O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Виталий Пономарёв: Марказий Осиёдаги сиёсий маҳбусларнинг энг кўпи Ўзбекистонда

Виталий Пономарёв: Марказий Осиёдаги сиёсий маҳбусларнинг энг кўпи Ўзбекистонда
234 views
02 February 2016 - 15:08

defendersua250Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари мунтазам равишда Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий маҳбуслар рўйхатини чоп этади. Бу рўйхатларда натижаси олдиндан ҳал қилинган терговларни бошидан ўтказиб ва ҳаққоний бўлмаган ҳукмлар ўқилган, жиноий ишларда айбдор деб топилган ва ҳаддан ташқари катта муддатларни ўтаётган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, диний арбоблар номлари келтирилади. Бу рўйхатларнинг ҳаммаси ҳар хил. “Фарғона” Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарев билан суҳбатлашди. Суҳбат мавзуси Марказий Осиёда кимларни сиёсий маҳбус деб ҳисоблаш мумкинлиги, уларнинг тўлиқ рўйхатини тузиш имкони бор-йўқлиги, нега айрим ташкилотлар экстремистик деб топилиши ва сиёсий маҳбусларга нисбатан муносабатнинг мамлакатларга хос жиҳатлари ҳақида бўлди.

– Марказий Осиёда кимларни сиёсий маҳбус деб ҳисоблаш мумкин?

Виталий Пономарёв: “Сиёсий маҳбус” (СМ) тушунчаси кенг қўллангани билан, ҳалигача унинг умумий қабул қилинган таърифи йўқ.

Тахминан қуйидагича таърифлаш мумкин, сиёсий маҳбус бу – давлат органларининг сиёсий сабаблари борлиги учун, демократик жамиятларда қабул қилиб бўлмайдиган асосларга кўра озодликдан маҳрум қилинган инсондир. Бундай ҳолларда кўпинча айбловлар сохталаштирилади, қийноқ қўлланади, суд суриштирувлари ҳаққоний бўлмайди ва ҳоказо.

Бу ёндашув 2013 йилнинг сўнгида собиқ иттифоқнинг еттита мамлакатидан келган ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи томонидан маъқулланган, “сиёсий маҳбус” (СМ) тушунчасини таърифлаш бўйича Қўлланманинг асосини ташкил қилди. “Мемориал” ҳозирда шу ҳужжат бўйича иш юритиб, Россиядаги СМ рўйхатини тақдим этиб келади.

Очиғини айтиш керак, бу таърифни (умуман, бошқа таърифларни ҳам) амалиётда қўллаш чоғида ҳуқуқни ҳимоя қилувчиларнинг орасида ҳам баҳс туғилади. Бу баҳслар муайян ишларни баҳолаш ва бошқа умумий масалалар юзасидан бўлади.

Масалан, бир кишини жамоатчиликни даъват қилгани учун суд қилишмоқда. Аммо бу борада демократик жамиятда нималар жоиз деб ҳисобланади? Хилма-хил фикрлар билдирилади, бунинг устига таъқиб қилинганлар ҳар доим ҳам демократик қадриятлар тарафдори бўлавермайди. Ёки масалан, иш судда ҳаққоний кўриб чиқилмаган, қийноқ қўллангани ҳақида шикоят қилинган ҳолатни олайлик. Аммо бунақа муаммоларни сиёсат билан боғлиқ бўлмаган ишларда ҳам учратамиз-ку.

Умуман айтганда, айрим ишларни таҳлил қилиб, баҳо бериш осон иш эмас.

Аммо Марказий Осиё ҳақида гапирсак, кўп ҳолларда мамлакат расмийлари кўрилаётган ишнинг натижасида ўз сиёсий манфаатлари ётганини яшириб ҳам ўтирмайди.

Сиёсий маҳбусдан кўра торроқ доирада бўлган яна бир тоифа бор, бу “Халқаро амнистия” томонидан таклиф қилинган “виждон тутқуни” тоифасидир. Бунга ўзининг сиёсий, диний ва бошқа қарашларини тинч йўл билан ифода қилгани учун озодликдан маҳрум қилинганлар киради. “Виждон тутқунлари” тоифасига зўравонлик қилган ёки зўравонлик ва адоватни тарғиб қилувчилар кирмайди.

Виталий Пономарёв — Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари

Виталий Пономарёв — Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари

– Сиёсий маҳбусларга нисбатан ўз позициясини шакллантириш борасида Марказий Осиё мамлакатлари орасида фарқ борми? Ўзбекистон, масалан, сиёсий маҳбуслар борлигини инкор қилади, ҳаммаси жиноят учун қамалган. Аммо Туркманистондаги “ноябрчилар”ни давлатни тўнтариш ва президентга сиуқасд уюштиришда айблашгани учун уларни сиёсий деб аташ мумкинми?

