёмонми совет даврида раҳбар бўлдик, қўлимиздан келганича юртни бошқардик, йўл қўйган хатоларимиз учун халқимиздан узрлар сўраймиз, зотан у замонларда шундай бошқаришга мажбур эдик… келинглар, лозим топсаларинг,бундан бу ёғига юртни биргаликда бошқарайлик, том маънодаги мустақилликка халақит берадиган бўлсак, унда қўлимиздан келадиганини қилиб, шу халқимизнинг манфаати учун, ҳақиқий мустақил ҳаёт кечириши учун бир четга ўтиб турайлик, унга тўсиқ бўлмайлик, ўрнимизга ўтинглар, янги ҳаётни сизлар бошланглар, сўрасаларинг ва бизларнинг ҳам ақлимиз етса, тажрибаларимиздан келиб чиқиб маслаҳатлар бериб турайлик… ўтмиш ҳаммамизники, ундан қочиб қутулолмаймиз, энди янги паллага ўтдик, келинглар, биргаликда янги ҳаётни қурайлик”, дейди деб ўйлабмиз.
Битта майизни қирққа бўлиб биргаликда ейишга ўргатилган миллат битта давлатни ҳам биргалашиб бошқаришни таклиф этиб қолар деб тамшаниб ўтираверибмиз.
Албатта, бу ишимиз соддалик… соддалик не, бориб турган гўллик эди.
Мустақилликнинг ташаббускори ва меъмори Битта Киши бўлмаганига энг ёрқин далил ҳамма республикалар айтарли бир пайтда мустақилликларини эълон этганидир!
Болтиқбўйи республикалари, Қофқоз ва Ўрусияда кечди мустақиллик учун ҳақиқий кураш. Ўрусия мустақиллиги йўлига тўғаноқ бўлаверганимиздан охири кетимизга очиқдан-очиқ тепиб юборди ва шундан кейингина Ўрта Осиё республикалари бирдан “мустақил” бўлиб қолдик.
Ҳа, кетимизга тепиб қувиб солмагунларича биз у умумий уй (мустамлака давлатга қарамлик)дан чиққимиз келмади! Шу нарса қаттиқ аламлар қолдирди юракларимизда. Ҳатто мустамлака сиёсатининг маркази Масковда ўтган айрим митингларда (шахсан ўзим гувоҳ бўлганман) “Долой СССР! Пусть убирается в Средную Азию!” (Йўқолсин СССР! Ўрта Осиёга даф бўлсин!) сингари шаънимизга ҳақоратли шиорлар янграганини эшитиб туриб ҳам республикамиз бошлиқлари охирги нафасини олаётган СССРнинг думига осилиб олиб, сира қўйиб юборгиси келмай, жон чиқар маҳали ихтиёрсиз сизадиган шалтоғини ялашга ҳаракат қилганлари бўйнимизни букди.
Турли замонларда катта-катта салтанатлар қуриб дунёга майдон ўқиган боболар ва оталар давомчиларининг ўша дамлардаги аҳволига қараб туриб хўрлиги келади одамнинг. “Қани у шон, қани у шавкат, қани у ғурур?!” деб ҳайқиргиси келади…
Афсус, ишлар бугунгидай бўлиб чиқди. Шундай бўлиб чиқдими, демак, шуниси тақдиримизга битилган экан. Буни бугун билдик. Лекин у кезлар – тақдир ёзиғи ҳали яширин турган, орзулар қопқаси ҳали катта очиқ бўлган у замонлар биз юракларга яқин бошқача… эҳ, бошқача мустақилликни кутган эдик.
БИЗ: бир замонлар мустақиллигини шараф билан, эркакчасига урушиб ютқазган миллат ўлароқ эркакчасига курашиб, шараф билан қозонилган мустақилликни;
мустақиллик йўлида курашиб ўтган инсонларнинг қадри топталмаган, ҳурмати ўрнига қўйилган, давлати уларни эъзозлайдиган мустақилликни;
ташаббускори, меъмори ва қурувчиси бир киши бўлмаган, балки Яратганнинг тақдири ва ёрдами ила ташаббускори ҳам, меъмори ҳам, қурувчиси ҳам ХАЛҚ бўлган мустақилликни;
ўрис босқинидан, кейинчалик совет зулмидан жабр чеккан, Ватанни юрагига жойлаб четларга чиқиб кетишига тўғри келган мусулмон бобо-момоларимиз ва уларнинг болаларини ҳам Ватаннинг ажралмас бир бўлаги ўлароқ тан оладиган, уларнинг ҳурматини ўрнига қўядиган мустақилликни;
сохта меъмор ва унинг бир ҳовуч югурдакларигина эмас, балки ўттиз милёнлик бутун бошли бир халқ юрак амри билан кўчага чиқиб, сайиллар қилиб, том маънода шод-хуррам нишонланадиган мустақилликни;
давлати халқини, халқи давлатини чин юракдан севадиган, унисининг ё бунисининг бошига бир ташвиш тушса, ҳимоясига униси ё буниси яна ўша юрак амри билан бошини-жонини тикиб чиқадиган мустақилликни;
адолат ҳукмрон бўлган, халқининг руҳига, урф-одатларига ва орзу-умидларига мос қонунлар асосида бошқариладиган давлатни ўртага қўювчи мустақилликни;
халқни “мустақиллик”, “истиқлол” сўзларидан бездирмасдан, ҳатто бу сўзларни ҳеч тилга олмасдан ҳам бошларни баланд кўтариб яшаса бўладиган мустақилликни;
ватандошларни, миллат ва умматни бир-биридан айирмайдиган, аксинча, бир-бирига боғлайдиган, ҳатто қонунни босиб ўтганлар билан ҳам тил топиша оладиган бир оиладай аҳил мустақилликни;
Ватан ҳимоячиларини “босмачи” демайдиган, динини топтамайдиган, диндорларини “экстремист”, “террорист” атамалари билан хўрламайдиган, бошқача фикрдагиларни қамамайдиган, узлуксиз ёлғону туҳматлар билан халқининг руҳини чўктирмайдиган, мухолифат вакилларини қувиб юриб отиб ўлдирмайдиган мустақилликни;
амал учун, курсисини сақлаб қолиш учун бу бебаҳо Ватанни гоҳ у, гоҳ бу, гоҳ учинчи бир кучли давлатга кепак баҳосига сотмайдиган, бош эгиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни устун қўя оладиган мустақилликни;
ўтмиши, тили, дини, ҳатто тупроғи бир бўлган қўшнилар билан ҳадеб жиқиллашавермайдиган, аксинча, уларнинг бошини қовуштириб, узоқ замонлар бир давлат, бир мамлакат бўлиб яшаб келганимизни ҳамиша тарихий хотирасида эъзозлаб эслайдиган мустақилликни;
ва ниҳоят, қўштирноқларсиз мустақилликни… КЎЗЛАГАН ЭДИК!
Яна қанчасини санай! Кўзлаган орзуларимиз қанча эди, бу ерда эсимга келганларинигина санадим, холос. Аммо, Оллоҳга шукр, тушкун эмасмиз. Оллоҳ хоҳласа, бир куни, балки жудаям яқин замонларда бу орзуларимиз ҳам ушалажагига ишончимиз бор.