– Марказий Осиёдаги биронта ҳам мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини тан олишмайди. СМ борлигини тан олиш бу камида ўз суд тизимининг нохолислигини тан олиш билан тенг. Шунинг учун улар расман жиноят учун қамалган. Туркманистондаги “ноябрчилар” ҳам терроризм ва бошқа кўплаб жиноятларда айбланган. Амалда эса, албатта, сиёсий маҳбусларга бошқача ёндашилади.

– Марказий Осиёнинг қайси мамлакатида сиёсий маҳбуслар кўп?

– Энг кўпи Ўзбекистонда. Бу мамлакатдаги СМ сони барча собиқ иттифоқ давлатларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан кўп.

Худди Сталин давридаги Россияга ўхшаб, бу ерда 90-йиллар охиридан бошлаб Жиноий Кодекснинг “сиёсий моддалари”ни ёппасига қўллаш бошланган, шунинг учун аксарият ишларни расмий белгилари бўйича таснифлаш қийин эмас.

Биз Ўзбекистондаги СМларни ўрганиб чиқиб, учта асосий гуруҳга бўлганмиз.

Биринчиси, энг кўпи – булар сиёсий ёки диний мазмундаги айбловлар билан расман қамалган, бу айбловлар халқаро стандартлар нуқтаи назаридан қараганда асоссиз ёки очиқдан-очиқ шубҳали бўлиб, ҳеч қандай зўравонлик ҳаракатларига алоқадор бўлмаган. Ўзбекистонда бундай ишлар ёппасига қайта кўриб чиқилиши керак, бу одамларни қўйиб юбориш керак.

Иккинчи гуруҳ, биринчисидан анча кам – булар террористик фаолиятга алоқадорликда айбланганлар. Бундай ишларни синчиклаб қайта кўриб чиқиш лозим. Бу ишлар бўйича шикоятлар жуда кўп: сохталаштириш, қийноқ остида олинган кўрсатмаларга таяниш, айбланганлар доирасининг асоссиз равишда кенгайтириб юборилганлиги: кимдир ким биландир таниш бўлган ёки машинасида бирон жойга олиб борган – энди уни “терроризм”да айблашмоқда.

Учинчиси, кичик гуруҳ – демократик мухолифат аъзолари, фаол фуқаролар, журналистлар. Уларни кўпинча умумий жиноий тартибдаги қонунбузарликлар бўйича сохта материаллар билан судга тортиб, шу тарзда қонуний позицияси учун “жазолашади”. Аммо тўғридан-тўғри давлатга қарши фаолият билан айбланганлар ҳам бор.

Бу гуруҳлар орасидаги ўзаро нисбатга қарасак, биринчисида мингта маҳбус, иккинчисида бир неча юзта, учинчисида охирги 15 йил ичида 25-30 атрофида маҳбус бор.

Бу ерда “ватанга хиёнат”, диний материаллар “контрабандаси” ёки ҳокимият учун курашишга норасмий жиҳатдан боғлиқ бўлган ишларни ҳисобга олмаймиз.

Кейинги йилларда қорақалпоқ мустақиллик ҳаракатига боғлиқ репрессиялар ҳақида маълумот пайдо бўлди – бу ҳақда илгари деярли ёзилмаган.

Конституция бўйича Қорақалпоғистон суверен республика бўлиб, референдум орқали Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқига эга. Шундай йўналиш 90-йиллар бошида кучли эди, кейин 2008 йилдан сўнг яна кучайди. Бир неча йил олдин амалга оширилган элитани тозалашда этник масала ҳам бўлган. Бу борадаги маълумотлар бир-бирига зид бўлгани учун, қорақалпоғистонлик айрим маҳбусларни СМ рўйхатига киритиш учун етарли асос бор дейишга қийналамиз. Аммо бир нечта фаол фуқаро жазога ҳукм қилингани ҳақиқат. Масалан, “Чегара билмас шифокорлар”нинг маҳаллий офисида таржимон бўлиб ишлаган Абат Саекеев иши маълум. Унинг исми халқаро ташкилотларнинг рўйхатида йўқ. Абатни фирибгарликда айблашган, аммо кейинчалик маълум бўлишича, ҳибсга олинишининг асл сабаби бошқа – у электрон почта орқали акаси билан ёзишиб, ундан Ўзбекистонда тақиқланган сайтлар, жумладан, “Фарғона.Ру” сайтидаги маълумотларни олган, бундан ташқари у Қорақалпоғистон мустақиллиги ҳақидаги фикрини баён қилган одамлар билан алоқада бўлган. Натижада у 11,5 йилга қамалиб, “Жаслиқ”қа жўнатилди.

– Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар хусусидаги Human Rights Watch ҳисоботида 34 та исм келтирилган. Буларнинг еттитаси диндорлар.

– Бу ҳаммага маълум ишларни Human Rights Watch ташкилотидаги ҳамкасбларимиз батафсил таҳлил қилган. Рўйхат тўла-тўкис эмас, унда бир нечтагина исломий фаоллар исми келтирилган.

Рақамларга қайтсак. Бир пайтлар АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида маҳаллий ҳуқуқни ҳимоячиларга асосланиб, Ўзбекистонда 30 та (!) сиёсий маҳбус борлиги айтиларди, кейинчалик бир неча юзта дейилди. Ҳозирги кунга келиб, уларнинг сони минглаб эканлигини тан олишди.

Турган гапки, ҳозирги қатағон кўламини ҳисобга олсак, Ўзбекистондаги СМ рўйхати ҳеч қачон тўлиқ бўлмайди. Айрим ишлар бўйича турлича фикрлар билдирилади. Масалан, аксарият ўзбек фаоллари “Ҳизбут-Таҳрир” аъзоларини диний қарашлари учун қамалган деб ҳисобласа, Давлат департаменти уларни сиёсий фаолияти учун қамалган деб ҳисоблайди, қайси бирини танлаш лозим? Ёки қамоқдаги ўзбек журналистларини олсак: уларнинг айримлари ёзган мақолалари ёки асарлари учун эмас, балки муайян диний жамоатларга алоқадор бўлгани учун қамалган. Шу хилдаги тафовутлар бор, аммо улар одатда айрим масалаларгагина тааллуқли.

Нисбатан кичик бўлган учинчи СМ гуруҳига келсак (фуқаровий ва сиёсий фаоллар), сўнгги 15 йил давомида уларнинг сони 25-30 кишидан ошмайди. Бу гуруҳдаги маҳбуслар Ғарб давлатлари билан сиёсий олди-бердида ишлатилади.

Шундай бир одат йўлга қўйилган, масалан, Ўзбекистонга америкалик мансабдор шахснинг ташрифи ёки биронта муҳим халқаро тадбир олдидан шу гуруҳдаги бир-икки киши озод этилади. Бунинг ортидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ривожланиш ёки шу масалада мулоқот бошлангани ҳақида мақолалар пайдо бўлади. Аммо йил давомида қамоққа янги диссидентлар тушиб, бу гуруҳдаги СМ сони бир хил даражада қолади.

– Яъни Мурод Жўраев озод этилди-ю, Ўктам Пардаев қамоққа олинди – бу Ўзбекистонга хос бўлган бир ротациями?

– Ўктамни яқинда амнистияга кўра озод қилишди. Аммо умуман олганда сиз ҳақсиз.

– Энг кўп сонли биринчи гуруҳдаги сиёсий маҳбуслар қайси моддалар бўйича ўтирибди?

– 1998 йилгача диний ва дунёвий диссидентларга асосан патрон ёки наркотик модда ташлаб қўйилган, шу сабабли уларга нисбатан кам муддат берилган. Кейинчалик амнистияга кўра озод этиларди.

1998 йилдан бошлаб “сиёсий” деб номланадиган моддаларни қўллаш бошланди, 1999 йилдан бошлаб эса бутунлай шу йўлга ўтилди. Бу амалиёт шу кунларда ҳам давом этмоқда.

– Сиёсий моддалар қайсилар?

– Энг кенг тарқалгани – 244-2 “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” моддаси. Бу масаланинг лол қолдирадиган бир жиҳати бор: Россия, Қозоғистон ёки Қирғизистонда экстремистик ташкилотларни тақиқлаш тартибини кўзда тутадиган қонун бор. Тегишли суд қарорлари асосида тузилган рўйхатлар бор. Аммо Ўзбекистонда юридик кучга эга бўлган бундай рўйхат йўқ. Қонунчиликда тақиқлаш тартиби келтирилмаган. Шундай бўлса ҳам, ким томонидан, қачон тақиқлангани номаълум бундай ташкилотлардаги (хақиқий ёки сохта) иштироки учун минглаб одамлар қамоққа тиқилган. Расмий нуқтаи назардан олиб қарасак, бу модда бўйича жазога тортишнинг ўзи қонунга хилоф, менга қолса буни ғирт бемаъни деб атаган бўлардим.

– Умуман унақа тартиб йўқми? Унда судья, масалан, “Ҳизбут-Таҳрир” тақиқланганини қаердан билади?

– Бирорта ташкилотни тақиқланган деб аташ учун уни тақиқлаш ваколатига эга бўлган орган, қонунда ўрнатилган тақиқлаш тартиби бўлиши керак. Ўзбекистон қонунчилигида террористик ташкилотларга нисбатан шундай тартиб мавжуд, аммо адашмасам у амалиётда қўлланмаган. Суд-тергов ҳужжатларида диний-экстремистик деб аталадиган “Ҳизбут-Таҳрир”, “ваҳҳобийлар”, “акромийлик”, “Нурчилар”, “Таблиғи жамоат” ва бошқалар юзасидан ҳеч қандай қарор чиқарилмаган.

Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари нуқтаи назаридан ЖК 244-1 “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш” моддаси ҳам мужмал. Чунки айнан нимани “экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик” ғоялари деб ҳисоблашнинг аниқ мезонлари йўқ, айниқса “жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига қарши қаратилган қилмишларни содир этиш”, “вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар” тарқатиш, “фуқаролар тотувлигини бузиш” ва бошқалар нималиги ёритилмаган. Бу позициядан қараганда, Каримов диктатурасини ҳар қандай очиқ танқид қилиш жиноий деб ҳисобланади.

Худди шунга ўхшаб, 159 “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” моддасидаги таърифларда ҳам зўравонлик ҳаракатлари билан ҳукуматни танқид қилиш аралаштириб юборилган. Ҳозир бу модда кам ишлатилмоқда, сабаби, бошқа мамлакатларнинг қонунчилигида 159-моддага ўхшаш модда йўқлиги учун экстрадиция талаби кўпинча рад этилади.

ЖКдаги бу учта модда йўналтирилганлиги ва таърифларига кўра очиқ-ойдин сиёсий мазмунга эга. Улар оммавий равишда қўлланади. ЖКда бошқа сиёсий моддалар ҳам бор, аммо улар кам ишлатилади.

– Туркманистонда вазият қанақа?

– Туркманистон – энг ёпиқ мамлакатлардан бири бўлиб, унинг сиёсий тизими тоталитар режимга яқин. 10 йилдан ошдики, Туркманистонда на ошкора мухолифат, на мустақил НДТ (нодавлат ташкилотлар) бор. Ниёзов даврида “сиёсий жиҳатдан шубҳали” шахслар ва уларнинг қариндошларига нисбатан умумий жиноий айбловлар бўйича жиноий ишларни ёпиштириш кенг ёйилган эди. 2002 йил 25 ноябр воқеаларидан кейин Ашхободда мухолифатчилар “террорист”га чиқарилди. Ўшандан бери 13 йилдан ошиқ вақт ўтди, аммо ҳалиям биронта қариндошда ёки ҳуқуқ ҳимоячида бу иш юзасидан ҳукм ёки бошқа ҳужжатлар йўқ. Сиёсий маҳбусларнинг қаердалиги номаълум. “Ноябрчилар” Овадан-депедаги махфий турмада эканлиги ҳақида маълумотлар бор, улар амалдаги меъёрларга хилоф равишда учрашув, ёзишма ва ташқи дунё билан ҳар қандай мулоқотдан маҳрум қилинган. Турли сабабларга кўра қамалган юқори мансабли амалдорлар ва диний фаоллар ҳам худди шундай вазиятда сақланади. Бу ишлар тўғрисидаги маълумотларни зарралаб йиғишга тўғри келади, чунки мамлакатга деярли кириб бўлмайди, аксарият қамалганларнинг қариндошлари эса мамлакатдан чиқарилмайди. Ўтган йили мустақил журналист Сапармамед Непескулиев қамалди.

– Рақамларга қайтсак. Ҳаммадан кўп СМ Ўзбекистонда. Иккинчи ўринда Туркманистонми?

– Йўқ, Тожикистон.

– Ислом уйғониш партиясига нисбатан бугунги кундаги қатағонлар ҳисобигами?

– Бугина эмас. Тожикистон қамоқларида бир неча йиллардан бери турли ислом ҳамжамиятлари вакиллари ҳам, собиқ сиёсий арбоблар ҳам, дунёвий диссидентлар ҳам ўтирибди… Уларнинг кўпчилигига нисбатан қийноқ қўлланган, судларнинг мустақиллиги ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Тожикистонда худди Қозоғистондаги каби юзлаб сиёсий маҳбуслар бор деб тахмин қилишга асослар бор.

– Аммо Қозоғистоннинг рўйхатида бир нечта фамилия бор холос-ку.

– Сиз айтаётган рўйхат тўлиқ эмас, албатта. Масалан, унда “экстремизм” ва “терроризмга алоқадорлик” каби шубҳали айбловлар билан ҳибсга олинган ёки қамалган кўплаб мусулмонларнинг ишлари ҳисобга олинмаган. Уч йилларча олдин мен Ғарбий Қозоғистон бўйича ишларни ўргандим, уларда ўнлаб айбланувчилар ёппасига “террористик ташкилот” аъзолари деб эълон қилинган, бу инсонларнинг аксарияти бунга умуман алоқадор бўлмаган. Баъзида иш бемаъниликкача бориб етган: йигитлар сабзавот дўкони ёки отни ўғирлаганлик гумони билан қўлга олиниб, бу жиноятни халқаро терроризмни молиялаш учун амалга оширишда айбланган. Ўша пайтларда раҳбарият томонидан терроризмга қарши курашни кучайтириш вазифаси қўйилган, ижрочилар эса алламбалоларни ўйлаб топишган. Айбланувчиларнинг қариндошлари билан суҳбат пайтида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Астанадан тегишли кўрсатмалар борлиги ҳақида очиқ гапиришган.

Экстремизмга оид ишлар юзасидан Қозоғистон тажрибаси Россияникини эслатади, аммо ундан анча кескинроқ…

Кейинги йилларда маҳаллий матбуотда “экстремизм” учун жазоланаётган 400-500 маҳбус борлиги ҳақида ёзилмоқда. Менимча, уларнинг кўпи “сиёсий маҳбус” мезонига тўғри келади. Аммо албатта, аниқ хулоса учун ишларнинг батафсил таҳлили керак, улар ҳозирча етарлича мониторинг қилинмаяпти.

Маълумотни қўлга киритиш муаммоси ҳам бор. Масалан, Атырау (собиқ Гурьев) шаҳрида қамалган мусулмонларнинг оналари ва аёллари ташкил қилган ҳаракат бор эди, аммо шаҳардан бошқа жойда уларни ким билади?

– Халқаро ташкилотлар-чи?

– Улар ҳам ишончли маълумот етишмаслиги муаммосига дуч келишган. Бундан ташқари, айбланувчилар ва уларнинг қариндошлари ҳам мулоқотни унча истамайди, чунки ошкор қилишса, аҳволи ёмонлашишидан хавфсирайди (масалан, охирги пайтлардаги “Таблиғи Жамоат” бўйича ишларда). Аммо одатда тескариси бўлиши керак.

Битта бўлган воқеани айтиб бераман. Узоқ йиллар давомида Ғарбий Қозоғистонда бир мусулмон жамоати кузатув остида бўлган, бу жамоат аъзолари расмий масжидларга бормаган, у ердаги имомлар пул учун хизмат қилади деб айтишган, баъзи диний масалалар бўйича бошқача фикрда бўлишган… Улар жума намозини хонадонларда ўқишган, бир жойга йиғлиб, диний китобларни ўрганган, аммо улар тинч юришган. Бир шарҳимда бу мавзуда гапириб ўтган эдим. 2006 йилларда таъқиб туфайли икки юзтача одам Чехиядан бошпана сўрайди. Чех миграция хизмати Олма-Отадаги бир обрўли халқаро ташкилотга сўров жўнатади: бу гуруҳга нисбатан ҳукуматнинг муносабати ҳақида нима дейсиз? Жавоб тариқасида (мен бу ёзишмани Чехияда кўрдим) айтилган: биз “ваҳҳобийлар”, “Ҳизбут-Таҳрир” ҳақида биламиз, аммо сиз сўраётган гуруҳ ҳақида ҳечнима билмаймиз. Шу билан уларга қочқинлик мақоми берилмаган, сабаб қилиб шу жавоб ҳамда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботларида улар айтиб ўтилмагани келтирилган.

– Сиёсий маҳбуслар энг кам мамлакат қайси?

– Қирғизистон. Аммо у ерда ҳам турли ишлар юзасидан, айниқса терроризмга боғлиқ жараёнлар кетмоқда.

– Рашод Камолов устидан суд жараёнини назарда тутяпсизми?

– Энг таниқлиси шу иш. Бу ҳукм мутлақо адолатсиз бўлиб, саводсиз тарзда ўтказилган диний ва бошқа экспертизаларга асосланган.

Камоловдан бошқа шунга ўхшаш ишлар айниқса мамлакат жанубида кўп. Бакиев даврида “экстремистик материалларни” ҳаттоки шахсий мақсадда сақлаш ҳам жиноят сифатида Жиноят кодексига киритилди. Бемаъниликни қаранг: нимага бирорта эксперт ёки имом “ёмон китоб”га эгалик қилиши ёки ўқиши мумкин эмас? Албатта, қонун айримларгагина қўлланади, бундан ташқари экстремистик материалларнинг расмий рўйхати ҳали ҳам йўқ. Аммо барча демократик ислоҳотларга қарамасдан, бундай таъриф ёрдамида ҳибсга олишга сабаб топиш қийин эмас…

Қирғизистонда 2010 йил ёзида мамлакат жанубидаги миллатлараро тўқнашувга боғлиқ оғир айбловларда асоссиз жазоланган ўнлаб маҳбуслар ҳам бор. Маҳаллий милиция ўзбошимчалигига қарши турган ва ўша милиционерлар кўрсатмасига асосан қамалган ҳуқуқ ҳимоячи ва журналист Азимжон Асқаровнинг иши кўпчиликка маълум. Бундай ишлар бўйича қамалган бошқа баъзи маҳбуслар ҳам сиёсий маҳбус мезонига мос келиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайман.

– Сиёсий маҳбуслар ҳақида гапираётиб, сиз кўпинча экстремизм борасидаги қонунчилик ҳақида гапирасиз. Диний экстремизмнинг мезонлари қанақа?

– Менимча, бу ҳуқуқ нормалари учун нотўғри термин. Унда зўравонлик ҳаракатлари, уларга тайёрланиш ва даъват қилиш билан ўз сиёсий ёки диний қарашларини кескин, аммо тинч йўл билан ифода этиш битта таъриф ичига қўшиб юборилган.

Қозоғистон, Қирғизистон ёки Россиядаги қонун чиқарувчилар таърифлаган бунақа “экстремизм” тушунчаси Европа мамлакатларининг ҳуқуқ соҳасида йўқ.

Ҳатто бу борада 2012 йилда Венеция комиссияси хулосаси чиқарган, унда айтилишича, Россия қонунларидаги “экстремизм”, “экстремистик ташкилотлар” ва “экстремистик материаллар” тушунчаларини ифодаловчи таърифлар ўта кенг ва ноаниқ мазмунда бўлиб, ўзбошимчалик ва фундаментал ҳуқуқларнинг чекланишига олиб келувчи шарҳлар ва қўлланишларга имкон яратади. Марказий Осиё давлатларининг экстремизм борасидаги қонунлари ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

– Марказий Осиё мамлакатларида ташкилотнинг экстремист эканлигини қайси давлат институтлари аниқлайди ва улар қандай асосга таянади?

– Буларнинг аксариятида прокуратура тақдимномаси асосида суд органлари қарор чиқаради. Суд жараёни одатда ёпиқ тарзда ўтади.

Бир нарсага аҳамият бериш керак, турли мамлакатлардаги “экстремистик ташкилотлар” рўйхатлари бир-бирига мос келмайди. Турк ислом уламоси Бадиуззамон Саид Нурсий китобларини ўқийдиганлар “Нурчилар” номи билан Россияда тақиқланган бўлса, Марказий Осиё мамлакатларида (Ўзбекистондан ташқари)

(Ўзбекистондан ташқари) таъқиб қилинмайди. Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда тақиқланган, Ўзбекистонда таъқиб қилинадиган “Таблиғ” ҳаракати Қирғизистонда нафақат таъқиб қилинмайди, балки диний бошқармада ўз ўрнига ҳам эга. Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган конференцияда айрим маърузачилар ҳаттоки бу ҳаракатнинг имкониятларидан ИД (“Ислом давлати”, Россияда тақиқланган террористик гуруҳ. – таҳр. изоҳи) ва бошқаларнинг ғояларига қарши курашишда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида гапиришди.

Қўлга киритиш осон бўлмайдиган бу хилдаги суд қарорларидаги асослар қисмини ўргана бошласангиз, қизиқ нарсаларга дуч келасиз. Масалан, Россия Олий Судининг 2009 йилги “Таблиғи жамоат”ни тақиқлаш ҳақидаги қарорида айтилишича, бу жамоат аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилган террористик актларга алоқадор эмиш. Ўзбекистон расмийлари ҳеч қачон бунақа баёнот бермаган. Бунинг келиб чиқишини қидира бошладим. Яқин Шарқ муаммоларига ихтисослашган инглиз тилидаги бир нашрда 2005 йилда чиқарилган мақоланинг Алекс Алексиев деган таржимон томонидан рус тилига қилинган таржимасини топдим. Инглизча оригинали билан таққослаганда маълум бўлишича, номаълум таржимон матннинг русча версиясини “мукаммаллаштириб”, ҳар хил гаплар билан бирга “Таблиғ”нинг 1999 йилдаги Тошкентдаги портлашларга алоқадорлиги ҳақидаги фикрни қўшиб қўйибди. Кейинчалик бу сохта тезис Россия Олий Судининг қарорида ҳам келтирилган. Кўплаб рус журналистлари “Таблиғ” ҳақида мақола ёзганда ҳали ҳам шу таржимадан фойдаланишади.

– Радикал деб аталаётган гуруҳларни тақиқлаш ҳақидаги қарорни қабул қилаётганда мустақил экспертлар ёки художўйларнинг ўзларининг фикрлари ҳисобга олинадими?

– Менга маълум ишларда муқобил нуқтаи назарга фақат аппеляция босқичида, шунда ҳам истисно ҳолатларда рухсат берилган. Кўплаб процессуал муаммолар юзага келади. Мен қандайдир махфий гуруҳларни эмас, балки нисбатан таниқли бўлган, ошкора фаолият юритувчи ташкилот ва оқимларни назарда тутяпман. Муаммо шундаки, рақиблар муайян иш юзасидан ўз ҳуқуқларига эга бўлган тегишли томон деб тан олинмайди. Айрим “тақиқланган ташкилотлар” умуман мавжуд эмас. Ёки бўлса ҳам, ноаниқ тузилишда, уюшмаган жамоат шаклида, аъзолик белгилари ёки номи белгиланмаган ҳолда мавжуд. Бир нечта турли жамоатларни битта деб олиш ҳолатлари ҳам учрайди (Россиядаги чўпчаксимон “Нурчилар” билан бўлганидек). Кейин шундай ташкилотлардан бирининг расмий вакили эканлигингизни Олий Судга исботлаб кўринг-чи… Бунинг устига, улар аввал тақиқланади, кейин жиноий иш очилади. Бу ҳолатда сизни иш бўйича томонлардан бири сифатида тан олишмайди, вассалом. Амалиётда кўпинча шунақа бўлади.

Жиноий иш босқичида асосий ўрин экспертларга берилади, улар тергов сўровига кўра айбловчиларнинг тақиқланган тузилмага тегишлилигини гўёки “илмий жиҳатдан” исботлашади. Далил-исботнинг ўзи одатда субъектив фикрдан иборат бўлади ёки расмий илмий унвони ёки нишони билан тасдиқланмаган, номаълум манбадан олинган маълумотлар ва мезонларга асосланади.

Бунинг натижасида шундай мисли кўрилмаган сиёсий репрессия модели ташкил қилинганки, унда мунозарали “эксперт хулосалари” ва аллақачон ёпиқ тартибда қабул қилинган тақиқлаш қарори билан жиноий иш бўйича айб олдиндан белгилаб қўйилган бўлади, қарор юзасидан эътироз билдиришга имкон қолмайди. Бу ҳолда томонлар ҳуқуқининг тенглиги ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

– Агар ислом ташкилоти халифалик (ислом теократик давлати) ғоясини тарғиб қилса, бу ҳолат ташкилотни диний эмас, сиёсий деб ҳисоблашга асос бўладими?

– Христианликдан фарқли ўлароқ, исломда давлат ва жамиятнинг муайян тузилиши ҳақидаги тасаввур диний назариянинг бир қисмидир. Келажакдаги халифалик ҳақида бевосита ёки билвосита айтиб ўтилган ҳадислар бор. Албатта, ҳар қандай муқаддас диний манба каби, бу ҳадисларни ҳам айрим жамоат ва мазҳаблар, жумладан, зўравон жиҳодчи гуруҳлар ҳам ўз мақсади йўлида талқин қилиши мумкин. Аммо жамиятнинг ислом модели ёки келажакдаги халифаликка ишониш – анъанавий диний таълимотнинг бир қисмидир.

Бу ғоялар у ёки бу жамоатнинг амалий фаолиятида қандай ишлатилаётгани бошқа масала.

Агар сиз “Ҳизбут-Таҳрир”ни назарда тутган бўлсангиз, шак-шубҳасиз, бу диний-сиёсий ташкилот бўлиб, ўзини айнан сиёсий ташкилот ёки ҳатто партия деб ҳам эълон қилади. Унда аъзолик рўйхати бор, мустақил, батафсил ишлаб чиқилган концепцияси, ташкилий ҳужжжатлари бор, фаол равишда сиёсий ва тарғибот-ташвиқот фаолиятини олиб боради.

Қозоғистон ва Қирғизистонда “Ҳизбут-Таҳрир” “экстремистик” деб тақиқланган, Россияда эса, менимча мутлақо асоссиз равишда, “террористик” деб белгиланган.

– Экстремизм иши доирасида кимларнинг қўлга олиниши-ю, кимларнинг олинмаслигидан бирор-бир мантиқ топиш мумкинми?

– Юқори хатарли гуруҳлар бор (этник ва бошқалар), вақтинчалик кампаниялар бор (масалан, терактлардан кейин), бундан ташқари, айрим мамлакатларда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Умуман олганда, оддий бир фуқаро ҳам ким биландир танишлиги туфайли “гирдобга тушиб қолиши” мумкин.

Ноябрда мен Бишкекдаги конференцияда бўлдим, у ерда экспертлардан бири экранда жадваллар кўрсатди. Бошловчи маҳаллий журналистларга ИД билан алоқадорликда айбланганларнинг миллатини ёзиш керак эмаслигини тушунтириб турибди, экранда эса, махсус хизматларнинг тегишли рўйхатларидаги Қирғизистон фуқароларининг 98 фоизи битта миллатдан эканлиги ёзиб қўйилган.

– Ўзбекларми?

– Ҳа.

Кейинги йилларда Марказий Осиёдаги деярли барча мамлакатларда ва Россияда махсус бўлинмалар ташкил этилди. Уларнинг бош мақсади – экстремизмга қарши кураш бўлиб, фош этилган жиноятлар ва қамалган радикаллар сони уларнинг иш кўрсаткичи, ҳисоботини ташкил этади. Бу бўлинмалар пайдо бўлиши билан “экстремизм”ни аниқлаш ҳолатлари бирданига кўпайиб кетди. “Экстремизм” учун қамалганлар сони ҳам. Шу билан бирга, айтиб ўтганимиздек, ҳуқуқий соҳада “экстремизм” тушунчаси етарлича аниқлаштирилмаган. Яқинда Россиядаги бир шаҳар суди ИД ҳақида интернетда ёзилган учта таҳлилий мақолани “экстремистик” деб тақиқлаб қўйди, бу мақолаларда умуман ИДга тарафдорлик қилинмаган эди. Энди ўша мақолаларга ҳаволани ҳамкасбингизга жўнатсангиз, қонунни бузган бўласиз, натижада…

– Демак, бехатар ҳаёт кечириш қоидаси йўқ?

– Ҳеч ким 100 фоиз кафолат бермайди. Россияда муайян миллат вакиллари ёки исломни қабул қилган руслар учун вазият қалтис. ФСБ (Федерал Хавфсизлик Хизмати) Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларини “севади”: улар шикоят қилмайди, ҳамма нарсани имзолашга тайёр, ҳар қандай тартибга рози. Бундан ҳамма хурсанд: ўз ватанидагидан кўра камроқ муддатга қамалгани учун мигрант хурсанд, ишни осон фош этгани учун махсус хизматлар хурсанд… Шундай бўлса ҳам, Россия қонунчилиги кейинги йилларда борган сари репрессив тус олмоқда…

– Ўзбекистонда кимлар хавф остида?

– Кейинги йилларда бу ерда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ катта “тармоқли” ишлар шакллантирилмоқда. Масалан, бир киши қариндошларини кўргани бир-икки ойга келади, уни қўлга олишади (айниқса у ҳақида дастлабки маълумотлар бор бўлса), у керакли кўрсатмалар беради, бошқа мигрантларнинг 20-30 та исмини келтиради, шундан кейин машина ишга тушади…

– Сиёсий маҳбусларнинг қисқа рўйхатлари ва советлар давридагидек уларни режимдан “талашиб-тортишиб” бўшатиш амалиётига келсак. Нимага бунақа савдо-сотиқни ғалаба деб ҳисоблашади, нимага буни режим Ғарб билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигининг исботи дейишади? Иккитасини қўйворса, мингтаси қолади-ку?

– Бир нечта одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳам кичкина иш эмас. Бу стратегик ғалаба бўлмаса ҳам…

Афсуски, авторитар ёки тоталитар мамлакатларда туб сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмас экан, бу ҳукуматлар билан инсон ҳуқуқлари ҳақида мазмунли мулоқотни фақат чекланган саволлар доирасида ўтказиш мумкин. Дарвоқе, эслатиб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари илиқлашган даврда, 2003 йилда мингта сиёсий маҳбус озод этилган, уларнинг аксарияти диний асос билан қамалган эди. 2004 йилда айрим ўзбек ҳамкасбларим шунақа фикр билдирганки, бир-икки йилдан кейин Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар муаммоси йўқолиб, мухолифатдагилар парламент сайловида иштирок этиши мумкин эмиш. Аммо орадан кўп ўтмай, воқеалар умуман бошқа сценарий бўйича кетди…

Мария Яновская суҳбатлашди

Манба: “Фарғона” АА